Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2014 год / № 18 / Иш изловчига ёрдам

Ишга жойлашиш: синов суҳбатининг сирлари

Иш излаш бўш иш ўринлари тўғрисидаги эълонларни кўздан кечиришдан бошланади. Биз бундай эълонларни қандай қилиб тўғри тайёрлаш мумкинлиги ҳақида илгари ёзган эдик*. Бугун гап суҳбатлашувнинг муваффақиятли ўтиши ҳақида боради. Мухбиримизнинг тажрибали HR-менежер Раъно ТОЛИПОВА билан суҳбати шу хусусда бўлди.  

 

– Раънохон, суҳбатга так­лиф этишган бўлса, унга тайёргарлик кўриш зарурми?

 

– Энг аввало, суҳбатлашув ўтадиган компания тўғрисида, хусусан унинг фаолият соҳаси, бозордаги мавқеи, матлаби ҳақида ахборот тўплашни тавсия этган бўлур эдим. Ана шуларни билиб олган талабгор суҳбатлашув асносида ўзини қандай тутишни аниқ тасаввур этиши мумкин. В2В соҳасида (ингл. business to business – бизнес учун бизнес демак) фаолият олиб борувчи компанияга савдо-сотиқ бўйича менежерлик лавозимига кириш ниятингиз бор дейлик. Мақсадингиз ўзингизни юридик шахслар, тадбиркорлар, топ-менежерлар билан тил топишиб, ўзаро ҳамкорлик қилишга моҳир мутахассис қилиб кўрсатиш, қо­лаверса, бошқа ташкилотлар билан алоқаларингиз борлигини билдириб қўйишдир. Ёки илгари хизмат кўрсатиш соҳасида ишлаган Сиздек билимдон маркетологга ишлаб чиқаришдаги ишни таклиф этишмоқда. Зўр мутахассис бўлган тақдирингизда ҳам ишлаб чиқаришнинг ўзига хос жиҳатлари, икир-чикирларини билмай туриб, бу жабҳада ишлаш сизга осон бўлмайди. Шундай вазиятларда талабгор мазкур йўналишдаги билимини имкон қадар бойитиши, тўл­дириши ёки ўзига ёт бўлган жабҳага қадам қўйиш қанчалик ўринли эканлиги ҳақида яхшилаб ўйлаб кўриши керак. Ҳар қандай ҳолатда компания тўғ­рисида олдиндан ахборотга эга бўлган маъқул.

– Бундай маълумотларни қаер­дан излаган яхши?

– Матбуотдан, Интернетдан қи­дириш, таниш-билишлардан сўраб-суриштириш мумкин. Бир танишим суҳбатлашувга таклиф олгач, уни суҳбатлашувга так­лиф этган компанияга мижоз сифатида бориб кўрган. Шу зайил ўзи учун кўпгина фойдали ахборотлардан воқиф бўлган. Натижада у айни шу ташкилотга ишга олинган. Тўғри, ахборотни ҳамиша ҳам шу йўсинда олишга муваффақ бўлинади, деб бўлмайди. Лекин қўл қовуштириб ўтиргандан кўра, шу тахлит ҳаракат қилиб кўриш барибир ёмон эмас.

– Менга маълум бўлишича, дресс-код ҳам жуда муҳим экан?

– Ҳа, жуда муҳим. Халқимизда е тўним деган ибора бор. Одам­нинг кийинишига қараб муомала қилишга одатланиб қол­ганлар кўп. Иқтидорингиз  ақл-заковатингиз қандай таассурот қолдирганлиги эса хайрлашаётганда аён бў­лади. Уст-боши ўзига ярашган, озода, дазмолланган суҳбатдош билан мусоҳаба яхши бошланади. Ҳаддан ташқари очиқ, калта юбка ёки кўйлак кийиб боришга эҳтиёт бўлинг. Мабодо, компанияда ишбилармонларга хос кийим-бош урф бўлмаган бўлса ҳам, барибир расмийроқ кийинишга ҳаракат қилинг. Бўян-сўян масаласига келганда, пардозингиз бўёғи ёрқин бўлмасин. Соч турмаги эътиборни торт­майдиган бўлсин. Ўта хушбўй атир ишлатмаган маъқул. Сақич чайнаш одатингизни ҳам уну­тинг. Буларнинг ҳаммаси, гарчи профессионал нуқтаи назаридан улар кутганидек мутахассис бўл­ган тақдирингизда ҳам, сиз ҳақингизда ёмон тасаввур қолди­ради.

– Суҳбатлашув вақтида одам ўзини қандай тутиши лозим? Бу борада бирон-бир аниқ тавсиялар борми?

– Бу борада ҳаммага мос маслаҳатни ҳеч бир одамдан ололмайсиз. Кўп нарса вазиятга, компанияга, мансаб-лавозимга боғлиқ. Шунга қарамай, ҳар қандай суҳбатлашув асносида риоя этиш зарур бўлган муайян хулқ-атвор нормалари мавжуд. Хусусан:

билимдонлик билан, кўча ва бозор сўзларини ишлатмаган ҳолда суҳбатлашмоқ керак;

илгари ишлаган жойдаги раҳбариятни, ҳамкасабаларни танқид қилмаслик даркор;

майингина жилмайиб, хушмуомалалик билан сўзлашиш лозим;

суҳбатдошнинг сўзларини бў­либ қўймаслик зарур, негаки суҳ­батлашувда саволларни у бермоғи керак;

имкон қадар хушмуомала бў­лиш, хис-ҳаяжонга берилмаслик даркор.

Ҳар қандай саволга хотиржам муносабат кўрсатинг, савол сизни қизиқтирмаётгани ёки жиғингизга тегаётганини сездирманг. Ўзини билган суҳбатдош нималарни гапираётганингизгагина эмас, уларни қай йўсинда гапираётганингизга ҳам эътибор қилади.

– Тузоқ йўсинидаги саволлар ҳам учрайдими?

– Шак-шубҳасиз. Бунақа саволлар сирасига турмушингиз, болаларингиз ҳақидаги саволлар киради. Ёлғиз бўлсангиз оила қуриш, фарзандли бўлиш ниятингиз бор-йўқлигини суриштирадилар. Ҳадемай она бўлиш бахтига мушарраф бў­лишингизни эътироф этсангиз, мўлжаллаётган ишга эга бў­лишингиз даргумон. Кўпгина иш берувчилар узатилиш арафасидаги қизларни ёки ҳозирча фарзанди йўқ оилали аёлларни ишга олишдан чўчийдилар. Дек­рет таътили, тўловлари нуқтаи назаридан униси ҳам, буниси ҳам иш берувчи учун номақбул туюлади. Ишга жойлашиш ҳа­ракатига киришган чоғингизда буни сира унутманг.

Одамни доғда қолдирадиган яна бир савол чекиш билан боғлиқ. Мабодо сиздан чекасизми, кунни сигаретасиз тасаввур этмайдиган кашандаларданмисиз деб сўраб қолишса, очиқ жавоб беришдан қочиш зарур. Иш берувчи учун чекувчи одам фойдали саналмайди. Аммо шахсан мен буни одамнинг қусури деб билмайман.

– Суҳбатлашувнинг энг но­қулай пайти иш ҳақи масаласини муҳокама этиш деб эшитганман. Бундай вазиятда одам ўзини қандай тутгани дуруст, деб ҳисоблайсиз?

– Дарҳақиқат, ишга талабгор­ларнинг деярли барчаси суҳбат­лашув асносида иш ҳақи миқ­дорини муҳокама қилиш фурсати келганда ҳижолатга тушадилар. Кўпчилик менга муайян суммани таклиф этишади деб кутади. Бироқ суҳбатлашувда кўпинча талабгордан маошингиз қандай бўлишини чамалаётирсиз, аниқ суммани айтаверинг деб сўраб қолишади. Мен аслида юқорироқ маошга лойиқ бўлгани ҳолда камроқ миқдордаги иш ҳақини айтиб юборган одамларни биламан. Шу сабабли, бир неча маслаҳат берган бўлур эдим. Энг аввало, шуни билиш зарурки, иш ҳақини муҳокама этиш ҳар қандай талабгорнинг ҳуқуқи бўлгани сабабли ҳам амалда ҳар бир суҳбатлашув бу жиҳатни ўз ичига олади. Шундай экан, номзод бу масалада бир оз муддат камтарликни йиғиштириб қўйиб мўлжалидагини айтиши керак. Сумма қанча бўлишини айтиш ҳам муҳимдир. Компания тўғрисида ахборот изланаётганда ташкилотларнинг рақобат муҳитини ҳам кўриб қўйиш керак. Рақобатчи компанияларда айни шу ва шунга ўхшаш лавозимлардаги мутахассислар қанча иш ҳақи олаётганлигини аниқлаш айни муддаодир. Ишга жойлашув билан боғлиқ сайтларга кириб кўриш, ошна-оғайнилар, таниш-билишлардан суриштириб кўриш керак. Ҳар бир ходим ўзининг «баҳоси»ни олдиндан белгилаб олмоғи зарур. Табиийки, бунда тажриба, билим, маҳоратдан келиб чиқиб баҳони холисона тарзда белгилаш лозим. Йирик лойиҳаларда иштирок этганлик, профессионал сертификатлар, иш асносида орттирилган мижозлар доираси, бошқарув фаолияти тажрибаси, қўшимча профил маълумотлар, тавсияномалар ходим сифатида «баҳоингиз»ни оширади. Энг муҳими, тарозу палласига тошни ортиқча қўйиб юбормаслик, ва ишга ёллаётганни чўчитиб юборадиган суммани айтиб юбормаслик керак.

– Талабгорнинг ўзи ҳам саволлар бериши мумкинми? Агар шундай бўлса, унинг қандай саволлар бериши ўрин­лидир?

– Ҳа, талабгорнинг ҳам савол бериши ўринли ҳисобланади. Ҳар қандай билимдон, тажрибали суҳбатдош ўзини қизиқтирган ҳамма нарсани билиб олгач, талабгордан саволлари бор-йўқлигини сўраши шарт. Дилингизда таклифни қабул қилишга рози бўлган тақдирингизда ҳам, қизиқаётган саволларни сў­рашдан тортинманг. Табиийки, саволлар мавзу доирасида, бинобарин ташкилотнинг ўт­миши, фаолияти, иш тартиби, мўлжалланаётган лавозимга тааллуқли мажбуриятлар, синов муддати, иш ҳақи билан боғлиқ, ижтимоий йўналишдаги саволлар бўлмоғи керак. Энг муҳими шуни унутмаслик керакки, мазкур суҳбатлашув иш берувчи сиз ҳақингизда кўпроқ нарсани билиши ва сизни ишга қабул қилиши учунгина эмас, балки сиз учун бу иш, бу компания мос, қизиқарли эканлигига ишонч ҳосил қилиш учун ҳам керакдир. Таассуфки, бугунги кунда кўпгина талабгорлар буни унутиб қўйишмоқда ва пировард оқибатда ўзларига ёқмайдиган, дидларига ўтиришмайдиган иш­га киришга розилик бериб қўй­моқдалар.

– Иш берувчига маъқул келганлигингизни ва сизни ишга таклиф этажакларини билса бўладими?

– Бу осон эмас. Суҳбатлашув асносида кўпинча суҳбатдош одоб қоидаларини сақлаб, суҳбатни очиқ чеҳра билан олиб боради ва сиз билан боғланишга ваъда беради. Бўш ўринга одам олиш жуда зарур эканлиги боис, суҳ­батлашувнинг ўзидаёқ сизга ижобий жавоб берадиган ҳоллар ҳам бўлади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам руҳни туширмаслик ва ўзига бўлган ишончни йўқотмаслик керак.

 

*«Бир оғиз жумладан мутахассиснинг кимлиги маълум» («Норма масла­ҳатчи»нинг 25.03.2014 йилдаги 12 (453)-сони).

 

Суҳбатдош:

Наталья СПИРИДОНОВА,

мухбиримиз.

Прочитано: 3246 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика