Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2014 год / № 18 / Кўргазмали семинар

Тадбиркорлар ва инвесторлар учун янги имкониятлар

Президентимиз Ислом Каримов томонидан белгилаб берилган иқтисодиётимизнинг 2014 йилга мўлжалланган асосий вазифа ва устувор йўналишлари аввало соҳанинг юқори суръатлар билан ўсишини таъминлаш, шу мақсадда мавжуд ресурс ва имкониятларни сафарбар этишни давом эттиришга қаратилган.

 

Буни амалда таъминлаш натижасида мамлакатимизда жорий йилнинг биринчи чорагида саноат маҳсулотлари ишлаб чи­қариш 8,9 фоиз, жумладан, истеъмол товарлари тайёрлаш 12,8 фоиз ўсди. Саноат ишлаб чиқаришининг умумий ҳажмида истеъмол товарлари улуши 34,4 фоизни ташкил қилди. Бунда тадбиркорлик субъектларининг алоҳида ўрни ва салмоқли улуши бор.

Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 7 апрелда қабул қилинган  «Ўз­бекистон Республикасида ин­вестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қў­шим­ча чо­ра-тадбирлар тўғри­сида»ги Фармони бу борадаги ишларни янада ривожлантиришга хизмат қилади.

«Ўзэкспомарказ»да бўлиб ўт­ган кўр­газмали семинар мазкур ҳуж­жат мазмун-моҳияти ва унинг ижросини таъминлаш масалаларига бағишланди. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қў­митаси томонидан ташкил этил­ган тадбирда Ўзбекистон Респуб­ликаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, Адлия, Молия вазирликлари, Божхона, Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмиталари, Марказий банк, Савдо-саноат палатаси ҳамда бошқа мутасадди вазирлик, идо­ралар масъул ходимлари, Тош­кент шаҳри ва вилоятида фао­лият юритаётган тадбиркорлик субъектлари, хорижий инвесторлар иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Дав­лат солиқ қўмитаси раиси Б.Пар­пиев ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда қулай ишбилармонлик муҳити яратилиб, тадбиркорлик фаолиятини юритиш шарт-шароитлари тобора яхшиланаётганини таъкидлади. Бу иқтисодиётимиз изчил ривожи ва аҳоли фаровонлигини таъминлашда муҳим ўрин тутмоқда.

Тадбиркорлик субъектларига берилаётган солиқ енгилликлари уларнинг ривожланиши ва ишлаб чиқариш ҳажмини тобора оширишига замин яратмоқда. 2014 йил биринчи чораги якунига кўра яратилган солиқ имтиёзларидан 34 мингдан ортиқ корхона фойдаланган. Натижада улар 2,4 триллион сўм маблағини ўз ҳисобида қолдириш имконига эга бўлган.

Президентимизнинг юқорида номи қайд этилган Фармонига кўра вазирликлар, давлат қў­миталари, идоралар, акциядорлик компаниялари, уюшмалар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари зиммасига ўзларининг расмий веб-сайтларида тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро муносабатлар масалаларини тар­тибга солувчи ахборотларни жой­лаштириш ва уларни доимий ра­вишда янгилаб бориш вазифаси юклатилган. Бу тадбиркорлик субъектларига ке­ракли барча маълумотларни тегишли ташкилотнинг расмий веб-сайтидан тезкорлик билан олишга ва ўз фаолиятида фойдаланишга кў­мак­лашади.

Фармонга муво­фиқ солиқлар ва бошқа мажбурий тў­ловларни ўз вақ­тида тўлаб келаётган, ишлаб чи­қа­риш суръатла­рининг бар­қарор ўсиши ва рентабеллигини таъминлаётган кичик тадбиркорлик субъектларининг мо­лия-хўжалик фаолиятини со­лиқ соҳасида текширишни та­қиқлаш бўйича мораторий муд­дати 2017 йил 1 январга қа­дар узайтирилди. Яъни, ушбу субъектларда 2017 йилнинг 1 январига қадар текшириш ўтка­зилмайди. Юридик шахсларни тугатиш чоғида қўзғатилган жиноий ишлар доирасида, шунингдек, бюджет ҳамда марказлаштирилган маблағлар ва ресурслардан фойдаланиш билан боғлиқ режадан ташқари текширишлар бундан мустасно.

Яна бир муҳим янгилик: 2014 йил 1 июлдан бошлаб кўп меҳнат талаб қиладиган тармоқлар – қурилиш материаллари, озиқ-овқат ва енгил саноатда фаолият юритадиган кичик корхоналар ходимларининг чекланган ўртача йиллик сони 100 нафардан 200 нафаргача оширилиши белгилаб қўйилди.

Кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан давлат бюджетига уларнинг ҳисобварақ­ларидан солиқларни ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашда банклар хизматлари учун тўловлар ундириш амалиёти бекор қилинди.

Бундан ташқари, илгари хўжа­лик юритувчи субъектларнинг солиқ, молиявий ҳисобот­ларини тақдим этмаслик ва уларнинг кўрсатилган манзилда йўқлиги ҳолатларида тижорат банкларидаги ҳисобварақлари бўйича операциялар бевосита давлат солиқ хизмати органлари томонидан тўхтатиб турилган бўлса, эндиликда буни фақат суд қарори асосида амалга оширилиши белгилаб қўйилди. Бу тадбиркорлик субъектларига нисбатан таъсир чорасини камайтириш ва уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган.

Фармонга асосан инвестиция ва ишбилармонлик муҳи­тини янада яхшилаш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни рағбатлантириш мақсадида 2014–2015 йилларда инвес­тиция ва ишбилармонлик му­ҳитини янада яхшилаш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни рағбатлантириш самарадорлигини оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Унга асосан ягона ер солиғининг тўлов муддатларини 3 мартадан 2 мартага қисқартириш юзасидан қонунчиликка ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш белгиланди. Жорий йилнинг 2-чорагида амалдаги қонунчиликка электрон рақамли имзо калити сертификатининг амал қилиш муддатини 12 ойдан 24 ойгача узайтиришга доир ўзгартириш киритилиши назарда тутилган.

Президентимизнинг шу йил 15 апрелда қабул қилинган «Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ва давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ тартиботларни янада такомиллаштириш чо­ра-тадбирлари тўғ­рисида»ги қа­рори ҳам тадбиркорлик су­бъ­ектлари учун янада қу­лай шарт-шароитлар яратди. Қарорга асосан 2014 йил 1 июндан бошлаб тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги лицензияланадиган фаолиятнинг ва рухсат этиш характерига эга ҳужжатларнинг алоҳида турлари бекор қилинади. Тартиботларни расмийлаштиришнинг муддатлари ва йиғимлари миқдори қисқартирилади. Рухсат этиш характерига эга ҳуж­жат­ларни ва лицензияларни олиш тартиботлари янада соддалаштирилади.

Тегишли органларга 2015 йил 1 январгача бўлган муддатда лицензияланадиган 19 фаолият турига «бир дарча» тамойилини жорий этиш юклатилди. Жорий йил охиригача тадбиркорлик субъектлари томонидан лицензия келишувлари шартларини бажариш бўйича даврий ҳисоботларни электрон шаклда тақдим этиб бориш учун дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш вазифаси юклатилган. Бундан ташқари, 2014 йил 1 октябрдан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг Интерактив давлат хизматлари ягона порталида молия, солиқ, статистика ва бошқа турдаги ҳисоботлар электрон тарзда расмийлаштирилади. Солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни, коммунал тўловларни лицензия ва рухсат этиш характерига эга ҳужжатлар бўйича кўриб чиқишда ва уларни олишда тўланадиган йиғимлар ва давлат божлари интернет-банкинг тизими орқали тўланади. Маълумотномалар олиш ва бошқа интерактив давлат хизматларидан фойдаланишни амалга ошириш имконини берадиган шахсий «тадбиркорлик субъектининг кабинети» ишлаши таъминланади. Ушбу чора-тадбирлар натижасида тадбиркорлик субъектлари интернет орқали ҳисоб-китобларни амалга ошириш, ўзларига тегишли маълумотларни электрон шаклда олиш имкониятига эга бўлади.

Кўргазмали семинарда тадбиркорлик субъектлари томонидан берилган саволларга мутасаддилар батафсил жавоб қайтарди.

 

ЎзА материали асосида.

Прочитано: 1725 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2018 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика