Хизмат кўрсатиш доирасини кенгайтиришни ният қилган клиника янги ускуналарга эҳтиёж сезяпти. Лаборатория техникаси – микроскоп ва центрифугаларни импорт қилишга оид имтиёзлар мавжудми?
В.Салуянова.
– Вазирлар Маҳкамасининг 31.12.2013 йилдаги 356-сон Қарори билан Четдан олиб киришда 2018 йил 1 январгача божхона тўловларидан (божхонада расмийлаштириш йиғимларидан ташқари) озод қилинадиган янги тиббий асбоб-ускуналар, тиббий асбоб-ускуналарга бутловчи буюмлар, эҳтиёт қисмлар ва сарфлаш материаллари рўйхати тасдиқланган. Унда, хусусан, лабораторияларда фойдаланиладиган центрифугалар (ТИФ ТН коди – 8421 19 200 1) ва тиббий мақсадлар учун микроскоплар (ТИФ ТН кодлари – 9011 10 900 0, 9011 80 000 0, 9012 10 900 0) кўрсатилган.
Агар сиз импорт қиладиган техника кўрсатилган ТИФ ТН кодларига мувофиқ келса, клиникангиз имтиёздан фойдаланиши мумкин. Бунинг маъноси шуки, зарур ҳужжатлар бор бўлса, товарларни божхонадан ўтказиш чоғида импорт қилинаётган товарлардан импорт божхона божи, қўшилган қиймат солиғи ва акциз солиғи ундирилмайди. Бироқ Божхона йиғимлари ставкаларига (ВМнинг 30.04.1999 йилдаги 204-сон Қарори билан тасдиқланган) кўра божхона расмийлаштируви учун йиғим (олиб кирилаётган товарлар божхона қийматининг 0,2%и, бироқ 25 АҚШ долларидан кам ва 3 000 АҚШ долларидан ортиқ эмас) тўлаш керак бўлади.
«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз
Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.