Norma.uz

Пенсияга чиқиш вақти яқинлашганда

Ҳар бир фуқаро пенсия таъминоти олиш ҳуқуқига эга. Унинг қандай бўлиши кўп жиҳатдан ўзимизга боғлиқ. Стаж, солиқларнинг тўланиши, тўғри тўлдирилган ҳужжатлар – буларнинг ҳаммаси пировардида пенсияга ортиқча машаққатларсиз чиқиб олиш имконини беради.

Ёшликда ҳеч кимни пенсия тизими қандай ишлаши қизиқтирмаса керак. Бироқ вақт шиддат билан ўтаётган экан, кўз очиб-юмгунча сиз ҳам пенсия ёшига етиб қолганингизни сезмай қоласиз. Эркаклар – иш стажи камида 25 йил бўлган тақдирда 60 ёшга тўлса; аёллар – иш стажи камида 20 йил бўлган тақдирда 55 ёшга тўлиб пенсияга чиқиш ёшига эга бўладилар. Дарвоқе, Ўзбекистон пенсия ёши даражаси паст бўлган мамлакатлар рўйхатига киради. Масалан, Японияда фахрий дам олишга 70 ёшда кузатадилар.

Давстатқўмнинг маълумотларига қараганда, умуман республика бўйича ҳар 1 000 кишига 102 пенсионер (Тошкентда – 135) тўғри келади. Агар сиз ушбу юзликда бўлмасангиз, фақат унга киришга ҳозирлик кўраётган бўлсангиз, баъзи нарсаларни билиб қўйишингиз ортиқчалик қилмайди.

Ўзбекистонда «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонун (3.09.1993 йилдаги 938-XII-сон, бундан кейин – 938-XII-сон Қонун) қабул қилинганига 20 йилдан кўпроқ вақт бўлди. Янги шароитларда ишлаш тажрибаси қатъий белгиланган ажратмаларнинг жамғариб бориш чизмасини жорий этишнинг зарурлигини тақозо этди. Ходим ва унинг иш берувчисининг тўловлари жамғариб борилади, инвестиция қилинади ва тўловчининг ўзи пенсияга чиққунга қадар даромад келтиришда давом этади. Барча жамғармалар унинг шахсий мулки ҳисобланади. Айни шу сармоя давлат пенсиясига қўшимча пул маблағлари тўланишини таъминлайди (2.12.2004 йилдаги «Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида»ги 702-II-сон Қонун).

Турли мамлакатларда қабул қилинган пенсия тизимларини таққослаб, шуни таъкидлашимиз жоизки, фарқланишлар бўлишига қарамай, ҳамма жойда пенсия ажратмалари суммалари фуқароларнинг шахсий ҳисобварақларида ҳисобга олинади. Киши меҳнат шартномаси бўйича ишлай бошлаши билан мажбурий тартибда Халқ банкида шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағи (ШЖБПҲ) очилади. Бадалларни ҳисобвараққа ихтиёрий ажратадиганлар ҳам бор. Булар – якка тартибдаги тадбиркорлар, юридик шахсни ташкил этмаган деҳқон хўжаликларининг аъзолари, бошқа фуқаролар.

ШЖБПҲ дафтарчаси нақ паспорт сингари доим ёнингизда бўладиган ҳужжатдир. Маблағларнинг сақланишини давлат кафолатлайди. Шундай экан, кексаликда фаровон яшаш учун бу тўғрисида ёшликдан тараддудланган маъқул.

Пенсия қоғозларини расмийлаштириш бўйича ташвишларга йўл қўймаслик учун шуни ёдда тутиш лозимки, меҳнат дафтарчаси иш стажини тасдиқловчи асосий ҳужжат ҳисобланади. Хўжалик юритиш шаклларидан қатъи назар, ҳар қандай ташкилотлардаги иш стажга ҳисобланади. Асосийси, ходим давлат томонидан ижтимоий суғурталаниши ва суғурта бадалларини тўлаб бориши керак. Зеро пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун олинадиган иш ҳақига қонун ҳужжатларига мувофиқ суғурта бадаллари ҳисобланадиган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги барча даромадлар қўшилади (938-XII-сон Қонуннинг 32, 37, 42-моддалари).

Меҳнат дафтарчаси ёмон тутилган ҳоллар ҳам учрайди. Ёзувлар устидан чизилган ёки ном ноаниқ ёзилган бўлади, муҳрлар бўялиб кетган ёки дафтарча умуман йўқолган ҳоллар ҳам мавжуд. Ушбу ҳолларда маълумотномалар, буйруқлардан кўчирмалар, шахсий ҳисобварақлар ва иш ҳақи бериш учун ведомостлар, меҳнат шартномалари (контрактлар), архив маълумотномалари, хуллас меҳнат фаолияти даврлари тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлган барча ҳужжатлар қабул қилинади (Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида низомнинг 59-банди, ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон қарори билан тасдиқланган, бундан кейин – Низом).

Пенсияга чиқиш ёки чиқмаслик – ихтиёрий иш. 938-XII-сон Қонуннинг 3-моддасида назарда тутилишича, фуқаролар пенсия тайинланиши хусусида унга доир ҳуқуқ вужудга келганидан кейин исталган вақтда мурожаат қилишлари мумкин. Бироқ бунда пенсия тайинлаш ва уни тўлаш фақат Пенсия жамғармасига мурожаат қилинган кундан бошлаб амалга оширилишини ҳисобга олиш лозим (Низомнинг 10-банди).

Пенсия миқдорини ўзингиз ҳисоблашингиз мумкин. Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг pfru.uz сайтининг «Бўлажак пенсионерларга» бўлимида махсус «Пенсия калькулятори» хизмати бор. Ўз маълумотларингизни кўрсатилган саволларга қараб киритиш ва натижани олиш лозим. Бироқ ҳисоб-китобнинг ўзига хос жиҳатлари борлигини унутманг, сиз олган сумма ҳар доим ҳам инспекторнинг ҳисоблашларига мос тушавермаслиги мумкин.

Турли ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда пенсия тайинлаш ва тўлаш тартиби доимо такомиллаштириб бориляпти, – дейди Тошкент шаҳар бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бошқармасининг пенсия ва нафақалар тайинлаш таҳлили ва мониторинги бўлимининг бошлиғи Абдурашид Исмоилов. – Яқиндагина Вазирлар Маҳкамасининг 13.05.2014 йилдаги 121-сон Қарори қабул қилинди, унга кўра ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон Қарорига ўзгартиришлар киритилди. Улар фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар бўйича ишлаётган фуқароларга пенсия тайинлаш тартибига тааллуқлидир. Олинмаган пенсияларни тўлаш тартиби қўшимча равишда тузатилди. I гуруҳ ногиронлари ва кекса кишиларни парваришловчиларга стаж бошқача ҳисобланади. Боқувчи вафот этган тақдирда пенсия улушини ажратиш, шу жумладан пенсия тикланганда пенсия миқдорини қайта ҳисоб-китоб қилишда юзага келадиган баъзи масалалар тартибга солинди.

 

Алла РОМАШКО.

Прочитано: 11832 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика