Norma.uz

Ўзбекистонда солиқ сиёсатини либераллаштириш босқичлари

Мамлакатимизда солиқ сиёсатини либераллаштириш ҳамда солиқ исло­ҳотларини чуқурлаштириш, биринчи навбатда солиқ юкини камайтириш, солиқ солиш тизимини соддалаштириш борасида олиб борилаётган ишлар тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун рағбатлантирувчи омил бўлиб хизмат қилмоқда.

 

Айниқса жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози даврида кўпгина давлатлар ин­қирозга қарши дастурлар қабул қи­лаётган бир вақтда мамлакатимизда солиқ ставкалари нафақат оширилди, балки аксинча, кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови ставкаси камайтирилди, харидоргир бўлган истеъмол товарлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналар 5–7 йилга солиқ тўловидан озод қилинди, ишлаб чиқаришни техник ва технологик янгилайдиган, модернизация қиладиган корхоналар эса божхона тўловларидан бутунлай озод қилинди.

Бундай енгиллик ва солиқ имтиёзларини жорий этишда муҳим қонунчилик базаси яратилди. Хусусан, Президентимизнинг 2012 йил 16 июлдаги «Статистик, солиқ, молиявий ҳисоботларни, лицензияланадиган фаолият турларини ва рухсат бериш тартиб-таомилларини  тубдан қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида» ПФ-4453-сон Фармонига мувофиқ, 2013 йилнинг 1 январидан бошлаб солиқ ҳисоботлари кичик тадбиркорлик субъектлари учун 1,7 мартага, йирик корхоналар учун 2,3 мартага қисқартирилганди.

Куни кеча эса Президентнинг бу борада яна иккита муҳим ҳужжати – «Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони (7.04.2014 йилдаги ПФ-4609-сон) ва «Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ва давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ тартиботларни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори (15.04.2014 йилдаги ПҚ-2164-сон) қабул қилинди. Масалан, ПФ-4609-сон Фармонга мувофиқ, солиқларни ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлайдиган, шунингдек ишлаб чиқаришнинг барқарор ўсиш суръатларини ва рентабеллигини таъминловчи кичик тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолия­тини солиқ текширувидан ўтказишга қўл­ланилган мораторий 2017 йилнинг 1 январигача бўлган муддатгача узайтирилди (юридик шахсларни тугатишдаги, қўзғатилган жиноий ишлар доирасидаги, шунингдек бюджет ва марказлаштирилган маблағлар ва ресурсларидан фойдаланиш билан боғлиқ режадан ташқари текширувлар бундан мустасно).

ПҚ-2164-сон қарор билан бир қатор давлат органларига 2015 йилгача фаолиятнинг айрим турларини лицензиялашда «бир дарча» тамойилини қонун ҳужжатлари даражасида жорий этиш, тадбиркорлик субъектлари томонидан лицензия келишувлари шартларини бажариш бўйича даврий ҳисоботларни электрон шаклда тақдим этиб бориш учун дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш вазифаси юклатилди.

2014 йил 1 октябрдан бошлаб, Ўзбе­кистон Республикасининг Интерактив давлат хизматлари ягона порталида махсус «тадбиркорлик субъектининг кабинети» иш­лаши таъминланади. У орқали молия, со­лиқ, статистика ва бошқа турдаги ҳисо­ботларни интерактив расмийлаштириш ва тақдим этиш; солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни, коммунал тўловларни, лицензия ва рухсат этиш характерига эга ҳужжатлар бўйича кўриб чиқишда ва уларни олишда тўланадиган йиғимларни ва давлат божларини Интернет-банкинг тизими орқали тўлаш; маълумотномалар олиш ва бошқа интерактив давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятлари юзага келади. Мана бу тадбирлар республикамиз лицензиялашни ва рухсат этиш характерига эга ҳужжатларни бериш механизмларини янада соддалаштириш ва арзонлаштириш, шунингдек тадбиркорликка кўпроқ эркинлик бериш мақсадида амалга оширилаётгани ҳеч кимга сир эмас. Зеро, кичик бизнес кучли бўлса, халқ фаровонлиги шунчалик тўкин-сочин бўлади.

 

Бекзод АТАМУРОДОВ,

тадқиқотчи.

Прочитано: 2704 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика