Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитасида «Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсати асослари тўғрисида»ги қонуннинг Навоий вилоятидаги ижроси юзасидан ўтказилган назорат-таҳлил якунларига бағишланган кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси А.Саидов ва бошқалар ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг ҳар жиҳатдан соғлом ва баркамол инсонлар бўлиб вояга етиши йўлида ғамхўрлик кўрсатиш Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг пировард мақсадини ташкил этишини таъкидлади.
«Соғлом бола йили» Давлат дастури ва Президентимизнинг 2014 йил 6 февралда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ёшлар таълим-тарбияси, уларнинг касб-ҳунар эгаллаши, эзгу орзу-мақсадларини юзага чиқаришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Навоий вилоятида бугунги кунда 14-30 ёшда бўлган йигит-қизлар 309 минг нафардан ортиқни ташкил этади. Мамлакатимизнинг барча ҳудудида бўлгани каби вилоятда турли миллат ва элат вакиллари ягона оила фарзандларидек аҳил истиқомат қилишмоқда.
Вилоятда 114 мактабгача таълим муассасаси, 355 умумтаълим мактаби, 4 академик лицей ва 47 касб-ҳунар коллежи, 2 олий ўқув юрти фаолият юритмоқда. Мавжуд 15 болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, 10 «Баркамол авлод» болалар маркази, 9 болалар мусиқа ва санъат мактабидаги тўгаракларга 18,5 минг нафарга яқин ўқувчи жалб этилган. Спорт мактаблари ва қўшимча ташкил этилган спорт секцияларида жами 83 минг нафардан ортиқ ўғил-қиз спортнинг 20 дан ортиқ тури билан шуғулланмоқда.
Айни пайтда вилоятда фаолияти ёшлар билан боғлиқ 36 нодавлат нотижорат ташкилоти мавжуд бўлиб, улар илмий-техникавий, ижодий-ижтимоий, маданият ва спорт соҳаларида самарали иш олиб бормоқда. Мазкур жамоат ташкилотларининг энг йириги бўлган «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати Навоий вилояти кенгаши, унинг барча туман ва шаҳар бўлимлари ёшларга оид давлат сиёсати юзасидан қатор амалий чора-тадбирлар, ижтимоий лойиҳаларни ҳаётга жорий этмоқда. Йигит-қизларнинг ижодий-интеллектуал салоҳиятини юксалтириш мақсадида барпо этилган «Ёшлар маркази» биносидаги рассомлик, чет тиллари, чеварлик, кулолчилик, дизайн, компьютер саводхонлиги каби тўгаракларга вилоятнинг барча туманларидан, узоқ қишлоқларидан ҳам ёшларнинг қатнаши йўлга қўйилган.
Йиғилишда «Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсати асослари тўғрисида»ги қонуннинг моҳиятини вилоятдаги барча идора ва ташкилотлар мутасаддиларига етказиш, интернет хизматлари кўрсатиш билан шуғулланувчи айрим хўжалик юритувчи субъектлар ишини тартибга солиш, вилоят ахборот-ресурс маркази ва унинг филиалларини адабиётлар билан бойитиш, битирувчиларнинг ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлашишига кўмаклашиш юзасидан айрим ечимини кутаётган масалалар мавжудлиги қайд этилди. Ушбу масалалар юзасидан амалий таклиф ва тавсиялар билдирилди.
ЎзА материаллари асосида тайёрланди.