Юридик шахслар: Ўзбекистон резиденти бўлган буюртмачи билан норезидент пудратчи (Германия) ўртасида Ўзбекистонда объект қурилишига пудрат шартномаси тузилди. Пудратчи қурилиш-монтаж ишларига Австралия ва Янги Зеландиядан иккита норезидент ёрдамчи пудратчини жалб этди.
Улар доимий муассаса таърифига мос тушадиларми?
Ирина.
– Солиқ кодексининг (СК) 20-моддасига кўра норезидентнинг Ўзбекистондаги доимий муассасаси (бундан кейин – ДМ) деганда норезидент республика ҳудудида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган, шу жумладан фаолиятни ваколатли шахс орқали амалга ошираётган ҳар қандай жой эътироф этилади.
ДМ тушунчаси қурилиш майдонини (қурилиш, монтаж қилиш ёки йиғиш объектини) ҳам ўз ичига олади. У ишлар бошланган кундан эътиборан алоҳида ДМни ташкил этувчи сифатида қаралади. Агар ёрдамчи пудратчилар Ўзбекистоннинг бошқа норезидентлари бўлса, уларнинг фаолияти ҳам шу қурилиш майдонида ишлар бошланган кундан эътиборан ёрдамчи пудратчиларнинг алоҳида ДМ сифатида қаралади. У пудратчига қурилиш майдонини топшириш тўғрисидаги далолатнома имзоланган пайтдан эътиборан ташкил этилади.
Шу тариқа, қурилиш майдони ЎзР норезидентининг унда фаолияти қанча давом этишидан (183 кундан кўп ёки кам) қатъи назар ДМни ташкил этади.
Шу сабабли юридик шахслар – республикада фаолиятни ДМ орқали амалга ошираётган Ўзбекистон норезидентлари:
ДМнинг жойлашган еридаги ва (ёки) фаолиятни амалга ошираётган жойидаги солиқ органида солиқ тўловчи сифатида ҳисобга қўйилишлари керак (СКнинг 79-моддаси биринчи қисми бешинчи хатбошиси);
ўз фаолиятини амалга оширишни бошлаган кундан эътиборан 183 кундан кечиктирмасдан солиқ органига ДМ сифатида ҳисобга қўйиш тўғрисидаги аризани тақдим этишлари шарт, унга шартнома ёки юридик шахс – норезидент номидан Ўзбекистонда иш юритиш учун берилган ишончнома, шунингдек мажбуриятларининг бажарилиши ДМ ташкил топишига олиб келадиган шартнома мавжуд бўлса, шу шартнома илова қилинади (СКнинг 80-моддаси бешинчи қисми).
Бироқ агар пудратчи – норезидент Ўзбекистон ўзининг солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан фарқ қилувчи қоидаларни белгилаган халқаро шартнома тузган мамлакат вакили бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади (СКнинг 4-моддаси).
Агар бош пудратчингиз Германия резиденти бўлса, у ҳолда Ўзбекистон Республикаси ва Германия Федератив Республикаси ўpтасида даромад ва мол-мулк солиқлари юзасидан иккиёқлама солиққа тортишнинг олдини олиш тўғрисида битимга (Берлин, 7.09.1999 йил, Ўзбекистон учун 14.12.2001 йилдан кучга кирган) амал қилишингиз керак. Унинг 5-моддаси 3-бандида белгиланишича, қурилиш майдончаси ёки йиғма объект фақат 12 ойдан кўпроқ мавжуд бўлган ҳолдагина ДМ деб ҳисобланади. Бинобарин, ўзбекистонлик буюртмачи германиялик бош пудратчига берган қурилиш майдони фақат ундаги қурилиш фаолияти 12 ойдан кўпроқ вақт давом этган тақдирдагина ДМ ташкил этади.
Ёрдамчи пудратчилар ташриф буюрган Австралия ва Янги Зеландия билан Ўзбекистон солиқ солиш соҳасида халқаро шартномалар тузмаган. Шу боис уларнинг ҳар бирига берилган қурилиш майдони уни бериш тўғрисида далолатнома имзоланган пайтдан бошлаб ДМ ташкил этади. Бунинг маъноси шуки, улар мазкур фаолиятни амалга ошириш бошланган кундан эътиборан 183 кундан кечиктирмасдан ДМ жойлашган ёки фаолиятни амалга ошириш еридаги солиқ органига ДМ сифатида ҳисобга қўйиш тўғрисидаги аризани тақдим этишлари шарт (СКнинг 80-моддаси бешинчи қисми).
Камол МУЗАФФАРОВ, эксперт-юристимиз.