Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 10 / Сизнинг мулкингиз

2. Сиздан менга ўтган мол-мулк қандай ҳисобга олинади?

Кўчмас мулк олди-сотдиси ҳам ўзининг нозик жиҳатларига эга бўлиб, ушбу операцияларни бухгалтерия ҳисобида акс эттиришда ва уларга солиқ солишда уларни ҳисобга олиш лозим (мазкур мақолада биз қурилиш объектларининг олди-сотдисини кўриб чиқмаймиз – уларни ҳисобга олиш ва солиқ солиш хусусиятлари тўғрисида кейинроқ сўз юритамиз).

 

Фуқаролик кодексининг (ФК) 479-моддасига асосан кўчмас мулкнинг олди-сотди шартномасига (кўчмас мулкни сотиш шартномасига) биноан сотувчи ер участкаси, бино, иншоот, квартира ёки бошқа кўчмас мулкни сотиб олувчига мулк қилиб топширишни ўз зиммасига олади. ФКнинг 481-моддасига мувофиқ кўчмас мулкни сотиш шартномасига биноан кўчмас мулкка бўлган мулк ҳуқуқининг сотиб олувчига ўтганлиги давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.

Сотувчи томонидан харидорга кўчмас мулк объектининг бери­лиши шартномани тузиш натижаси ҳисобланади. Ҳақиқатда у тузилган пайтдан бошлаб харидор ҳақни тўлаганидан кейин шартнома шартларига мувофиқ унга мол-мулк берилишини талаб қилишга ҳақлидир, зеро у давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эмас, балки имзоланган пайтдан бошлаб тузилган ҳисобланади. Олди-сотди шартномаси нарсаси ушбу объектга мулк ҳуқуқи ўтгунга қадар, ўтиш пайтида ёки ўтгандан кейин берилиши мумкин.

Уни амалга ошириш учун кўчмас мулкни қабул қилиш-топшириш далолатномаси расмийлаштирилади. Бироқ уни тузиш далили реализация қилинганлигини англатмайди. Шу сабабли объектни бериш пайти унга бўлган ҳуқуқларнинг ўтиш санаси билан мос келмаслиги мумкин.

ФКнинг 481-моддасига асосан мулк ҳуқуқи бошқа шахсга ўтганлиги давлат рўйхатидан ўтказилгунга қадар тарафларнинг кўчмас мулкни сотиш шарт­номасини бажариши уларнинг учинчи шахслар билан муносабатларини ўзгартириши учун асос бўлмайди. Яъни рўйхатдан ўтказишга қадар сотувчи кўчмас мулк объектининг мулкдори ҳисобланади, у учинчи шахслар олдидаги мажбуриятлар (газ, сув, электр энергияси учун ҳақ тўлаш, солиқлар ва бошқа тўловларни ўтказиш) учун жавоб беришда давом этади. Харидор эса ушбу кўчмас мулкни тасарруф этиш бўйича шартномалар тузишга ҳақли бўлмайди.

Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни ва у ҳақда тузилган битимларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида низомга1 (бундан кейин – 1-сон Низом) мувофиқ мулк ҳуқуқининг ўтиши ер участкаларига, бинолар ва иншоотларга, кўп йиллик дарахтларга ёки битимга бўлган ҳуқуқлар давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома бериш йўли билан ёки рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этилган ҳужжатга устхат ёзиш йўли билан тасдиқланиши шарт. 1-сон Низомнинг 3-бандига кўра кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар давлат рўйхатидан ўтказилмасдан амалга оширилган кўчмас мулк билан боғлиқ битимлар ҳақиқий эмас деб ҳисобланади. Кўчмас мулкнинг мулкдорлари ёхуд унга ашёвий ҳуқуқларга эга бўлган юридик ва жисмоний шахслар ёки уларнинг ваколатли шахслари кўчмас мулкка мулк ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқлар вужудга келган, бошқага ўтган, чекланган ва бекор бўлган ёхуд кўчмас мулкнинг ҳуқуқий ҳолати ўзгарган кундан бошлаб бир ой муддатда кўчмас мулк жойлашган жойдаги давлат рўйхатидан ўтказувчи органга уларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун мурожаат қилишлари мажбурийдир (1-сон Низомнинг 8-банди). Агар саволлар бўлмаса, рўйхатдан ўтказиш 2–3 кун мобайнида амалга оширилади ва ҳужжат берилади. Агар саволлар бўлса, рўйхатдан ўтказиш муддати улар бартараф этилгунча чўзилиши мумкин. Айни шу сабабли шартнома тузилганидан кейин 1–2 ой ўтиши мумкин.

Шартнома тузилганидан кейин ва давлат рўйхатидан ўтказиш пайтига қадар бўлган даврда кўчмас мулк сотувчисининг мулкдорлик ҳуқуқи анча чекланган бўлади. Объект харидорга берилганидан кейин, бироқ мулк ҳуқуқининг ўтиши давлат рўйхатидан ўтказилгунга қадар у ушбу мол-мулкни тасарруф этишга ҳақли бўлмайди, чунки у сотиш шартномасидан юзага келган, сотувчи бажарган мажбуриятнинг нарсаси бўлиб хизмат қилади, харидор эса тўловни тўлаб, мол-мулкнинг қонуний эгасига айланади.

Кўрамизки, кўчмас мулк олди-сотди шартномасини тузиш чоғида унга бўлган мулк ҳуқуқи рўйхатдан ўтказилгунига қадар сотувчи ҳам, харидор ҳам уни тасарруф эта олмайди (учинчи шахслар олдидаги мажбуриятларни бажариш билан адаштирманг).

Қуйидагича саволлар туғилади. Ушбу операцияни сотувчи ва харидорнинг бухгалтерия ҳисобида қандай қилиб тўғри ва қачон акс эттириш керак? Натижада мол-мулк ва фойда солиқлари, ер солиғи, ҚҚС бўйича ушбу операциянинг оқибатлари қай йўсинда юзага келади?

 

СОТУВЧИДА ҲИСОБ ЮРИТИШ ВА СОЛИҚ СОЛИШ

Амалдаги қонун ҳужжатларида мазкур операцияларни ҳисобда акс эттиришга доир аниқ йўл-йўриқлар берилмаган.

2-сон БҲМС2 асосий хўжалик фаолиятидан даромадни эътироф этиш тартибини белгилайди. Кўчмас мулкни реализация қилиш бундай фаолият деб ҳисобланмайди (фикримча, стандартларга қўшимча ишлов бериш чоғида бошқа фаолиятни ва унга доир даромадларни эътироф этиш тартибини ҳам ҳисобга олиш зарур). Айни вақтда Солиқ кодекси (СК) 199-моддаси биринчи қисмининг 1-бандида товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш обороти деб мол-мулкка бўлган мулк ҳуқуқини ўтказиш эътироф этилади. СКнинг 203-моддаси иккинчи қисмига асосан эса, агар товарларни жўнатиш амалга оширилмаса, товарга бўлган мулк ҳуқуқи олувчига ўтказилган кун оборот амалга оширилган санадир.

 

ҚҚС, ФОЙДА СОЛИҒИ, ЯСТ

Кўчмас мулк объектини қабул қи­лиш-топшириш далолатномаси тузилган санадан қатъи назар, СКнинг 203-моддасига асосан, ҳисобварақ-фактура унга бўлган мулк ҳуқуқи ўтиш санасида ёзилади. Шартномага кўра давлат рўйхатидан ўтказилгунга қадар олинган тўлов суммалари эса бўнак тўловлари ҳисобланади.

Тегишинча, ҚҚС, фойда солиғи, ЯСТ мулк ҳуқуқининг ўтиши рўйхатдан ўтказилган санадан бошлаб ҳисоблаб чиқарилади.

Кўчмас мулк объектини сотувчининг балансидан ҳисобдан чиқариш ҳам мулк ҳуқуқининг ўтиши тўғрисидаги шарт­нома давлат рўйхатидан ўтказилган санада амалга оширилиши керак. 5-сон БҲМСнинг3 31-бандига мувофиқ асосий воситалар объекти бўйича амортизация ажратмаларини ҳисоблаш мазкур объект балансдан ҳисобдан чиқарилган ойдан кейинги ойнинг дастлабки санасида тўхтатилади.

Шу боис чиқиб кетишдан молиявий натижа амортизациянинг ҳисоблаб ёзилган охирги суммасини ва учинчи шахслар билан мажбуриятлар бўйича сўнгги тўловларни ҳисобга олган ҳолда белгиланади.

 

МОЛ-МУЛК СОЛИҒИ

СКнинг 265-моддасига мувофиқ юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни тўловчилар қуйидагилардир:

республика ҳудудида солиқ солинадиган мол-мулкка эга бўлган юридик шахслар – Ўзбекистон резидентлари;

республикада фаолиятни доимий муассаса орқали амалга ошираётган ва (ёки) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўз мулкида кўчмас мулкка эга бўлган юридик шахслар – Ўзбекистон норезидентларидир.

СКнинг 22-моддасига кўра, мол-мулк бўлиб эгалик қилиш, фойдаланиш, тасарруф этиш объектлари бўла оладиган моддий объектлар, шу жумладан пул маблағлари, қимматли қоғозлар, улушлар (пайлар, ҳиссалар) ҳамда номоддий объектлар ҳисобланади. Шу сабабли кўчмас мулк объекти билан битим давлат рўйхатидан ўтказилгунга қадар сотувчи мол-мулк солиғи тўлов­чиси бўлади.

ЕР СОЛИҒИ

СКнинг 280-моддасига кўра мулк ҳуқуқи, эгалик қилиш ҳуқуқи, фойдаланиш ҳуқуқи ёки ижара ҳуқуқи асосида юридик шахсларда бўлган ер участкалари ер солиғи солиш объектидир. Қайси ер участкаларига бўлган мулк ҳуқуқи, эгалик қилиш ҳуқуқи, фойдаланиш ҳуқуқи ёки ижара ҳуқуқи йил мобайнида солиқ тўловчига ўтган бўлса, ўша ер участкалари учун солиқ солинадиган база ер участкаларига тегишли ҳуқуқ вужудга келганидан кейинги ойдан эътиборан ҳисоблаб чиқарилади (СКнинг 281-моддаси). Ер участкасининг майдони камайтирилган тақдирда, солиқ солинадиган база ер участкаси майдони камайтирилган ойдан эътиборан, яъни ер участкасига бўлган мулк ҳуқуқи йўқотилган ойдан бошлаб камайтирилади.

 

ХАРИДОРДА ҲИСОБ ЮРИТИШ ВА СОЛИҚ СОЛИШ

Харидор қабул қилиш-топшириш далолатномаси асосида кўчмас мулк объектини қабул қилиши мумкин. Бироқ у ушбу объектни 002-«Масъулиятли сақлашга қабул қилинган товар-моддий бойликлар» балансдан таш­қари ҳисобварағида ёки ушбу мақ­садлар учун ҳисоб сиёсати билан тасдиқланган бошқа ҳисобварақ – 015, 016 ва бошқаларда ҳисобга олади.

Мулк ҳуқуқи рўйхатдан ўтказилган ва ҳисобварақ-фактура олинганидан кейин кўчмас мулк объекти балансда 0800-ҳисобварақнинг тегишли илова ҳисобварақларида акс эттирилади. Тегишинча, олинаётган объект учун тўлов суммаси берилган бўнаклар деб ҳисобланади. Харидор унга доир мулк ҳуқуқини олганидан кейин харидни мол-мулк солиғи ва ер солиғи солиш объектига киритади.

Бундан олдинги даврларда бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солишга киритилган ёки ундан чиқарилган кўчмас мулкнинг олди-сотди шартномаларини битимни давлат рўйхатидан ўтказиш далилини ҳисобга олмасдан тузган хўжалик юритувчи субъектлар нима қилишлари керак? Сотувчи учун бу – даромадни анча эрта эътироф этиш, фойда солиғи, ҚҚСни тўлаш ва мол-мулк солиғи бўйича солиқ солинадиган базани камайтириш демакдир. Харидорда эса аксинча – харажатларни амортизация суммасига камайтириш ва мол-мулк солиғи бўйича базани оширишни англатади. Қайта ҳисоб-китобларни топшириш ёки топширмасликни, тузатиш проводкаларини киритиш ёки киритмасликни, охир-оқибатда, бухгалтерларнинг ўзлари ҳал қиладилар.

Бироқ, ФКнинг 481-моддаси, СКнинг 199 ва 203-моддалари, 1-сон Низомнинг 3-банди талабларини, шунингдек битимлар қийматини (мол-мулк билан боғлиқ битимлар қиммат туради) ҳисобга олган ҳолда бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солишга тузатишлар киритиш зарур деб ҳисоблаймиз. Шуни ҳам ёдда тутиш лозимки, мулк ҳуқуқининг аввалроқ, яъни давлат рўйхатидан ўтказилишига қадар ўтиши, бўлғуси мулкдорнинг кўчмас мулкдан фойдаланиши (уни тасарруф этиши) нохушлик келтириб чиқариши мумкин. Масалан, кўчмас мулкни рўйхатдан ўтказилгунга қадар ижарага бериш ва учинчи шахслардан ижара ҳақи олишни назорат қилувчи органлар асоссиз равишда бойиш деб ҳисоблашлари мумкин.

 

*Давоми. Боши «СБХ»нинг 25.02.2014 йилдаги 8 (1020)-сонида.

 

1ВМнинг 7.01.2014 йилдаги 1-сон қарорига 1-илова.

2«Асосий хўжалик фаолиятидан тушган даромадлар» (МВ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 26.08.1998 йилда 483-сон билан рўйхатдан ўтказилган).

3«Асосий воситалар» (молия вазирининг АВ томонидан 20.01.2004 йилда 1299-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган).

 

Светлана ГОЛОСОВА,

«TRI-S-Audit» аудиторлик компаниясининг директори.

Прочитано: 3133 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика