Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 31-32 / Акциядорга эслатма

АЖ саволлар ва жавобларда

«Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг янги таҳрири (26.04.1996 йилдаги 223-I-сон, 6.05.2014 йилдаги ЎРҚ-370-сон Қонун таҳририда, бундан кейин – Қонун) акциядорлардан ўз АЖлари фаолиятини унинг талабларига мувофиқлаштиришни талаб қилади. Таҳририятимиз янги Қонунни қўллаш амалиётига доир саволларга жавоб тайёрлашда ёрдам бергани учун Давлат рақобат қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш марказига миннатдорчилик билдиради.

 

– Янги Қонун акциялар тушунчасини қандай талқин қилади?

– Илгари Қонун акциялар АЖнинг унинг акциядорларига нисбатан мажбуриятларини акс эттиради деб таъкидлаган эди. Унинг янги таҳририда акциялар акциядорларнинг АЖга нисбатан ҳуқуқларини тасдиқлайди деб кўрсатилган (Қонуннинг 3-моддаси).

 

– АЖ тушунчасининг ўзи қандай ўзгарган?

– Аввалги Қонун АЖни хўжалик юритувчи субъект сифатида белгилаган, янгиси эса Фуқаролик кодексидан келиб чиқиб, акциядорлик жамиятлари тижорат ташкилотларидир деб кўрсатади. Бунинг устига, Қонун уларни очиқ ва ёпиқ жамиятларга ажратмай, бунинг ўрнига АЖнинг ягона шаклини жорий этади.

 

– Эндиликда АЖнинг жойлашган ери қандай белгиланади?

– Илгари АЖнинг жойлашган ери у рўйхатдан ўтказилган жойга кўра белгиланган. Энди у ўзининг уставида бошқа манзилни назарда тутишга ҳақли.

 

– АЖ қанча муассисга эга бўлиши керак?

– Аввалги Қонун ЁАЖ учун чекловни белгилаган – ундаги муассислар 3 нафардан кам бўлмаслиги, бироқ 50 нафар шахсдан ошмаслиги керак эди. Янги таҳрир тўғридан-тўғри АЖ муассислари ва акциядорларининг сони чекланмаган деб кўрсатади. Бироқ акциядорларининг сони 50 нафардан ошмаган АЖ уставида бошқа акциядорлар сотаётган акцияларни олиш юзасидан акциядорлар ва АЖ учун имтиёзли ҳуқуқ назарда тутилиши мумкин (Қонуннинг 6-моддаси). Илгари бундай ҳуқуқ фақат ёпиқ АЖларда бўлган.

 

– АЖнинг устав капиталига берилган мол-мулк унинг мулки ҳисобланадими?

– Ҳа, ҳисобланади. АЖ мулкида алоҳида мол-мулкка, шу жумладан, ўзининг устав капиталига берилган мол-мулкка эга бўлади (Қонуннинг 3-моддаси). Жамият унга эгалик қилиш, фойдаланиш ва уни тасарруф этишга ҳақлидир.

 

– Давлат органлари АЖ таъсис этишлари ва унинг акциядорлари бўлиши мумкинми?

– Йўқ, қонунда, Президент, Вазирлар Маҳкамасининг қарорида назарда тутилган ҳоллардан ташқари, давлат органлари АЖни таъсис этишлари ва унинг акциядорлари бўлиши мумкин эмас. Бунда агар давлат ташкилоти АЖ этиб ўзгартирилса, давлат мулкини тасарруф этишга ваколатли орган муассис бўлади (Қонуннинг 11-моддаси).

 

– Қандай ҳолларда АЖ барпо этиш учун таъсис йиғилишини ўтказмаслик керак?

– Қонуннинг 12-моддасида назарда тутилишича, давлат ташкилоти АЖ этиб ўзгартирилган ва у биргина муассис томонидан таъсис этилганда таъсис йиғилиши ўтказилмайди.

 

– Янги АЖ ички ҳужжатларни қачон тасдиқлаши керак?

– Эндиликда АЖнинг акциядорларнинг умумий йиғилиши тўғрисидаги, жамиятнинг кузатув кенгаши, ижроия органи ҳақидаги ва тафтиш комиссияси (тафтишчиси) тўғрисидаги низомларини жамият давлат рўйхатидан ўтказилган санадан эътиборан 3 ой муддатда тасдиқлаш шарт (Қонуннинг 14-моддаси).

 

– АЖ уставида нималар албатта бўлиши керак?

– Уставда кўрсатилиши мажбурий бўлган ахборот анча қисқартирилди, чунки АЖ фаолиятини ташкил этишга оид кўп масалалар Қонун билан тартибга солинди. Қонуннинг 13-моддасига кўра уставда қуйидаги маълумотлар бўлиши керак:

АЖнинг тўлиқ (агар бўлса қисқартирилган) фирма номи, жойлашган ери (почта манзили) ва электрон почта манзили;

фаолиятининг соҳаси (асосий йўналишлари) ва мақсади;

устав фондининг (устав капиталининг) миқдори;

АЖ акцияларининг сони, номинал қиймати, турлари (оддий, имтиёзли);

АЖ бошқарувининг тузилмаси, АЖ кузатув кенгашининг, тафтиш комиссиясининг ва ижроия органининг аъзолари сони, бу органларни шакллантириш тартиби ва уларнинг ваколатлари.

Давлат томонидан АЖни бошқаришда иштирок этишга бўлган махсус ҳуқуқ («олтин акция») жорий этилаётган АЖ уставида давлатнинг мазкур ҳуқуқдан фойдаланиши тўғрисидаги қоидалар кўрсатилиши керак.

АЖнинг хоҳишига кўра уставда бошқа қоидалар ҳам кўрсатилиши мумкин.

 

– Чиқарилиши амалга ошган деб эътироф этилиши учун эмиссиявий қимматли қоғозларнинг қандай қисмини жойлаштириш керак?

– Янги Қонунда белгиланишича, акциялар ҳамда бошқа эмиссиявий қимматли қоғозлар биржада ва биржадан ташқари савдолар ташкилотчилари орқали жойлаштирилган тақдирда уларнинг чиқарилиши, агар жойлаштириш ҳажми мазкур чиқарилишдаги акциялар ва бошқа эмиссиявий қимматли қоғозлар умумий миқдорининг камида 30 фоизини ташкил этса, амалга ошган деб эътироф этилади. Бошқа ҳолларда эса, худди аввалгидек, чиқарилган эмиссиявий қимматли қоғозларнинг камида 60%ини жойлаштириш талаб қилинади (Қонуннинг 33-моддаси).

 

– Акциядорда ва АЖнинг ўзида бошқа акциядор сотадиган акцияларни сотиб олишда имтиёзли ҳуқуқ борми?

– Ҳа, бор, агар:

АЖ акциядорларининг сони 50 нафардан ошмаса;

АЖ уставида сотиб олишнинг имтиёзли ҳуқуқи кўрсатилган бўлса.

Агар бошқа акциядорлар сотиб олишда имтиёзли ҳуқуқдан воз кечишса, АЖнинг ўзи уларни сотиб олишга ҳақлидир. Акциядор ва АЖ томонидан имтиёзли ҳуқуқдан фойдаланиш муддати (бу ҳуқуқни ҳеч кимга бериш мумкин эмас) акциялар сотувга қўйилган пайтдан эътиборан 10 кундан кам ва 30 кундан кўп бўлиши мумкин эмас (Қонуннинг 6-моддаси).

 

– АЖ филиали ёки ваколатхонаси раҳбарини ким тайинлайди?

– АЖ ижроия органининг раҳбари (Қонуннинг 79-моддаси).

 

– Янги Қонунда акциядорлик жамияти томонидан корхоналар ташкил этиш бобида қандай ўзгаришлар назарда тутилган?

– АЖ кузатув кенгашининг шуъба ва тобе хўжалик жамиятларини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилиш ҳуқуқи сақланиб қолди (Қонуннинг 75-моддаси). Қонуннинг 8-моддасида АЖ шуъба ва тобе хўжалик жамиятларини фақат АЖ ёки МЧЖ шаклида таъсис этиши мумкин деб белгиланди.

 

– АЖ устав капиталини қандай валютада ифодалаш лозим?

– Қонуннинг 16-моддасида аниқ қилиб кўрсатилган: АЖнинг устав капитали Ўзбекистон миллий валютасида ифодаланади ва АЖ акцияларининг номинал қийматидан ташкил топади.

 

– Қонуннинг янги таҳририда устав капиталини кўпайтиришнинг қандай манбалари назарда тутилган?

– АЖнинг устав капиталини қўшимча акцияларни жойлаштириш йўли билан кўпайтириш жалб этилган инвестициялар, жамиятнинг ўз капитали ва ҳисобланган дивидендлар ҳисобидан амалга оширилиши мумкин. Агар манба бўлиб АЖнинг ўз капитали ҳисобланса, акциялар барча акциядорлар ўртасида мутаносиб равишда тақсимланади (Қонуннинг 18-моддаси).

 

– Акция қандай номиналга эга бўлиши мумкин?

– Миноритар акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва акцияларнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш мақсадида уларнинг номинал қиймати 5 000 сўмдан ортиқ бўлиши мумкин эмас (Қонуннинг 23-моддаси).

 

– АЖ акцияларнинг оммавий жойлаштирилишини қаерда амалга ошириши керак?

– Акцияларнинг оммавий жойлаштирилиши фақат биржада ёки қимматли қоғозларнинг биржадан ташқари савдолари ташкилотчилари орқали ўтказилиши мумкин. Агар уставда ёки акциядорлар умумий йиғилишининг қарорида акцияларни жойлаштириш усули кўрсатилмаган бўлса, у фақат очиқ обуна орқали жойлаштирилиши мумкин (Қонуннинг 33-моддаси).

 

– АЖ акцияларининг муомаласи қаерда амалга оширилиши керак?

– Аввал бўлганидек, янги Қонун ҳам АЖ акцияларининг муомала жойига аниқ талабларни белгиламайди. Шу билан бирга, Вазирлар Маҳкамасининг 2.07.2014 йилдаги 176-сон Қарори билан (бундан кейин – ВМнинг 176-сон Қарори) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қимматли қоғозлар билан битишувлар тузиш ва уларни рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисида низомнинг (ВМнинг 8.06.1994 йилдаги 285-сон Қарорига 2-илова, бундан кейин 285-сон Низом) 5-бандига киритилган ўзгартиришга кўра, акциялар олди-сотдиси бўйича иккиламчи бозордаги битимлар фақат қимматли қоғозларнинг биржа ва уюшган биржадан ташқари бозорида амалга оширилади, бундан акциядорларнинг талаби бўйича жамият томонидан акцияларни сотиб олиш бўйича битимлар мустасно.

 

– Қонун «қимматли қоғознинг бозор қиймати» тушунчасини белгилайдими?

– Ҳа, эндиликда белгилайди. Акция ва бошқа қимматли қоғознинг бозор қиймати деганда энг эҳтимол тутилган нарх тушунилиб, унга кўра мазкур қимматли қоғоз очиқ бозорда битимнинг тарафлари барча зарур ахборотга эга бўлган ҳолда ўз манфаатлари йўлида оқилона ва ихтиёрий равишда ҳаракат қиладиган рақобат шароитида бошқа шахсга берилиши мумкин, битим нархининг баланд-пастлигида эса бирор-бир фавқулодда ҳолатлар, шу жумладан, тарафлардан бирининг ушбу битимга қўшилиш мажбурияти акс этмайди. Шуниси эътиборлики, фонд биржаси листингига киритилган қимматли қоғозларнинг биржа котировкаси нархи уларнинг бозор қиймати деб эътироф этилади (Қонуннинг 24-моддаси).

 

Маълумот учун. Республикамизда қимматли қоғозлар билан битимларни амалга оширадиган фақат битта биржа бор – «Тошкент» республика фонд биржаси (www.uzse.uz).

 

– Акцияларига бегоналаштиришда чеклов жорий этилган акциядор улар бўйича овоз бериши ва дивидендлар олиши мумкинми?

– Ҳа, мумкин. Акцияларни бегоналаштиришга доир чеклов белгиланиши акциядорни – мазкур акциялар эгасини ушбу Қонунда белгиланган тартибда жамиятни бошқаришда иштирок этиш ва улар бўйича дивидендлар олиш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди (Қонуннинг 26-моддаси).

Бунда, ВМнинг 176-сон қарори билан 285-сон Низомнинг 251-бандига киритилган ўзгартиришга кўра, депозитарий:

фақат тегишли давлат органининг ёзма талабномаси мавжуд бўлгандагина акциялар ва бошқа қимматли қоғозларни бегоналаштиришга чекловни белгилайди, ёзма талабномада қимматли қоғозлар эгасининг номи (исми), унинг идентификациялаш маълумотлари, белгиланган чекловнинг амал қилиш муддати, шунингдек чекловни қўйиш учун асос қайд этилиши керак;

2 иш куни мобайнида тегишли давлат органини, агар унда 285-сон Низом 251-бандининг иккинчи хатбошисида кўрсатилган ахборот мавжуд бўлмаса, қимматли қоғозларни бегоналаштиришга чеклов қўйиш бўйича талабни бажариб бўлмаслиги тўғрисида ёзма равишда хабардор қилиши шарт;

қимматли қоғозлар эгасини чеклов белгиланган (қўйилган) пайтдан бошлаб 2 иш куни мобайнида унга тегишли бўлган қимматли қоғозларни бегоналаштиришга чеклов ўрнатилиши тўғрисида хабардор қилиши шарт.

 

– Корпоратив облигациялар чиқариш учун қандай янгиликлар назарда тутилган?

– АЖ мол-мулк билан таъминланган корпоратив облигацияларни уларни чиқариш тўғрисида қарор қабул қилиш санасидаги ўз капитали миқдори доирасида чиқаришга ҳақли (Қонуннинг 30-моддаси).

 

– Акцияларга дивидендларни АЖнинг захира фонди ҳисобидан тўлаш мумкинми?

– Ҳа, бироқ, аввал ҳам бўлганидек, фақат имтиёзли акциялар бўйича тўлаш мумкин. Фақат эндиликда бошқа маблағлар мавжуд бўлмаган тақдирда АЖнинг захира фонди жамиятнинг зарарлари ўрнини қоплаш, жамиятнинг корпоратив облигацияларини муомаладан чиқариш, имтиёзли акциялар бўйича дивидендлар тўлаш ва жамиятнинг акцияларини қайтариб сотиб олиш учун мўлжалланган (Қонуннинг 32-моддаси).

 

– АЖнинг «соф активлари» тушунчаси белгиланганми?

– Янги Қонунда АЖнинг соф активларини қай тарзда ҳисоблашга равшанлик киритилган. Уларнинг қиймати АЖ активлари билан мажбуриятларининг умумий суммаси ўртасидаги фарқ сифатида аниқланади (Қонуннинг 32-моддаси).

 

– Акциялар ва бошқа эмиссиявий қимматли қоғозларнинг жойлаштирилишини қандай муддатда тугаллаш керак?

– Жойлаштириш муддати акциялар ва бошқа эмиссиявий қимматли қоғозларни чиқариш тўғрисида қарор билан белгиланади, бироқ у давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан бир йилдан ошмаслиги керак. Ушбу муддат тугаганидан кейин жамиятнинг жойлаштирилмаган акциялари ва бошқа эмиссиявий қимматли қоғозлари бекор қилиниши керак (Қонуннинг 33-моддаси).

 

– Янги Қонунда акцияларни жойлаштириш бўйича битимларни ҳақиқий эмас деб топиш учун даъво муддати назарда тутилганми?

– Тутилмаган. Бироқ, «Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида»ги Қонуннинг (22.07.2008 йилдаги ЎРҚ-163-сон) 59-моддасида белгиланишича, эмитент ва Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш марказининг (бундан кейин – Марказ) эмиссиявий қимматли қоғозларни чиқариш билан боғлиқ бўлган қарорларни ҳақиқий эмас деб топиш, уларнинг чиқарилишини ва жойлаштириш бўйича битимларни ҳақиқий эмас деб топиш учун даъво муддати чиқарилишни жойлаштириш муддати тугаган пайтдан бошлаб бор-йўғи 1 йилни ташкил этади.

 

– Агар акцияларни жойлаштириш бўйича битим жойлаштириш муддати тугаганидан кейин ҳақиқий эмас деб топилса, уларни нима қилиш керак?

– Битимнинг предмети бўлган жамият акциялари ва бошқа қимматли қоғозлари уларни жойлаштириш муддати ўтганидан кейин битим ҳақиқий эмас деб топилган бўлса, бекор қилиниши керак, агар ушбу битим қимматли қоғозлар жойлаштирилаётганда тузилган бўлса (Қонуннинг 33-моддаси).

 

– Янги Қонун, агар қимматли қоғозларни харид қилиш бўйича битим ҳақиқий эмас деб топилса, харидорнинг зарарларни қоплашни талаб қилиш ҳуқуқини назарда тутадими?

– Жамиятнинг акцияларини ва бошқа қимматли қоғозларини инсофли эгалловчи жамият акцияларини ва бошқа қимматли қоғозларини жойлаштириш ҳамда уларнинг муомаласи бўйича битимлар суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши натижасида етказилган зарарнинг ўрнини қоплашни айбдор шахслардан талаб қилишга ҳақли (Қонуннинг 33-моддаси).

 

– Янги Қонунда АЖ акцияларини жойлаштириш нархини белгилаш тартиби кўрсатилганми?

– Ҳа, кўрсатилган. Қонуннинг аввалги таҳриридан фарқли равишда, янги таҳрирда белгиланишича, акцияларни жойлаштириш, шу жумладан, акциядорлар ўртасида жойлаштириш тўғрисида қарор қабул қилишда акцияларни жойлаштириш (қимматли қоғозларнинг биржа бозорига ва уюшган биржадан ташқари бозорига чиқариш) нархи жамият акциядорларининг умумий йиғилиши ёки кузатув кенгаши томонидан (агар АЖ уставига ёки акциядорларнинг умумий йиғилиши қарорига мувофиқ унга бундай ваколат берилган бўлса), савдолар ташкилотчиларининг савдо майдончаларида вужудга келаётган нархлар конъюнктурасидан келиб чиққан ҳолда белгиланади. Шу билан бирга АЖнинг ўз капитали ёки дивидендлар ҳисобидан чиқарган қўшимча акцияларига ҳақ уларнинг номинал қиймати бўйича тўланади (Қонуннинг 34-моддаси).

 

– Агар акциядор қўшимча акциялар чиқарилишига қарши овоз берса, уларни имтиёзли тарзда сотиб олишга ҳақлими?

– АЖ уставида ҳақи пул маблағлари билан тўланадиган акцияларни жойлаштиришда овоз берувчи акцияларнинг эгалари бўлган акциядорлар уларни имтиёзли олиш ҳуқуқига эга бўлиши назарда тутилиши мумкин. Акциядор, шу жумладан, акциядорларнинг умумий йиғилишида қарши овоз берган ёхуд унда иштирок этмаган акциядор акцияларни ўзига тегишли шу турдаги акциялар миқдорига мутаносиб миқдорда имтиёзли олиш ҳуқуқига эга (Қонуннинг 35-моддаси).

 

– АЖ акциядорларни уларда қўшимча акцияларни харид қилишнинг имтиёзли ҳуқуқи пайдо бўлгани тўғрисида хабардор қилиши керакми?

– Аввал ҳам бўлганидек, АЖ акциядорларни уларни қўшимча акцияларни харид қилиш ҳуқуқи пайдо бўлганлиги тўғрисида хабардор қилиши шарт. Бироқ энди бу акцияларнинг чиқарилиши рўйхатдан ўтказилган санадан эътиборан 10 кун ичида ОАВда эълон қилиш орқали бажарилади (Қонуннинг 36-моддаси).

 

– Акцияларни харид қилишнинг имтиёзли ҳуқуқи қанча муддат мобайнида амал қилади?

– Қонуннинг янги таҳририда муддат тўғридан-тўғри кўрсатилган:

● у билдириш эълон қилинган пайтдан эътиборан 10 кундан кам ва 30 кундан кўп бўлиши мумкин эмас;

● агар бу муддат ўтгунига қадар барча акциядорлардан имтиёзли ҳуқуқдан фойдаланиш ёки ундан фойдаланишдан воз кечиш ҳақида ёзма равишда аризалар олинган бўлса муддат тугайди;

● АЖ ушбу муддат тугагунига қадар акцияларни уларни олиш бўйича имтиёзли ҳуқуққа эга бўлмаган шахсларга беришга ҳақли эмас;

● муддат тугаганидан кейин қолган акциялар уларни чиқариш тўғрисидаги қарорда белгиланган тартибда АЖ томонидан реализация қилинади.

 

– АЖнинг қайси бошқарув органи жамият томонидан акцияларни сотиб олиш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли?

– Агар сотиб олиш АЖнинг устав капиталини камайтириш мақсадида амалга оширилса, қарорни акциядорларнинг умумий йиғилиши қабул қилади. Агар сотиб олишнинг мақсади акцияларни қайта сотиш бўлса, қарорни АЖнинг кузатув кенгаши қабул қилишга ҳақли (Қонуннинг 37-моддаси).

 

– АЖ акцияларни сотиб олиш тўғрисида акциядорларни қайси муддатларда ва қандай қилиб хабардор қилиши керак?

– Акциялар олинадиган муддат бошланишига 10 кун қолганда АЖ акциядорларни жамият томонидан акциялар сотиб олиниши тўғрисида ОАВда эълон қилиш ва ўз расмий веб-сайтида жойлаштириш орқали хабардор этиши шарт (Қонуннинг 37-моддаси).

 

– Акциядор АЖдан ундан акцияларни сотиб олишни талаб қилишга ҳақлими?

– Ҳа, ҳақли, бироқ Қонун билан белгиланган ҳоллардагина. Уларнинг рўйхати қуйидаги ҳол билан тўлдирилган: АЖ жойлаштирилган акцияларни йириклаштириш ҳақида қарор қабул қилса, акциядор эса унга қарши овоз берган ёхуд овоз беришда узрли сабабларга кўра иштирок этмаган бўлса, ўзига тегишли акцияларни жамият томонидан қайтариб сотиб олинишини талаб қилишга ҳақлидир (Қонуннинг 40-моддаси).

 

– АЖ акцияларни сотиб олишдан бош тортиши мумкинми?

– Аввалгидек, эндиликда ҳам акцияларни қайтариб сотиб олишга йўналтириладиган маблағларнинг умумий суммаси акциядорларда ўзларига қарашли акцияларни қайтариб сотиб олишни талаб қилиш ҳуқуқи юзага келишига сабаб бўлган қарор қабул қилинган санадаги жамият соф активлари қийматининг 10 фоизидан ошиб кетиши мумкин эмас. Бироқ энди у сотиб олиш АЖни ўзгартириш сабабли амалга ошириладиган ҳолларга татбиқ этилмайди. Қайтариб сотиб олиш талаби қўйилган акцияларнинг умумий сони кўрсатилган чеклов инобатга олинган ҳолда жамият томонидан қайтариб сотиб олиниши мумкин бўлган акциялар сонидан ошиб кетган тақдирда акциялар акциядорлардан қўйилган талабларга мутаносиб равишда қайтариб сотиб олинади (Қонуннинг 41-моддаси).

 

– АЖ акциядорлари реестрини шакллантириш тўғрисидаги топшириқни беришга ким ҳақли?

– Эндиликда реестрни шакллантириш Қонунда назарда тутилган ҳолларда акциядорларнинг ёзма мурожаати асосида Марказий депозитарий томонидан амалга оширилади. АЖнинг ўзининг ва Марказнинг акциядорларнинг бундай реестрини шакллантириш хусусида Марказий депозитарийга топшириқ бериш ҳуқуқи тўғрисида қоида сақланиб қолди (Қонуннинг 44-моддаси).

 

– «Дивиденд» тушунчасининг таърифи ўзгардими?

– Ҳа, энди у шундай таърифланади: дивиденд жамият соф фойдасининг акциядорлар ўртасида тақсимланадиган қисмидир. Дивидендлар қимматли қоғозлар билан тўланиши мумкин, бироқ имтиёзли акциялар бўйича тўланмайди (Қонуннинг 48-моддаси).

 

– АЖ дивидендлар тўланиши тўғрисида акциядорларни қандай хабардор қилиши керак?

– У тўланадиган дивидендлар миқдори тўғрисидаги маълумотларни Марказнинг расмий веб-сайтлари (openinfo.csm.gоv.uz) ва ўзининг расмий веб-сайтида чоп этиши шарт (Қонуннинг 55-моддаси).

 

– Норезидент акциядорларга хорижий валютада ҳисоблаб ёзилган дивидендларни конвертациялаш меъёрлари янгиландими?

– Ҳа, Қонуннинг норезидентларга тегишли дивидендларни хорижий валютага конвертациялаш тўғрисидаги меъёрлари янада аниқроқ баён этилди. Норезидент акциядор дивидендларни конвертациялаш хусусида АЖга ёзма равишда мурожаат қилиши, АЖ эса маблағларни ариза берувчи кўрсатган банк ҳисобварағига ўтказиш билан амалга ошириши керак. АЖ акциядорларининг реестридан олинган, жамият томонидан тасдиқланган кўчирма ҳамда унинг бухгалтериясининг ҳисобланган дивидендлар суммаси ва улар ҳисобланган сана тўғрисидаги маълумотномаси конвертация учун асос бўлиб хизмат қилади (Қонуннинг 51-моддаси).

 

– Акциядорларга тегишли бўлган маблағларни хорижий валютага конвертациялаш тўғрисида яна қандай меъёрлар янги Қонунда назарда тутилган?

– Қонунда белгиланишича, тугатилаётган АЖ мол-мулкни тугатиш қийматининг чет эллик инвестор бўлган акциядорга ўтказиладиган қисмини хорижий валютага айирбошлаб бериши шарт (Қонуннинг 100-моддаси).

 

– Акциядорлар йиғилишида раислик қилишга ким ваколат олган?

– АЖ кузатув кенгашининг раиси акциядорлар умумий йиғилишини олиб боради. Агар у мажлисда узрли сабабларга кўра иштирок эта олмаса, раисликни кузатув кенгашининг аъзоларидан бири амалга оширади (Қонуннинг 77-моддаси).

 

– Ягона акциядор таъсис этган АЖ акциядорлар йиғилишини ўтказмаслиги мумкинми?

– Қонуннинг янги таҳририда барча оддий акциялар битта акциядорга тегишли бўлган АЖда акциядорларнинг умумий йиғилиши ўтказилмаслиги имконияти назарда тутилган (Қонуннинг 58-моддаси).

 

– Янги Қонун қабул қилиниши билан АЖ акциядорлари умумий йиғилишининг ваколатлар доираси ўзгардими?

– Ҳа, ўзгарди. Илгари ҳам акциядорлар умумий йиғилишининг ваколатлар доирасида бўлган масалалардан ташқари, Қонуннинг 59-моддасига қуйидагилар тўғрисида қарор қабул қилишига оид ваколатлар киритилди:

● корпоратив облигациялар чиқариш ва сотиб олиш;

● қимматли қоғозларнинг ҳосилаларини чиқариш;

● акцияларни жойлаштириш (уюшган савдоларга чиқариш) нархини белгилаш;

● АЖнинг ижроия органига тўланадиган ҳақ ва (ёки) компенсацияларни, шунингдек уларнинг энг юқори миқдорларини белгилаш;

● АЖнинг ташкилий тузилмасини тасдиқлаш;

● тафтиш комиссияси (тафтишчи) тўғрисидаги низомни тасдиқлаш;

● тафтиш комиссияси (тафтишчи)нинг хулосаларини тинглаш;

● АЖ миноритар акциядорлар қўмитасининг сон таркибини белгилаш, уларнинг аъзоларини сайлаш ва аъзоларнинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш;

● ижроия органини тузиш, унинг раҳбарини сайлаш (тайинлаш), раҳбарнинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш.

Бунда аудиторлик текширувини ўтказиш, аудиторлик ташкилоти ва унинг хизматларига тўланадиган ҳақнинг энг юқори миқдорини белгилаш тўғрисида қарор қабул қилиш ҳуқуқи АЖ кузатув кенгашининг ваколатлар доирасига киради.

 

– Акциядорлар йиғилиши кузатув кенгашига қандай ваколатларни бериш мумкин?

– Қонуннинг 59 ва 75-моддаларига кўра АЖнинг кузатув кенгаши қуйидаги масалалар бўйича қарор қабул қилишга ҳақли:

● устав капиталини кўпайтириш ва уставга тегишли ўзгартишлар киритиш;

● акцияларни жойлаштириш ва чиқариш нархини белгилаш;

● корпоратив облигацияларни чиқариш ва сотиб олиш;

● қимматли қоғозларнинг ҳосилаларини чиқариш;

● АЖнинг ижроия органини тузиш, унинг раҳбарини сайлаш (тайинлаш), раҳбарнинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш;

● жамиятнинг ижроия органига тўланадиган ҳақ ва компенсациялар миқдорларини белгилаш (бироқ уларнинг энг юқори миқдорини акциядорларнинг умумий йиғилиши белгилайди);

● йиллик бизнес-режасини тасдиқлаш.

 

– Овоз бериш жараёнига ўзгаришлар киритилдими?

– Йиғилишда иштирок этган акциядорлар овозларининг «оддий» (50%дан кўп) ва «малакали» (75% ва ундан кўп) кўпчилик овоз тушунчалари жорий этилди. Бунда кумулятив овоз беришни фақат АЖ кузатув кенгаши аъзоларини сайлашга қўллаш мумкин.

 

– Умумий йиғилиш қандай масалалар бўйича малакали кўпчилик билан қарор қабул қилади?

– Уларга қуйидагилар киради:

● жамият уставига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ёки уни янги таҳрирда тасдиқлаш;

● жамиятни қайта ташкил этиш;

● АЖни тугатиш, тугатувчини (тугатиш комиссиясини) тайинлаш ҳамда оралиқ ва якуний тугатиш балансларини тасдиқлаш;

● эълон қилинган акцияларнинг энг кўп миқдорини белгилаш;

● АЖ кузатув кенгашининг ва тафтиш комиссиясининг (тафтишчисининг) ўз ваколат доирасига кирадиган масалалар юзасидан ҳисоботларини эшитиш;

● йирик битимни амалга ошириш масаласи юзасидан кузатув кенгаши бирдамлигининг йўқлиги;

● предмети мол-мулк, баланс қиймати ёки олиш қиймати битим тузиш тўғрисида қарор қабул қилинаётган санада АЖ соф активларининг 50%идан кўпни ташкил этадиган йирик битимни амалга ошириш тўғрисидаги қарор;

● кузатув кенгашининг икки ва ундан ортиқ аъзоси аффилланган шахс бўлганда, аффилланган шахс билан битимни маъқуллаш тўғрисидаги қарор.

 

– Аффилланган шахс билан битимни маъқуллаш тўғрисидаги қарорни қандай орган қабул қилади?

– Аффилланган шахс билан тузилаётган битимни маъқуллаш ҳақидаги қарор мажлисда иштирок этаётган АЖ кузатув кенгаши аъзолари томонидан бир овоздан қабул қилинади. Агар кузатув кенгашининг икки ва ундан ортиқ аъзоси аффилланган шахс бўлса, битим бўйича қарор АЖ акциядорларининг умумий йиғилиши томонидан қабул қилинади. Аффилланган шахс жамиятнинг кузатув кенгаши ёки акциядорларнинг умумий йиғилиши мазкур битим юзасидан қарор қабул қилаётганда муҳокамада иштирок этишга ҳақли эмас ва овоз бериш ҳуқуқига эга эмас (Қонуннинг 88-моддаси).

 

– АЖда давлат вакили ким?

– Давлат вакили фақат давлатнинг уни бошқаришда иштирок этишига доир махсус ҳуқуқи («олтин акция») бор бўлган АЖда бўлади. Иштирок этиш ҳуқуқи АЖнинг кузатув кенгашига давлат вакилини тайинлаш воситасида амалга оширилади. Давлат вакили акциядорларнинг умумий йиғилишида ва кузатув кенгаши мажлисларида Қонунда кўрсатилган масалаларга оид қарорларга вето қўйиш ҳуқуқи билан иштирок этади (Қонуннинг 22-моддаси).

 

– Акциядорлар йиғилишини ўтказиш санасини тайинлашга доир талаблар ўзгардими?

– Ҳа, ўзгарди. Акциядорларнинг умумий йиғилиши ўтказиладиган сана уни ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан эътиборан 10 кундан кам ва 30 кундан кўп этиб белгиланиши мумкин эмас (аввалги таҳрир йиғилишни 30 кундан аввал чақириш имконини бермасди) (Қонуннинг 64-моддаси). У тўғрисидаги хабар йиғилиш ўтказиладиган санадан камида 7 кундан кечиктирмай, лекин узоғи билан 30 кун олдин АЖнинг расмий веб-сайтида, ОАВда эълон қилинади, шунингдек акциядорларга электрон почта орқали юборилади (Қонуннинг 62-моддаси).

 

– Акциядор илгари ўзи кузатув кенгаши ва тафтиш комиссиясига кўрсатган номзодларни алмаштириши мумкинми?

– Ҳа, акциядор кузатув кенгаши ва тафтиш комиссиясига ўзи илгари кўрсатган номзодларни акциядорларнинг йиллик умумий йиғилиши ўтказилиши тўғрисидаги хабар эълон қилинган санадан эътиборан 3 иш кунидан кечиктирмай алмаштиришга ҳақли (Қонуннинг 63-моддаси).

 

– Акциядорларнинг навбатдан ташқари йиғилишларини чақиришда нималар ўзгарди?

– Қонуннинг 65-моддасига кўра акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақириш ташаббуси ҳуқуқини акцияларнинг камида 5 фоизига эгалик қилувчи акциядорлар олдилар (илгари камида 10 фоиз талаб қилинган).

 

– Акциядорлар йиғилишининг кворумига доир талаблар қандай ўзгарди?

– Қонуннинг 68-моддасига мувофиқ умумий йиғилиш кворумининг даражаси 60%дан 50%га пасайтирилди, йиғилиш такроран ўтказилганда эса (бўлиб ўтмаган йиғилиш ўрнига) даража жойлаштирилган овоз берувчи акциялар умумий сонининг 40%ига қадар пасайтирилади. Ўтказилмаган йиғилиш ўрнига чақирилган акциядорлар йиғилиши энди такрорий (илгари – янги) йиғилиш дейилади.

 

– Овоз бериш учун бюллетень шаклини ким тасдиқлайди?

– Илгари уни фақат АЖнинг кузатув кенгаши тасдиқлаши мумкин эди. Энди ушбу ҳуқуққа йиғилишни чақиришга ваколатли бошқа шахслар, шу жумладан АЖ овоз берувчи акцияларининг камида 5%ига эга бўлган акциядорлар ҳам эга бўлдилар (Қонуннинг 70-моддаси).

 

– Овоз бериш учун бюллетенларда формулировкалар ўзгардими?

– Янгилик кумулятив овоз бериш учун бюллетенга тааллуқлидир – энди у сайланувчи номзодлар бўйича фақат «ёқлайман» вариантини ўз ичига олиши керак (Қонуннинг 70-моддаси).

 

– Кузатув кенгашининг ваколатлар доираси қандай ўзгарди?

– Қонуннинг 75-моддасига кўра ушбу қисмда асосий ўзгартишлар қуйидагилар бўлди:

● кузатув кенгаши йиғилишни чақиришда у ўтказиладиган вақт ва жойни белгилайди (илгари Қонун фақат санани белгилашни белгиларди);

● агар уставда корпоратив маслаҳатчи лавозими назарда тутилган бўлса, у ҳақдаги низомни кузатув кенгаши тасдиқлаши керак;

● аудиторлик текширувини ўтказиш тўғрисида, аудиторлик ташкилотини ва унинг хизматларига тўланадиган ҳақнинг энг кўп миқдорини белгилаш ҳақида қарорлар қабул қилади (агар АЖ уставида бу акциядорлар умумий йиғилишининг ваколат доирасига киритилмаган бўлса);

● АЖнинг тижорат ва нотижорат ташкилотлардаги иштироки билан боғлиқ битимлар тузади (илгари фақат бошқа хўжалик жамиятларида иштирок этиш бўйича битимларгина кузатув кенгашининг ваколатлар доирасида бўлган);

● АЖнинг корпоратив облигацияларини қайтариб сотиб олиш тўғрисида қарор қабул қилади, агар акциядорларнинг умумий йиғилиши унга ана шундай ҳуқуқ берган бўлса;

● АЖнинг бошқарув аъзоларини (раисидан ташқари) сайлайди (тайинлайди), уларнинг ваколатларини муддатидан илгари тугатади, агар уставга кўра унга бундай ҳуқуқ берилган бўлса;

 

– Кузатув кенгаши тўлиқ бўлмаган таркибининг ваколатлари қандай ўзгарди?

– Кузатув кенгаши қолган аъзоларининг сони белгиланган миқдорнинг 75%идан кам бўлган тақдирда, улар нафақат кенгашни қўшимча сайлаш учун акциядорларнинг йиғилишини чақиришлари, балки АЖ ижроия органининг вақтинча раҳбарини (агар у бўлмаса), тайинлашга ҳақлилар (Қонуннинг 78-моддаси).

 

– Кузатув кенгаши ишининг бошқа регламентлари қандай ўзгарди?

– Унга сиртдан овоз бериш (сўров йўли билан қарор қабул қилиш) имконияти берилди. Бироқ қарорлар бир овоздан қабул қилиниши керак.

Аниқлаштирилдики, кенгаш мажлисининг баённомаси у имзоланган куни ижроия органига ижро этиш учун топширилади, акциядорларнинг умумий йиғилишини чақириш қарори ҳақидаги ахборот эса кузатув кенгашининг мажлиси ўтказиладиган куни топширилади.

 

– АЖ ижроия органининг регламентлари қандай ўзгарди?

– Қонуннинг 79-моддасига мувофиқ агар ижроия органи бир шахсдан иборат бўлса, бу орган раҳбарининг лавозими энди «директор» дейилади, агар жамиятда коллегиал ижроия органи мавжуд бўлса, «бошқарув раиси» дейилади, у энди фақат АЖ бошқаруви, унга кирувчи шахслар эса бошқарув аъзолари деб номланади. Эслатиб ўтамиз, аввалги таҳрирда «бошқарув» тушунчаси билан бир қаторда коллегиал ижроия органини белгилаш учун «дирекция» сўзидан фойдаланиш мумкин бўлган. Ундан шунингдек бир вақтнинг ўзида яккабошчи ва коллегиал органга эга бўлиш имконияти чиқариб ташланди, у амалиётда бир хил тушунилмас эди.

АЖ ижроия органининг ваколатлари шартнома бўйича фақат ишончли бошқарувчи деб аталадиган тижорат ташкилотига берилиши мумкин.

 

– Қонунда АЖ миноритар акциядорларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи янги институтлар назарда тутилганми?

– Ҳа, АЖда миноритар акциядорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун миноритар акциядорлар қўмитасини ташкил этиш назарда тутилган. У миноритар акциядорлар орасидан тузилади. Улар таркибига номзодлар бўйича таклифлар кузатув кенгашига номзодлар бўйича таклифлардагидек тартибда ва муддатларда киритилади. Қўмита аъзоларини жамият кузатув кенгашига номзодлар кўрсатмаган ёхуд улар кўрсатган номзодлар сайланмаган акциядорлар сайлайдилар (Қонуннинг 82-моддаси).

 

– Йирик битимларнинг таърифи ва уларни амалга ошириш тартиби қандай ўзгарди?

– Қонуннинг 84-моддасига мувофиқ йирик битимни белгилашга асос қилиб бошқа шахсга ўтказилаётган мол-мулкнинг баланс қиймати ёки олиш қийматининг АЖ соф активларига нисбати олинади. Агар у 15 фоиздан ошса, йирик битим ҳисобланади ва уни амалга оширишга қўшимча талаблар қўйилади. Бундай битим тузиш тўғрисидаги қарорни қуйидагилар қабул қилади:

● кузатув кенгаши – агар битим АЖ соф активларининг 15%дан 50%гача қисмини ташкил этса;

● акциядорларнинг умумий йиғилиши – агар битим АЖ соф активларининг 50%идан ортиқни ташкил этса ёки агар кузатув кенгаши у ҳақда бир овоздан қарор қабул қила олмаса.

Қонуннинг йирик битимлар тузишга доир талаблари кундалик хўжалик фаолиятини юритиш жараёнида тузиладиган одатий битимлар ҳамда қимматли қоғозларни жойлаштириш билан боғлиқ бўлган битимларга татбиқ этилмайди (Қонуннинг 83-моддаси).

 

– АЖда манфаатдорлик билан боғлиқ битимлар тушунчаси ўзгардими?

– Ҳа, энди у аффилланган шахслар билан битимлар дейилади ва уларни амалга ошириш тартиби Қонуннинг 9-боби билан белгиланади.

 

– Аффилланган шахсларга нисбатан Қонунда қандай талаблар белгиланган?

– Қонуннинг 85-моддасида аффилланган шахсларга киритиш учун юридик шахслар учун 11 мезон ва жисмоний шахслар учун 3 мезон белгиланган. Қонун аффилланган шахсни Қонуннинг 85-моддасида саналган аффилланганлик асослари вужудга келган пайтдан эътиборан 3 иш кунидан кечиктирмай АЖни ўзининг аффилланганлиги тўғрисида ёзма шаклда хабардор қилишга мажбур этади (Қонуннинг 105-моддаси). Унда тахмин қилинаётган битим тўғрисидаги барча маълумотлар: унинг иштирокчилари, битим предмети, тегишли шартноманинг муҳим шартлари кўрсатилиши керак.

Қонун ижроия органи ва ички аудит хизмати (агар у АЖда мавжуд бўлса) томонидан бундай битимларни ўрганиш таомилини батафсил тавсифлайди. Таҳлил натижалари битимнинг юридик, молиявий, техник ва бошқа муҳим жиҳатларини ва унинг АЖ фаолиятига эҳтимолий таъсирини акс эттирадиган баённома билан расмийлаштирилиши керак (Қонуннинг 87-моддаси).

Битим тўғрисидаги ушбу ахборот кузатув кенгашига киритилади, у ахборот олингандан кейин 15 кундан кечиктирмай унга доир қарор қабул қилиши керак. Агар у қарорни бир овоздан қабул қила олмаса, масала акциядорлар йиғилишига киритилади, у малакали кўпчилик билан қарор қабул қилади (Қонуннинг 88-моддаси).

 

– Қонун аффилланган шахслар билан битимлар хусусида низолашишни қандай тартибга солади?

– Қонуннинг 89-моддасида акциядорнинг битим бўйича АЖдан батафсил ахборот олиш, уни ўрганиш учун аудиторни жалб этиш (бунинг учун акцияларнинг камида 10%ига эга бўлиш керак), судга бевосита ёки унинг номидан аффилланган шахс билан тузилган, унинг натижасида жамиятга зарар етказилган ёки уни содир этиш оқибатида келгусида зарар етказиладиган битимни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида даъвогар бўлиб чиқишга ҳақли бўлган ваколатли органлар орқали мурожаат этиш ваколатлари батафсил баён этилган. Аффилланган шахслар билан битимни судда уни маъқуллаш тўғрисидаги қарорга қўшилмаган ёки уни қабул қилишда иштирок этмаган исталган акциядор низолашиши мумкин. Шунингдек битим ҳақиқий эмас деб топиладиган ва топилмайдиган ҳоллар саналган.

Қонуннинг 90-моддаси аффилланган шахс билан битим натижасида кўрилган зарарни қоплашга бағишланган. Унга кўра битимни ўрганган шахслар унга доир хулосаларнинг ишончлилиги учун жавобгар бўладилар, АЖнинг айби суд томонидан исботланган аффилланган шахс эса етказилган зарарни ҳамда судда битим ва даъвони кўриш билан боғлиқ харажатларни қоплаши шарт.

Қонуннинг 91-моддасида аффилланган шахслар билан битимлар тўғрисидаги қоидаларни қўлламаслик ҳолларининг рўйхати келтирилган. У қуйидагиларга нисбатан татбиқ этилмайди:

● бир вақтнинг ўзида жамият директори бўлган битта акциядордан ташкил топган АЖга;

● тузилишидан АЖнинг барча акциядорлари манфаатдор бўлган битимларга;

● АЖнинг ишлаб чиқариш ва хўжалик эҳтиёжлари учун тузиладиган битимларга, агар қонун ҳужжатларига кўра реализация қилишнинг махсус тартиби белгиланадиган монопол маҳсулот, моддий-техника ресурсларининг стратегик турлари битим предмети бўлса;

● биржа ва кимошди савдолари орқали тузиладиган битимларга, агар ишлаб чиқариш ва хўжалик эҳтиёжлари учун фойдаланиладиган хом ашё ва материаллар, шунингдек АЖ томонидан ишлаб чиқариладиган тайёр маҳсулот битим предмети бўлса;

● АЖ томонидан жойлаштирилаётган қимматли қоғозларни олишга доир имтиёзли ҳуқуқни амалга оширишда;

● АЖ жойлаштирилган акцияларни олганда;

● АЖни қайта ташкил этишга доир тартиб-таомилларни амалга оширишда;

● акцияларни акциядорлар ўртасида жойлаштиришда;

● қимматли қоғозларни уюшган савдоларда реализация қилишда;

● битимни маъқуллаш ҳақида олдиндан қабул қилинган қарор мавжуд бўлганда.

 

– АЖни қайта ташкил этиш, ўзгартириш бобида қандай ўзгартишлар амалга оширилди?

– Аввалги таҳрир АЖни бошқа ташкилий-ҳуқуқий шаклларга мансуб юридик шахслар иштирокида қайта ташкил этишни фарқламаган ва фақат «жамият» тушунчасини назарда тутган. Энди ушбу муҳим жиҳат янада равшанлашди.

Хусусан, қўшиб юбориш шаклида қайта ташкил этиш бўйича «АЖ + АЖ» ёки «АЖ + МЧЖ» чизмаси бўйича қўшиб юбориш имконияти назарда тутилган ва АЖни бошқа (МЧЖдан ташқари) ташкилий-ҳуқуқий шакллардаги юридик шахслар билан қўшиб юбориш тақиқланади (Қонуннинг 93-моддаси).

Қонуннинг 97-моддасида назарда тутилишича, АЖни бошқа юридик шахсга ўзгартириш мумкин. Қонунда, Президент ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида фаолиятнинг айрим турларини фақат АЖ шаклида амалга оширувчи ташкилотларни ташкил этишга доир талаблар белгиланиши мумкин.

 

– АЖ молиявий ҳужжатларининг ишончлилигини ким тасдиқлайди?

– Акциядорларга тақдим этиладиган АЖ молиявий ҳужжатларидаги ахборотнинг ишончлилиги аудиторлик ташкилоти томонидан тасдиқланади (илгари буни тафтиш комиссияси ҳам қилиши керак эди). Аудиторлик ташкилоти молиявий ҳисобот ва молияга доир бошқа ахборот ҳақидаги нотўғри хулосани ўз ичига олган аудиторлик хулосаси тузилганлиги оқибатида етказилган зарар учун АЖ олдида жавобгар бўлади (Қонуннинг 109-моддаси).

 

– Акциядорнинг сўрови бўйича ҳужжатларни тақдим этиш шакли ўзгардими?

– Ҳа, АЖ сўралаётган ҳужжатларни акциядорга электрон шаклда тақдим қилишга ҳақли (Қонуннинг 104-моддаси).

 

– АЖ фаолияти тўғрисида ахборотни эълон қилишга Қонун билан қандай талаблар белгиланган?

– Акциялари «Тошкент» фонд биржасининг листингига киритилган АЖ унинг сайтида уставни ва ошкор этилиши мажбурий бўлган бошқа ахборотни чоп этиши шарт. Фонд биржаси бунинг учун ҳақ олишга ҳақли эмас. Ахборотнинг бундай ошкор қилинганлиги АЖни Қонунда назарда тутилган ҳолларда давлат органларининг ёзма сўровига кўра ахборот тақдим этиш мажбуриятидан озод қилмайди. Бунда акциядор АЖ ёки унинг фаолияти тўғрисидаги хизмат, тижорат сирини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи ахборотни ошкор қилишга ҳақли эмас (Қонуннинг 104 ва 106-моддалари).

 

– АЖ фаолиятини назорат этиш қандай ўзгарди?

– Янги Қонунга қуйидаги ўзгартишлар киритилди:

● АЖ тафтишчисига ёки тафтиш комиссияси аъзоларига доир малака талаблари акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан белгиланади;

● айни бир шахс айни бир АЖнинг тафтиш комиссияси таркибига кетма-кет уч мартадан ортиқ сайланиши мумкин эмас;

● АЖнинг молия-хўжалик фаолиятини текшириш энди акцияларнинг 5 фоизига (илгари 10% талаб қилинарди) эгалик қилувчи акциядорнинг ташаббусига кўра амалга оширилиши мумкин;

● тафтиш комиссияси аффилланган шахслар билан тузилган битимлар ва йирик битимлар мавжудлиги, шунингдек қонун ҳужжатларининг ва жамият ички ҳужжатларининг бундай битимларни тузишга доир талабларига риоя қилиниши тўғрисидаги хулосани ҳар чоракда кузатув кенгашига олиб чиқиши керак. Ушбу хулоса, шу жумладан қонун ҳужжатларини ҳамда бухгалтерия ҳисобини юритиш ва молиявий ҳисоботни тақдим этиш тартибини бузиш далиллари тўғрисидаги ахборот акциядорларнинг йиллик умумий йиғилишида эшитилади.

 

– АЖ электрон почта (e-mail) ва веб-сайтга эга бўлиши керакми?

– Ҳа, керак. АЖнинг электрон почтага эга бўлиш мажбурияти Қонуннинг 3-моддасида назарда тутилган, шунингдек АЖнинг унинг ўзгарганлиги тўғрисида рўйхатдан ўтказувчи органни ёзма билдириш юбориш йўли билан, акциядорларни эса, ОАВда эълон бериш йўли билан хабардор этиш мажбурияти ҳам кўрсатилган.

Шунинг янги таҳрирда АЖнинг акциядорларни аҳамиятли воқеалар (йиғилиш чақириш, дивиденд тўлаш ва ҳоказо) тўғрисида веб-сайтида тегишли ахборотни чоп этиш йўли билан хабардор қилиш мажбурияти назарда тутилган.

Дарвоқе, ВМнинг 176-сон қарори билан Акциядорлик жамиятларининг корпоратив веб-сайтларига қўйиладиган талаблар тўғрисида низом тасдиқланди, у 1.01.2015 йилдан амалга киритилади*. Низомнинг 3-бандига кўра корпоратив веб-сайтда мажбурий жойлаштирилиши керак бўлган ахборотга жамият фаолиятининг предмети ва мақсадлари, ривожлантириш стратегияси тўғрисидаги ахборот, аффилланган шахслар рўйхати, корпоратив бошқарув кодекси, муҳим фактлар, чораклик ва йиллик ҳисоботлар, жамият аудиторлик ташкилотининг хулосалари, ҳисобланган ва акциядорларга тўланган дивидендлар тўғрисидаги маълумотлар ва бошқа маълумотлар киради.

 

– Инвестор акциялар олиниши тўғрисидаги ахборотни ошкор қилиши шартми?

– Инвестор томонидан ахборотни ошкор қилиш талаби «Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида»ги Қонунда белгиланган. Унинг 42-моддасига мувофиқ қимматли қоғозлар эгаси битим тузиш натижасида эмитент қимматли қоғозлари ҳар қандай турининг 35 ёки ундан ортиқ фоизига эгалик қила бошласа, ушбу ахборотни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мазкур битим тузилган санадан эътиборан 5 кун ичида ошкор этиши шарт.

Кўрсатилган Қонуннинг 43-моддасига кўра эса инвестор мустақил равишда ва (ёки) аффилланган шахслар билан биргаликда бир ёки бир нечта битим тузиш натижасида акциядорлик жамияти акцияларининг мазкур акциядорлик жамияти устав фондининг жами 20 фоизини ва ундан ортиқ фоизини ташкил этувчи акциялар пакетини олганлиги ҳақидаги ахборотни ошкор қилиши шарт. Қимматли қоғозлар бозори иштирокчилари томонидан ахборот тақдим этиш ва эълон қилиш қоидаларида (ҚҚБФМНҚМ бош директорининг 31.07.2012 йилда 2383-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган) ҳам мазкур ахборотнинг қимматли қоғозлар эгаси томонидан эмитентга ошкор этиши тўғрисида талаблар мавжуд.

 

– Устав капитали кўпайган тақдирда акция номинал қийматининг ошиши акциядорнинг даромади деб ҳисобланадими?

– Қонунда мазкур масала бўйича меъёрлар мавжуд эмас.

Бунда шуни ҳисобга олиш лозимки, акцияларнинг реал бозор қиймати, унинг кўпайиши ёки камайишидан қатъи назар, номинал қийматдан анча фарқ қилиши мумкин. Номинал қиймат ушбу қимматли қоғозларни сотишнинг энг кам нархини билдирмайди. Акциялар уларнинг номинал қийматидан қимматроқ ёки арзонроқ сотилиши мумкин.

Айни вақтда солиқ солиш мақсадида «дивидендлар» тушунчаси (Солиқ кодексининг 22-моддаси) акциялар номинал қийматининг ошиши тарзида олинган акциядорларнинг даромадлари сифатида ҳам талқин қилинишини назарда тутиш лозим. Дивидендларга эса СКда назарда тутилган тартибда солиқ солинади.

 

*«Норма маслаҳатчи» газетасининг 15.07.2014 йилдаги 29 (470)-сонида чоп этилган.

Прочитано: 10139 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика