Мен паспортимни йўқотиб қўйдим. Менга қандай жазо берилади, қанча вақт мобайнида янгисини беришлари шарт?
Баҳодир, 24 ёшда.
Тошкент шаҳри.
– Аввало шуни таъкидлаш жоизки, фуқаролар паспортларини авайлаб сақлашлари шарт, у йўқотилган тақдирда эса доимий прописка қилинган жойдаги маълумотларни йиғиш пунктига дарҳол ариза ёзишлари керак, пункт сизга қонун ҳужжатларида назарда тутилган таомиллар бажарилганидан кейин Ўзбекистон Республикасида паспорт тизими тўғрисидаги низомда (Президентнинг 5.01.2011 йилдаги ПФ-4262-сон Фармонига 1-илова) назарда тутилган тартибда янги паспорт беради.
Фуқаро паспортини йўқотиб қўйган тақдирда, йўқолгани ҳақида ариза берилган кундан сўнг 1 ой мобайнида белгиланган тартибда янги паспорт берилади.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 223-моддасига кўра фуқаронинг паспортсиз ёки ҳақиқий бўлмаган паспорт билан, вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшаши, паспортни қасддан яроқсизлантириши, шунингдек паспортни бепарволик билан сақлаши ва бунинг оқибатида паспортнинг йўқолиши – энг кам иш ҳақининг 1 бараваридан 3 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Фуқароларнинг йўқолганлиги тўғрисида ўзлари ариза берган ўз паспортларидан, шунингдек бошқа фуқароларга тегишли паспортлардан ғаразли мақсадларда фойдаланиши энг кам иш ҳақининг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Ленара ХИКМАТОВА, юрист.