Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 31-32 / Солиқ солиш

Аниқлаштириш қандай киритилади?

Корхона трикотаж буюмлар ишлаб чиқараётганда тикиш, тайёр маҳсулотни дазмоллаш ва ўраб-жойлашни амалга оширади. Бундан ташқари, у матога гул босиш билан шуғулланади. Маҳсулотнинг 100 фоизи экспортга реализация қилинади. 2011 йил 1 январдан балансда бинолар ва асосий воситалар – тикув машиналари, оверлоклар, дазмоллаш қурилмалари ва бошқа ишлаб чиқариш ускуналари, матога гул босиш дастгоҳи, шунингдек офис ва тикув (ишлаб чиқариш) цехи учун мебель, компьютер ва офис техникаси (компьютер, принтер, ксерокс, факс) бор. Буларнинг ҳаммаси хориждан олиб келинган. Ўзбекистонда фақат мебель ва гул босиш дастгоҳи сотиб олинган. Юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни экспортчи корхона имтиёзли, камайтирилган 50%лик ставкада тўлайди.

Юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича яна қандай имтиёзларни биз 2011 йилдан бошлаб қўллашга ҳақлимиз? Биз Президентнинг 28.01.2009 йилдаги ПҚ-1050-сон Қарори билан берилган ва 1.01.2016 йилга қадар узайтирилган имтиёзга ҳақли бўламизми? Ҳозир олдинги йиллар учун мол-мулк солиғи бўйича қайта ҳисоб-китоб қилсак бўладими? Агар мумкин бўлса, қандай қилиб? Ёки ҳеч бўлмаганда 2014 йил учун (биз дастлабки ҳисоб-китобни йил бошида топширганмиз) амалга оширса бўладими?

 

– Юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича имтиёзлар Солиқ кодексининг (СК) 269-моддаси ва айрим меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилган. Имтиёзларнинг тўлиқ рўйхати (ҳозирги вақтда амалда бўлганлари ҳамда ўз кучини йўқотганлари амал қилиш даврини кўрсатган ҳолда) «Практическое налогообложение» («Амалий солиқ солиш») ва «Солиқлар: саволлар ва жавоблар» электрон маълумотнома тизимларида келтирилган. Шунингдек имтиёзлар ҳақидаги маълумотлар (қисқартирилган кўринишда) мунтазам равишда «Солиқ ва божхона хабарлари» газетасида чоп этилади. Афсуски, сиз келтирган ахборот сизнинг корхонангиз 2011 йилдан бошлаб қандай имтиёзлардан фойдаланиши мумкинлиги тўғрисидаги саволга батафсил жавоб бериш учун етарли эмас.

Шу сабабли Солиқ кодекси билан тақдим этилган имтиёзлар хусусида тўхталамиз. СК 269-моддасининг 16-бандига эътибор қаратинг. Унга кўра 2014 йилнинг 1 январига қадар юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ янги технологик ускунанинг (фойдаланишга топширилган пайтдан бошлаб 5 йил мобайнида) ўртача йиллик қийматига солинган, бунда ишлаб чиқарилган кунидан бошлаб 3 йилдан кўп ўтмаган технологик ускуна ана шундай ускуна деб ҳисобланган. Бундан ташқари, янги технологик ускуна у харид қилинган (импорт қилинган) пайтдан бошлаб 3 йил мобайнида реализация қилинган ёки текинга берилган тақдирда имтиёзни бекор қилиб, уни қўллашнинг бутун даврида мол-мулк солиғини тўлаш бўйича мажбуриятларни тиклаш назарда тутилган. 25.12.2013 йилдаги ЎРҚ-359-сон Қонун билан 1.01.2014 йилдан бошлаб имтиёзни қўллаш соҳаси кенгайтирилди – кўпи билан 10 йил давомида ишлатиб келинаётган машина ва асбоб-ускуналарнинг (яъни 0130-ҳисобварақда ҳисобга олинадиган асосий воситаларнинг) ўртача йиллик қийматига солиқ солинмайди.

Президентнинг 28.01.2009 йилдаги ПҚ-1050-сон Қарорига мувофиқ имтиёзни қўллаш Ноозиқ-овқат истеъмол товарларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналар томонидан солиқ ва божхона имтиёзларини қўллаш тартиби тўғрисида низом1 (бундан кейин – 1932-сон Низом) билан тартибга солинади. Имтиёзлар 1932-сон Низомнинг 1-иловасида келтирилган товар гуруҳлари бўйича ишлаб чиқаришга ихтисослашган, сотувнинг умумий ҳажмида ушбу товарларнинг ҳажми ҳисобот даври якунлари бўйича камида 60%ни ташкил этадиган корхоналарга татбиқ этилади.

Агар сизнинг корхонангиз ушбу шартларга жавоб берса, сиз мазкур имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқига эгасиз. Имтиёзларни қўллаш натижасида бўшайдиган маблағлар (бундан божхона тўловлари бўйича имтиёзлар мустасно) янги ишлаб чиқаришларни барпо этиш, шунингдек ишлаб турган корхоналарни модернизациялаш, реконструкция қилиш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш, ноозиқ-овқат истеъмол товарларини ишлаб чиқариш учун зарур хом ашё ва материалларни харид қилиш, қўйилган инвестицияларни қоплаш, шу жумладан кредитларни сўндиришга йўналтирилади. Мақсадга мувофиқ фойдаланилмаган ҳолларда улар жарима санкцияларини ҳисобга олган ҳолда тўлалигича бюджетга ўтказилади.

СКнинг 38-моддасига кўра, солиқ тўловчи солиқ даври тугаганидан кейин 5 йил ичида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг ортиқча тўланган суммаларини ҳисобга олишни ёки қайтаришни талаб қилишга ҳақли.

Шу сабабли, агар сиз мол-мулк солиғи бўйича имтиёзга эга бўлиб, бироқ уни қўлламаган бўлсангиз, СКнинг 46-моддасига кўра, сиз солиқ инспекциясига унга доир ҳуқуқ юзага келган пайтдан бошлаб, бироқ 5 йилдан ошмайдиган давр учун имтиёзни ҳисобга олган ҳолда солиқ суммасини ҳисоб-китоби билан бирга мол-мулк солиғи бўйича аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этишингиз керак. Аниқлаштирилган ҳисобот Юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ҳисоб-китоби ва Солиқ даври учун юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича жорий тўловларни ҳисоблаш бўйича маълумотнома2 шакли бўйича тўлдирилади. Бунда Юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ тўловчиси тўғрисида маълумотнинг «Ҳужжат тури» устунига «2» қўйилади.

Солиқ суммасининг камайишини назарда тутадиган аниқлаштирувчи солиқ ҳисоботи фақат солиқ органлари томонидан молия-хўжалик фаолиятини текшириш (тафтиш) доирасида текширилган давр учун тақдим этилиши мумкин эмас.

Солиқнинг ортиқча тўланган суммаси ҳосил бўлганда, у ҳисобга олиниши ёки СКнинг 56 ва 57-моддалари белгилаган тартибда қайтарилиши керак. У солиқ қарзини қуйидаги кетма-кетликда узиш ҳисобига ҳисобга олиниши керак:

1) солиқнинг мазкур тури бўйича пеня ва жарималарни узиш ҳисобига;

2) бошқа турдаги солиқлар бўйича қарзни узиш ҳисобига;

3) бошқа турдаги солиқлар бўйича пеня ва жарималарни узиш ҳисобига;

4) мазкур солиқ бўйича келгуси тўловлар ҳисобига;

5) бошқа турдаги солиқлар бўйича келгуси тўловлар ҳисобига.

2, 3 ва 5-бандлар бўйича ҳисобга олиш учун аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи тақдим этилган санадан бошлаб 10 кун ичида ДСИга ёзма ариза тақдим этиш лозим. Солиқ ҳисоботи тақдим этилмаганда инспекция тегишли молия органларига 2 ва 3-бандларда назарда тутилган ҳисобга олишни амалга ошириш тўғрисида мустақил равишда хулоса тақдим этиши мумкин.

Ҳисобга олиш амалга оширилганидан кейин ортиқча тўланган солиқнинг қолган суммаси солиқ тўловчининг банкдаги ҳисобварағига қайтариш тўғрисидаги ариза топширилган санадан эътиборан 30 иш куни ичида пул маблағларини ўтказиш орқали қайтарилиши керак.

 

1МВ, ИВ, ТИАИСВ, ДСҚ ва ДБҚнинг АВ томонидан 31.03.2009 йилда 1932-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.

2МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарорига 7-илова.


Жавобни «Norma Ekspert»
мутахассислари тайёрладилар.

Прочитано: 2563 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика