Norma.uz

«Барча диққат-эътибор кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган»

«Барча диққат-эътибор кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган»

 

дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси аъзоси Насимжон АЛИМОВ.

Мамлакатимизда сўнгги йилларда қабул қилинаётган кўплаб фармон ва қарорлар кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни фаол қўллаб-қувватлаш, оилавий тадбиркорликни янада ривожлантириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳар томонлама рағбатлантириш, экспорт фаолиятини амалга оширувчи корхоналар ҳамда хорижий инвесторлар учун энг қулай шарт-шароитларни яратиб беришга қаратилганлиги билан аҳамиятли бўлмоқда. Соҳани тартибга солувчи Ўзбекистон қонунчилиги Жаҳон банки ҳамда Халқаро молия корпорациясининг ҳар йили эълон қилинадиган «Бизнесни юритиш» ҳисоботларида сўнгги икки йилда энг яхши хорижий тажриба сифатида эътироф этилаётгани эса айниқса эътирофга лойиқдир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 7 апрелдаги «Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-4609-сон Фармон ва жорий йилнинг 15 апрелдаги «Тадбиркорлик фаолия­тини амалга ошириш ва давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ тартиботларни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғ­рисида»ги ПҚ-2164-сон қарори мана шу ислоҳотларнинг узвий давоми бўлди.

Энди табиий савол туғилади: қа­бул қилинган бу ҳужжатлар тад­биркорлар томонидан қандай ба­ҳоланмоқда? Улар жойларда амалда қандай ижро этилмоқда? Бу ҳужжатлардан кўзланган мақсад нима?

Тадбиркорлик субъектлари ўр­та­сида ўтказилган сўров натижалари шуни кўрсатмоқдаки, қарийб 75 фоиз респондентлар тадбиркорлик фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий базанинг сифатини ижобий баҳоламоқда. Шу билан бирга, тадбиркорлар норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг амалдаги ижроси етарли эмас, деб ҳисоблайди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг 2013 йилда республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор вазифаларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг йиғилишида тадбиркорлик фаолиятини ҳаддан ортиқча тартибга солиш ҳолатлари мавжуд эканлиги, давлат органлари билан тадбиркорлик субъектлари ўртасида ўзаро муносабатларнинг контактсиз шаклларини самарали жорий этиш имкониятлари тўлиқ ҳажмда ишлатилмаётгани, қолаверса бизнесни юритиш учун шарт-шароитларни яхшилаш бўйича қабул қилинаётган чора-тадбирлар жойларда етарли даражада амалиётга жорий этилмаётгани танқид қилинган эди. Ана шундай ҳолатларга барҳам бериш мақсадида тадбиркорларнинг фикр-мулоҳазалари, талаб ва истакларини инобатга олган ҳолда давлат раҳбарининг ПФ-4609-сон Фармони қабул қилинди.

Фармон билан 2014–2015 йилларда Инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни рағбатлантириш самарадорлигини оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар Дастури тасдиқланди.

Дастур қуйидаги 6 йўналишда 46 та чора-тадбирни амалга оширишни назарда тутади:

Тадбиркорлик субъектлари ва инвесторлар фаолиятини тартибга солувчи қонунчиликни янада такомиллаштириш ва эркинлаштириш;

Давлат ва маҳаллий бошқарув органлари фаолиятининг тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро муносабатларидаги самарадорликни ошириш ва ошкораликни таъминлаш;

Тадбиркорлик субъектлари фао­лиятини қўллаб-қувватлаш ва му­вофиқлаштиришнинг институционал тизимини янада такомиллаштириш;

Тадбиркорлик субъектларини кредитлаш механизмларини такомиллаштириш, банк ва молиявий инфратузилма сифатини ошириш, тадбиркорлик субъектларига кўр­сатиладиган хизматлар доирасини кенгайтириш;

Солиқ маъмурчилигини янада такомиллаштириш ва соддалаштириш, сифатни бошқариш стандартларини жорий этиш;

Корпоратив бошқарув тизимини янада такомиллаштириш ва хусусий мулкдорлар ролини ошириш.

Юқорида таъкидланганидек, шу кунгача қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг масъул давлат идоралари томонидан ўз вақтида ва тўлиқ амалиётга жорий этилишини таъминлаш долзарб вазифа ҳисобланади. Шу маънода тадбиркорларни тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан таништириш, улар билан бўладиган муносабатларнинг ош­коралиги ва қонунийлигини таъминлаш бўйича Фармонда аниқ чоралар белгилаб қўйилди. Хусусан, вазирликлар, давлат қўмитала­ри, идоралар, акциядор­лик компаниялари, уюшмалар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари бир ой муддатда ўзларининг расмий веб-сайтларида тадбиркорлик су­бъектлари билан ўзаро муносабатлар масалаларини тартибга солувчи ахборотларни жойлаштириб, кейинча­лик уларнинг до­и­мий равишда ян­гиланиб бори­шини таъминлай­дилар.

Бунда қуйидаги­лар­га ало­ҳида эътибор қара­тилади:

– улар томонидан қабул қи­линган идоравий меъёрий-ҳу­қуқий ва бошқа ҳужжатларни мажбурий равишда жойлаштириб бориш (тарқатилиши чегараланган ҳужжатлар ва тижорат сири баён этилган ҳужжатлар бундан мустасно);

– тадбиркорлик субъектларига рухсатнома характеридаги ҳужжатларни, лицензиялар, сертификатлар ва бошқаларни расмийлаштириш ва беришнинг тартиби ва муддатларини мақбуллаштириш;

– тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари ва бошқа турдаги хизматлар кўрсатишнинг муддатлари ва нархини белгилаш.

Вазирликлар, давлат қўми­талари, идоралар, акциядорлик компаниялари, уюшмалар, жойлардаги маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарлари зиммасига белгиланган талабларга мувофиқ, уларнинг расмий веб-сайтларида жойлаштириладиган ахборотнинг тўлиқлиги ва ҳаққонийлиги юзасидан шахсий жавобгарлик юклатилди. Бундан ташқари, Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси, Адлия вазирлиги тегишли давлат ва нодавлат ташкилот ва корхоналари ҳамда маҳаллий ҳокимият органларининг расмий веб-сайтларини юритишда тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро муносабатлар масалалари бўйича қўйиладиган талабларга риоя этилиши устидан тизимли назорат ўрнатадилар.

Бу йўналишда яна бир муҳим нормага алоҳида эътибор қа­ратиш лозим. 2014 йилнинг 1 июнидан давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, ма­ҳаллий давлат ҳокимияти органларининг расмий веб-сайтларида чоп этилмаган, уларнинг тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро муносабатлар масалаларини тартибга соладиган меъёрий-ҳу­қуқий ва бошқа ҳужжатлари талабларини бузиш ҳолатлари учун тадбиркорлик субъектларига жавобгарлик чоралари қўллаш тақиқланади. Таъкидлаш керакки, бу норма халқаро ҳуқуқ амалиётидаги янгилик ҳисобланиб, давлат органлари фаолиятидаги ошкораликни таъминлаш ва тадбиркорлик субъектларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этади.

Яна бир эътиборга молик янгилик шундан иборатки, эндиликда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш жараёнини мураккаб­лаштиришни ва тадбиркорлик субъектларига янги юридик мажбуриятлар юклатишни назарда тутадиган, шунингдек тадбиркорлик субъектларига юридик жавобгарликнинг янги чораларини белгилайдиган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар улар расман чоп этилган фурсатдан бошлаб, 3 ойдан олдин бўлмаган муддатда кучга киритилади. Шу кунгача бу каби қоида Солиқ кодексида мавжуд бўлиб, унга кўра янги солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар белгиланишини, имтиёзлар тўлиқ ёки қисман бекор қилинишини, солиқ солинадиган база оширилишини назарда тутувчи солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари улар расмий эълон қилинган пайтдан эътиборан камида 3 ой ўтгач амалга киритилиши белгиланган.

Жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб қурилиш материаллари саноати, енгил саноат ва озиқ-овқат саноати соҳаларида фаолият олиб бораётган ки­чик корхоналар ходимларининг йиллик ўртача сони икки баробарга оширилиб, 200 нафаргача бўлиши белгилаб қўйилди.

Кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан Ўзбекистон Рес­публикаси Давлат бюджетига уларнинг ҳисобварақларидан со­лиқлар ва бошқа мажбурий тў­ловларни тўлашда банклар хизматлари учун тўловлар ундириш амалиётининг бекор қилиниши тадбиркорлар учун яна бир қулайлик бўлди. Шу кунга қадар Солиқ кодексининг 53-моддасига мувофиқ, фақатгина инкассо топшириқномасига доир операция­лар бўйича хизмат кўрсатганлик учун ҳақ ундирилмас эди.

Фармонда хўжалик юритувчи субъектларнинг солиқ, молиявий ҳисоботларни тақдим этмаслик ва уларни кўрсатилган манзилда йўқлиги ҳолатларида уларнинг тижорат банкларидаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш давлат солиқ хизмати органлари томонидан фақат суднинг тегишли қарори асосида амалга оширилиши белгилаб қўйилди. Бунгача солиқ тўловчининг банклардаги ҳисоблари бўйича операцияларни тўхтатиш агар солиқ тўловчи солиқ ва (ёки) молия ҳисоботларини уни тақ­дим этиш учун белгиланган муддат тугагандан сўнг 15 кун ичида тақдим этмаган тақдирда солиқ органлари қарори асосида амалга ошириларди. Бу норманинг жорий этилиши иқтисодий муносабатларни янада либераллаштириш борасида ташланган муҳим қадамдир.

Фармонга мувофиқ, 2014 йилнинг иккинчи чорагидан ян­гидан ташкил этилган кичик тадбиркорлик субъектлари (чакана савдо ташкилотларидан ташқари) қурилиши якунланган объектни қабул қилиш ҳужжати тасдиқланган кундан бошлаб 6 ой давомида, бироқ уларнинг давлат рўйхатидан ўтганидан сўнг 1 йилдан кўп бўлмаган даврда, ягона солиқ тўлови ва ягона ижтимоий тўловни, ушбу тўловларнинг тасдиқланган энг кам миқдорларини ҳисобга олмаган ҳолда, амалда бажарилган иш ҳажмларидан келиб чиқиб тўлайдилар. Бу енгилликлар ишлаб чиқариш фаолиятини эндигина бошлаган кичик тадбиркорлик субъектлари учун бошланғич айланма маблағларни сақлаб қолиш имконини беради.

2015 йилнинг 1 январидан бошлаб кичик тадбиркорлик су­бъектлари йиллик статистик ҳи­собот тақдим этадилар, бунда статистика органлари ҳар чоракда тегишли фаолият йўналишлари ва соҳалари бўйича танланма ўрганишлар ўтказади. Бундан аввал Президентимизнинг 2012 йил 16 июлдаги «Статистик, солиқ, молиявий ҳисоботлар­ни, лицензияланадиган фаолият турларини ва рухсат бериш тар­тиб-таомилларини тубдан қис­қартириш чора-тадбирлари тўғ­рисида» ПФ-4453-сон Фармонига мувофиқ, 2013 йилнинг 1 январидан худди шундай тартиб микрофирмалар учун амал қила бошлаган эди.

Маълумот учун таъкидлаш керакки, бугунги кунда кичик бизнес субъектларининг 91 фои­зини (шу жумладан саноат со­ҳасида – 94 %) микрофирмалар ташкил этади.

Бир сўз билан айтганда, Президентимизнинг мазкур Фармонида назарда тутилган қўшим­ча дастурий чора-тадбирларни амалда бажариш, шу жумладан, янги имтиёзлар ва преференцияларнинг кенг доираси, ҳар хил лицензия ва рухсат берувчи тартиб-таомилларнинг муддатларини тубдан қисқартириш, соддалаштириш ва арзонлаштириш хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, бизнесни юритиш, иқтисодиётга маҳаллий ва хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш учун шарт-шароитларни янада яхшилаш борасида навбатдаги муҳим босқич бўлишига шубҳа йўқ.

Фармонда белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида, жорий йилнинг 15 апрель куни Президентнинг «Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ва давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ тартиботларни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2164-сон қарори ҳам ­эълон қилинди. Мазкур қарорда, шунингдек, лицензиялашни ва рухсат этиш характерига эга ҳужжатларни бериш механизмларини янада соддалаштириш ва арзонлаштириш, шунингдек, тадбиркорликка кўпроқ эркинлик бериш мақсади ҳам кўзланади.

Мазкур қарорга мувофиқ: 

2014 йилнинг 1 июлидан бошлаб 22 турдаги тадбиркорлик соҳасидаги рухсат бериш тартиботлари бекор қилинади (шу жумладан, битта лицензияланадиган фаолият тури);

21 турдаги лицензия ва рухсат бериш характерига эга ҳужжатларни расмийлаштириш муддатлари ўртача 2,1 марта қисқартирилади;

11 турдаги лицензияланадиган фаолият турларини расмийлаштириш учун ундириладиган йиғимлар миқдори ўртача 4 баробарга камайтирилади;

31 турдаги лицензияланадиган фаолият турлари ва рухсат этиш характерига эга ҳуж­жатларни расмийлаштириш тар­тиботлари айрим турдаги ҳуж­жатларни тақдим этиш ва баъзи ваколатли органлар билан келишиш бўйича ортиқча талабларни бекор қилиш ҳисобига соддалаштирилади.

Қарорда 2015 йилнинг 1 январигача бўлган муддатда 19 турдаги лицензияланадиган фаолият турларини расмийлаштиришда «бир дарча» тамойилини қонун ҳужжатлари даражасида жорий этиш кўзда тутилган (шу каби тартиб 2012 йилда барча рухсат бериш тартиботлари бўйича жорий этилганди).

Қолаверса, тадбиркорлик субъ­ектлари томонидан лицензия олиш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхатидан лицензияловчи органнинг ҳу­дудий бўлинмалари билан келишиш талаб этиладиган ҳуж­жатлар олиб ташланди.

Шунингдек, 2015 йилдан бошлаб тадбиркорлик субъектлари томонидан лицензия келишувлари шартларини бажариш бўйича даврий ҳисоботлар электрон шаклда тақдим этилади.

Қарорга мувофиқ, тадбиркорлик субъектлари томонидан энг кўп фойдаланиладиган 23 турдаги давлат хизматлари (шу жумладан, муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш, назорат-касса машиналари билан таъминлаш, маҳсулотларни сертификатлаш, айрим лицензия ва рухсат бериш характерига эга ҳужжатларни олиш бўйича аризалар топшириш ва уларни расмийлаштириш) Интерактив давлат хизматлари ягона портали орқали электрон шаклга ўтказилади.

Амалга киритилаётган янгиликлардан яна бири – жорий йилнинг 1 октябридан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг Интерактив давлат хизматлари ягона порталида махсус «тадбиркорлик субъектининг кабинети» яратилади. У орқали тадбиркорлик субъектлари молия, солиқ, статистика ва бошқа турдаги ҳисоботларни интерактив расмийлаштириш ва тақдим этиш; солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни, коммунал тўловларни, лицензия ва рухсат этиш характерига эга ҳужжатлар бўйича кўриб чиқишда ва уларни олишда тўланадиган йиғимларни ва давлат божларини Интернет-банкинг тизими орқали тўлаш; маълумотномалар олиш ва бошқа интерактив давлат хизматларидан фойдаланиш имконига эга бўладилар.

Шунингдек, жорий йилнинг 1 июнидан бошлаб, тадбиркорлик субъектлари «бир дарча» тамойили бўйича электрон шаклда Маҳаллийлаштириш дастурига киритишга доир талабномаларини ҳамда миллий валютада бир йилгача бўлган муддатга кредит олишга доир ҳужжатларни тақдим этиш ҳу­қуқига эга бўладилар.

Тадбиркорлик субъектлари ва давлат органлари ўртаси­даги муносабатларни электрон шакл­да амалга оширишни кенг жорий этиш мақсадида барча тадбиркорлик субъектларига 2013–2020 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасининг Миллий ахборот-коммуникация тизимини ривожлантиришнинг комплекс дастури доирасида ишлаб чиқилаётган ахборот тизимларидан бепул фойдаланиш имконияти яратилади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган юқо­ридаги қонун ҳужжатлари тадбиркорлик фаолиятининг эркинлигини кафолатлайдиган, иқтисодий ўсишни таъминлайдиган ва пировардида, халқ даромадларини ошириш учун муҳим омил бўладиган ҳужжатлар эканлигига шубҳа йўқ.

 

Маъруф УСМАНОВ
ёзиб олди.

Прочитано: 5203 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика