Марказий сайлов комиссиясининг бўлиб ўтган йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов бўйича сайлов кампанияси шу йил 15 сентябрдан бошланишини эълон қилиш ҳақида қарор қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддаси иккинчи қисми ва «Давлат ҳокимияти вакиллик органларига ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг навбатдаги сайлови тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонунининг 1-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига, вилоят, туман ва шаҳар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов 2014 йилнинг декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбаси – 21 декабрда ўтказилади.
Шу куни мамлакатимиз ва хорижий журналистлар учун брифинг ўтказилди.
Брифингда Марказий сайлов комиссияси раиси Мирза-Улуғбек Абдусаломов ушбу қарорда кўзда тутилган асосий тадбирлар хусусида батафсил сўз юритди. Шунингдек сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича тадбирлар режаси ҳам эълон қилинди.
Брифинг иштирокчилари сайлов қонунчилигига киритилган сўнгги янгиликлар билан таништирилди. Журналистларга сайловчиларга сайлов қонунчилигининг асосий қоидаларини тушунтириш ва уларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга доир амалга оширилаётган тадбирлар ҳақида ҳам сўзлаб берилди.
ЎзА материали асосида.