Norma.uz

Қувурларни қандай қилиб ўзгартирганимиз ҳақида

Кўп қаватли турар жойда энг оғир иш қўшнилар билан чиқишиб, муроса қилиб яшаш дейишади. Бунга ўз тажрибамизда ишонч ҳосил қилганмиз. Бизнинг йўлакдаги квартираларда яшайдиганларнинг ҳаммаси жуда аҳил, муносабатларимиз, борди-келдимиз яхши, оғир пайтларда бир-биримизга ёрдам берамиз, ҳурмат ҳам жойида, шунга қарамай, муаммо чиқиб қолди. Бир неча йилдирки, уйимиз амалда исимайди ҳисоб. Тўрт қаватли уйимиз қурилганига қарийб ярим аср бўлган, иссиқлик таъминоти тизими ишдан чиққан, квартиралардаги бундай тизим ҳам, ертўладаги тизим ҳам кўпдан буён капитал таъмирталаб. Кунлар совуди дегунча, одамлар совуқдан нажот излаб, ширкатга мурожаат этадилар. Лекин ҳар сафар: «Пул йўқ», – деган бир хил жавоб беришади. «Пул йўқ деганингиз нимаси?, – деб тажанг бўлишади қўшнилар. – Биз ахир умумий мол-мулк таъминоти учун бадаллар тўлаб турибмизку!» – «Сизларнинг уйингиз бўйича қарздорлик қарийб 5 миллион сўмга боради. Шундай экан, қувурларингизни алмаштиришга пул қани? Ҳисоблаб тўловни бир ярим миллион чама қилишади, келиб тушадиган пул эса тўрт юз минг сўмдан ошмайди. Бу пулга нима ҳам қилиб бўлади дейсиз?».

ХУМШ раҳбарияти билан ҳаяжон ва зардали суҳбатимиз ҳеч нарса бермайди. Ана шунда қўни-қўшнилар турли жойларга шикоят ёзишга тушди. Аммо бу ҳам тузукроқ наф бермади. Уйдаги иссиқлик таъминоти тизими рамақижон бўлиб ётган оғир беморни эслатади – гоҳ тетик бўлиб қолади, гоҳ ўсалликка юз тутади. «Ҳаёт шами липиллаб, ўчай-ўчай деб турган» уйимизни даволаш ширкатнинг молиявий ҳолатидан келиб чиқиб, бир ёқлама тарзда кечди. Иссиқлик берилганда биринчи бор текшириб кўргунга қадар, иситиш тизими сувини канализация тизимига чиқариб ташлаш билан чекланилди. Бундай қилиш эса белгилаб қўйилган нормаларда ман этилган. Бошқача қилиб айтганда, ХУМШ туб-асосли чоралар кўриш ўрнига «бир галги эритма дори қўллаб, хасталикни бемор ҳаёти учун таҳдид соладиган тарзда вақтинча даволаган бўлди, аслида уни хас-пўшлаш билан чекланди».

 

ТАШАББУС КЎРСАТАДИГАН МАРД БОРМИ?

Қишли-қировли кунларда совуққотиб ўтириш, ширкат қачон қувурларни ўзгартириб бераркин деб кутиш жонига теккан уй аҳли муаммони ўз кучлари билан ҳал этиш ҳаракатига тушдилар. Бунда қўшни уйлар тажрибаси ибрат бўлди. Ана шу уйларда яшайдиганлар қувурларни таъмирлаш ва алмаштириш ишларини ўз маблағлари ҳисобидан бажардилар, кейинчалик бадал тўлашда бу эътиборга олиниб қайта ҳисоб-китоб қилинди. «Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 30-моддаси шундай қилишга йўл беради, аммо бунда муайян тартиботга риоя этилиши шарт.

Бизда эса ХУМШ раҳбарлари: «Пул йўқ, қайта ҳисоб-китоб қилиш уставда назарда тутилмаган», – деб тўмсайиб олишди. Кимларнингдир бундан жаҳли чиқди, баъзи қўшнилар эса «Қачонгача кутиш мумкин? Газ ёқиб, иситкичлар ишлатиб жон сақлаймиз, оқибатда электр энергияси, газ учун мўмайгина пул тўламоқдамиз, ахир!» деб ўйлаб қолдилар. Қувурларни ўзгартириш учун ёнидан пул харжлашни истамаётганлар шов-шуви орасида бу йўсин соғлом фикрлаётганларнинг жўяли гаплари сезилмай ҳам қолиб кетди.

Гап бир ердан чиқмаганлигига қарамай, фаоллик кўрсатаётганлар ташаббускор гуруҳ тузишди. Бу гуруҳ қувурларни ўз кучимиз билан алмаштирамиз деган ғояни илгари суришга, сингдиришга киришди. Қўни-қўшнилар билан дилдан суҳбатлашишди. Лойиҳа фойдаси учун қанақа далиллар келтиришмади дейсиз? Энг муҳими, бу йил ширкат бизнинг уй учун нақд 32 млн сўмлик улкан дастурни амалга оширди. Олинган кредитлар ҳисобидан том замонавий материаллар билан тўлиқ ёпилди. Йўлаклардаги эски эшиклар ўрнига кодли қулфлари бўлган яп-янги эшиклар ўрнатилди. Иссиқлик шохобчаси алмаштирилди, энди йўлакларни таъмирлашни мўлжаллаб туришибди. Ширкат бир йил ичида бутун фаолият кўрсатиб келган давр мобайнида қила олмаганидан ҳам кўпроқ ишнинг уддасидан чиқа билди. Одамлар маблағ уй сарфиётига йўналтирилганлигини, таъмирлаш ишлари олиб борилаётганлигини кўргач, ҳовурдан тушдилар, ортиқча гап-сўз қиладиганлар камайди. Квартира мулкдорлари бажарилган ишларнинг ҳажмини ўзларича чамалаб кўрдилар. Бу ишлар олинган кредит эвазига бажарилди, чунки квартира эгалари бадалларни тўлашда саркашлик қилдилар, ширкатда эса уйни тартибга келтириш учун бошқа имконият йўқ эди. Биз ҳозир ширкатда чиндан ҳам қувурларни ўзгартириш учун маблағ йўқ эканлигини тушунтирдик – қарзни қайтариш лозим. Шу сабабли олдимизда икки йўл турарди: ё бундан кейин ҳам совуққотиб, шикоятбозлик қилишда давом этамиз, ёки ширкат уй учун қилган ишларни инобатга олган ҳолда қувурлар таъминотини ўз ҳисобимиздан адо этамиз. Бу мантиқли гаплар қўни-қўшниларга таъсир қилди ва ниҳоят бир муросага келдик.

Шундан кейин, бу ишни ким бажаради деган савол кўндаланг бўлди. Ширкат ходимларини бунга жалб этишга рағбатимиз йўқ – ишона олмаймиз уларга. Пулни тежаш учун четдан одам ёллаш мумкин. Лекин сифат ва жавобгарлик масаласида ундайларга кафолат бериб бўлмайди. Бизнинг йўлакдаги ён қўшнимиз яхши сантехник. У аварияли вазиятлар содир бўлганда, ҳамиша жонга оро киради, меҳнатини сира аямайди. Шу сабабли ҳам қўшнилар уни ҳурмат қилишади. Ҳамма ишни у виждонан, аъло даражада қилади. Унга мурожаат этдик: у қувурларни алмаштириш сметасини тузди, материаллар сарф-харажатини ва бажариладиган ишларни ҳисоблаб чиқди. Лойиҳани амалга ошириш мулкдорлардан ҳар бирининг чекига қанчаданга тушишини ҳам аниқ айтди.

 

ОҒЗИ БОТИРЛАРНИ ҲАМ ИШГА СОЛИШГА ТЎҒРИ КЕЛДИ

Пул йиғишга келганда яна гап чиқди. Чой ичиб гурунглашиб, ҳамфикр бўлиб юрган қўшниларимиздан шу даражада кўнгилсизликлар келиб чиқади деб ўйламагандим. Кимгадир ишида маош тўлашни кечиктириб юборишибди; бошқаси касалга чалиниб қолган эмиш – даволанишга пул керак экан. Бошқа бир қўшнимиз қизини узатиш тараддудида эканлиги боис, пул ўзига зарур экан. Кимларгадир кўп пул йиғилаётган туюлибди. «Маблағларимизни сарфлаб тик қувурларни рисоладагидек қилиб қўйдик ҳам дейлик, аммо квартираларимиз барибир исимаса-чи?» – деб нолиб қўйганлар ҳам бўлди. Бешта квартирада ижарачилар яшар экан. Жой мулкдорларидан учтаси, ҳамонки биз бу ерда яшамаётган эканмиз, қувурлар учун пулни ижарачилар берақолсин, деган мазмунда ўзини орқага ташлади. Лекин ижарачилар ҳар ярим йилда алмашади. Шундай экан, квартира эгасининг мол-мулки яхшиланиши учун унинг маблағ тўлашида маъни бормикан? Хуллас, яна қишни совуққотиб ўтказиш таҳликаси кўндаланг бўлди.

Уй иссиқ бўлишини хоҳлаётган эканмиз, демак сабрли ва чидамли бўлишимиз керак. Ишни яна бошидан бошлашга тўғри келди. Яна бир пиёла чой устида қўшнилар билан дилдан суҳбатлашдик, улар олисни ўйламаётганликлари туфайли совуқ кунларда биз совуққотиб ўтиришга мажбур бўлишимизни, иситиш тизимини тартибга келтиришга монелик қилаётганликлари жабрини бошқалар тортишга мажбур бўлажагини тушунтирдик. Умумий мол-мулк, шу жумладан иситиш тизими шу уйда яшовчиларнинг ҳаммасига тегишли-ку, ахир! Оғзи ботир, чўрткесар қўшниларни ишга солдик. Ўжарлик қилаётган ҳамсояларини унатиш уларнинг қўлидан келарди. Бинобарин, гап-сўзда улар бировни аяб ўтиришмасди. Қизиғи шундаки, уларнинг кескин гаплари бизнинг бир пиёла чой устидаги зиёлинамо суҳбатларимиздан кўра кўпроқ таъсир этди ҳалиги ўжарларга. Шу зайил, кўнгилсизликлар ортда қолди, хасталик тузалди, қувур учун қандайдир мўъжизавий тарзда пул топилди.

Оғзи ботир, чўрткесар қўшниларимиз ўжарлар билан гапни қисқа қилиб қўя қолишганди: «Квартирани қонунга хилоф тарзда, шартнома расмийлаштирмасдан ижарага беришни биласиз, аммо умумий мол-мулкни тартибга келтиришда тихирлик қиласиз. Керакли жойларга хабар бермасак бўлмайди шекилли». Хайрли ишимизга тўғаноқ бўлаётган баъзи қўшниларимизда мажбурий бадаллар бўйича қарз бор экан. Ана шу қарз учун, қолаверса, муҳандислик тизимларини яхшилашга монелик қилаётганликлари учун уларни судга бериш ниятимиз борлигини маълум қилганимиз ҳамони, бу қўшнилар ҳам ўзларига келиб қолишди. Йўлакдаги барча қўшниларнинг розилиги билан бир квартира соҳибининг квартирасидаги қувурларни кредит ҳисобидан ўзгартирдик. У қарзни ҳар ойда бўлиб-бўлиб тўлаш ҳақида тилхат берди ва мажбуриятини вақтида бажариб келмоқда.

Чиқариб ташланган эски қувурлар бошқа йўлаклардаги қўни-қўшнилар учун қувурларни алмаштириш зарур эканлигига яхши далил-дастак бўлди. Қувурларнинг ичи чўкма-тош билан шунчалик тўлиб қолган эдики, бундай қувурдан иссиқ сув ўтиши даргумон эканлиги бир қараганда кўриниб турар эди. Иситиш мавсумини бу йил ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ сабрсизлик билан кутдик. Ҳаяжон, ташвишларимиз ўринсиз бўлиб чиқди. Квартиралар иссиқ – жоннинг ҳузури, тизим яхши ишламоқда, демак «ўсаллик»дан батамом қутулдик. Бошқа йўлаклардаги квартира эгалари биздан ибрат олиб, келаси йили тик қувурларни ўз ҳисобларидан алмаштириш тараддудига тушишган.

 

Т.Никитенко, Тошкент.

 

ТАҲРИРИЯТДАН:

– Иситиш қувурларини ўзгартириш, алмаштириш масаласи кўп қаватли уйларда яшайдиганлар учун анча чигал муаммо бўлиб турибди. Квартира ичидаги қувурлар мулкдорларнинг умумий мол-мулки саналади, демак у ҳақда ХУМШ ўйлаши керак. Бинобарин, ширкат муҳандислик коммуникациялари техник ҳолат жиҳатидан талаб даражасида сақланишини таъмин этиши шарт. Аммо кейинги вақтларда ширкатларнинг кўпгина раҳбарлари маблағ етишмаганлиги оқибатида бу муаммони квартира эгалари гарданига юклаш йўлига ўтиб олдилар, қувурларни алмаштиришни иш режасига киритмай ҳам қўйдилар. Натижада ХУМШ билан унинг аъзолари ўртасида келишмовчилик келиб чиқмоқда.

Қувурлар мустақил тарзда алмаштирилганда қўшнилар билан келишиб олиш қийин бўлмоқда, ташаббускор гуруҳда эса, хайрли ишга унамаётган қўшниларга таъсир кўрсатиш воситаси йўқ. Бундай ҳолларда бутун умид инсон омилида. Яна бир жиҳатга эътибор қаратиш лозим. Бу ишни тасодифий одамлар эмас, балки малакали мутахассислар қилмоғи керак. Негаки, бундай мутахассислар сифат кафолатини беришади, иситиш бошланганда қувурларни текшириб кўришади, айни бир вақтда ертўладаги ишларни ҳам ўзлари бажаришади. Шуни унутмаслик жоизки, кўп вкартирали уйдаги иссиқлик таъминоти тизими яхлит бир нарса. Унинг барча қисмлари бир-бири билан ўзаро боғлиқ – тизимнинг муайян бир қисмини алмаштириш ҳамиша ҳам кутилган натижага олиб келавермайди.

Қувурларни ўз ҳисобидан алмаштиришни «Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги Қонуннинг (12.04.2006 йилдаги ЎРҚ-32-сон) 30-моддасида назарда тутилганидек, мулкдорларнинг сарф-харажатларини кейинчалик қайта ҳисоб-китоб қилишда суришиш асосида амалга оширилиши мумкин. Аммо бу иш умумий йиғилиш қарори асосида, «Норма маслаҳатчи» газетасида кўп бора ёритилган муайян тартиботга риоя этилган ҳолда амалга оширилмоғи лозим. Акс ҳолда ширкатда унинг молиявий фаолияти текширилганда, муаммолар келиб чиқиши мумкин.

Агар гап одамлар ширкат ишидан бохабар, умумий йиғилишларда қатнашиб турадиган, иши юришиб турган ХУМШ ҳақида бораётган бўлса, квартира ичидаги қувурларни алмаштиришни иш режасига киритиш мумкин. Ана шунда қувур алмаштириш иши умумий йиғилишда тасдиқланади. Шундай қилиб, бу иш зарурлиги ўз тасдиғини топади ва квартира эгалари билан бу борада амалда муаммолар келиб чиқмайди. Негаки, энди бу иш режа асосида содир этилади. Қонуннинг 22-моддасига биноан, ширкат аъзоларининг умумий йиғилишида қабул қилинган қарор ширкатнинг барча аъзолари учун мажбурийдир. Қувур алмаштирилишини истамаётган квартира эгаларига ширкат юридик шахс тариқасида судга даъво аризаси билан мурожаат этиш орқали ўз таъсирини ўтказиши мумкин. Иш шунга қадар етиб борса, қувур алмаштириш режа асосидаги таъмир эканлигини асос қилиш мумкин бўлади. Оқибатда кўпчиликнинг раъйига қарши чиқаётганлар умумий мол-мулкни лозим даражадаги ҳолатга келтиришга, уйнинг ички муҳандислик коммуникациялари тизимини яхшилашга тўсқинлик қилаётган бўлиб чиқади. ХУМШ умумий йиғилишда қабул қилинган ҳужжатларни: иш режасини, ана шу ишни бажариш сарф-харажатлари ҳисоблаб қўйилган даромадлар ва харажатлар сметасини судга тақдим этмоғи керак.

Прочитано: 647 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика