Корхоналарни фош бўлгунига қадар мулкдорга баъзан тузатиб бўлмайдиган, уни батамом хароб қиладиган тарзда зарар етказиб улгурадиган фирибгарлар кириб олиб танда қўйишидан қандай ҳимоя қилиш керак?
Бунақа воқеаларни муҳокамага олиб чиқиш таомилга айланмаган. Қолаверса уларнинг мазмун-моҳияти жуда жўн. Биринчидан, корхонадаги ҳисоб ва назорат тизимида нуқсонлар борлигини қайси менежмент тан олишни истайди дейсиз. Иккинчидан, корпоратив ўзандаги бу муаммони ички аудит сифатига етарлича эътибор қилинса, ташқарига овоз қилмай туриб ҳам ҳал этса бўлади, муаммонинг кўпчиликка ёйилиб, овоза бўлиб кетиши эса обрў-эътиборга тасаввур этиб бўлмайдиган даражада таъсир қилиши мумкин. Учинчидан, таваккалчилик асосида иш тутмай туриб бизнес билан шуғулланиб бўлмайди, ҳамонки тадбиркор таҳдид ва таҳликаларни имкон қадар камайтира олмаган экан, бунга ўзи айбдор, демак хатолик учун ўзи жавоб бермоғи лозим.
Аммо бу ҳақиқат мезон каттароқ олинса, фақат кичик бизнесга тўғри келиши мумкин. Тўғри, кейинги йилларда кичик бизнес ўзини анча ўнглаб, йириклаша бошлади. Илгарилари унинг жамоасидагилар 50 кишидан ошмасди. Одам қанча кам бўлса, ҳаммасини қўлда тутиб туриш, бошқариш осон кечади, корхонага суқилиб кирган доғули кимсаларни тезкорлик билан аниқлаш мумкин бўлади.
Эндиликда миқдор бобидаги ценз анча ошди. Кичик бизнес ўрта бизнесга «чегарадош зона»дан жой олган тўлақонли жамоага айланди ҳисоб. Демак, назорат тизими мураккаблашиб бормоқда ва такомиллаштиришга муҳтождир.
Гап шуъба корхоналари ҳам бўлган йирик корхоналар хусусида борганда, айтиш жоизки, уларнинг иқтисодий хавфсизлиги эндиликда ички корпоратив иш доирасига сиғмай қолди. Уларга маҳсулот етказиб берувчилар, улар билан доимий мулоқотдаги истеъмолчилар кўп, ҳаммасининг ўз ишлаб чиқариш режаси бор. Ана шу ўзаро боғланган муносабатларда бирлашманинг муваффақиятли ва барқарор иши энг юқори даражадаги иштирокчи фаолияти соз йўлга қўйилганлиги билан белгиланади.
Хўжалик фаолияти билан шуғулланувчи субъектларнинг иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш зарурияти юзага келмоқда. Бизнес қанча йириклашиб боргани сари бу мавзу унинг мулкдорлари учун шунчалик долзарблик касб этади. Ана шу соҳадаги воситаларнинг амалда бутун жамламаси ҳозирча корпоратив қоидалару мажбурий ички аудитдан иборат, холос. Биздаги муҳитда бу қанчалик самарали эканлиги хусусида бир нарса дейиш қийин. Негаки турли амалиётларни умумлаштирувчи ахборотлар йўқ.
Бироқ «маълумотлар базаси» деса арзигулик бошқа йўсиндаги, яъни судлов билан боғлиқ ахборотлар мавжуд. Унинг материаллари идоранинг ички қоидалари ва аудитга нисбатан юзаки, хўжакўрсин қабилидаги муносабатлар замирида иқтисодий хавфсизлик нормаларига нописандлик билан қараш ётганлигини, бу нарса охир-оқибат миллион-миллион зарар кўришда мужассам топиши мумкинлигини кўрсатмоқда.
Шахсий кузатувларимга қараганда кўпинча банклар таҳдид, таҳлика ва таваккалчилик зонасига тушиб қолмоқдалар. Пул уюлиб ётадиган муассасаларда эса фирибгарлар фурсатни бой бермасликка ҳаракат қилиши шубҳасиздир. Энг қизиғи, уларнинг ҳамласига молия бозорининг ҳимояланганлик бобида камчилиги бўлмаган объектлар ҳам рўбарў бўладилар.
Банкларнинг молия-хўжалик фаолияти беш йилда камида бир мартадан кўп бўлмаган ҳолда режа асосида текширилиши жоизлигига (Назорат қилувчи органлар томонидан ўтказиладиган, тадбиркорлик субъектлари – юридик шахслар фаолиятини текширишларни мувофиқлаштириш тартиби тўғрисида низомнинг1 10-банди) қарамай, уларнинг фаолиятини назорат қилувчи асосий орган – Марказий банк кредит муассасаларини ҳар бир банк операциясини кузатиб бориш имкониятини берадиган нормативлар билан «тўйинтириб ташлади». Банк соҳасидаги вазиятни мониторинг қилиш борасида унинг имкониятлари чексиздир. Афтидан, банклар ҳар кунги балансни ҳар куни чиқариши шарт бўлган мамлакатимиздаги ягона хўжалик юритувчи субъектлар бўлса керак.
Гап уйда ўтириб олиб, кўк чой ҳўплаган ҳолда банкларнинг рухсат этилмаган тарзда унга кириш ва фойдаланишдан муҳофаза этувчи электрон ҳимояни бузиб, кредит муассасаси мижозлари ҳисобварақларини тийин-тийинигача шилиб олаётган айёр хакерлар ҳақида бораётгани йўқ. Сўз юритилаётган ҳолат нисбатан жўндир. Фирибгар банк бўлимига ишга жойлашиб олиб, маълум вақтга қадар жазосиз ўз қилмишини давом эттираверади. «Банкир ва унинг ҳамтовоқлари» деган мақоламизда («Норма маслаҳатчи»нинг 18.02.2014 йилдаги 7 (448)-сони) айни шу йўсиндаги ўғирликлар, банкларга етказилаётган зарарлар ҳақида сўз юритилган эди. Газетамиз тахламларини варақлаб, банк ходимлари билан боғлиқ жиноий ишлар иштирокчилари ўз суиистеъмолликлари билан кредит муассасаларига ҳам, уларнинг мижозларига ҳам зарар келтираётганлигига оид талайгина суд материалларини топиш мумкин.
Кишини ҳам ажаблантирадиган, ҳам ранжитадиган нарса илгари судланган фирибгарларнинг банкларга шунчаки суқилиб кириб олганлиги эмас, балки уларда раҳбарлик лавозимларини эгаллаб олиб, ёнларига ўтмиши жиноят билан боғлиқ ҳамтовоқларини ишга олаётганлигидадир. Жорий йилнинг бошларида жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди пойтахтдаги кредит муассасаларидан бирининг минтақавий бўлинмасини «қўлбола», «чўнтак» банкига айлантириб олган раҳбар ҳамда унинг шериклари томонидан содир этилган шундай қилмишни кўриб чиқди. Улар ўз фаолиятларининг «авжи гуллаган» даври – 2011–2013 йилларда банк ғазнасидан қарийб 5,3 млрд сўм ўмарганлар.
Бахтиёр Ибрагимов (мақолада барча исм-шариф ва фамилиялар ўзгартирилган) кимнинг паноҳида банк минтақавий бўлинмасининг бошқарувчилиги лавозимини эгаллаганлиги номаълум. Унинг молия бозори иши ва банк бизнесининг ўзига хос хусусиятларидан қанчалик билимдон эканлиги ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Аммо унинг иқтисодиёт соҳасида жиноий тажрибага эга эканлиги маълуму машҳур эди. 2004 йили уни Бухорода Жиноят кодексининг «Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш» деб номланган 167, «Солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш» деб номланган 184 ҳамда «Савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш» деб номланган 189-моддалари билан айбдор деб топиб, тегишли жазога ҳукм этдилар. У амнистия таъсир доирасига тушиб, жазони тўлиқ ўташдан қутулиб қолди. Орадан икки йил ўтиб, яна Навоий шаҳрида хизмат пиллапояларидан кўтарила борди, шу аснода қилган қилмишидан осон қутулиб қолди ҳам. Жиноят ишлари бўйича маҳаллий шаҳар суди уни «Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш» деб номланган 205 ва «Ҳокимият ҳаракатсизлиги» деб номланган 208-модда бўйича айбдор деб топиб, 470 000 сўм жаримага ҳукм этди.
Янги раҳбар қўл остидаги ходимларни танлашда ҳар хил мезонларга амал қилиши, кадрлар таркибини янгилаб, жамоада ўзгаришлар қилиши мумкин. Пировард натижада эса бундай ишлар оқибатида ҳамфикрларнинг яхлит бир жамоаси тажассум топади. Ибрагимов анъанани бузмади, унинг кўмагида банкдаги бош бухгалтерлик лавозими бир пайтлар Бухорода бирга жиноятчилик қилган Толиб Суюновга тегди. Бош бухгалтернинг жиноят бобидаги тажрибаси бошқарувчиникидан қолишмасди. Бу борада у ҳатто ўз бошлиғидан озгина бўлса ҳам ўзиб кетди. Уни 2009 йили Жиноят кодексининг 167-моддаси билан айбдор деб топдилар. Амнистия туфайли у ҳам жазодан қутулиб қолди.
Меҳр-мурувватга тўла давлат ҳужжати кимларнидир яхшилаб ўйлаб кўриш ва ҳақ йўлга ўтишга ундайди. Суюнов эса амнистияни бошқача тушунадиганлар тоифасидан. Унинг шарофатидан баҳраманд бўлгач, яна эски қилиғини бошлади. Бир суднинг ҳукми таъсир доирасидан қутулиб, иккинчисига рўбарў бўлишига йилнинг бир чораги етиб ортди. Ўша йилнинг декабрида жиноят ишлари бўйича Томди туман суди уни Жиноят кодексининг 189 ва 205-моддалари, «Фаолият билан лицензиясиз шуғулланиш» деб номланган 190, «Мансаб сохтакорлиги» деб номланган 209, «Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш» деб номланган 227-моддалари билан айбдор деб топди. Буни қарангки, Суюновнинг яна омади чопди. Қонунга хилоф қилмишларининг бутун «жамламаси» учун... бир йил муддатга ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинди.
Аросатда қолиш ҳеч кимга кўргулик қилмасин экан. Банк бошқарувчисининг ўринбосари Азиз Тўхташев бир жуфт рецидивистнинг «дўстона» қучоғига тушиб қолиб, уларнинг таъсирига дош беролмади. Натижада жиноятчилар тандеми жиноятчилар триосига айланди-қўйди.
Банк жамоасига омад кулиб боқмаганлиги рост. Қонунга хилоф фаолиятга жалб қилинган кишиларга ачинасан, холос. Тўғри, айтайлик, биргина кассир Хосият Аҳмедова бундай қилиш мумкин эмас деб айтиши мумкин эди. Аммо, қўл остидаги ходимни қоидани бузишга мажбурлаётган бошлиққа рад эта оладиган мардларни топиш мушкул. Марказий банкнинг минтақавий бошқармасига ишонч телефони орқали қўнғироқ қилиб, бошлиқларнинг ғайриҳуқуқий қилиқларини хабар қилиш, ҳеч бўлмаганда ишдан бўшаш ҳақида шартта ариза ёзиш мумкин эди, албатта.
Бировни ёмонотлиқ қилишдан йироқмиз, аммо фактлар анча ўжар бўлади. Бош бухгалтер Суюновдан Дилшод Тўрақулов деган фуқаро паспортининг кўчирма нусхасини олгач, Хосият барча йўл-йўриқларни бузган кўйи ҳужжатни расмийлаштириб, «ўлик жон»га 2 000 АҚШ доллари берган: Тўрақулов икки йил аввал боқий дунёга рихлат қилганлигини у туш кўрибдими? Бош бухгалтер эса уни бундан хабардор этишни лозим топмаган. Кассир Ҳалима Ортиқова худди шу йўсинда фуқаро Улуғбек Тешабоев паспортининг кўчирма нусхаси асосида ўзи кўрмаган-билмаган одам номига шунча миқдорда валюта берилишини расмийлаштирган. Ҳолбуки бу вақтда Тешабоев мамлакатимиз пойтахтидаги ҳарбий қисмлардан бирида хизматда бўлган. Бу йўсин сохтагарчиликлар конвейер мисол йўлга қўйилгач, кассир Насиба Жуманиёзова ҳам ортиқча сўраб-суриштирмай, ўша бош бухгалтернинг кўрсатмаси билан Россия фуқароси Максим Фёдоровнинг паспорти кўчирма нусхаси бўйича 8 000 АҚШ доллари берган.
Қўл қўлни билади қабилидаги бу қилмиш кассирлардан бошқаларга юқди. Конвертация қилинадиган валютани банкдан бу йўл билан олиш борасидаги фирибгарликка кредит муассасасининг шундай валюта билан боғлиқ операциялар ўтказиш билан шуғулланувчи ҳамда ана шу соҳадаги қоидаларга риоя этилишини назорат қилувчи барча ходимлари ҳам тортилди. Тегишли бўлим ходимлари кассирлардан ибрат олиб, қатъий ҳисобдаги бланкаларда ҳисоб ёзувини сохталаштирдилар ва имзоларни қалбакилаштирдилар.
Ғайриқонуний фаолиятга жалб этилган банк ходимларига нисбатан суд ҳам, айблов тарафи – прокуратура ҳам шафқатли муносабатда бўлди. Кредит муассасасининг баъзи хизматчиларига нисбатан жиноий таъқиб тергов босқичида тўхтатилди, баъзилари эса амнистиянинг таъсир доирасига тушдилар. Бунинг сабабини инсонпарварликда деб ўйламайман. Афтидан суриштирув ва тергов органлари ўмарилган валюталарнинг ақалли бир центи ҳам қоидабузарликка мажбур бўлган техник ижрочилар ҳамёнидан жой олганлигини тасдиқловчи тузукроқ далил топа олмаган кўринадилар.
«Уч оғайни» жиноятчиларнинг қилмиш доираси банкнинг ўзи билан чекланмади. Ўзлари жамғарган валютани фирибгарлар ин қуриб олган молия муассасасига ишониб омонатга қўйган омонатчиларнинг ҳисобварақларидаги валюта маблағларини ҳам ўша жинояткорона журъат билан ўзлаштиришга тушдилар. Банк аллакимларнинг номига берган пулларнинг миқдори 2 000–8 000 АҚШ доллари атрофида бўлса, омонатчи жисмоний шахслар жамғармалари билан боғлиқ қинғирликларда бундай «чегара» бўлмаган. Айтайлик, Нигора Рўзметованинг валюта ҳисобварағидан 1 700, Раиса Эшонқулованикидан 10 500 ва Марзия Қиличеванинг ҳисобварағидан 31 400 АҚШ долларини «учирма қилишган».
Минтақавий бўлинмаси чув туширган омонатчиларнинг даъвоси энди марказий идора даражасида қопланмоғи лозим эканлиги аён. Суд ҳукми чиқарилган пайтда ҳар хил фоизлар ва курсдаги тафовутларни инобатга олган ҳолда банкнинг улар олдидаги қарзи нақ 425 000 АҚШ долларини ташкил этди. Бу сумма банкнинг умумий зарарлари миқдорига киритилган бўлса, ажабланарли эмас.
Шу ўринда жўяли жавоб топиш мушкул бўлган бошқа қатор саволлар кўндаланг бўлади. Барибир фош этилишини била туриб, аввалбошданоқ қинғирликка аралашиш нима учун зарур бўлиб қолди? Жиноят оламининг уч азамати қўлга тушмасдан аввал чўнтакни қаппайтириб олган пуллар билан қочиб қолишни мўлжаллаган эдими? Уларнинг ҳеч қаёққа ошиқмай, ҳамон юлиб-юлқишда давом этгани ва иш жойида қўлга олинганига қараганда уларда бундай ният бўлмаган. Эҳтимол улар яна амнистияга умид боғлаган, бу сафар ҳам унинг ёрдамига кўз тутгандирлар. Охир-оқибат арзимаган жазо муддати оламизу, озроқ муддат ўтириб озодликка чиққач, Навоий минтақасининг Монте Кристосига айланамиз деб ўйлашгандир балки. Лекин бу пуч гап. Суд Б.Ибрагимовни жазони умумий тартибли колонияда ўташ шарти билан 7 йил муддатга озодликдан маҳрум этди, Т.Суюнов ва А.Тўхташевларнинг ҳар бири 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Айбдорлар биргаликда банк омонатчиларининг қарийб 113 млн сўмлик зарарининг ўрнини қоплаб беришлари, кредит муассасасининг ўзига эса 913 млн сўм тўлашлари керак.
Банк омонатчиларида ўз жамғармаларининг қандайдир қисмини қайтариб олиш имконияти бор. Бироқ фирибгарларнинг зарар ўрнини қоплаши анча серташвиш, чиқимталаб, қолаверса умидсиз иш. Даъво талаби билан уларнинг иш берувчиси – банкка мурожаат қилиш осонроқ. Қонунларимизга кўра ўз бўлинмаси учун марказий муассаса жавоб бермоғи керак. Шу сабабли ҳам омонатчиларнинг банкка нисбатан даъволари қаноатлантирилиши эҳтимоли юқорироқ. Банк собиқ ходимларидан атиги 913 млн сўм ундириш талаби билан кифояланганлигига қараганда бошқа бой берилган суммани умидсиз деб ҳисоблаётган ва зарарни ўчириш-ҳисобдан чиқаришни ўйлаётган кўринади. Банк даъво қилаётган ўша суммани олиши ҳам даргумон. Чет эл тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, жабрланувчига энг яхши деганда бой берилган маблағлар жами ҳажмининг нари борса 10-15 фоизи қайтарилар экан. Ишонмайсизми, Медофф2 сабоқларини бир эсланг-а.
1Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи республика кенгашининг АВ томонидан 6.05.2006 йилда 1573-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.
260 млрд АҚШ доллари билан баҳоланган «аср фирибгарлиги» муаллифи, жаҳондаги энг йирик NASDAQ биржаси асосчиси, истеъдодли молиячи, америкалик Бернард Медофф назарда тутилмоқда. Унинг «фириб олами» 2008 йилги жаҳон молиявий инқирозида барбод бўлди. Суд 80 яшар Медоффни 150 йил муддатга турма қамоғига ҳукм қилди. Унинг инвестиция жамғармасига маблағ киритган инвесторлар атиги 12 млрд АҚШ долларини қайтариб олишга муваффақ бўлдилар.
Амир МАҲМУДОВ,
ўз мухбиримиз.
Навоий шаҳри.