Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 25-26 / Олий мажлис қонунчилик палатасида

Долзарб қонун лойиҳалари муҳокама қилинди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.  

 

Депутатлар жамиятимиз ҳаётининг турли соҳаларидаги фаолиятнинг ҳуқуқий негизини янада такомиллаштиришга қаратилган қатор долзарб қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар.

Парламент қуйи палатаси аъзолари Президент ­Ислом Каримов томонидан 2010 йил ноябрь ойида бўлиб ўтган Олий Мажлис иккала палатасининг қўшма мажлисида илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини рўёбга чиқариш доирасида ишлаб чиқилган «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги қонун лойиҳасига алоҳида эътибор қаратдилар. Қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан қонунчилик ташаббуси тартибида киритилган ва жорий йилнинг март ойида биринчи ўқишда кўриб чиқилган эди.

Унда ижтимоий шериклик тушунчаси, унинг субъектлари, принциплари ва асосий соҳалари аниқ таърифланган, давлат органларининг ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ҳамкорлигининг ташкилий-ҳуқуқий процессуал механизмлари, уларнинг ижтимоий ва социал аҳамиятга молик муаммоларни ҳал этишдаги, фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий, ишбилармонлик ва социал фаоллигини оширишдаги иштироки шакллари ҳамда усуллари аниқлаштирилган.

Қонун лойиҳасида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузурида ижтимоий шериклик бўйича жамоатчилик комиссияларини ташкил этиш, шунингдек, ҳокимиятнинг тегишли минтақавий вакиллик органлари ҳузурида ижтимоий шерикликда иштирок этувчи ННТ ва фуқаролик жамияти бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш бўйича мақсадли фондларни тузиш назарда тутилган.

Жамоатчилик комиссиялари фаолиятига Олий Мажлис ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясининг фаолияти давомида ўзини оқлаган принциплар асос қилиб олинди.

Қонун лойиҳаси давлат ва фуқаролик жамияти ўртасида ўзаро ҳамкорликнинг яхлит тизимини яратиш имконини беради, уларнинг амалий мулоқотда бўлишининг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлайди. Иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида қонун лойиҳаси барча даражадаги депутатлар, вазирликлар ва идоралар экспертлари, сиёсий партиялар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг вакиллари иштирокида кенг муҳокамадан ўтди.

Қонунчилик палатаси ҳуқуқий ҳужжатнинг ҳар бир моддасини муҳокама қилиш жараёнида билдирилган барча фикрларни эшитиб ва муҳокама этиб, «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги Қонунни қабул қилди.

Кун тартибидаги кейинги масала «Тижорат сири тўғрисида»ги қонун лойиҳаси эди. Ушбу қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг махфий ахборотга, шу жумладан, ҳимояланиши шарт бўлган тижорат сирига тааллуқли маълумотлар рўйхати тасдиқланган қарорларига мувофиқ тайёрланди. Ҳужжат Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Фуқаролик кодекси қоидаларига асосланади ва тижорат сирининг ҳуқуқий мақомини белгилайди. Қонун лойиҳасида асосий тушунчалар, тижорат сирига нисбатан талаблар, тижорат сирини ташкил этмайдиган маълумотлар, тижорат сири мулкдорининг ҳуқуқлари, уни ҳимоя қилиш чоралари, бошқа ҳуқуқий нормалар ўз аксини топган.

«Тижорат сири тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг таркибий тузилишини шакллантиришда амалдаги норматий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қоидалари тўла акс этишини инобатга оладиган, долзарб бўлмаган қоидаларни истисно этадиган ва ҳавола қилувчи нормалар сонини чеклайдиган ёндашув танланди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси моддама-модда муҳокамадан сўнг ушбу қонунни қабул қилди.

* * *

«Микромолиялаштириш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 12-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Киритилаётган тузатиш банклар ва бошқа кредит ташкилотлари томонидан кредит талабномаларини кўриб чиқиш муддатларини қисқартириш ва, шу тариқа, тадбиркорлик субъектлари ва аҳолига кредит маблағларидан фойдаланишни енгиллаштириш имконини беради.

Қонуннинг амалдаги таҳририга сармоявий лойиҳани амалга оширишда инвестицияларни жалб этувчи, сармоявий фаолиятни рағбатлантирувчи ва молиялаштирувчи манбаларни белгилайдиган янги моддалар киритилган. Бундан ташқари, сармоявий фаолиятнинг объект ва субъектлари, инвесторларнинг ҳуқуқлари, сармоявий фаолият субъектларининг ўзаро муносабатлари, марказлашган ва марказлашмаган инвестициялар, сармоявий фондлар, сармоявий фаолият субъектларининг ҳуқуқий кафолатлари каби тушунчаларни белгиловчи моддалар сезиларли равишда кенгайтирилган.

Муҳокамалар давомида билдирилган фикр ва мулоҳазаларни ҳисобга олган ҳолда депутатлар юқорида кўрсатиб ўтилган қонун лойиҳаларининг асосий қоидаларини маъқулладилар ва уларни биринчи ўқишда қабул қилдилар. ­Масъул қўмиталарга келиб тушган таклифларни инобатга олган ҳолда қонун лойиҳаларини иккинчи ўқишда кўриб чиқиш учун тайёрлаш топширилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ўзининг ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқди.

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Ахборот хизмати материаллари асосида тайёрланди.

Прочитано: 1970 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика