Муассислардан бири (жисмоний шахс) жамиятдан чиқиш ва ундаги ўз улушини учинчи шахсга сотишга қарор қилди. Бунда устав капитали ўзгармайди.
Унда солиқ мажбуриятлари юзага келадими? Жамиятимизда солиқ оқибатлари қандай бўлади?
Т.Умаров.
– «Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонуннинг (6.12.2001 йилдаги 310-II-сон) 20-моддаси МЧЖ иштирокчисининг, агар жамиятнинг уставида тақиқланган бўлмаса, ўз улушини (улушининг бир қисмини) учинчи шахсларга сотиши ёки бошқача тарзда уларнинг фойдасига воз кечиши мумкинлигига йўл қўяди.
Жамият иштирокчиси улуши сотиладиган баҳони ва бошқа шартларни кўрсатган ҳолда бу ҳақда қолган иштирокчиларни ва жамиятнинг ўзини ёзма равишда хабардор қилиши шарт. Бу қолган муассислар чиқиб кетаётган шахснинг улушини сотиб олишда имтиёзли ҳуқуққа эгаликлари билан изоҳланади. Уларнинг бирортаси ҳам улушни сотиб олиш хоҳишини билдирмаганда, чиқиб кетаётган шахс уни учинчи шахсларга сотади.
Муассиснинг жамият устав фондидаги улушининг миқдори фоизларда белгиланади ва унинг улуши номинал қиймати билан МЧЖ устав фондининг нисбатига тенг бўлиши керак. Ушбу фоиз дивидендлар сифатида тақсимланадиган корхонанинг соф фойдасида ҳам сақланади.
Жамиятингизда улуш сотиб олган шахс устав фондидаги харид қилинган улушнинг фоиз нисбатига мутаносиб бўлган соф фойдага ҳам ҳақли бўлади.
Мулкдор ўз улушини учинчи шахсга сотганда у дивиденд эмас, балки хусусий мулк ҳуқуқида ўзига тегишли бўлган мол-мулкни реализация қилишдан даромад олади ва унда ЖШДС тўлаш мажбурияти юзага келади (Солиқ кодекси (СК) 179-моддасининг 11-банди). Мол-мулкни реализация қилишдан олинган даромадлар мазкур мол-мулкни реализация қилиш суммасининг ҳужжатлар билан тасдиқланган уни олиш қийматидан ошган қисми сифатида аниқланади (СКнинг 176-моддаси 4-банди). Яъни улуш МЧЖга сотилган тақдирда муассис-сотувчининг устав фондига ҳақиқий (номинал) ҳиссаси харид нархи бўлиб ҳисобланади.
Улуш жисмоний шахсга сотилган тақдирда сотувчи мустақил равишда солиқни тўлаб, яшаш жойидаги солиқ органига даромадлар ва харажатлар тўғрисида декларация топширади. Агар улушни юридик шахс сотиб олса, у даромад тўлаш манбаи ҳисобланади ва, СКнинг 184-моддасига биноан, сотувчининг даромадидан солиқни ЖШДСнинг белгиланган шкаласи бўйича ушлайди.
Муассис алмашганида жамиятингизда ҳеч қандай солиқ оқибатлари юзага келмайди.
Мария САБИРОВА,
экспертимиз.