Баъзи сабабларга кўра мен «Дивидендлар қоғоз билан тўланади» («СБХ», 18.02.2014 йилдаги 7 (1018)-сон, «Дивиденды – бумагой», «НТВ», 11.02.2014 йилдаги 6 (1018) ва «Ещё раз о дивидендах товарами», «НТВ», 18.02.2014 йилдаги 7 (1019)-сон) материалларига етарлича эътибор қаратмаган эдим. Фикримча, эксперт Мария Сабирова саволга моҳиятини англаб жавоб берган. Бироқ ушбу мавзуга бағишланган навбатдаги «Нима учун фикрлар хилма-хил бўлди?» («СБХ», 4.03.2014 йилдаги 9 (1021)-сон) материали янги муҳокамалар ва турли қарашлар юзага келишига замин яратди.
Ҳақиқатан ҳам, муҳокама иштирокчиларининг фикрлари ҳар хил бўлди. Бироқ уларнинг кўпчилиги ўз нуқтаи назарларини асослаш учун... юзага келган оқибатни важ сифатида келтиришяпти. Ушбу операцияга солиқ солмаслик тарафдорлари «реализация» тушунчасининг дивидендлар пул кўринишида бўлмаган воситалар билан берилганда кузатилмайдиган ўзига хос шартлари борлигига асосланадилар. Солиқ мажбуриятлари юзага келади дея таъкидлайдиганлар эса ушбу операция расмийлаштириладиган ҳужжатларни рўкач қилиб келтирадилар.
Бунчалик фаол муҳокама қилинаётган масалани юзага келтирган асл сабабни таҳлил қилишни таклиф этаман.
Агар фойдани тақсимлаш, дивидендларни ҳисоблаб ёзиш ва олиш юридик шахс мулкдорларининг ҳуқуқи ҳисобланса, уларни пул маблағлари билан эмас, балки бошқа усуллар билан бериш битим ҳисобланади. Унинг хусусиятига боғлиқ ҳолда бунда реализациянинг бор-йўқлигини қатъиян белгилаш мумкин.
Муҳокама қилинаётган масаланинг муаллифи кўп учрайдиган ҳолни баён этган: «Муассис унга дивидендлар бўйича қарзни товарлар билан тўлашни сўраяпти». Яъни мулкдор фойдани тақсимлаш, дивидендларни ҳисоблаб ёзиш тўғрисида қарор қабул қилади ва уларни бериш усулини белгилайди. Ёзма шаклда мулкдор унга ҳисоблаб ёзилган дивидендлар (яъни унга тегишли пул маблағлари) ҳисобига у ёки бу бойликни, муайян ҳуқуқларни мулк қилиб беришни, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатишни сўраши белгиланади. Юридик шахс бошқа ҳужжатни қабул қилади, у билан, хусусан, мулкдорнинг дивидендларни бериш усули қисмидаги талаби қондирилади.
Моҳиятан олганда, ушбу икки ҳужжат оферта ва акцепт ҳисобланади. Мулкдор ва юридик шахснинг муносабатларида тарафларнинг олди-сотди, пудрат ёки хизматлар кўрсатиш билан боғлиқ битимни тузиш истаги кузатилади. Мажбуриятларнинг янгича тартибда бажарилиши тўғрисида сўз юритиш мумкин. Тарафлар ушбу битимнинг барча муҳим шартлари (битим нарсасининг тур аломатлари, унинг нархи ва миқдори, ҳисоб-китоб қилиш шарти) бўйича аҳдлашувга эгалар. Уни ёзма равишда тузиш шартига риоя этилган.
Ушбу ҳолда товарлар (ишлар, хизматлар)ни реализация қилиш билан боғлиқ битим тузилган, бу ерда бир турдаги муқобил талабларни ҳисобга киритиш йўли билан, яъни дивидендлар тарзида тўланадиган пул маблағлари ҳисобига тўлов амалга оширилади. Бинобарин, топширувчи тарафда товарлар (ишлар, хизматлар) реализацияси муносабати билан солиқ оқибатлари юзага келади.
Бошқа ҳолда дивидендларни пул билан тўлаш имкониятига эга бўлмаган юридик шахс бошқа ишлаб чиқариш зарурати борлиги туфайли мулкдорлардан бойликларни дивиденд сифатида қабул қилишни сўрайди. Гарчи ушбу ҳолда ҳам зарур ёзишма, муҳим шартларнинг таъкидланиши ва бошқа шартлар билан битим тузилса-да, мазкур ҳуқуқий муносабатлар воз кечиш учун талаб қилинадиган ҳақ тўғрисидаги битимга мувофиқ келади, чунки юридик шахс дивидендларни пул билан бериш мажбуриятини бажариш ўрнига мулкдордан мол-мулк (ишлар, хизматлар)ни қабул қилишни сўрайди. Ушбу битим товарлар (ишлар, хизматлар) реализацияси билан боғланмаганлиги аниқ. Топширувчи тарафда бошқа даромадни олиш билан боғлиқ солиқ мажбуриятлари юзага келиши мумкин. Юридик шахс иш ҳақини маҳсулот ёки бошқа бойликлар билан берганда шунга ўхшаш вазиятни кузатиш мумкин.
Бойликларнинг чиқиб кетиши билан боғлиқ бошқа операциялар ҳам мавжуд, қонун ҳужжатларида уларга нисбатан солиқ солишнинг алоҳида тартиби белгиланган. Хусусан, булар – юридик шахснинг устав капитали камайиши, улушнинг камайиши ва иштирокчининг чиқиб кетиши, юридик шахсни қайта ташкил этиш ва тугатиш билан боғлиқ операциялардир.
Эксперт сифатида солиқ тўловчиларнинг ўзлари амалга оширадиган операцияларнинг ҳуқуқий оқибатларини батафсил ўрганаётганликларини, уларга берилган ҳуқуқлардан тўла-тўкис фойдаланиб, ўз ҳаракатларини расмийлаштиришга интилаётганликларини таъкидлаб ўтишни хоҳлардим. Ушбу фаоллик аввало солиқ солинадиган базанинг кенгайтирилиши, солиқ тушумларининг янги манбалари аниқланиши, солиқларни мақбуллаштиришнинг шубҳали чизмаларига қарши курашишни тақозо этадиган солиқ маъмуриятчилиги чораларининг янги даражага чиқиши муносабати билан хатарларни камайтиришга йўналтирилган.
Абдуғани МУҲАММАДБОЕВ,
хўжалик (тадбиркорлик) ҳуқуқи бўйича эксперт,
«BIMO’M» ННТ Бизнес ва инвестициялар муаммоларини ўрганиш маркази раҳбари,
«NORMA» жамоат эксперти.