ВАЗИЯТ
Суд ижрочилари бўлими МЧЖдан 300 млн сўм миқдоридаги қарз суммасини ундириш тўғрисида иш қўзғатди. Сўнгра бўлим ходими МЧЖ мол-мулкини хатлади, далолатнома тузди ва унга банд солди. Мол-мулкни хатлаш пайтида МЧЖда мулк ҳуқуқида ОАЖга тегишли бўлган 100 млн сўмлик қурилиш материаллари бор эди. Кўрсатилган мол-мулк ҳам хатловга киритилди ва унга ҳам банд солинди.
Шу муносабат билан ОАЖ хўжалик судига суд ижрочисининг МЧЖ мол-мулкини хатлаш далолатномасидан ОАЖга тегишли бўлган, қабул қилиш-топшириш далолатномаси бўйича омонат сақлаш шартномаси асосида вақтинчалик сақлашга берилган қурилиш материалларини чиқариш тўғрисида даъво билан мурожаат қилди.
МЧЖ вакиллари суд мажлисига келишмади ва ишни уларнинг иштирокисиз кўришни сўрашди.
Суд ижрочилари бўлимининг вакиллари ҳам суд мажлисига келишмади.
Биринчи инстанция суди иш материалларини ўрганиб, даъвогарнинг асос-далилларини тинглаб ва муҳокама қилиб, қонун ҳужжатларининг қоидаларини таҳлил қилиб, шуларни белгилади:
Ижро ишини юритиш ва суд ижрочилари фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомнинг (адлия вазирининг АВ томонидан 29.12.2001 йилда 1091-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган) 98-бандига мувофиқ манфаатдор шахсга судга мол-мулкни хатловдан чиқариш тўғрисида даъво билан мурожаат қилиш ҳуқуқи берилган. Шу боис ОАЖнинг даъво аризаси қонуний ва у тўлиқ ҳажмда қондирилиши керак.
ШАРҲ
Фуқаролик кодекси (бундан кейин – ФК) 875-моддасининг биринчи қисмига асосан омонат сақлаш шартномаси бўйича бир тараф (омонат сақловчи) унга иккинчи тараф (юк топширувчи) берган ашёни сақлаш ва бу ашёни тўла ҳолида қайтариш мажбуриятини олади. Омонат сақлаш шартномаси ёзма шаклда тузилиши керак бўлган ҳолларда (ФКнинг 108-моддаси), агар ашёнинг сақлашга қабул қилинганлиги омонат сақловчи томонидан юк топширувчига сақлаш тилхати, паттаси, гувоҳномасини, омонат сақловчи имзолаган бошқа ҳужжатлар бериш йўли билан тасдиқланган бўлса, шартноманинг ёзма шаклига риоя қилинган ҳисобланади (ФК 877-моддасининг биринчи қисми).
Иш ҳолатларидан кўринадики, омонат сақлаш шартномаси қонуний равишда тузилган ва мол-мулк қабул қилиш-топшириш далолатномаси бўйича берилган.
«Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонуннинг (29.08.2001 йилдаги 258-II-сон) 46-моддасига мувофиқ мажбурий ижро этиш чораларидан бири бўлиб ундирувни қарздорнинг пул маблағларига ва бошқа мол-мулкига қаратиш ҳисобланади. Ундирувни қаратиш жараёнида унинг мол-мулкига банд солинади. У мол-мулк хатлови, ундан фойдаланиш тақиқланишини, зарурат бўлганда эса – мол-мулкдан фойдаланиш ҳуқуқи чекланишини эълон қилиш, уни олиб қўйиш ёки омонат сақлашга беришдан иборатдир. Чеклаш турлари, ҳажмлари ва муддатларини суд ижрочиси ҳар бир аниқ ҳолда мол-мулк хоссаларини, унинг мулкдор ёки эгаси учун аҳамиятини ҳисобга олган ҳолда белгилайди (кўрсатилган Қонуннинг 53-моддаси).
Агар қарздор мол-мулкининг хатлови чоғида ёки у тугаганидан кейин қарздор бўлмаган бошқа шахсларга тегишли мол-мулк аниқланса, ушбу мол-мулк хатловга киритилади, бироқ унда бошқа шахснинг даъво-эътирози тўғрисида белги қўйилади. Бир вақтнинг ўзида суд ижрочиси манфаатдор шахсга унинг мол-мулкини хатловдан чиқариш тўғрисида даъво билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқини тушунтиради. Бундан ташқари, ушбу шахс 1091-сон Низомнинг 98-бандига мувофиқ хатлов амалга оширилгандан кейин ҳам судга мурожаат қилиши мумкин.
Шундай қилиб, ОАЖ мол-мулкини суд ижрочисининг хатловидан чиқариш тўғрисидаги аризаси асосли бўлиб, у тўлиқ ҳажмда қондирилиши керак.
Павел СИЛЬНОВ,
адвокат.