Norma.uz

Кир осадиган жой борми?

Мен кўп квартирали уйнинг биринчи қаватида яшайман. Квартирамни таъмирлаётганимизда туман ҳокимлигидан ижозат олган ҳолда кўчадан балконга кирадиган йўл қурдик. Ана шу йўл устига қўни-қўшниларнинг оғзаки розилигини олган ҳолда наво-соябон ўрнатдик. Таъмирлаш ишлари амалда охирлаб қолган бир пайтда юқори қаватда турадиган қўшни аёл, гарчи даставвал қарши бўлмаган эса-да, наво-соябонни олиб ташлашни талаб қила бошлади. Ўз иддаосини у қурилма кирларини ёйишга халақит беришини сабаб қилиб кўрсатди. Балконидан қарши тарафдаги дарахтга арқон тортиб кирларини шунга ёяр экан. Бундай вазиятлар қонун ҳужжатлари билан тартибга солинадими? 

Г.Каримова, Тошкент.

 

– Кирларни дераза ташқарисигагина эмас, балки кўриниб турадиган бўлса, балконга ёйиш ҳам қонун ҳужжатларида ман этилган. Чунки бу нарса турар жой мавзеларининг қиёфасига таъсир этади, кўп қаватли уйнинг эстетик кўринишини бузади. Шу сабабли ҳам қўшнининг ўрнатилган наво-соябони дераза ортига кир ёйишимга халақит бераётир, деган важ-корсонга асосланган даъвоси аввал-бошданоқ асоссиздир, негаки қўшнининг кир ёйиши қонун ҳужжатлари билан белгиланган талабларга хилоф, бу талабларни бузишдир. Шу хусусда Тошкент шаҳар ҳокими бир неча бор қарор қабул қилган бўлиб, қарорларда уйларни ва уйга туташ ҳудудларни сақлаш қоидаларига риоя этиш борасида фуқароларнинг жавобгарлигини кучайтириш назарда тутилган. Ҳужжатларда кирларни белгиланмаган жойларга ёйиш тақиқланган ва бу борада қоидани бузганлик учун жазо чоралари назарда тутилган. Дастлаб расмий огоҳлантириш, сўнгра жарима тариқасида маъмурий жазо чораси, кейин эса суд орқали мажбурий тартибда кўчириб юборишгача бўлган туб-асосли чоралар кўрилади. Тўғри, иш охирги чорага қадар етиб бориши гумон. Аммо бир пайтлар шундай қарорлар асосида қизиқ чоралар қўлланилган. Ўшанда кўп қаватли турар жойлар деразаси ортида арқон тортиб кир ёйилган бўлса, ободонлаштириш бошқармалари ходимлари бу арқонларни кесиб ташлашган.

Турар жойларни ва уй атрофидаги ерларни сақлаш ва улардан фойдаланиш қоидаларида* (бундан кейин – Қоидалар) назарда тутилишича, турар жой эгалари, ижарага олувчилар, ижарадорларга балконларда, уларнинг экранларидан юқорида кир ёйиш, гиламлар осиш (14-банд) тақиқланади. Қоидаларнинг 28-бандига кўра кирлар, кийим-кечак ва бошқа уй буюмларини бўш ер майдонлари ёки ҳовлининг кўчага чиқадиган очиқ жойларида осиб қўйишга йўл қўйилмайди. Хўш, бундай ҳолларда одамлар кирларини қаерга ёйишлари керак деган савол туғилиши табиий. Қоидаларнинг 35-бандида белгилаб қўйилганидек, уй атрофидаги ерларда бўш майдонлар бўлса, уларда кир қуритиш учун, кийимлар ва бошқа уй буюмларини тозалаш ҳамда рўзғор эҳтиёжи учун хўжалик майдончаси жиҳозланиши керак. Афсуски, бугунги кунда уйга туташ ҳудудларда амалда бўш майдон қолмаётир. Бундай майдонларни автомобиль тураргоҳлари, тижорат тузилмалари – катта-кичик дўконлар эгаллаб олмоқда. Ваҳоланки бир пайтлар кўп қаватли уйларнинг ёнида кир ёйиш учун махсус жойлар жиҳозланарди. Баъзи турар жой мавзеларида бундай жойлар, саноқли бўлса-да, сақланиб қолган. Шу сабабли кўпчилик муаммонинг қуйидаги ечимини маъқул деб билмоқда: автомат кир ювиш машинаси ювилган кирни чала қуритиб, селгитиб беради. Бунга йиғиладиган қуриткич қўшилса бас, олам гулистон.

 

*ВМнинг «Давлат уй-жой фонди хусусийлаштирилиши муносабати билан норматив ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида»ги Қарорига (28.06.1994 йилдаги 325-сон) 3-илова.

Прочитано: 2282 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика