Пойтахтимизда «Давлат мулкини бошқариш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини янада такомиллаштиришга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. У Президентимиз Ислом Каримов томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясига мувофиқ ишлаб чиқилган.
Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг ўринбосари У.Турдиев, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси аъзоси М.Турсунов ва бошқалар мустақиллик йилларида давлат мулкини самарали бошқариш масалаларини тартибга солувчи етарли меъёрий-ҳуқуқий база шакллантирилганини таъкидлади.
Давлат мулки билан боғлиқ муносабатлар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Фуқаролик, Ер, Солиқ, Уй-жой кодекслари, «Ўзбекистон Республикасида мулкчилик тўғрисида», «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида», «Ижара тўғрисида»ги қонунлар ва бошқа ҳужжатлар билан тартибга солинади.
Амалдаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда давлат мулки ижтимоий эҳтиёжларни таъминлашга йўналтирилган оммавий мулк сифатида таърифланган. Бироқ давлат мулки сақланишини кафолатловчи, уни самарали бошқаришнинг, тасарруф этишнинг, шунингдек, давлатнинг мустақиллигини, хавфсизлигини ва мудофаа қобилиятини таъминлаш учун хусусий мулкнинг давлат томонидан харид қилинишини тартибга солувчи аниқ ва ягона меъёр белгиланмаган.
Шу боис давлат мулкини бошқариш соҳасида айрим муаммолар йўқ эмас. Бундан ташқари, хорижда жойлашган мулкларни бошқариш механизмига, давлатнинг хўжалик жамиятлари, хўжалик бошқарув органларидаги ҳуқуқларига нисбатан давлат мулки ҳисоби ва уни ҳуқуқий таснифлаш имконияти йўқ.
Шуларни ҳисобга олиб, қонун лойиҳасида давлат мулкини, унга бўлган ҳуқуқларни давлат харид қилиб олган вақтдан бошлаб уларнинг тугатилгунга қадар бошқариш тизимини яратишга эътибор қаратилган. Жумладан, давлат мулкини бошқаришни амалга оширувчи давлат органларининг ваколатларини чегаралаш, давлатнинг давлат мулкини бошқариш соҳасида олиб бораётган сиёсати учун жавобгарлигини ошириш, шунингдек, давлат акция пакетларини корпоратив бошқаришнинг ҳуқуқий асослари, давлат мулки субъектларининг ўзаро муносабатлари, давлат мулкидан самарали фойдаланиш ва унинг сақланишини таъминлаш бўйича жавобгарлик белгиланган.
Давра суҳбатида депутатлар, Давлат рақобат қўмитаси масъул ходимлари, ОАВ вакиллари иштирок этишди.
ЎзА материаллари асосида тайёрланди.