Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 11 / Хўжалик юритиш қоидалари

Иштирокчи МЧЖдан чиқишининг ҳуқуқий ва солиққа оид тартиботи

Иштирокчининг масъулияти чекланган жамиятдан чиқиши кенг тарқалган ҳодисадир. Муассис билан хайрлашиш доим кўплаб юридик ва солиқ оқибатларини келтириб чиқаради, уларни нафақат бухгалтер, балки бизнес эгалари ва унинг раҳбарлари ҳам билиши зарур. Аввало чиқишни тўғри расмийлаштириш ҳамда у билан боғлиқ барча ҳисоб-китоблар ва ҳисоблаб ёзишларни бехато амалга ошириш лозим. Ушбу масалада даставвал «Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонунга (6.12.2001 йилдаги 310-II-сон, бундан кейинМЧЖ тўғрисидаги Қонун) амал қилиш керак.

 

АРИЗАНИ ЮБОРАМИЗ

Иштирокчи жамиятдан ис­талган вақтда, жамиятдаги бошқа иштирокчиларнинг ҳамда хўжалик юритувчи субъект­нинг розилигидан қа­тъи назар, чиқишга ҳақли­дир. Айни шу сабабли жамиятдан чиқувчининг аризасига бош­қа иштирокчиларнинг «Розиман» деб виза қўйишлари керак эмас.

Иштирокчи ариза бериш билан МЧЖдан чиқиш хоҳишини билдиради. Қонунда ушбу таомил учун ҳеч қандай талаб­лар белгиланмаган. Амалиётда аризани шахсан бериш ҳам, уни почта орқали ёки курьер билан юбориш ҳам мумкинлиги эътироф этилган. Ушбу вариантларнинг ҳар бири ўз хусусиятлари ва нозик жиҳатларига эга. Уларни батафсил кўриб чиқамиз.

Шахсан (ёки курьер орқали) топширишдан бошлаймиз. Иштирокчи (курьер) аризани раҳбарга, агар устав бўйича кузатув кенгаши МЧЖ номидан ҳужжатларни олиш ҳуқуқига эга бўлса, ушбу орган раисига ёки хат-хабарни керакли шахсга топшириш хизмат вазифаларига кирадиган жамият ходимига топшириши мумкин.

Аризани почта орқали юборишда кўпинча хат юборилиши керак бўлган манзил масаласи юзага келади. Зеро баъзи ташкилотлар икки-учта ёки ҳатто бундан кўп манзилга эгадир. Булар – почта, юридик, бош офис, филиал ёки ваколатхона манзиллари ва ҳоказолардир. Айни шу боис МЧЖдан чиқиш тўғрисидаги аризани иштирокчи уставда кўрсатилган манзилга юбориши керак. Бундан ташқари, биз уни иштирокчига маълум бўлган бошқа манзилларга ҳам юборишни тавсия қиламиз.

Ҳар эҳтимолга қарши шуни эслатиб ўтамизки, ушбу хатларнинг барчасини буюртма хат билан, ичидаги битикларнинг рўйхати ва топширилганлиги тўғрисидаги билдирувномани илова қилган ҳолда юбориш керак. Бу ариза солинган хат «Манзилдаги шахс чиқиб кетган», «Манзилдаги шахс ишламаяпти» ёки ҳатто «Манзилдаги шахс хатни олишдан бош тортди» белгиси билан қайтиб келадиган ҳолда асқотади. Бунда уни уставда кўрсатилган манзилга юбориш далилининг ўзи муҳим. Қонун иштирокчи улушининг жамиятга ўтиши, яъни унинг МЧЖдан амалда чиқишини айни у билан боғлайди. Бундай ҳаракат юз берганлигини эса айни алоқа бўлимининг квитанцияси тасдиқлайди.

 

АРИЗАНИ ЎҚИЙМИЗ

Аризани олгач, у тўғри тузилганлигига ишонч ҳосил қилиш керак. Шуни айтиб ўтамизки, МЧЖ тўғрисидаги Қонунда ушбу ҳужжат мазмунига доир ҳеч қандай талаблар қайд этилмаган.

Табиийки, у ёзма ариза бў­лиши керак. Биз унга қу­йидаги маълумотларни ки­ри­тишни тавсия қиламиз. Биринчидан, иштирокчининг ўзи тўғрисидаги ахборот: унинг Ф.И.О., паспорт маълу­мотлари ва яшаш жойи (агар жисмоний шахс бўлса) ёки ташкилот тўғрисидаги тў­лиқ маълумотлар (агар юридик шахс бўлса). Иккинчидан, чиқиш мўлжалланаётган МЧЖ тўғрисидаги маълумотлар, унинг раҳбари (ёки ариза юборилаётган бошқа шахс) Ф.И.О.ни кўрсатган ҳолда. Учинчидан, чиқаётган иштирокчи улушининг миқдори ва унга МЧЖдан чиқиш ҳуқуқини берадиган устав бандини кўрсатиш мақсадга мувофиқ бўлади (намунага қаранг).

Кейин аризада иштирокчининг жамиятдан чиқиш ва ундаги мавжуд улушининг қийматини олиш хоҳишини аниқ баён этиш лозим. Бунга батафсилроқ тўхталамиз.

Аризада иштирокчининг МЧЖдан чиқиш хоҳиши аниқ кўрсатилиши керак. Шу сабабли ундаги «Менга тегишли улушни ажратиб беришингизни сўрайман», «Менга улушимни қайтаришингизни сўрайман» сингари ва ҳоказо формулировкалар чиқиш тўғрисидаги ариза сифатида баҳоланмаслиги керак. Уларни олганда, у айни қандай хоҳиш билдираётганлигини аниқлаштириш учун иштирокчи билан расман (яъни муҳр, сана, чиқиш рақами қўйиб) ёзишган маъқул.

Бундай ёзишмадан мақсад – жамиятдан чиқиш тўғрисида аниқ баён этилган ариза олиш. Бу шунинг учун ҳам муҳимки, айни унинг асосида иштирокчи улуши қонуний асосда МЧЖга ўтади. Фақат унинг асосида бухгалтер чиқиб кетаётган иштирокчига тўланиши керак бўлган улуш қийматини ҳисоб-китоб қилишга киришиши мумкин.

 

УЛУШНИ ҲИСОБЛАЙМИЗ

Қонунга кўра жамият чи­қиб кетаётган иштирокчига улушининг ҳақиқий қийма­тини тўлаши шарт. Буни жамият иштирокчининг чиқиш тўғрисида аризасини олган кундан бошлаб бир йил мобайнида қилиш керак (МЧЖ тўғрисидаги Қонун 22-модда­сининг ўнинчи қисми). Бунда қонун уставда бошқа муддатни белгилашга рухсат беради. Бу жамият чиқиб кета­ётган иштирокчига улуш қийма­тини тўлаш муддатини қис­қартириши мумкинлигини англатади холос.

Қонуннинг яна бир талаби – чиқиб кетаётган иштирокчига улуш пул билан тўланади. Фақат чиқиб кетаётган иштирокчининг розилиги билан унинг ўрнига мол-мулк бериш мумкин.

Шу тариқа, бухгалтер учун иштирокчининг чиқиши унинг улуши қийматини ҳисоб-китоб қилиш зарурлигини англатади. У жамият бухгалтерия ҳисобининг чиқиш тўғрисида ариза берилган кундан аввалги охирги ҳисобот давридаги маълумотлари асосида қилинади (МЧЖ тўғрисидаги Қонун 22-моддасининг бешинчи қисми). Ундан МЧЖ соф активлари қийматини олиш керак. Тўланадиган сумма иштирокчининг улушига мутаносиб бўлган жамият соф активлари қиймати билан унинг устав капитали миқдори ўртасидаги фарқ сифатида белгиланади. Агар бундай фарқ етарли бўлмаса, жамият ўзининг устав капиталини етишмаётган суммага камайтириши шарт.

 

 

«БЕК» МЧЖ бош директори

Қодиров Б.Қ.га

иштирокчи Э.Э.Тошматовдан

Тошкент ш.                             «____» ________ 20___ йил

«БЕК» масъулияти чекланган жамияти
иштирокчисининг МЧЖдан чиқиши тўғрисида

АРИЗА

Мен, Тошматов Эшмат Эшматович, паспортим СА N 111111, Тошкент ш. Миробод туман ИИБ томонидан берилган, бериш санаси 11.11.2005 йил, қуйидаги манзилда яшайман: Ўзбекистон Республикаси, 111111, Тошкент ш., Таллимаржон кўч., 3, 38-кв., «БЕК» масъулияти чекланган жамиятининг итирокчисиман ва номинал қиймати 4 000 000 (тўрт миллион сўм) бўлган жамият устав капиталида 10% миқдоридаги улушга эгаман, ўзимнинг «БЕК» масъулияти чекланган жамияти иштирокчилари таркибидан чиқиш ва улушни жамиятга бериш тўғрисидаги қароримни маълум қиламан.

Жамият устав капиталидаги улушим тўлиқ тўланган.

Тошматов Э.Э.     ______________

                                        (имзо)

Қабул қилди:

«БЕК» МЧЖ бош директори

Қодиров Б.Қ.                    ______________

                                         (имзо)

М.Ў.

 

Елена ЕРМОХИНА,

эксперт-юристимиз.

Давоми бор.

Прочитано: 2599 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика