Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 25-26 / Солиқ солиш

Табиий ресурслар учун солиқларни кимлар тўлайди?

Табиатдан фойдаланганлик учун тўловлар атроф муҳитни муҳофаза қилиш иқтисодий механизмининг таркибий қисми ҳисобланади. 

 

«Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонун (9.12.1992 йилдаги 754-XII-сон) 6-моддасининг учинчи қисмида юридик ва жисмоний шахслар учун махсус табиатдан фойдаланиш (эгалик қилиш, фойдаланиш, ижара) пулли эканлиги белгиланган. Худди шундай меъёрлар экология тўғрисидаги бошқа қонун ҳужжатлари – Ер кодекси (28-модда), «Ер ости бойликлари тўғрисида» (23.09.1994 йилдаги 2018-XII-сон, 13.12.2002 йилдаги 444-II-сон Қонун таҳририда, 21-модда), «Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида» (6.05.1993 йилдаги 837-XII-сон, 106-модда биринчи қисмининг иккинчи хатбошиси), «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида» (26.12.1997 йилдаги 543-I-сон, 6-модданинг учинчи қисми), «Ўрмон тўғрисида» (15.04.1999 йилдаги 770-I-сон, 19-модданинг иккинчи қисми), «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги (26.12.1997 йилдаги 545-I-сон, 15-модданинг учинчи қисми) қонунларда ҳам назарда тутилган.

Табиий ресурслардан фойдаланганлик учун тўловлар турли шаклларда ундирилади. Масалан, ердан фойдаланувчилар, ер қаъридан фойдаланувчилар ва сувдан фойдаланувчилар уларни Солиқ кодекси (СК) билан белгиланган солиқлар тарзида амалга оширадилар. Ижарачилар мазкур ер участкасидан ундириладиган ер солиғи ёки ягона ер солиғига тенг бўлган ижара тўлови тўлайдилар. Баъзи ер қаъридан фойдаланувчилар, ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқдан ташқари, махсус бонуслар (имзоланадиган ва тижоратбоп топилма) ҳам тўлайдилар. Сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчилари сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ўтказадилар ҳамда сув етказиб бериш ва бошқа кўрсатилган сув хўжалиги хизматлари учун тўлов тўлайдилар.

Ҳайвонот ва ўсимлик дунёсидан (шу жумладан ўрмонлардан) фойдаланувчиларнинг тўловлари фойдаланиш турига – дарахт ва буталарни кесиш, мева, барглар йиғиш, мол боқиш, пичан ўриш, ҳайвонларни отиш ва овлаш ҳамда бошқа ҳолларга боғлиқ.

Кўрсатилган солиқлар ва тўловларни тўловчилар – табиий объектлардан ишлаб чиқариш, хўжалик, маиший ва бошқа эҳтиёжларда фойдаланувчи юридик ва жисмоний шахслардир. Ўз ер участкаларида етиштирилган ўсимлик дунёси объектлари, сунъий яшаш муҳитида парвариш қилинган ёввойи ҳайвонлардан фойдаланувчи, водопровод сувидан фойдаланувчи ва бошқа шахслар мазкур солиқлар ва тўловларни тўламайдилар. Уларга ўз эҳтиёжлари учун табиат меваларидан фойдаланувчи, балиқ ови, ёввойи ўсимликлар меваларини йиғиш билан шуғулланувчи, табиат қўйнида дам олувчи ва бошқа жисмоний шахслар ҳам киради.

Табиатдан фойдаланганлик учун тўловларнинг миқдори фойдаланиш тури ва тўлов шаклига боғлиқ. Солиқларнинг ставкалари ҳар йили Ўзбекистон Президентининг қарорлари билан тасдиқланади, улар ер участкасининг ҳажми, тоифаси, жойлашган жойига, ер қаъридан тайёр маҳсулот (фойдали қазилмалар)ни кавлаб олиш ҳажми, ер усти ва ер ости манбаларидан олинган сув ҳажмига боғлиқ (Президентнинг 25.12.2013 йилдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2014 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги ПҚ-2099-сон Қарорига (13, 14, 19, 20-иловалар).

Ҳайвонот ва ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланганлик учун тўловлар миқдорлари Ўзбекистон Ҳукумати томонидан тасдиқланади ҳамда фойдаланишга берилган ҳайвонот ва ўсимликларнинг турларига боғлиқ (Ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш, уларни Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ва унинг ташқарисига олиб чиқиш тартиби тўғрисида низомга1 1, 2-иловалар; Ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланиш, уларни Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ва унинг ташқарисига олиб чиқиш ҳамда овчилик-балиқ овлаш хўжалигини юритиш тартиби тўғрисида низомга2 1-илова).

Ер солиғини тўлаш юридик шахслар томонидан йилнинг ҳар чорагида, йил чораги иккинчи ойининг 15-кунига қадар тенг улушларда амалга оширилади (СКнинг 286-моддаси). Уни жисмоний шахслар йилда бир марта – ҳисобот йилининг 15 октябрига қадар тўлайдилар (СКнинг 294-моддаси).

СКнинг 247-моддасига кўра ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқни микрофирмалар ва кичик корхоналар, жисмоний шахслар ҳисоб-китоб тақдим этиладиган муддатдан кечиктирмай; улар жумласига кирмайдиган юридик шахслар эса – ҳар ойда, кейинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмай, йил якунлари бўйича эса йиллик молиявий ҳисобот тақдим этиладиган муддатдан кечиктирмай тўлайдилар.

СКнинг 264-моддасига кўра, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни:

унинг йиллик суммаси энг кам иш ҳақининг 200 бараваридан кўпни ташкил этадиган юридик шахслар (микрофирмалар ва кичик корхоналар бундан мустасно) – ҳар ойнинг 25-кунидан кечиктирмай солиқ йиллик суммасининг 1/12 қисми миқдорида;

солиқ даврида солиқ суммаси энг кам иш ҳақининг 200 бараваридан камни ташкил этадиган, микрофирмалар ва кичик корхоналар жумласига кирмайдиган юридик шахслар, шунингдек микрофирмалар, кичик корхоналар ва якка тартибдаги тадбиркорлар – йилнинг ҳар чораги учинчи ойининг 25-кунидан кечиктирмай сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ йиллик суммасининг 1/4 қисми миқдорида тўлайдилар.

Ҳайвонот ва ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланганлик учун тўловлар улардан фойдаланишга рухсатномаларни расмийлаштириш вақтида тўланади.

Ер солиғи бўйича имтиёзлар юридик ва жисмоний шахслар учун алоҳида-алоҳида белгиланган. Айрим юридик шахслар (масалан, маданият, таълим, соғлиқни сақлаш ташкилотлари) ва ер участкалари (хусусан, давлат қўриқхоналари, комплекс буюртмачилар, тарихий-маданий мақсаддаги, электр узатиш линиялари банд этган ва бошқа ер участкалари) умуман уни тўлашдан озод этилган. Бошқаларга ушбу имтиёз вақтинча берилади. Масалан, янги ташкил этилган деҳқон хўжаликлари уни тўлашдан давлат рўйхатидан ўтказилган ойдан бошлаб 2 йилга озод қилинадилар (СКнинг 282, 290-моддалари).

СКнинг 261-моддасига кўра, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқдан сув учун бюджетга солиқ ўтказган юридик шахслардан сув олган истеъмолчилар; бирламчи фойдаланилган сув учун тўлов амалга оширилган сувдан иккиламчи фойдаланувчи сув истеъмолчилари озод қилинадилар.

 

1ВМнинг 28.10.2004 йилдаги 508-сон Қарорига 1-илова.

2ВМнинг 28.10.2004 йилдаги 508-сон Қарорига 2-илова.

 

Улуғбек АЮБОВ,

экспертимиз.

 

 

Прочитано: 2993 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика