Нима қилишга ҳайронман: Россияга учиш учун июнь ойининг бошига чипта олганман, июннинг охирида қайтаман. Бироқ чипта олишда фойдаланган паспортим эски намунада. У 2014 йил июнида Россияга учиб бориш ва қайтишимда ҳақиқий бўладими? Ёки паспортимни биометрик паспортга алмаштиришим ва унга мувофиқ чиптани қайта расмийлаштиришим керакми?
Алла Н.,
Қўйлиқ даҳасида яшовчи фуқаро.
Тошкент шаҳри.
– Президентнинг «Ўзбекистон Республикасида паспорт тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони (5.01.2011 йилдаги ПФ-4262-сон), Ўзбекистон Республикасида паспорт тизими тўғрисидаги низомга (Президентнинг 26.02.1999 йилдаги ПФ-2240-сон Фармонига 1-илова) кўра Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг амалдаги паспорти ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг шахсини тасдиқловчи гувоҳнома 2015 йил 31 декабргача ҳақиқийдир. Шу сабабли паспортингиз ҳақиқий бўлади.
Бироқ 2014 йил 1 июлдан бошлаб, Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет элга чиқиши тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорига (6.02.2014 йилдаги 24-сон) кўра ҳаво ва темир йўл транспортида чет элга чиқувчи Ўзбекистон фуқароларининг авиа- ва темир йўл чипталарини расмийлаштириш ва сотиш фақат биометрик паспортлар асосида амалга оширилади.
Ленара ХИКМАТОВА, юрист.