Компания бўйича буйруқ билан ишлар ҳажмларининг қисқариши муносабати билан ходимлар штатига ўзгартиришлар киритилиши ва штат бирликлари 15%га камайтирилган ҳолда янги штат жадвали тасдиқланиши эълон қилинди.
Ходимлар штат қисқариши муносабати билан меҳнат шартномаси бекор қилиниши тўғрисида тилхат олиниб огоҳлантирилди. Эртаси куни уларнинг бири ишга чиқмади. Бир неча кун ўтиб кетди, ундан ҳеч қандай дарак йўқ. Уй телефони ва уяли алоқа телефонига қилинган қўнғироқларга жавоб бермаяпти.
Биз прогул учун у билан меҳнат шартномасини бекор қила оламизми?
– Ўзбекистон Меҳнат кодексида (МК) қўйилган савол бўйича ҳеч қандай чекловлар назарда тутилмаган. Иш берувчи ўзининг ташаббусига кўра ходим билан меҳнат шартномасини, агар у асосли бўлса ва интизомий жазо чораларини қўллаш тартибига риоя этилса, бекор қилиши мумкин (МКнинг 100, 101, 102, 107, 108, 181, 182-моддалари).
Абдусалом РИСҚУЛЛАЕВ, эксперт-юристимиз.
