Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2014 год / № 48 / Суд эксперти тушунтиради

Транспортни баҳолаш экспертизаси хусусиятлари

Автотехник экспертиза йўл-транспорт ҳодисалари ва транспорт воситаларининг носозликлари билан боғлиқ ишлар бўйича ўтказиладиган энг талабгир экспертизалардан бири ҳисобланади.

 

Автотехник экспертизаларни уларнинг вазифалари, тадқиқ қилиш объектлари ва услубиятларига боғлиқ ҳолда қуйидаги турларга бўлиш мумкин:

йўл-транспорт ҳодисалари (ЙТҲ) ҳолатларининг экспертизаси;

транспорт воситаларининг (ТВ) техник ҳолати экспертизаси;

транспорт-трассологик экспертиза (ТВдаги ва ЙТҲ юз берган жойдаги излар экспертизаси);

йўл шароитлари экспертизаси;

транспортни баҳолаш экспертизаси.

Транспорт воситаларини баҳолаш нафақат автотехник воситалар, балки умуман экспертизаларнинг энг кенг тарқалган туридир. ЙТҲдан кейин автомобилга етказилган шикастларни зарарни бундан кейин қоплаш ёки сотиш мақсадида тадқиқ қилиш транспортни баҳолаш экспертизасининг (оддий қилиб айтганда автоэкспертизанинг) асосий мақсади ҳисобланади.

Ўзбекистон давлат мустақиллигига эришган ва бозор муносабатларига ўтилган пайтдан бошлаб мавжуд қонунчилик базаси ва меъёрий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш долзарб бўлиб қолди.

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикасида баҳолаш фаолиятини «Баҳолаш фаолияти тўғрисида»ги Қонун (19.08.1999 йилдаги 811-I-сон, бундан кейин – Қонун), шунингдек мазкур Қонунга мувофиқ ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикасининг мол-мулкни баҳолаш миллий стандартлари билан тартибга солинади.

Қонуннинг 9-моддасига кўра баҳолаш стандартлари ўзаро боғлиқ норма ва қоидалар мажмуидан иборат бўлиб, улар қиймат турларига қўйиладиган талабларни; бошланғич ахборотга қўйиладиган талабларни; баҳолашни ўтказиш тартибини; баҳолаш усулларини қўлланиш хусусиятларини ва бошқа талабларни белгилайди.

Ўзбекистонда 13 та мол-мулкни баҳолаш миллий стандарти (МБМС) амал қилади. Улар мамлакатда баҳолаш фаолиятини меъёрий тартибга солиш элементидир. МБМСлар иқтисодий оборотга фуқаролик ҳуқуқлари объектларини жалб этишни ва мулкий муносабатларнинг, шунингдек унга асосан баҳоловчи баҳолаш объекти қийматининг миқдори тўғрисида профессионал фикр қабул қиладиган бозор ахборотидан фойдаланиш йўли билан иқтисодий субъектлар фаолиятининг очиқ-ошкор бўлишини таъминлашга йўналтирилган.

Бундан ташқари, 2010 йилда Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказида (бундан кейин – Марказ) суд ижрочилари учун «Автомототранспорт воситалари қийматини, уларни тиклаш харажатлари миқдорини белгилаш» деб номланган Услубий тавсиялар ишлаб чиқилиб, улар ЎзР ҳудудида амал қилаётган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга асосланган.

 

Ҳозирги вақтда Марказда тадқиқотларнинг бошқа турлари билан бир қаторда суд-тергов органларининг топшириғи ва юридик ҳамда жисмоний шахсларнинг мурожаатлари бўйича транспортни баҳолаш экспертизалари ўтказиляпти. Улар билан суд-автотехник экспертиза лабораторияси экспертлари шуғулланишмоқда. Юридик шахслар ва фуқаролар мурожаат қилган ҳолларда транспортни баҳолаш тадқиқотлари пулли асосда ўтказилади.

Суд-тергов органларининг қарор ва ажримлари асосида транспортни баҳолаш экспертизаси (бундан кейин – экспертиза) хулосалари берилади, юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатлари бўйича эса мутахассиснинг фикри тузилади. Мазкур ҳужжатлар судга тарафлардан бирининг ҳақлиги далил-исботларидан бири сифатида тақдим этилади.

Автотехник баҳолаш экспертизаси экспертлари ЙТҲ ёки бирор-бир бошқа ҳодиса натижасида транспорт воситасига етказилган моддий зарарни, шу жумладан божхона тўловлари ва етказиб бериш харажатларини ҳисобга олган ҳолда ТВ қийматини (бозор, нобозор усуллар билан); авариядаги шикастланиш ва ундан кейинги таъмирлаш таъсирлари натижасида транспорт воситасининг товар қиймати йўқолишини белгилайди.

Экспертлар олдига ТВ алоҳида қисмларининг, автомобиль ўзини реализация қилишнинг ўзига хос шароитлари ва ҳоказоларда1 қийматини белгилаш билан боғлиқ билвосита масалалар ҳам қўйилиши мумкин.

 

Қўйилган масалаларни ҳал эта бориб, эксперт аввало транспорт воситасини кўрикдан ўтказиши керак. Бунда мазкур ТВга ҳужжатларни тақдим этиш мажбурий. Бунда биринчи навбатда техник паспорт тақдим этилади. Агар у бўлмаса, автомобилга бошқа ҳужжатлар: йўл ҳаракати хавфсизлиги органларидан маълумотнома ёки автомобилдаги мавжуд ВИН-коднинг2 расшифровкаси тақдим этилиши мумкин.

Моддий зарарни ва шикастланган ТВни таъмирлаш-тиклаш ишлари қийматини аниқлаш учун эксперт уни кўрикдан ўтказиш чоғида кузов элементларининг ҳар бири ва алоҳида деталлар, узеллар ва агрегатларнинг шикастланиш даражасини белгилайди. Бундан кейин фойдаланишга яроқсиз ва таъмирлаш учун яроқли эҳтиёт қисмларнинг рўйхатини тузади.

Кейин шикастланган автомобилни таъмирлаш-тиклаш ишлари қийматининг ҳисоб-китоби чиқарилади. Бунда алмаштириш, таъмирлаш, бўяш ва бошқа ёрдамчи ишларнинг қиймати амалдаги нархномалар ва техник хизмат кўрсатиш ҳамда автомобилларни таъмирлашга вақт харажатларининг меъёрлари билан тартибга солинган. Шунингдек таъмирлашга сарфланадиган қўшимча материаллар (эмаль, грунт, шпаклёвка, эритгич ва ҳоказолар) қиймати белгиланади. Автомобилнинг алмаштириладиган эҳтиёт қисмлари қиймати ҳисоб-китобида асос сифатида уларнинг ўртача бозор қиймати олинади. Алмаштириладиган эҳтиёт қисмларнинг умумий суммасига фойдаланишдаги эскириш қўлланади, у автомобилнинг умумий фойдаланишдаги эскиришидан келиб чиқиб белгиланади.

Масалан, агар автомобиль чиқарилган санадан бошлаб 5 йилдан кўп бўлган вақт ўтмаган бўлса ва унинг фойдаланишдаги эскириши 35%дан ошмаса, моддий зарар суммасига автомобиль товар қийматини йўқотиши ҳам киритилади. У ҳар бир кузов элементининг шикастланиш даражаси бўйича ҳисобланади.

Яхлит автомобиль қийматини белгилашда баҳолашнинг бозор усулини қўллаган ҳолда қиёсий ёндашув қўлланади. У худди шундай чиқарилиш йили, бутланиши ва экспертизани ўтказиш санасида ТВнинг иккиламчи бозорда тахминан бир хил юришига эга бўлган мазкур русумдаги транспорт воситаси бозор қийматининг статистик танлаб олиш усулини белгилашга асосланади. Баҳолаш баҳоланаётган ва кейинчалик унга тузатиш киритиладиган ТВга таклифнинг ўртача нархини белгилаш йўли билан амалга оширилади. Бозор қийматини белгилаш учун бошланғич ахборот сифатида даврий ва маълумот берувчи нашрлар, транспорт воситаларини сотишни амалга оширадиган савдо ташкилотларининг (автодўконлар, дилерлар, автосалонлар) маълумотлари ва ҳоказолардан фойдаланиш мумкин.

Агар тадқиқотга тақдим этилган транспорт воситаси эҳтиёт қисмларга ажратилган ёки носоз (шикастланган) ҳолатда бўлса, уни баҳолаётганда бутланган ТВ нархидан тақдим этилган транспорт воситасидан уни бошланғич ҳолатгача бутлаш харажатлари чегирилади. Бутлаш мақсадга номувофиқ бўлган ҳолда эса ТВни баҳолаш яроқли эҳтиёт қисмлар ва қолдиқларни баҳолаш услубиятига мувофиқ амалга оширилади.

ТВ қийматини божхона тўловларини ҳисоблаш йўли билан белгилаш усули ички бозорда нархи ҳақидаги ахборот минтақа бозорида мавжуд бўлмаган ёки мавжуд ахборот ТВнинг ўртача қиймати тўғрисида хулоса чиқариш имконини бермайдиган, хорижда ишлаб чиқарилган транспорт воситаларининг нархини белгилаш учун қўлланади. Сўз камёб моделдаги автомобиль тўғрисида борганда; транспорт воситасига доир бозор нархлари тўғрисида объектив ахборот мавжуд бўлмаган давр учун автомототранспорт воситасининг нархини белгилаш талаб қилинганда ушбу усулни қўллаш ўзини оқлайди.

Ахборот манбаларининг етарлича миқдори мавжуд бўлганда устувор усул бўлиб баҳолашнинг бозор усули ҳисобланади.

 

Эксперт амалиётидан мисол келтираман.

Фуқаролик ишлари бўйича туман судидан судьянинг «Ласетти» автомобилининг транспортни баҳолаш экспертизасини ўтказиш учун ажрими билан бирга фуқаролик иши материаллари келиб тушди. Иш материалларидан кўринганидек, фуқаро Р. хоним биргаликда орттирилган мол-мулкни тақсимлаш хусусида жавобгар П.га нисбатан даъво аризаси берган. Яъни сўз 2009 йилда ишлаб чиқарилган «Ласетти» русумли автомобиль тўғрисида борарди. Амалдаги қонун ҳужжатларига кўра биргаликда орттирилган мол-мулк эр-хотин ўртасида ҳар бирига тенг улушларда тақсимланади. Иш материалларини ўрганишнинг кўрсатишича, автомобиль илгари хусусий баҳолаш компанияси томонидан баҳоланган бўлиб, баҳолаш далолатномасини жавобгар П. судга тақдим этган. Марказ эксперти суд таркиби ва манфаатдор тарафлар иштирокида тақдим этилган автомобилни кўрикдан ўтказди ва у бирор-бир нуқсонлар ва шикастларга эга бўлмаган соз ҳолатда эканлигини аниқлади. Эксперт ўтказган автобозор таҳлили тақдим этилган автомобиль нархини белгилаш имконини беради. Бироқ хусусий баҳолаш компаниясининг баҳолаш далолатномаси билан қиёслаганда маълум бўлишича, унинг қиймати амалда эксперт томонидан белгиланган бозор қийматидан 2 баравар кам экан. Эксперт хулосалари ва баҳолаш далолатномаси ўртасидаги тафовутларнинг сабаби бўлиб хусусий баҳолаш компаниясининг тадқиқотлар ўтказиш услубиятларининг эскирганлиги ҳисобланадики, бу экспертнинг судга йўналтирган хулосасида қайд этилди.

 

Марказ лабораториясида транс­портни баҳолаш фаолиятини такомиллаштириш тадбирлари мунтазам ўтказилади, жаҳон амалиёти ўрганилади, семинарлар ўтказилади. Шунингдек транспортни баҳолаш тадқиқотларини ўтказиш учун автоматлаштирилган дастурий мажмуаларни харид қилиш имконияти кўриб чиқилмоқда.

Мурод МАҲКАМОВ,

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Республика суд экспертизаси маркази суд-автотехник экспертизалар лабораториясининг етакчи эксперти. 

 

1ТВ нархини пасайтиришга таъсир кўрсатадиган ўзига хос шарт-шароитларга сотишдан олдин тайёргарликни ўтказиш имкониятининг мавжуд эмаслиги; узоқ вақт лозим бўлмаган даражадаги шарт-шароитларда сақлагандан кейин ёки ўзгартирилган маркировкалаш белгилари билан сотиш; шошилинч сотиш ва бошқа ҳоллар киритилади.

21981 йилдан бошлаб жаҳон автосаноатида транспорт воситаларини идентификациялаш учун ишлатиладиган 17 белгили ноёб рўйхатдан ўтказиш рақами.

Прочитано: 1057 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика