Яқинда чиққан Қонунга кўра ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ва олий ўқув юртлари битирувчиларини ишга қабул қилишда, агар улар ўқишни битиргандан кейин 3 йил мобайнида биринчи марта ишга тушаётган бўлсалар, дастлабки синов белгиланмайди.
Шу муносабат билан савол туғилади: ҳали таҳсил олаётган талабага синов муддатини белгилаш мумкинми?
Ж.Вартанова,
автопарк КБ инспектори.
– 7.10.2013 йилдаги ЎРҚ-355-сон Қонун билан Меҳнат кодекси 84-моддасининг учинчи қисмига ўзгартиришлар киритилди, уларга кўра қуйидагилар ишга қабул қилинганда дастлабки синов белгиланмайди:
l ҳомиладор аёллар;
l 3 ёшга тўлмаган боласи бор аёллар;
l корхона учун белгиланган минимал иш жойлари сони ҳисобидан ишга юборилган шахслар;
l ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ҳамда олий ўқув юртларининг тегишли таълим муассасасини тамомлаган кундан эътиборан 3 йил ичида биринчи бор ишга кираётган битирувчилари ишга қабул қилинганда;
l ходимлар билан 6 ойгача муддатга меҳнат шартномаси тузилганда.
Меҳнат кодексида дастлабки синов муддатини белгилаш мумкин бўлмаган ходимлар тоифаларининг ёпиқ рўйхати белгиланган. Унга ҳали ўқув юртларини битирмаган, бироқ ташкилотга ишга жойлашаётган ўқувчилар (талабалар) кирмайди. Айни шу сабабли уларга ишга қабул қилинаётганда синов белгиланиши мумкин.
Эслатиб ўтамизки, ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда таълим муассасаларида таҳсил олаётган ходимларга иш берувчи ишни ўқиш билан бирга олиб бориш учун зарур шароитларни яратиб бериши шарт. Ўқувчилар эса фақат ўқишдан бўш вақтдагина ишлаш ҳуқуқига эгалар.