Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2013 год / № 47 / Хўжалик юритиш қоидалари

Уй ўрнида салон очилди

Бугунги кунда биз ҳар қадамда биринчи қаватдаги квартиралар турли мулкчилик шаклларига мансуб умумий овқатланиш, савдо корхоналари, сартарошхона, дорихона, ателье, стоматология кабинетлари, ремонт устахонаси, офис, маданий-маърифий муассасаларга айлантирилаётганлиги гувоҳи бўляпмиз.

 

Ушбу янгиланишларга турлича муносабатда бўлиш мумкин. Қолаверса биз турар жойларни нотурар жойларга ўтказишнинг мақбул ёки номақбуллиги тўғрисида мулоҳаза юритмаймиз. Бунинг қулай ва ноқулай томонлари бор. Маиший, савдо, тиббий ва бошқа хизмат тармоқлари анча кенгайганлигини унинг ижобий жиҳати дейиш мумкин – чунки бу хизматлар бизга масофа бўйича жуда яқинлашди. Айни вақтда бундай иншоотлар уй-жой фондининг қисқаришига олиб келди ва оқибатда баъзан таянч ва тўсиқ конструкцияларига боғлиқ жойларни мажбурий тарзда реконструкция қилишга олиб келди.

Бироқ бугун биз бошқа нарса ҳақида фикр юритамиз. «Давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш тўғрисида»ги Қонун (7.05.1993 йилдаги 846-XII-сон) қабул қилиниши билан Ўзбекистон фуқароларида хусусийлаштирилган корхоналарни мустақил тасарруф этиш: сотиш, сотиб олиш, нотурар жойларга ўтказиш ҳуқуқи юзага келди. Бироқ буни қонун ҳужжатларининг талабларига риоя этган ҳолда қилиш керак.

Уй-жой кодексининг 15-моддасида белгиланишича, яшаш учун яроқли бўлган турар жойни яшаш учун мўлжалланмаган жойга ўтказишга алоҳида ҳолларда, мулкдорнинг ёки у ваколат берган органнинг (шахснинг) аризасига кўра туманлар ва шаҳарлар ҳокимларининг қарорига биноан, Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.

Объектларни қуриш, қайта ихтисослаштириш ва реконструкция қилиш, турар жой биноларини нотурар жой тоифасига ўтказиш учун зарур бўлган рухсат берувчи ҳужжатларни ваколатли органларда ва фойдаланиш ташкилотларида расмийлаштириш тадбиркорлик субъекти ёки унинг муассасасининг аризасига кўра инспекция томонидан таъминланади (Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш, ҳисобга қўйиш ва рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби тўғрисида низом 6-банди, кейинги ўринларда – 357-сон Низом).

Уй-жой қонунчилиги2 ва шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларида3 турар жойларни нотурар жойлар тоифасига ўтказишнинг шартлари ва тартиби белгиланган. Бунга 357-сон Низомнинг 46-бандида назарда тутилган талабларни ҳисобга олган ҳолда йўл қўйилади.

Бундан ташқари, бундай ўтказишда ШНК 2.08.01-05 «Турар жой бинолари»нинг (Давархитектқурилиш­нинг 7.12.2005 йилдаги 67-сон буйруғи билан тасдиқланган) қоидалари ҳисобга олиниши керак. Масалан, турар жой уйлари реконструкция қилинганда биринчи қаватларда амалдаги меъёр талабларига мажбурий риоя этилган ҳолда ва манфаатдор инстанциялар, шу жумладан квартиралар эгалари билан келишиб, кичик савдо-маиший хизмат корхоналари, шунингдек идора ва офисларни лойиҳалаштиришга йўл қўйилади. Биринчи қаватларда якка тартибдаги меҳнат фаолияти учун жойлар ажратилганда ШНК 2.08.01-05 билан белгиланган чекловларни ҳисобга олиш лозим. Хусусан, бу ҳужжатга биноан мавжуд биноларнинг техник пол тагидаги жойлар ва ертўлаларидан маиший хизмат ва хусусий бизнес корхоналарини жойлаштиришда фойдаланиш мумкин эмас. Нотурар жойга ўтказилаётган турар жойни реконструкция қилиш ва қайта режалаштириш бўйича ишлар бажарилаётганда эса қурилиш технологияси ва лойиҳа ечимларига қатъий риоя этиш керак.

Бироқ амалиётда кўпинча сейсмик ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича меъёрий талаб­ларга риоя этмаслик ҳолларини кузатиш мумкин бўлади. Бундай қоидабузарликлар бўлиб, хусусан, қуйидагилар ҳисобланади: алоҳида конструкцияларнинг таянч имкониятларини кучсизлантириш билан боғлиқ ишларни бажариш, қопламаларнинг монолитлигини ва лойиҳада назарда тутилганидек конструкцияларни тиклаш ва мустаҳкамлаш бўйича тадбирларни ўтказмаган ҳолда санитария тармоқларида гидроизоляциянинг яхлитлигини бузиш; биноларни секцияларга ажратадиган асосий деворлар ёки ёнғинга қарши ҳисобланган тўсиқларда тешиклар ўрнатиш ёки тўсиб қўйиш, шунингдек деворлардан ўтувчи вентиляция, тутун ва газ қувурларида ҳаво тортишни бузувчи ишларни амалга ошириш – буларнинг ҳаммаси айни вақтда санитария-гигиена шароитларини бузиш, турар жой ва ўтказилаётган жойларда шовқин режимини бузишга олиб келади.

Бинога тақаб қурилган жойларда фаолиятнинг айрим турларини амалга ошириш учун ўрнатилган меъёрий чеклашларга ҳам кўп ҳолларда риоя қилин­май­ди. Хусусан, собиқ яшаш квартираларида савдо майдони 1000 кв.метрдан ошадиган дўконларни жойлаштириш ҳоллари учрайди. Уларда ёнғин чиқариш хавфи бўл­ган товарлар – маиший кимё, синтетик маҳсулотлар ва қурилиш материаллари билан савдо қилинади. Уларда 35 дан ортиқ ўтириш жойига эга бўлган умумий овқатланиш корхоналарини жойлаштириш ёки очиқ кабоб кўра ва манқаллар билан боғлиқ иссиқ таомлар тайёрлашга йўл қўйилмайди. Меъёрий талабларга биноан бу ер мусиқали кўнгилочар тадбирлар ҳам ўтказилиши мумкин эмас.

Турар жойлар нотурар жойларга ўтказилганда одатда уларнинг пештоқлари ҳам ўзгаради. Баъзан уларнинг ташқи кўриниши кўча ва маҳаллалар меъморий қиёфасини яхшиламайди. Уларни қурилишни тартибга солиш зонасида ва баъзан қизил чизиқлардан4 ташқарида жойлаштириш умуман ҳудудни қуриш бош режасини ва хусусан ШНК 2.08.01-05нинг 6.15-бандини бузиш ҳисобланади. Чунончи, унга кўра турар жой биносининг унга тақаб қурилган жойларга қаратилган деразалари бўлса, ана шу унга тақаб қурилган жойларнинг томи сатҳи бино асосий қисми турар жой хоналари полининг сатҳидан ошиб кетмаслиги керак, томни пештоқ бўйича бинонинг асосий қисмидан чиқариш эса 3 метрдан ошмаслиги керак. Шу ва шунга ўхшаш қоидабузарликларни бартараф этиш учун жойни (объектни) лойиҳалаш, қуриш, реконструкция қилиш ва қабул этиш бўйича барча ишларни 357-сон Низом ва ШНК 2.08.01-05 «Турар жой бинолари» талабларига қатъиян мувофиқликда амалга ошириш лозим.

Жойни ўзбошимчалик билан ўзгартирган шахс унга мулк ҳуқуқини олмайди ва амалдаги қонунчилик ­меъёрларида назарда тутилган жавобгарликка тортилади.

 

Таҳририятдан. Вазирлар Маҳкамасининг 24.10.2013 йилдаги 288-сон қарори билан 357-сон Низомга киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, 2014 йилнинг 1 январидан бошлаб турар жойни нотурар жойга ва уни аксига ўтказишга рухсатномани «бир ойна» тамойили бўйича тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш инспекциялари беради.


Ҳужжат тили билан

Объектни қайта ўзгартириш ёки реконструкциялашда, бино ва иншоотнинг ташқи кўринишини ўзгартиришда (фасадни таъмирлашда), юкламалар ҳажмларини ўзгартирма­ган ҳолда турар жойни нотурар жойга ўтказишда рухсат олиш талаблари ва шартларига қуйидагилар киради:

объектни қайта ўзгартириш ёки реконструкциялашда, бино ва иншоотнинг ташқи кўринишини ўзгартиришда (фасадни таъмирлашда), юкламалар ҳажмларини ўзгартирган ёки ўзгартир­маган ҳолда турар жойни нотурар жойга ўтказишда ариза берувчи томонидан қонун ҳужжатларига мажбурий риоя қилиш;

шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига мажбурий риоя қилиш;

келишилган қурилиш лойиҳаси ёки фасад эскизида кўрсатилган объектни қайта ўзгартириш ёки реконструкциялаш, бино ва иншоотнинг ташқи кўринишини ўзгартириш (фасадни таъмирлаш), турар жойни нотурар жойга ўтказиш;

юкламаларни ўзгартирмаган ҳолда объектни қайта ўзгартириш ёки реконструкциялаш.

Турар жойларни нотурар жойлар тоифасига ўтказаётганда рухсат бериш талаблари ва шартларига қуйидагилар киради:

турар жой албатта уй-жойнинг пастки қаватида жойлашган бўлиши керак;

турар жой мақсадли коммунал турар жой фондида бўлмаслиги керак;

алоҳида кириш йўлаги қилиш имконияти бўлиши керак;

турар жой авария ҳолатида бўлмаслиги ёки нотурар жой тоифасига ўтказиш учун яроқсиз бўлмаслиги керак;

турар жой юзасидан суд муҳокамаси кетаётган бўлмаслиги керак. 357-сон Низомнинг 46-банди.

Турар жойларни кўп квартирали уйларда жамоат жойларига ўтказаётганда уйнинг яшаш муҳитини эҳтимол тутилган нохуш таъсирлардан ҳимоя қилишнинг зарур чораларини назарда тутиш керак.

Кўп квартирали уй-жойларга тақаб қурилган жойларга қуйидагиларни жойлаштиришга йўл қўйилмайди:

савдо майдони 1000 кв.метрдан ортиқ бўлган дўконлар, ихтисослаштирилган балиқ ва сабзавот дўконлари, ёнғин хавфига эга моддалар ва материаллар (кимёвий бўёқчилик товарлари, маиший кимё, синтетик гилам маҳсулотлари, қурилиш материаллари, автомобилларнинг эҳтиёт қисмлари) сотиладиган дўконлар, шунингдек ишлатилган кийимларни сотадиган воситачилик дўконлари («секонд хенд»);

ўтириш жойлари сони 35 тадан ошадиган ва очиқ кабоб кўра ва манқаллардан фойдаланган ҳолда иссиқ таомлар тайёрланадиган умумий овқатланиш корхоналари, мусиқий кузатувга эга бўлган кўнгилочар корхоналар;

кеч соат 22 дан кейин ишлайдиган барча хизмат кўрсатиш корхоналари;

таъмирлаш-ишлаб чиқариш устахоналари (бундан кийим тикиш устахоналари мустасно);

шовқин-сурон жараёнига эга бўлган ва тез алангаланадиган материаллар қўлланадиган маиший хизмат корхоналари, бунга қуйидагилар кирмайди: сартарошхоналар, майда маиший асбобларни таъмирлаш устахоналари, кир ювиш ва кимёвий тозалаш корхоналарининг қабул қилиш пунктлари, қуввати сменада 75 кг ичкийимдан ошадиган ўзига ўзи хизмат кўрсатувчи автоматлаштирилган кир ювиш хоналари, шунингдек ногиронлар меҳнати учун 10 иш жойидан кўп ҳажмда йиғув ва декоратив ишларнинг кичик устахоналари (Д тоифаси);

ҳаммом ва сауналар, соғломлаштириш корхоналари, спорт заллари (тренажёр залларидан ташқари);

майдони 100 кв.метрдан ошадиган автомат телефон станциялари;

клиник-ташхис қўйиш ва бактериологик диспансерлар, барча турдаги диспансерлар ва стационарлар, тиш техник лабораториялари ва ионли нурланишлар манбаи бўлган ташхис қўйиш қурилмалари бўлган бошқа кабинетлар, тез ва шошилинч ёрдам тиббиёт станциялари, шунингдек ветеринария кабинетлари ва лабораториялари;

умумий ҳожатхоналар, дафн этиш бюролари;

уй-жойларга тақаб қурилган трансформатор станциялари;

ишлаб чиқариш устахоналари.

Синтетик буюмлар (гуллар, гиламлар) савдоси бўйича дўконларни ёнғинга чидамлилиги 150 дақиқагача бўлган уй-жой бинолари деворларининг ёпиқ участкаларига тақаб қурилган хоналарда жойлаштириш мумкин.ШНК 2.08.01-05нинг 6.2-банди.

 

Мирқодир ҲИДОЯТОВ, экспертимиз 

 

______________________________________

1ВМнинг 20.08.2003 йилдаги 357-сон қарори билан тасдиқланган.

2Уй-жой кодекси; Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасининг уй-жой фондини давлат йўли билан ҳисобга олиш тўғрисида» қарори (20.01.2000 йилдаги 18-сон).

3Шаҳарсозлик кодекси; 357-сон Низом.

4Қуришни тартибга солиш чизиқлари – бинолар ва иншоотларни жойлаштиришда шаҳарсозлик ҳужжатларида қизил чизиқлардан ёки ер участкаси чегараларидан маълум оралиқ жой ташлаган ҳолда белгилаб қўйиладиган қуриш чегаралари.

Қизил чизиқ – даҳалар, мавзелар ва режалаштириш тузилмаси бошқа қисмларининг ҳудудларини аҳоли пунктларининг кўчалари, тор кўчалари ва майдонларидан ажратиб турувчи, шаҳарсозлик ҳужжатларида белгилаб қўйиладиган чегаралар (Шаҳарсозлик кодексининг 2-моддаси). 

 

Прочитано: 4901 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика