Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 31-32 / Хўжалик юритиш қоидалари

Мол етказиб берувчи пала-партиш ишласа

Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат ва корпоратив харидлар жараёнини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарорига мувофиқ Ҳукумат комиссияси белгилайдиган рўйхатга кирадиган, бир контракт бўйича 300 доллар – 100 минг АҚШ долларига эквивалент бўлган суммадаги товарлар (ишлар, хизматлар)нинг давлат ва корпоратив харидлари фақат биржа савдоларида амалга оширилади. Қарорнинг 42-бандига кўра биржа (биржанинг минтақавий бўлинмаси) ва савдоларда ғолиб чиққан етказиб берувчи ёки унинг агенти контрактни савдолар ғолиби белгиланган пайтдан бошлаб 5 иш куни мобайнида уни биржа (биржанинг минтақавий бўлинмаси) рўйхатдан ўтказиши билан бир вақтда имзолаши шарт. Ана шу пайтдан бошлаб буюртмачи ва етказиб берувчининг контракт бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлари юзага келади. Юридик шахс ҳисобланган буюртмачилар – бюджет маблағларини олувчиларнинг ўзлари биржа уларга электрон шаклда персонал кабинетга йўналтирган контрактларнинг нусхаларини қоғозга чиқарадилар, уларни раҳбар имзоси ва ташкилот муҳри билан тасдиқлайдилар ҳамда рўйхатдан ўтказиш учун уларга хизмат кўрсатадиган ғазначилик органларига тақдим этадилар.

1. Биржа шакллантирган ва фақат етказиб берувчи имзолаган контракт тузилган деб ҳисобланадими?

2. Агар мол етказиб берувчи бир ташкилотга расмийлаштирилган БЮДни, бошқа ташкилот номига расмийлаштирилган сертификатни, учинчи шахсларга расмийлаштирилган омбор ҳужжатини тақдим этса, унга олдиндан ҳақ тўлашдан бош тортиш, агар унинг товари эълон этилганига мос келмаса, етказиб берувчининг ўзи контрактни бекор қилишдан бош тортса, контрактни бекор қилиш мумкинми?

3. Корхонани ноҳалол етказиб берувчилар – савдолар ғолибларидан имкони борича ҳимоялаш учун шартномага қандай талабларни киритиш керак?

4. Олдиндан ҳақ тўланишига қадар етказиб берувчига санкциялар қўлланишини шартномага киритиш мумкинми?

5. Масалан, савдоларда иккинчи ўринни эгаллаган етказиб берувчи билан шартномани қандай тузиш мумкин? Қарорда савдолар ғолиби контрактни тузишдан бош тортган ёки бошқача тарзда бўйин товлаган тақдирдагина иккинчи етказиб берувчига ўтиш мумкинлиги кўрсатилган.

 

ֿ 1.

Қарорнинг (11.06.2013 йилдаги 166-сон) 42-бандини тилга олиб, чамаси, унинг 2-иловаси – Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида электрон харидларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида низомни (бундан кейин – Низом) назарда тутгансиз.

Ҳақиқатан ҳам, биржа (унинг минтақавий бўлинмаси) билан савдоларда ғолиб чиққан етказиб берувчи (ёки унинг агенти) имзолаган шартнома, у биржа (унинг минтақавий бўлинмаси) томонидан рўйхатдан ўтказилган бир вақтда тузилган деб ҳисобланади. Гап шундаки, Низомнинг 6-бандига мувофиқ савдоларни ўтказишга тайёргарлик, бошқа нарсалардан ташқари, буюртмачининг буюртманомаси (лот) шакллантирилишини ўз ичига олади. Буюртмачининг буюртманомаси деганда буюртмачининг электрон тизимда жойлаштириладиган очиқ офертаси тушунилади (Низом 3-бандининг йигирма тўртинчи хатбошиси). Фуқаролик кодекси (ФК) 369-моддасининг иккинчи қисмидан маълумки, шартноманинг барча асосий шартларини ўз ичига олган, таклиф киритаётган шахснинг жавоб қайтарган ҳар қандай шахс билан таклифда кўрсатилган шартлар асосида шартнома тузишга бўлган хоҳиш-иродаси билиниб турган таклиф оммавий оферта ҳисобланади.

Таклифга муносабат билдириш акцепт (етказиб берувчининг буюртманомани тақдим этиши) йўли билан амалга оширилади, бу эса электрон тизимда жойлаштириладиган офертанинг етказиб берувчи томонидан тўлиқ ва сўзсиз қабул қилинишини билдиради (Низом 3-бандининг йигирма бешинчи хатбошиси). Етказиб берувчилар орасидан савдолар ғолиби – буюртмачининг бўлғуси контрагенти аниқланади.

Шу сабабли биржа шакллантирган ҳамда у ва етказиб берувчи имзолаган контракт тузилган контрактга тенглаштирилади. Айни шу пайтдан бошлаб буюртмачи ва етказиб берувчида контракт бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлар юзага келади (Низом 42-бандининг иккинчи хатбошиси). Бу эса ҳар бир тараф ўзининг шартномавий мажбуриятларини бажариши ва контрактдан келиб чиқадиган ҳуқуқларидан фойдаланиши кераклигини кўрсатади.

 

2.

Агар буюртмачи бўнак тўловини тўлашдан ва товарни қабул қилишдан асоссиз равишда бош тортса, шу тарзда контрактни ижро этишдан бўйин товласа, етказиб берувчи «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Қонунга (29.08.1998 йилдаги 670-I-сон, бундан кейин – Қонун) мувофиқ судга мурожаат қилишга, агар қонун ҳужжатлари ёки контрактда бошқа қоида назарда тутилмаган бўлса, Қонуннинг 25–32-моддалари билан белгиланган санкцияларни буюртмачига нисбатан қўллашни талаб қилишга ҳақлидир.

Шу сабабли контрактни бекор қилиш ёки ўзгартириш ҳамда ҳар қандай низоли масалаларни ҳал қилиш контрактда белгиланган тартибда, агар унда бундай тартиб мавжуд бўлмаса – қонун ҳужжатларига, аввало, Қонунга мувофиқ амалга оширилиши мумкин. Етказиб берувчининг тегишли рад жавоби мавжуд бўлганда буюртмачи судга мурожаат қила олади.

Буюртмачи шуни ёдда тутиши лозимки, унинг электрон буюртманомаси аниқ расмийлаштирилиши – бошқа шартлар билан бир қаторда қонун ҳужжатларига зид бўлмаган товарларга нисбатан батафсил талабларни (савдолар предметининг якка тартибдаги параметрларини тавсифловчи алоҳида шартлар ва ҳоказо) ўз ичига олиши керак. Шу сабабли, буюртманомани шунчаки энг паст нархни таклиф этган етказиб берувчи эмас, балки товарнинг мақбул сифатини ҳам кафолатлайдиган етказиб берувчи ютиб чиқиши учун буюртмачи товарга, шу жумладан унинг сифатига доир талабларни ҳам батафсил баён этиши лозим.

Агар сиз савдолар белгиланган қоидалар бузилган ҳолда ўтказилди деб ҳисобласангиз (масалан, савдолар ғолибининг товари буюртманома талабларига мувофиқ бўлмаса), суд даъво аризангизга асосан уларни ҳақиқий эмас деб топиши мумкин. Бу эса етказиб берувчи – савдолар ғолиби билан тузилган контрактнинг ҳақиқий ҳисобланмаслигига олиб келади.

 

3.

Шартномага ўзингизни ноҳалол етказиб берувчилардан имкони борича ҳимоя қилиш учун киритиладиган талабларга келсак, сиз уларни кирита олмайсиз. Зеро Низомга мувофиқ:

контракт – савдолар натижалари тўғрисида электрон тизим томонидан шакллантирилган, шартнома кучига эга бўлган протокол (Низом 3-бандининг йигирма биринчи хатбошиси);

электрон тизимда амалга оширилган битим натижалари бўйича контракт расмийлаштирилади. Давлат буюртмасини жойлаштириш бўйича контракт шакли биржа ва МВ Ғазначилиги томонидан тасдиқланади (41-банднинг биринчи ва иккинчи хатбошилари).

Кўриб турганингиздек, буюртмачи ва етказиб берувчи намунавий контрактни бевосита тузишда иштирок этишмайди. Ушбу тўсиқларнинг барчасини буюртмачининг электрон буюртманомасида назарда тутиш зарур, буюртманома, юқорида қайд этилганидек, оммавий оферта ҳисобланиб, шартноманинг барча муҳим шартларини ўз ичига олиши керак. ФК 364-моддасининг иккинчи қисмида белгиланишича, шартноманинг нарсаси тўғрисидаги шартлар, қонун ҳужжатларида бундай турдаги шартномалар учун муҳим ёки зарур деб ҳисобланган шартлар, шунингдек тарафлардан бирининг аризасига кўра келишиб олиниши зарур бўлган ҳамма шартлар муҳим шартлар ҳисобланади.

Хўжалик шартномасига қўйиладиган талаблар (товар (иш, хизмат)нинг миқдори, сифати, ассортименти, нархи, ижро этиш муддатлари, ҳисоб-китоб қилиш тартиби, тарафларнинг мажбуриятлари ва жавобгарлиги, низоларни ҳал этиш тартиби ва бошқалар) Қонуннинг 10-моддасида санаб ўтилган. Шу сабабли буюртмачининг буюртманомасида шартноманинг барча муҳим шартлари қайд этилиши керак. Айни буюртмачи белгилаган товарлар (ишлар, хизматлар)нинг мезонлари, буюртманомада баён этилган бошқа талабларни ҳисобга олган ҳолда савдолар ўтказилиши керак (Низом 3-бандининг ўн тўртинчи хатбошиси ва 17-бандининг биринчи хатбошиси).

Юқорида келтирилган меъёрларнинг маъносига кўра етказиб берувчилар томонидан буюртмачининг офертаси акцепт қилинганда ва улар орасидан ғолиб аниқланганда биржа буюртманоманинг барча муҳим шартларини намунавий контракт матнига киритиши керак. Уларни аввал-бошдан аниқ белгилаб, буюртмачи, фикримизча, ўзини ноҳалол етказиб берувчилардан имкони борича ҳимоя қилади. Бироқ айни қандай талабларни (шартларни) буюртманомага киритиш лозимлигини ҳар бир алоҳида ҳолатда буюртмачининг ўзи, шу жумладан юристлар ва (ёки) бошқа мутахассисларнинг кўмагида белгилаши керак.

4.

Олдиндан ҳақ тўланишига қадар етказиб берувчига санкциялар қўллаш имкониятини шартномага киритиш тўғрисидаги саволдан муқаррар равишда бошқа савол келиб чиқади: агар назарда тутилган миқдор, ассортимент, сифатдаги товарни етказиб бериш мажбуриятини контрактда назарда тутилганидек олдиндан ҳақ тўлангандан кейингина бажаришни бошласа, айни қандай ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) учун етказиб берувчини жавобгарликка тортиш мумкин? Етказиб берувчи шартномавий мажбуриятларни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирдагина унинг масъулияти тўғрисида сўзлаш мумкин. Хатда муаллиф санкциялар тўғрисидаги шартларни қандай мажбуриятни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун шартномага киритишни хоҳлаши кўрсатилмаган. Агар бу, мисол учун, олдиндан ҳақ тўланишига қадар бирор-бир ҳужжатларни тақдим этишга тааллуқли бўлса, буюртмачи ушбу шартни ўз буюртманомасида кўрсатишга ҳақли, етказиб берувчининг уни акцептлаши унинг буюртманомасидаги барча мавжуд шартларни тўлиқ ва сўзсиз қабул қилишини билдиради.

 

5.

Савдоларда иккинчи ўринни эгаллаган етказиб берувчи билан шартномани қандай қилиб тузиш тўғрисидаги саволга жавоб хатнинг ўзида мавжуд. Ҳақиқатан ҳам, савдоларда ғолиб чиққан етказиб берувчи контрактни имзолашни рад этганда ёки бошқача тарзда ундан бош тортганда, буюртмачи учун навбатдаги энг яхши нархни таклиф этган бошқа етказиб берувчи савдолар ғолиби бўлади, бунда ушбу етказиб берувчи уни савдолар ғолиби деб эътироф этишга ва контрактни имзолашга рози бўлиши шарт (Низом 47-бандининг биринчи хатбошиси).

 

Камол МУЗАФФАРОВ,

эксперт-юристимиз.

Прочитано: 1552 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика