Банк билан МЧЖ 500 млн сўмлик кредит шартномасини тузди. Жамият мажбуриятларини таъминлаш учун ЁАЖ бино ва иншоотларни гаровга бериб, банк ва МЧЖ билан ипотека шартномасини тузди. Ҳозирги вақтда МЧЖ кредит бўйича ўз қарзини қисман сўндирган. ЁАЖ эса ўзининг айланма маблағларини тўлдириш учун кредит олишни режалаштиряпти, мажбуриятлар ижросини таъминлаш чорасини ипотекадан кафилликка ўзгартирмоқчи.
Бундай тарзда алмаштириш мумкинми? Бунинг учун нима қилиш керак?
Т.Р., ХОАКИБ юристи.
Андижон шаҳри.
– Фуқаролик кодекси (бундан кейин – ФК) талабларига мувофиқ мажбуриятлар ижросини таъминлаш чораларини ипотека шартномасини бекор қилиш ва кафиллик шартномасини тузиш йўли билан ўзгартириш мумкин. Бироқ ушбу таомил бир қатор шартларига риоя этиш заруратини тақозо этади.
Биринчидан, умумий қоидага кўра, ФКда, бошқа қонунларда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, шартнома тарафларнинг келишувига мувофиқ бекор қилиниши мумкин (ФК 382-моддасининг биринчи қисми). Шартнома қандай шаклда тузилган бўлса, шартномани бекор қилиш тўғрисидаги келишув ҳам шундай шаклда тузилади, башарти қонун ҳужжатларидан, шартнома ёки иш муомаласи одатларидан бошқача тартиб келиб чиқмаса (ФК 384-моддасининг биринчи қисми). Шу тариқа, тарафларнинг келишувига кўра мажбуриятлар ижросини таъминлаш чорасини ўзгартириш, яъни ипотека шартномасини бекор қилиш ва кафиллик шартномасини тузиш мумкин.
Иккинчидан, мажбуриятлар ижросини таъминлаш чорасини ўзгартиришга тарафларнинг келишуви мавжуд бўлмаган тақдирда тарафлардан бири ипотека шартномасининг суд томонидан бекор қилинишини талаб қилишга ҳақли, яъни:
1) иккинчи тараф шартномани жиддий равишда бузса;
2) ФК, бошқа қонунлар ёки шартномада назарда тутилган ўзга ҳолларда.
Тарафлардан бирининг шартномани бузиши иккинчи тарафга у шартнома тузишда умид қилишга ҳақли бўлган нарсадан кўп даражада маҳрум бўладиган қилиб зарар етказиши шартномани жиддий бузиш ҳисобланади.
ФК 384-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ бир тараф шартномани бекор қилиш ҳақидаги таклифга иккинчи тарафдан рад жавоби олганидан кейингина ёхуд қонунда ёинки шартномада белгиланган муддатда, бундай муддат бўлмаганида эса – 30 кунлик муддатда жавоб олмаганидан кейингина, шартномани бекор қилиш ҳақидаги талабни судга тақдим этиши мумкин. Муддат таклиф олинган пайтдан бошлаб, агар бундай пайт номаълум бўлса, бошқа тараф шартномани бекор қилиш тўғрисидаги талабни олиши учун зарур бўлган нормал вақт ўтганидан кейин ҳисоблаб чиқарилади (ОХС Пленумининг 18.12.2009 йилдаги қарори 18-банди).
Шартнома тузишда тарафлар учун асос бўлган вазиятнинг жиддий ўзгариши, агар бошқача тартиб шартномада назарда тутилган бўлмаса ёки унинг моҳиятидан англашилмаса, шартномани бекор қилиш учун асос бўлади. Вазиятнинг тарафлар олдиндан кўра билганларида шартномани умуман тузмасликлари ёки анча фарқ қиладиган шартлар билан тузишлари мумкин бўлган даражада ўзгариши унинг жиддий ўзгариши ҳисобланади.
Агар тарафлар шартномани бекор қилиш ҳақида келиша олмаган бўлсалар, у айни вақтда қуйидаги шартлар мавжуд бўлса, бекор қилиниши мумкин:
1) шартномани тузиш пайтида тарафлар вазиятда бундай ўзгариш юз бермайди, деб ҳисоблаган бўлсалар;
2) вазиятнинг ўзгаришини келтириб чиқарган сабабларни, улар пайдо бўлганидан кейин манфаатдор тараф шартноманинг хусусиятига ва муомала шартларига кўра ўзидан талаб қилинадиган даражада виждонийлик ва эҳтиёткорлик қилган бўлишига қарамай, бу сабабларни енга олмаган бўлса;
3) шартномани унинг шартларини ўзгартирмасдан бажариш тарафлар мулкий манфаатларининг шартномага мос келадиган нисбатини бузса ва манфаатдор тарафга зарар етказса, натижада улар шартнома тузишда умид қилишга ҳақли бўлган нарсадан кўп даражада маҳрум бўлсалар;
4) иш муомаласи одатларидан ёки шартноманинг моҳиятидан вазиятнинг ўзгариши хавфига манфаатдор тараф учраши кераклиги англашилмаса.
Вазиятнинг жиддий ўзгариши оқибатида шартнома бекор қилинганида суд ҳар қандай тараф талаби билан шартномани бекор қилиш оқибатларини аниқлашда тарафларнинг ушбу шартномани бажариш билан боғлиқ харажатларини улар ўртасида адолатли тақсимлаш зарурлигига асосланади (ФКнинг 383-моддаси).
Учинчидан, шартнома бекор қилинганида тарафларнинг мажбуриятлари бекор бўлади. Агар келишувдан ёки шартномани ўзгартириш хусусиятидан бошқача тартиб англашилмаса, тарафлар шартномани бекор қилишга келишган пайтдан бошлаб, шартнома суд тартибида бекор қилинганида эса – суднинг шартномани бекор қилиш ҳақидаги қарори қонуний кучга кирган пайтдан бошлаб мажбуриятлар бекор қилинган ҳисобланади.
Агар қонунда ёки тарафларнинг келишувида бошқача тартиб белгилаб қўйилган бўлмаса, тарафлар шартнома бекор қилингунча мажбурият бўйича ўзлари бажарган нарсаларни қайтариб беришни талаб қилишга ҳақли эмаслар. Агар шартномани бекор қилишга тарафлардан бирининг шартномани жиддий бузиши асос бўлган бўлса, иккинчи тараф шартномани бекор қилиш туфайли етказилган зарарни тўлашни талаб қилишга ҳақли (ФКнинг 385-моддаси).
Павел СИЛЬНОВ, адвокат.