17 январь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган мажлиси бўлиб ўтди.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов маъруза қилди.
Давлатимиз раҳбарининг маърузасида жаҳон иқтисодиётининг ўсиш суръатлари секинлашганлигига ва унинг ривожланишида хатарлар кучайганлигига қарамай, замонавий, рақобатбардошли ва диверсификациялаштирилган бозор иқтисодиётини шакллантиришга йўналтирилган, мамлакатда қабул қилинган ислоҳ қилиш ва ривожлантириш стратегияси изчил амалга оширилиши натижасида 2013 йилда иқтисодий ривожланишнинг барқарор юқори суръатлари, макроиқтисодий барқарорликни сақлаш ва иқтисодиётни модернизациялаш таъминланганлиги қайд этилди.
Мамлакатимиз Президенти ўз маърузасида ҳал этилмаган мавжуд муаммоларни мукаммал таҳлил қилишга алоҳида эътибор қаратди ва 2014 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим устувор вазифалари ва йўналишларини бажаришга доир дастурий вазифаларга батафсил тўхталди.
Вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари ва ижро этувчи ҳокимиятнинг маҳаллий органлари раҳбарлари олдига 2014 йилда мамлакат иқтисодий ривожланишининг барқарор юқори суръатлари сақлаб қолинишини таъминлашга, инвестиция жараёнлари такомиллашуви ва ўсишига, саноатда муҳим юқори технологияли ва замонавий объектлар ва қувватларни ишга туширишга, шунингдек, ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик янгилашнинг, жаҳон бозорига кириб боришнинг муҳим омили ҳисобланган тўлақонли рақобат муҳитини шакллантиришга қаратилган зарур чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан вазифалар қўйилди. Ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, кичик бизнесни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва янада рағбатлантириш, ижтимоий соҳани ривожлантириш, янги иш ўринларини яратиш, уй-жойлар қуриш ва аҳоли пунктларини ободонлаштириш, соғлиқни сақлаш ва таълим жараёнларини янада ислоҳ қилиш ва такомиллаштириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди.
Жорий йил «Соғлом бола йили» деб эълон қилинганлиги муносабати билан белгиланган дастурий чора-тадбирларни, шу жумладан оналик ва болаликни муҳофаза қилишни таъминлаш, бошланғич таълим сифатини ошириш, ёшларни жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга кенг жалб этиш, болалар тарбиясида жамоат ташкилотларининг ролини кенгайтиришни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Кун тартибидаги масалалар бўйича вазирликлар, идоралар, ташкилотлар раҳбарлари ва вилоятлар ҳокимлари сўзга чиқдилар. Республика ҳукумати мажлисида қўйилган масалаларни муҳокама қилиш якунлари юзасидан қарор* қабул қилинди. Қарорда 2014 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурининг энг муҳим устувор вазифалари амалга оширилишини таъминлашга доир амалий чора-тадбирлар белгиланди.
ЎзА материали асосида тайёрланди.
*Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси мажлисининг «2013 йилда республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор вазифалари тўғрисида»ги қарори газетамизнинг келгуси сонида чоп этилади.