Икки тарафнинг учинчи тараф – етказиб берувчи хорижий фирма билан шартномаси асосида сотиб олинадиган технологик жиҳознинг божхона расмийлаштирувини қандай амалга ошириш кераклигини айтиб берсангиз. Бунда харидор фирмалар уни биргаликда тижорий фаолият юритиш учун улушли эгалик қилиш мақсадида харид қиладилар.
О.Ҳикматов.
– Шуни айтиш лозимки, божхона органлари БЮДга иккита харидор тўғрисида маълумотларни киритишдан бош тортадилар, чунки уни Ўзбекистоннинг божхона ҳудудига олиб кириш билан боғлиқ ускунани етказиб беришнинг ташқи иқтисодий шартномаси амалга оширилганда божхона қонунчилиги талабларини бажариш зарур. Улар эса қуйидагилардан иборат. Божхона кодексининг 89-моддасига мувофиқ божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган барча товарлар божхона органида декларацияланиши керак. Бунда Божхона юк декларациясини тўлдириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага (ДБҚ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 3.11.1999 йилда 834-сон билан рўйхатдан ўтказилган) мувофиқ БЮДнинг 8-«Олувчи» ва 14-«Декларант» устунларида фақат битта шахсни кўрсатиш мумкинлиги назарда тутилган.
Шартномада товарнинг божхона расмийлаштируви, етказиб берилиши, ҳақини тўлаш мажбуриятларини умумий маблағлар ҳисобига харидорлардан бири бажаришини назарда тутиб, ушбу вазиятни ҳал этиш мумкин. Ўшанда божхона расмийлаштируви унинг номига амалга оширилади. Бунда етказиб берилган ускуна товар қийматининг тўланган улушига мутаносиб равишда ҳар бир харидорнинг мулкида бўлади. Мазкур шарт божхона расмийлаштируви билан боғлиқ бирор-бир хатарнинг, айтмоқчи, валюта назоратини ўтказишда бўлганидек, юзага келишини истисно этади.
«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз
Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.