Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 36 / Бизнес ечими

Автоматлаштиришнинг ижобий жиҳатлари

Бухгалтерия ҳисоби, «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонунга кўра, ходимларининг сони, ташкилий-ҳуқуқий шакли, фаолият тури ва бошқа тавсифларидан қатъи назар, барча корхоналарда юритилиши керак. Бироқ қонун ҳужжатларида барча таомиллар, ҳужжатлар айланиши, корхона ичида шаклланадиган ҳисоботлар ва муайян корхонада иш чоғида ҳисобга олиш лозим бўлган кўплаб бошқа жиҳатларнинг муфассал тавсифи берилмаслиги табиий.

 

Ҳатто мутахассис бўлмаган шахсларга тушунарли бўлган ҳисоб юритишнинг энг муҳим қоидаларидан бири «харажат–наф» қоидаси ҳисобланади. Ушбу қоидага кўра ҳисоб тизимига оид харажат ушбу тизимдан фойдаланишдан олинадиган нафдан ошиб кетмаслиги лозим. Ҳисоб юритишдан тўлиқ воз кечиб бўлмайди, албатта, чунки қонун ҳужжатларида ҳисоб юритиш тартибини бузганлик учун жавобгарлик назарда тутилган (бошқача айтганда, ҳисоб юритмаслик фойда келтирмайди). Бироқ ҳар бир корхона асосан ҳисоб тизимида тежашга интилиб, онгли ёки онгсиз равишда юқорида баён этилган қоидага амал қилади. Аммо кўп корхоналар ҳисоб тизимида тежашга интилишининг яна бир сабаби бор. Махсус дастурни харид қилиш, уни тутиб туриш ва созлаш хизматлари ҳамда кадрларни ўқитиш харажатларидан ҳамма хабардор, улар оз эмас. Ҳисобнинг мураккаб тизими қандай наф бериши мумкин? Буни тасаввур этиш осон эмас.

Ҳисоб юритиш учун нисбатан мураккаб бўлмаган фаолият турлари (мисол учун, савдо) билан шуғулланадиган кичик корхоналар бухгалтерия ҳисобининг мураккаб тизимларини ишлаб чиқишга катта маблағ сарфламаган ҳолда бухгалтерия ҳисобини юритишлари мумкин. Улар ҳисоб юритиш учун стандарт компьютер дастурлари (IC, IUZ, BEM ва бошқалар) билан чеклана оладилар. Агар операциялар сони оз, фаолият хусусияти етарлича содда бўлса, умуман компьютердан фойдаланмасдан ҳисоб юритиш мумкин.

Бироқ, йирик ишлаб чиқариш корхонаси қандай фаолият юритиши кераклигини тасаввур қилишга уриниб кўрсак, манзара кескин тарзда ўзгаради. Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, ҳатто саноатнинг бир соҳасида ишлайдиган ишлаб чиқариш корхоналаридаги бўлимлар ўртасида ҳужжат айланиши таомили турлича бўлиши, ишлаб чиқаришидаги технологик жараён анча фарқланиши мумкин. Ана шу яққол далиллар жиддий ўзгартиришларсиз барча корхоналарга мувофиқ келадиган универсал дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқиш имкони йўқлигини кўрсатади, бу иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқ ҳам эмас.

 

Шуни айтиб ўтиш лозимки, юқори малакали бухгалтерлар жамоаси ўта мураккаб шароитда ҳам ҳисоб юритишга қодир. Бироқ кўп бажариладиган операцияларнинг анча қисми автоматлаштирилмаган корхоналарда ҳисоб юритишда хатога йўл қўйиш хатари доим юқори бўлган. Бухгалтерлар қанчалик малакали бўлишмасин, инсон омили ўз ролини ўйнайди, ишлари қанчалик кўп бўлса, хатога йўл қўйиш эҳтимоли шунчалик юқори бўлади. Сифатли ишлаб чиқилган ҳисоб тизимининг нафларидан бири шундаки, у ҳисоб юритиш билан банд бўлган ходимлар ишини камайтиради, оқибатда инсон омили билан боғлиқ хатога йўл қўйиш хатари камаяди.

Ишнинг кўзини билиб созланган дастур бухгалтер етарлича ишга эътибор жамламаганлиги оқибатидаги хатоларнинг олдини олиши мумкинлигини намойиш этадиган кўпдан-кўп амалиётдан олинган мисоллардан бирини кўриб чиқамиз.

Тизимга ҳисобварақ-фактурани ўтказиш чоғида бухгалтер ҳисобварақ-фактуранинг реал суммасидан 10 баравар ошадиган суммани киритди (оддий қилиб айтганда, ортиқча нолни киритди). Хайриятки, янги ҳужжатни тизимда очиш чоғида у илгари очилган ҳужжатга – шартнома суммаси кўрсатилган харид буюртмасига «боғланди». Тизим бухгалтер киритмоқчи бўлган ҳисобварақ-фактура суммаси шартнома суммасидан ошишини белгилаб, проводка ўтказмасдан тегишли огоҳлантириш берди.

Автоматлаштирилган тизимлар нафақат бухгалтер хатоларининг, балки корхонадаги турли ички таомиллар бузилишининг ҳам олдини олиши мумкин. Мисол учун, ишлаб чиқариш корхонасида ўрнатилган қоидага кўра, маҳсулотга буюртма берган мижоз буюртма қийматининг 50%и миқдорида олдиндан ҳақ тўласагина, уни ишлаб чиқаришга буюртманома шакллантирилиши мумкин. Агар бундай буюртманомалар кўп бўлса, уларга ишлов бериш учун масъул бўлган ва маҳсулот ишлаб чиқаришга буюртманомалар берадиган ходим хатога йўл қўйиши, олдиндан ҳақ олмасдан маҳсулот ишлаб чиқарила бошлаши мумкин. Автоматлаштирилган тизимда олдиндан ҳақ олмасдан ишлаб чиқаришга буюртманомаларни шакллантиришнинг техник жиҳатдан имкони йўқ. Бу эса, ўз навбатида, мижоз тўловга ноқобил бўлган тақдирда корхона катта маблағ тежашига имкон беради.

 

Эслатиб ўтиш зарур бўлган кейинги жиҳат – мажбуриятлар тақсимланиши ва ахборотдан фойдаланиш ҳуқуқларининг чекланишидир. Баъзида айрим корхоналарнинг ходимлари муҳим (кўпинча сир сақланадиган) ахборотни ҳамма фойдалана оладиган файлларда сақлашига гувоҳ бўламиз. Агар барча ходимлар бир-бирини яхши биладиган ва бир-бирига ишонадиган микрофирмаларда бундай беғамликка йўл қўйиш мумкин бўлса, юзлаб киши ишлайдиган корхоналарда бу нохуш оқибатга олиб келиши мумкин. Тўғри, ушбу муаммо ҳисоб тизими билан тўғридан-тўғри боғлиқ эмас, уни тизим маъмурларининг омилкор иши қисман ҳал эта олади. Бироқ агар бухгалтерия ҳисоби тизими шакллантирган ахборот тўғрисида сўз борадиган бўлса, тўғри созланган тизим турли даражадаги махфий ахборотдан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган тарафлар ўртасида уни айирбошлашни анчагина соддалаштириши мумкин. Бунда ушбу ҳуқуқларга эга бўлмаган шахсларнинг тизимдан фойдаланиши чекланади. Бухгалтерия хизматининг турли бўлинмалари эса ўз функциялари устидан тўлиқ назоратни қўлга киритиб, бошқа бўлинмалар ўз ишига аралашишига имкон бермайдилар.

 

Амалиётдан мисол. Бухгалтерияга ишга келган янги ходим етказиб берувчилардан хизматлар олишга кирувчи ҳисобварақ-фактураларни тизимда акс эттириш билан шуғулланиши керак эди. Бироқ тажрибасизлиги туфайли тизимдаги намунавий ҳужжатларни чалкаштириб, ҳисобварақ-фактураларни кирувчи сифатида акс эттириш ўрнига уларни чиқувчи сифатида акс эттирди. Шу аснода тизим маълумотномасида янги контрагентларни (улар аввалдан тизимда харидор сифатида эмас, балки етказиб берувчилар сифатида мавжуд эдилар), шунингдек улар билан тузилган шартномаларни барпо этди. Унинг хатоси ўз вақтида аниқланиб, тузатилди, албатта (бироқ бунга кўп вақт сарфланди, чунки у шу тарзда ўнлаб ҳисобварақ-фактурани киритишга улгурган эди).

Бунга жавобан тажрибасизларни ишга олмаслик керак, дейишингиз мумкин. Эҳтимол, шундайдир (ҳолбуки ҳамма ҳам ўз вақтида ишни шундай бошлаган, шу каби хатоларга йўл қўйган). Гап бунда эмас. Агар корхона тизимида турли ходимларнинг функциялари аниқ бўлиниши назарда тутилганда эди, янги ходим ўз бўлимига тааллуқли бўлмаган ҳужжатларни тизимга кирита олмас, бу билан кўп вақти ва асаби сақланиб қолар эди (бироқ қимматли тажрибадан ҳам маҳрум бўларди).

 

Бухгалтерия ва бошқарув ҳисоби бўйича курсларда ишлаб чиқариш корхоналарида ҳисоб қандай юритилиши кераклиги тўғрисида базавий сабоқ берилади. Қисқача қилиб айтганда – хом ашё сотиб олинганда бундай, у ишлаб чиқариш цехига берилганда бундай, ишлаб чиқариш якунланиб, маҳсулот омборга берилганда эса бундай проводка қилинади дея санаб ўтилади. Назарияда ҳаммаси жуда оддий бўлиб кўринади, бундай курсларда ўқиган киши эса муайян корхонага ишга жойлашгунга қадар ишлаб чиқариш ҳисобини яхши тушунаман деб ўйлайди. Корхонада дарсликлардаги масалаларда тайёр рақамлар тарзида берилган, ҳисоб ва технологик жараён учун муҳим бўлган бир талай параметрлар амалда нотаниш эканлиги ёки ўргатганларидек осонликча ҳисоблаб чиқилмаслиги маълум бўлади. Мисол учун, масалада 120 литр бўёқнинг фақат 110 литридан фойдаланиш мумкин деб ёзиш мумкин, чунки қолган 10 литри бочка ичида қотиб қолади, бироқ масаладаги ана шу 10 литр қаердан пайдо бўлди? Ёки масалада тугалланмаган ишлаб чиқаришда бўлган маҳсулот 60% ишловдан ўтган дейилади. Ушбу рақам қаердан олинди? Бундай параметрларнинг кўпларини билмасдан туриб ҳисобни самарали юритиш мумкинми? Дарсликда оддийгина қилиб берилган бундай қийматларнинг ҳар бири ортида бочкада қанча бўёқ қолганлиги, ишлов бериш қанча фоизга якунланганлигини белгилайдиган технологларнинг меҳнати ётади. Ушбу ахборотларнинг барчаси кимга керак деган савол туғилиши мумкин. Аввало у маҳсулот таннархини тўғри (имкони борича) ҳисоблаш учун бухгалтерга керак. Бу нафақат ҳисоб юритиш мақсадида, балки бошқарув мақсади учун ҳам муҳимдир. Агар маҳсулот нархи таннарх асосида тайинланса, бухгалтернинг нотўғри ҳисоб-китоби оқибатида нархнинг оширилганлиги туфайли мижозлар йўқотилиши ёки нарх пасайтирилганлиги туфайли узоқ муддатли истиқболда реал зарар кўрилиши мумкин. Бундан ташқари, ишлаб чиқаришнинг турли технологик хусусиятлари тўғрисидаги ишонарли ва муфассал ахборотсиз унинг технологиясини мақбуллаштириб бўлмайди. Ушбу ахборот айрим технолог мутахассисларнинг хаёли ёки қайд дафтаридагина тарқоқ ҳолда бўлишидан наф жуда оз. Тўғри, компьютер тизимининг ўзи рационализаторлик таклифини кирита олмайди, бироқ керакли одамларга бу ишда ёрдам берадиган ахборотни тақдим этади.

Корхонанинг моддий активлари қаердалигини билишга келсак. Кишилар хато қилиши у ёқда турсин, баъзилар атайин бошқа шахсларга тегишли бўлган моддий объектларни ўзиники қилиб олишга уриниши ҳам мумкин. Мазкур мақолада ушбу масалага муфассал тўхтаб ўтирмаймиз, зеро у билан тамомила бошқа соҳа мутахассислари шуғулланадилар. Фақат шуни қайд этиб ўтамизки, агар корхона раҳбарияти товар-моддий бойликлар ҳаракати устидан назорат тизимида тежашга қарор қилса, йил охирида инвентаризация чоғида жуда катта камомад аниқланса ажабланиш керак эмас (агар инвентаризация ўтказилса, албатта).

 

Профессионал ишлаб чиқувчиларга бундай тизимларни (бундан кейин мақолада уларни бухгалтерия ёки бошқарув ҳисоби тизимлари деб эмас, балки корхонани бошқариш тизимлари деб атаймиз, чунки уларнинг функциялари ҳисоб функциялари доирасидан анча кенг) буюртиришни режалаштирган корхоналар раҳбарлари одатда қуйидаги мулоҳазалардан келиб чиқадилар. Улар, одатда, ўзлари жавоб берадиган бизнес жараёнларининг «тўлиқ манзараси»ни кўрадилар. Бироқ аниқ йўлга қўйилган бошқарув тизимисиз ушбу жараёнларни етарли даражада назорат қила олмайдилар, чунки бу раҳбардан оддий ходимлар ва ўрта бўғин менежерларининг ишини муфассал ўрганиш, ҳатто унга аралашишни талаб қилган бўларди.

Айтайлик, корхона раҳбари мижоздан муайян маҳсулотга буюртма олишдан тортиб уни юклаб жўнатишгача юз берадиган воқеаларнинг бутун занжиридан хабардор. Аввало сотув бўлими буюртма (белгиланган миқдорда олдиндан тўланадиган ҳақ) олади ва талаб қилинаётган маҳсулотнинг омборда бор-йўқлигини, у бошқа буюртма учун захираланганлиги ёки захираланмаганлигини текширади. Агар тайёр маҳсулот йўқ бўлса, сотув бўлими ахборотни логистика бўлимига беради, у эса компанияда ишлаб чиқариш учун зарур хом ашё ва уни харид қилиш зарурати бор-йўқлигини текширади. Агар хом ашёни харид қилиш зарур бўлса, логистика бўлими хом ашёни харид қилишга буюртмани жойлаштиради ва маҳсулот ишлаб чиқаришга буюртма беради. Ишлаб чиқариш бошланганда буюртма ноёб идентификатор олади, унга қараб ушбу маҳсулот қайси мижозга реализация қилинишини белгилаш мумкин бўлади. Ишлаб чиқариш тугалланганидан кейин маҳсулот сотув бўлимига берилади, сўнгра, ниҳоят, мижозга юклаб жўнатилади. Раҳбар буни режалаштирганида ҳаммаси силлиқ ўтадигандек кўриниши мумкин, бироқ баён этилган босқичларнинг ҳар бирида олдиндан билиб бўлмайдиган қийинчиликлар юзага келиши мумкин. Ушбу қийинчиликларни ҳал этиш айни корхона бошқарувининг автоматлаштирилган тизимларини ишлаб чиқувчиларнинг мажбуриятига киради, кўпинча бу иш корхонадаги мавжуд таомилларни шунчаки расмийлаштиришни эмас, балки уларга қўшимча ишлов бериш, ҳатто уларни тубдан ўзгартиришни ҳам талаб қилади.

 

Тизимни ишлаб чиқиш ёки мавжуд тизимни модернизациялаш жараёнида яна бир катта муаммо вужудга келади. Муайян бўлим ходими тизим ишлаб чиқувчиларига бирор-бир янгилик киритишни буюртма бераётганда ҳар доим ҳам сўраётган нарсаси қандай оқибатларга олиб келишини тасаввур қила олмайди. Ходимнинг мақсади деярли ҳар вақт ўз ишини ёки қўл остида ишловчиларнинг ишини енгиллаштириш бўлади. Бироқ бунинг оқибатлари акс натижа бериши ҳам мумкин.

 

Мисол келтирамиз. Корхона бир неча юз номдаги маҳсулот ассортиментига эга. Бунда корхона ўз мижозларидан оладиган буюртмалар деярли ҳар вақт стандартлаштирилган ва бир хил турдаги маҳсулотлардан иборат бўлади. Бундай турдаги буюртмалар сони энди юзлаб эмас, балки атиги ўнлаб ҳисобланади, бироқ ҳар бир буюртма тахминан 50 турдаги маҳсулотдан иборат бўлади. Ушбу компонентларни қўлда киритиш кўп вақтни олади, сотув бўлими ходими ишлаб чиқувчилардан буюртмаларнинг стандарт турларини танлаш имкониятини назарда тутишни сўрайди, токи буюртма тури танлагандан кейин тизим автомат равишда ушбу буюртма ассортиментини тўлдирсин. Ушбу имконият дастур асосида амалга оширилиб, модернизацияланган маҳсулот ўз ниятига эришган ходимга берилади. Бироқ кутилмаганда ушбу функциядан фойдаланиш учун у маълумотнома элементлари сифатида буюртмалар турларининг унинг учун зарур андозаларини барпо этиши кераклиги маълум бўлади. Содда қилиб айтганда – илгари у кун давомида 50 сатрдан иборат бўлган бир-икки ҳужжатни тўлдирарди. Энди эса у қисқа муддат ичида ўнлаб худди шундай ҳужжатларни барпо этиши керак! Тўғри, бу иш бир марта қилинса, кейин меҳнати самарасидан фойдалана олиши фикри унга таскин бериши мумкин. Аввал-бошдан иши осонлашишини кутган, бироқ аксинча бўлиб чиққан ҳолда кишининг қувончи катта бўлмаса керак.

 

Бошқа мисол. Сотув бўлими ходими корхона бошқаруви тизимининг кейинги модификациясини ишлаб чиқишга буюртма беради. Мижоздан буюртма олганда тизим ушбу мижоздан пул маблағлари зарур суммада олдиндан ҳақ сифатида келиб тушганлигини автоматик тарзда текшириши керак. Табиийки, тизимдан реал банк ҳисобварағига мурожаат қилиш мумкин эмас, бинобарин олдиндан ҳақ мавжудлиги тўғрисидаги ахборот қаердан олинади? Тўғри, бухгалтерия ҳисобидан. Илгари ушбу модификация жорий этилгунга қадар сотув бўлими ходими ўзининг бухгалтер дўстига қўнғироқ қилиб, дўстона суҳбат чоғида ҳисобвараққа пул келиб тушган-тушмаганлиги хусусида қизиқар эди. Шуни қайд этиш лозимки, бухгалтер ушбу ахборотни бухгалтерия ҳисоби тизимидан эмас, балки банкдан кўчирмага қараб тақдим этарди. Нима учун? Сабаби жуда оддий – у ҳафтасига бир марта кўчирма киритади, буни ҳар куни бажариши мақсадга мувофиқ эмас, бундан ҳам шошилинч ишлари кўп. Бироқ, олдиндан ҳақ тўланган-тўланмаганлигини текшириш функцияси дастурга берилганидан кейин уларнинг дўстона муносабатларига барҳам берилиши мумкин. Бунинг сабаби шундаки, агар банкдан кўчирмалар ҳисоб тизимига дарҳол, ҳар куни киритилмаса, тизим аниқ ишлай олмайди. Энди сотув бўлими ходими собиқ бухгалтер дўстига қўнғироқ қилмай қўяди, ҳатто уни эсламайди ҳам, ишлаш анча осонлашади. Олдиндан ҳақ тўланганлигини билиш учун битта тугмани босиш етарли. Бухгалтер эса ўзининг собиқ дўстини ҳар куни эслаб, илгари унинг зиммасида бўлмаган мажбуриятларга вақт сарфлайди.

Мазкур мақолада баён этилган барча муаммоларни кишиларнинг ўзлари ҳам мураккаб дастурлардан фойдаланмасдан ҳал этишлари мумкин. Аслида ҳам, агар компьютер дастури муайян ишни бажара олса, буни инсон ҳам бажара олади. Бироқ компьютер дастурининг инсонга қараганда бир нечта шак-шубҳасиз афзалликлари бор. Дастур ўз ишини анча тез бажаради. Унинг иш сифати кишиларга таъсир этадиган кўплаб омилларга (об-ҳаво, кайфият, оилавий муаммолар ва ҳоказо) боғлиқ эмас. Ва, ниҳоят, у, ходимлардан фарқли равишда, корхонага тегишли, ишдан бўшаш ёки декрет таътилига чиқиш масалалари унга ёт. Афсуски, корхона бошқаруви тизимларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш – жуда мураккаб ва узоқ давом этадиган жараён, бироқ у ниҳоят тугалланганда корхона бир маромда ишлай бошлайди, бу эса унинг бошқарув харажатларини, шунингдек солиқ тўғрисидаги ва бошқа хил қонун ҳужжатларини бузиш хатарларини анчагина камайтиради.

 

 

Игорь АИПКИН,

«FABA-Eхpert» МЧЖ АЖ аудитори.

Прочитано: 2696 раз(а)

Комментарии к статье (1)

Ошибка: Xbb_Tags_Color не найден.Ошибка: Xbb_Tags_A не найден.
2017-05-24 14:24:01, Гость_Қобил:
Если Вы являетесь клиентом компании Norma (подписчиком годового комплекта электронной/печатной версии газет или пользователем программного продукта "Законодательство РУз", заключившим договор на 12 месяцев), Вы можете задать вопросы экономико-правовой тематики,  воспользовавшись Справочной службой «Мы отвечаем»!

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика