Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 37 / Бухгалтернинг бухгалтергагина айтадиган гапи

Яхши мутахассисни қадрлаш керак

Иш ҳақини ошириш ҳаммага хуш ёқадиган нарса, бухгалтерия хизмати вакиллари учун эса, у жуда керакли ва зарур тадбирдир. Айтайлик, компанияда ходимлар сони ортиб, кўпайиб бораверади, директор кадрларга оид ҳисобни юритиш ишини бухгалтердан қўшимча равишда зиммага олишини илтимос қилади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам мабодо раҳбарингиз билан маошингизни ошириш хусусида гаплашиб олишни ният қилган экансиз, қуйидаги маслаҳат ва тавсиялардан фойдаланиш сизга ортиқчалик қилмайди. Тажрибали мутахассис, «Vital Group» МЧЖ бош бухгалтери Галина МУСАЕВА ана шу маслаҳат ва тавсияларни мухбиримиз билан ўртоқлашди.

 

ТЕМИРНИ ҚИЗИҒИДА УР ДЕЙДИЛАР

Бош бухгалтер, гарчи корхонада раҳбардан кейин иккинчи шахс ҳисобланса-да, маошини ошириш масаласида бошлиқ билан гаплашиб олиш учун қулай фурсат кутгани маъқул. Шунда ҳам умумқабул қилган нормаларга амал қилмоғи керак. Энг аввало, дилдан гаплашиб олишнинг мавридини топиш зарур. Айтайлик, бу мавзуда ҳисобот тайёрлаш ва солиқ текширувлари пайтида оғиз очмаслик керак. Ҳисобот ва солиқ текширувлари якунланган пайт бундай суҳбат учун энг қулай фурсат ҳисобланади. Табиийки, ҳисобот кўнгилдагидек топширилган, текширувлардан яхши ўтиб олинган бўлиш керак. Бир сафар хийла мураккаб солиқ текширувидан муваффақиятли ўтиб олганимизда, бошлиғимизнинг ўзи маошимни оширишни таклиф қилиб қолди. Бу ҳаётда кам учрайдиган шахсий мисол, албатта. Шунга қарамай, ишда эришилган натижага қўшган ҳиссангизга тўғри баҳо беринг, отни вақтида қамчилаб қолинг. Хуллас, бундай нозик масалада ҳамиша қулай фурсатни топишга ҳаракат қилинг.

 

ҲАР ТАРАФЛАМА ШАЙЛИК

Маошни асоссиз равишда оширишларини сўраш ўринсиздир. Ўз фойдангиз учун камида икки-учта важ-далил тайёрлаб қўйишингиз шарт. Тўғри, билимдон бухгалтерининг дастлабки ўтинчига дарҳол қулоқ соладиган, илтимосини беэътибор қолдирмайдиган раҳбарлар ҳам йўқ эмас. Одатда «бошлиқ ва бухгалтер» жуфтлиги қўлни-қўлга бериб ишлайдиган жойларда шундай бўлади. Кўпинча бундай компанияларда бухгалтер шунчаки иккинчи шахс эмас, балки раҳбарнинг ўнг қўли, бизнес бўйича асосий маслаҳатчиси ҳамдир. Бироқ, ҳисоб соҳасидаги барча мутахассисларнинг бошлиқ борасида бу йўсин омади чопавермайди. Айниқса, ишни энди бошлаётган бухгалтерларга осон бўлмайди. Бухгалтернинг хизмат пиллапоялари оша босиб ўтадиган йўли осон эмас. У вақт етишмаслиги, маош кўп эмаслиги сингари синовлардан ўтмоғи керак. Маълум вақтгача маошни ошириш ҳақида оғиз очишга журъат эта олмайди у. Маошни кўпайтириб бериш хусусида гаплашиб олишга ҳар қандай ҳолатда ҳам пухта тайёрланмоқ лозим. Зарурати бўлса, ҳисоботни ҳам тахт қилиб қўйиш керак. Шундай иш тутмоқ жоизки, бошлиқ сизни маоши оширилишига лойиқ ходим деб билсин.

 

КУЧ – БИЛИМДА

Таълим курсини тугаллаш ёки малакани ошириш воситасида ҳам маошни ошириш масаласини кўтарса бўлади. Авваллари мутахассисга, унинг таълим олиш имкониятларига талаблар бунчалик эмасди. Эндиликда бухгалтерларга, шунингдек бухгалтер бўлиш истагидагиларга хизмат кўрсатишга олий ва ўрта махсус ўқув юртлари, таълим курслари, семинарлар, маҳорат сабоқлари муштоқ. CIPA сингари халқаро бухгалтерия ва молия сертификатлари жуда оммалашиб бормоқда. Шундай сертификати бўлган бухгалтер, шак-шубҳасиз, тузукроқ иш ҳақига умид қилса бўлади.

 

«КОМПАНИЯМИЗ ФОЙДАСИНИ ҚАЙ ЙЎСИНДА КЎПАЙТИРИШ ЙЎЛИНИ БИЛАМАН, АКАХОН»

Моддий аҳволни яхшилашнинг зўр усулларидан бири шу. Бу гапни айтган мутахассис ўз фикрини амалий жиҳатдан рўёбга чиқара олса нур устига аъло нур. Аммо бухгалтер айтайлик, корхона даромадларини кўпайтириш билан бевосита алоқадор савдо ёки маркетинг бўлими вакилидан кўп жиҳатдан фарқ қилади. Зотан бухгалтерия иқтисод қилиш, тежаш билан боғлиқ масалалар билан машғул. Тежамкорлик ҳақида гапира туриб маошни ошириб беришни сўраш номатлуб ҳол ҳисобланади. Тежаб қолишнинг янги усулини ўйлаб топган бўлсангиз, бутунлай бошқа гап.

 

КЕЛАР ЭШИКНИ ҚАТТИҚ ЁПМА

Шундай вазиятлар ҳам бўладики, бухгалтер маошни оширишни сўраётганда бу ердан кўра кўпроқ маош тўланадиган бошқа компанияга ўтиш мумкинлигини шама қилиб ўтади. Мен бу усулдан жуда эҳтиёткорлик билан фойдаланишни тавсия этган бўлур эдим. Гап шундаки, ҳар қандай раҳбар яхши, ўзаро ишонч асосида ишлаб келаётган билимдон бухгалтерни йўқотишдан ботинан ва зоҳиран чўчийди. Борди-ю, бош бухгалтер ишни алмаштиражаги ҳақидаги важ-корсонларини рўкач қилаверадиган бўлса, бошлиқнинг ишончига путур етади, баъзи директорлар эса бу сўзларни таҳдид тарзида қабул қиладилар. Бир сафар яқин танишим гап орасида бошқа корхонада яхши маош тўланадиган иш таклиф қилишаётганлигини шунчаки айтган экан, бошлиғи тутоқиб кетибди. У бу гапни товламачилик, баҳони оширишга уринишга йўйиб шунга яраша жавоб қилибди. Аёл бечора ўз иш жойини ёқтиргани учун, кетишни истамаган. Хуллас, бундай гапларни айтаётганда оқибатини ўйлаш керак.

 

ДИРЕКТОР КЎНМАСА, НИМА ҚИЛМОҚ КЕРАК?

Энг аввало, раҳбардан рад жавоби олмасликни ўрганиб олиш муҳимдир. Шу сабабли ишга жойланаётган вақтда маош, уни ошириш имкониятлари, қанча даврда ошириш мумкинлиги сингари масалаларни аниқ гаплашиб олмоқ лозим. Бордию, бу мазмунда суҳбат бўлмаган бўлса, кейинчалик раҳбарият билан шу хусусда гаплашиб кўришга ҳаракат қилиш зарур. Иш ҳақингизни оширишмаётган бўлса, хизмат пиллапоясидан юқорилаш истиқболи ҳам кўринмаётган бўлса, сиз учун бу компанияда ишлайвериш мақсадга қанчалик мувофиқ эканлиги ҳақида чуқурроқ ўйлаб кўриш фурсати етган кўринади. Тўғри, дафъатан ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзишга тушманг. Аввало тузукроқ маош олишга қанчалик муносиб эканлигингиз ҳақида ўйлаб кўринг. Ишда тез-тез хато қиладиган бухгалтернинг, эндигина иш бошлаган бухгалтернинг маош тез-тез оширилишидан умид қилиши ножоиздир деб ҳисоблайман. Баъзан ходимлари қанчалик билимдон ва уқувли бўлмасин, компания молиявий қийинчиликларни бошидан кечираётган даврда раҳбар уларнинг маошларини ошира олмайди. Кўп йиллар олдин мен ишлаб турган компанияда банкротлик «ҳиди анқий бошлади». Иш ҳақини маълум вақт мобайнида бўлиб-бўлиб, кечикиш билан олган бўлсак ҳам ўшанда кўпчилик ишдан бўшаб кетмади. Компания танглик ҳолатидан чиқиб олиб, ишлар юришиб кетгач, сабр-чидам ва садоқатимиз муносиб тақдирланди. Шу сабабли узил-кесил бир қарорга келиш, яъни ишда қолиш ёки ишдан бўшаш ҳақида бир тўхтамга келишдан аввал масаланинг ҳамма жиҳатларини тарозу палласига қўймоқ керак. Шу нарса ҳам ёдингизда бўлсинки, маошни ошириш ҳақидаги илтимосингиз бошқа, бир мунча қулай вақтда эътиборсиз қолдирилмаслиги мумкин.

 

АФСОНА ЁКИ РЕАЛ ВОҚЕЛИК

Иш ҳақини ошириш хусусида раҳбар билан гаплашиб олиш амалиёти жилла ривож топмаган. Буни маошни ошириш кўпгина омиллар тақозоси эканлиги билан изоҳлаш мумкин. Бюджет ташкилотларида бу нарса энг кам иш ҳақининг миқдори мамлакат миқёсида оширилиши билан боғлиқ. Тижорат ташкилотларида эса маошни ошириш олдиндан режалаштирилади ва компаниянинг молиявий имкониятларига боғлиқ бўлади. Маошни режадан ташқари ошириш кам учрайдиган ҳолат бўлса ҳам, ҳаётда содир бўлиши реал воқеа ҳисобланади.

 

МАНСАБ ВА МАОШ

Мансаб пиллапояси оша юқорилаб бориш яхши нарса. Комил ишонч билан айта оламанки, тажриба ва малака бебаҳо. Мансаб юқорилаб боргани сари маош ҳам ошиб боради.

Маслаҳат ва
тавсияларни мухбиримиз
Наталья СПИРИДОНОВА
ёзиб олди.

 

РАҲБАРНИНГ ФИКРИ

 

МАОШНИ РЕЖАДАН ТАШҚАРИ ОШИРИШ ҲАҚИДА

Умид АБДУСАЛОМОВ,қўшма корхона бош директори:

– Бухгалтерларимга нисбатан объектив, холис фикрда бўлишга ҳаракат қиламан. Бу касбда ишлайдиганларга ҳурматим баланд. Бизнес соҳасида кўп нарса билимдонлик билан иш олиб бораётган бухгалтериянинг хизмати самараси деб ҳисоблайман. Айни вақтда уларга ҳадеб ёнбосавермайман. Ишлаб чиқаришда эришилган муайян ютуқлар учун мукофотлар ва бонуслар назарда тутилган. Иш ҳақига келганда, шуни айтиш керакки, ҳар йили бюджетда ходимларга мўлжалланган, шу жумладан оширилиши ҳам инобатга олган ҳолда иш ҳақига мўлжалланган харажатлар моддаси тавсиф этилади. Тўғри, баъзан истиснолар ҳам бўлиб туради. Ҳаммаси вазиятга боғлиқ. Ишончим комилки, яхши бухгалтер албатта қадрланмоғи керак. Қадрланади ҳам!

Прочитано: 2240 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика