Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 36 / Солиқ мажбуриятлари

Солиқ тўламаслик оқибатлари

Ҳар бир солиқ тўловчининг асосий мажбуриятларидан бири солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида ва тўлиқ тўлаш бўлиб, буни у Солиқ кодексининг 35-моддасига мувофиқ ўзи бажариши керак. Бу ишни орқага суришга солиқ органлари ҳам йўл қўймайдилар.

Солиқ боқимондасини ундириш тартиби икки босқични ўз ичига олади: ихтиёрий босқич, бунда фирма тўланмаган миқдорни солиқ органларининг талабига кўра мустақил равишда сўндириш имкониятига эга бўлади ва мажбурий босқич, бунда боқимондани солиқ инспекторларининг ўзлари ташкилотдан ундирадилар. Инспекциянинг боқимондани мажбурий тарзда ундириш (пул маблағлари ҳисобига) тўғрисидаги қарори хўжалик юритувчи субъект ҳисобварақлар очган банклар орқали бажарилади.

Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида солиқ тўловчининг мақомига боғлиқ ҳолда солиқларни мажбурий тарзда ундиришнинг турлича тартиби белгиланган. Юридик шахсларга нисбатан ундиришнинг сўзсиз тартиби назарда тутилган. Бироқ бундай қарорни амалга ошириш чоғида муддатлар бўйича чекловлар мавжудлигини ҳисобга олиш керак. 

 

Хуллас, агар хўжалик юритувчи субъектларда бюджет олдида қарз вужудга келса, солиқ инспекциялари уларга хизмат кўрсатувчи банкларга қарзнинг бутун суммасига инкассо топшириқномалари қўядилар.

Банклар солиқ тўловчининг солиқни ва (ёки) бошқа мажбурий тўловни ўтказишга доир тўлов топшириқномаларини, шунингдек солиқ инспекциясининг белгиланган муддатларда киритилмаган солиқлар ва жарима санкцияларини солиқ тўловчи мижозлардан сўзсиз ундириш тўғрисидаги фармойишларини (инкассо топшириқномаларини) бажариши шарт (Солиқ кодексининг (СК) 53-моддаси).

Солиқ қарзини ундириш солиқ тўловчининг барча банк ҳисобварақларида турган пул маблағларидан амалга оширилади, қонун ҳужжатларига мувофиқ ундирув қаратиш мумкин бўлмаган ҳисобварақлар бундан мустасно (СКнинг 63-моддаси).

Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш миллий валютада амалга оширилади (СКнинг 48-моддаси).

Хўжалик юритувчи субъектнинг асосий ҳисобварағида инкассо топшириқномалари бўйича солиқ ва мажбурий тўловларни бюджетга тўлаш учун маблағ мавжуд бўлмаган ёки етарли бўлмаган тақдирда, ушбу инкассо топшириқномалари 2-сон картотекага кирим қилинади. 2-сон картотека хўжалик юритувчи субъектнинг фақат асосий ҳисобварағи очилган банкда шакллантирилади (Хўжалик юритувчи субъектларнинг банк ҳисобварақларидан пул маблағларини ҳисобдан чиқариш тартиби тўғрисидаги йўриқноманинг1 3-банди, кейинги ўринларда – 2342-сон Йўриқнома).

Агар валюта ҳисобварағидаги валютадан ташқари, фирманинг ҳисоб-китоб ва иккиламчи ҳисобварақларида пул бўлмаса, нима қилиш керак? Солиқ тўловчи боқимондани валюта маблағлари билан сўндириши мумкинми?

Даставвал қарздор корхона (солиқ тўловчи) унга хизмат кўрсатувчи банкка солиқлар бўйича қарзни сўндириш учун зарур бўлган валюта маблағларини сотиш учун мурожаат қилиши керак.

Агар қарздор солиқ боқимондасини сўндириш учун ўз вақтида чора кўрмаса, солиқ органлари уни ундириш бўйича тегишли чоралар кўрадилар.

Хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳисобварақларида маблағлар етарли бўлмаганда хизмат кўрсатувчи банклар 3 кун ичида бу ҳақда давлат солиқ хизмати органларини хабардор қиладилар.

Солиқ органлари хизмат кўрсатувчи банклардан корхонанинг ҳисобварақларида бюджет олдидаги қарзни тўлиқ тўлаш учун маблағлар етишмаслиги хусусида маълумот олганидан кейин 1 кунлик муддат ичида уларда корхонанинг чет эл валютасидаги талаб қилиб олинадиган депозит ҳисобварағи очилган ваколатли банкларга тақдимномалар юборади (Ҳисобварақларида хорижий валюта маблағлари бўлган хўжалик юритувчи субъектларнинг бюджет олдидаги мажбуриятларини тўлаш тартибининг2 3 ва 4-бандлари, кейинги ўринларда – 753-сон Тартиб).

Агар хўжалик юритувчи субъектнинг миллий валютадаги ҳисобварақларидаги маблағлар солиқ органлари томонидан қўйилган инкассо топшириқномалари талабларини қондириш учун етарли бўлмаса, хизмат кўрсатувчи банк уларнинг тақдимномаси асосида мазкур хўжалик юритувчи субъектнинг чет эл валютасидаги ҳисобварағида мавжуд бўлган маблағнинг ушбу талабларни қондириш учун етарли бўлган миқдоридаги қисмини кейинги иш кунидан кечикмаган ҳолда Республика валюта биржасида сотиш учун буюртманома киритади (2342-сон Йўриқноманинг 6-банди).

Агар чет эл валютасидаги пул маблағлари ҳам бюджет олдидаги қарзни тўлиқ тўлаш учун етарли бўлмаса, ваколатли банк 3 кунлик муддат ичида маблағларнинг етишмаслиги тўғрисида солиқ органига хабар беради. Бунда қарзни тўлаш учун валюта маблағларини конвертациялашга берилган тақдимнома боқимонда тўлиқ тўланган пайтгача амал қилади, бу эса давлат солиқ хизмати органининг корхонанинг бюджет билан ўзаро ҳисоб-китоблари ҳолати тўғрисидаги маълумотномаси билан тасдиқланади (753-сон Тартибнинг 5-банди).

Ваколатли банк томонидан чет эл валютасини сотишдан олинган маблағлар хўжалик юритувчи субъектнинг асосий ҳисобварағига кирим қилинади ва 2342-сон Йўриқномада белгиланган тартибда мазкур ҳисобвараққа тақдим этилган талабларни қондириш учун йўналтирилади (2342-сон Йўриқноманинг 7-банди).

 

МИСОЛ.

Фирманинг 2-сон картотекасида 20 500 минг сўм миқдорида бюджетга ва бюджетдан ташқари жамғармаларга солиқлар ва тўловлар бўйича тўланмаган тўлов ва инкассо топшириқномалари бор.

Мижознинг асосий ҳисобварағи ва бошқа депозит ҳисобварақларида миллий валюта (сўм)да пул маблағлари йўқ, бироқ валюта ҳисобварағида 5 000 АҚШ доллари миқдорида маблағлар қолдиғи мавжуд.

Фирма 2-сон картотекадаги солиқ қарзини сўндириш бўйича мустақил равишда чоралар кўрмади.

Солиқ инспекцияси фирмага хизмат кўрсатувчи банкдан корхонанинг ҳисобварақларида бюджет олдидаги қарзни (20 500 минг сўм) тўлиқ сўндириш учун пул маблағларининг мавжуд эмаслиги тўғрисида маълумот олиб, 1 кун мобайнида корхона хорижий валютада талаб қилиб олинадиган ҳисобварақ очган банкка тақдимнома юборди.

Банк ДСИнинг тақдимномасини қабул қилиб, ўша куниёқ 5 000 АҚШ долларини Ўзбекистон Республика валюта биржасида сотиш кунидаги курс бўйича (сотиш курси шартли равишда 2 560 сўмни ташкил қилди) сотишга буюртманома тақдим этди ва қарздорнинг талаб қилиб олинадиган миллий валютадаги депозит ҳисобварағига сўм эквивалентида 12 800 минг сўмни (5 000 х 2 560) ўтказди.

Ўша куниёқ бюджетга 12 800 минг сўм миқдорида солиқлар ўтказилди. Бироқ 2-сон картотекада 7 700 минг сўм (20 500 – 12 800) миқдорида сўндирилмаган солиқ қарзи қолди.

 

Юқорида айтилганидек, солиқ қарзини сўндириш учун валюта маблағларини конвертациялашга тақдим этиш боқимондани тўлиқ сўндириш пайтига қадар амал қилади, банк ҳам валюта маблағлари келиб тушганда тақдимномада кўрсатилган боқимонда суммаси тўлиқ сўндирилгунига қадар валютани сотишга буюртманома бериши шарт.

Агар солиқлар бўйича қарз кейинчалик корхонанинг депозит ҳисобварақларига миллий валютада пул маблағлари келиб тушиши ҳисобига сўндирилса, фақат корхонанинг бюджет билан ўзаро ҳисоб-китоблари ҳолати, боқимонданинг йўқлиги ва ушбу тақдимноманинг ижросини тўхтатиб туриш тўғрисида солиқ органининг маълумотномаси билан тасдиқланган тақдирдагина банк унинг ижросини тугатиши мумкин.

Ушбу ҳолда банк ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаган ҳисобланади.

 

Сўнгра фирманинг валюта ҳисобварағига 1 500 АҚШ доллари миқдорида валюта маблағлари яна келиб тушганда банк улар келиб тушган санадан бошлаб учинчи иш кунидагина ушбу валюта маблағларини ЎзРВБда сотиш кунидаги курс бўйича (сотиш курси шартли равишда 2 640 сўмни ташкил қилди) сотишга буюртманома берди. 3 960 минг сўмни (сўмдаги эквивалент) қарздорнинг миллий валютадаги талаб қилиб олинадиган депозит ҳисобварағига ўтказиб, банк барибир буюртманома беришни 2 кунга кечиктирди.

Ўша куниёқ фирманинг ҳисобварағидан бюджетга 3 960 минг сўм ўтказилди, бироқ 2-сон картотекада 3 740 минг сўм миқдорида сўндирилмаган солиқ қарзи қолди.

 

Ушбу ҳолда банк валюта маблағларини сотиш учун буюртманомани 2 иш кунига кечиктирди, бунинг натижасида солиқлар банкнинг айби билан бюджетга 2 кун кечиктириб келиб тушди.

Молиявий воситачи сифатида банкнинг солиқ тўловчилар билан давлат ўртасидаги асосий мажбурияти солиқ тўловчилар ва солиқ агентларининг солиқлар ва йиғимларни ўтказишга доир топшириқномаларини, шунингдек солиқ органларининг солиқларни ундириш тўғрисидаги қарорларини бажаришдан иборат.

Банкнинг айби билан солиқ тўловчининг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар суммасини ўтказиш топшириқномаси ёки ваколатли органнинг уларни банкдан ундириш тўғрисидаги инкассо топшириқномаси бажарилмаган (бажарилиши кечиктирилган) тақдирда, ҳар бир кечиктирилган кун учун солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг ўтказилмаган суммасининг 0,5%и миқдорида белгиланган тартибда пеня ундирилади (СКнинг 53-моддаси).

 

Юқорида кўрсатилган мисолда солиқлар банкнинг айби билан бюджетга 2 кун кечикиб келиб тушганлиги тарзидаги ҳуқуқбузарлик аниқланганда солиқ инспекциясининг қарори билан банкдан, СКнинг 53-моддасига кўра, 39,6 минг сўм миқдорида (3 960 минг сўм х 0,5% х 2 кун) пеня ундирилади.

 

Бундан ташқари, тўлов интизомини бузиш, шу жумладан, қарздор корхоналардан тўловларни ундириш бўйича солиқ органларининг инкассо топшириқларини бажармаслик ҳамда корхоналарнинг ҳисобварақларида тегишли маблағлар бўлган ҳолда тўловларни амалга оширишнинг белгиланган муддатларини бузиш, шунингдек пул маблағларини ҳисобдан чиқариш навбатини бузиш мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 175-моддасининг учинчи қисми).

Шу сабабли солиқ тўловчилар солиқларни ўз муддатида тўлаб, бу билан ўзлари учун ҳам, бошқалар учун ҳам муаммо туғдирмасликлари жуда муҳим.

Наталья ЗУЕВА,

экспертимиз.

Прочитано: 4305 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика