Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 27 / Солиқ солиш

Ўз автомобилида хизмат ишлари бажарилганда

Кўп корхоналарда бугунги кунда ходимларнинг автомобилларидан хизмат мақсадлари учун фойдаланилади ва бунинг учун уларга компенсация тўланади. Бундай амалиётнинг бир нечта варианти мавжуд. Баъзан ходим тўловларига солиқ солиниши муайян вариант қўлланишига боғлиқ бўлади.

 

1-мисол. Ходимга унинг автотранспортидан хизмат мақсадларида фойдаланганлик учун пулли компенсация тўланади.

Ходимларнинг шахсий автомобилларидан хизмат мақсадлари учун (хизмат сафарларидан ташқари) фойдаланганлик учун компенсация тўлаш тартибида (ВМнинг 2.04.1999 йилдаги «Бюджетдан маблағ билан таъминланадиган ташкилотларда хизмат енгил авто­транспортдан фойдаланишни тартибга солиш тўғрисида»ги 154-сон Қарорига 3-илова) бундай тўловларнинг чегараланган миқдорлари келтирилган. Улар автомобилнинг қувватига (от кучи сонига) боғлиқ ҳолда ойига энг кам иш ҳақининг 2 бараваридан 4,5 бараваригача бўлади. Компенсация миқдорлари ходимга фақат хизмат мақсадлари учун фойдаланиладиган автомобилни ишлатиш юзасидан қилинадиган харажатларни қоплашни ҳисобга олган ҳолда белгиланган.

Бироқ компенсациянинг аниқ миқдорини иш берувчи ходим бажарадиган фаолиятнинг хусусиятидан келиб чиқиб белгилайди. Ташкилот раҳбари ўзининг буйруғи билан энг кўп миқдордан кўпроқ компенсацияни тасдиқлашга ҳақли. Бу ҳолда компенсациянинг меъёр­дан ортиқча суммаси меҳнатга ҳақ тўлаш фонди таркибига киритилади ҳамда унга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи, ягона ижтимоий тўлов ва суғурта бадаллари солинади. Агар раҳбар юқорида тилга олинган Қарор билан тасдиқланган меъёрлардан ошмайдиган компенсацияни белгилаган бўлса, унинг суммасига ЖШДС ва мажбурий тўловлар солинмайди, чунки Солиқ кодексининг (СК) 171-моддасига кўра мазкур тўловлар жисмоний шахснинг жами даромадига киритилмайди.

Корхона, муассаса, ташкилот раҳбарининг буйруғи ходимга компенсация тўлаш учун асос ҳисобланади. Унда автотранспорт тури ва компенсация миқдори кўрсатилади. Уни олиш учун ходимлар бухгалтерияга шахсий автомобиль техпаспортининг белгиланган тартибда тасдиқланган нусхасини тақдим этадилар.

Масалан, ходим хизмат мақсадларида ўз автомобилидан фойдаланади. Унинг двигатели қуввати 87 от кучини ташкил этади (одатда унинг сони автомобилнинг техпаспортида кўрсатилади). Юқорида тилга олинган Қарорга кўра 70 от кучидан 100 от кучига эга бўлган двигателли автомобиллар учун компенсациянинг чекланган миқдори ЭКИҲнинг 3,5 бараварини ташкил этади.

Агар:

а) раҳбар компенсацияни ЭКИҲнинг 3 бараварига тенг деб белгиласа. У ходимнинг жами даромади таркибига киритилмайди ҳамда унга солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар солинмайди;

б) раҳбар компенсацияни ЭКИҲнинг 5 бараварига тенг деб белгиласа. ЭКИҲнинг 3,5 бараварига тенг бўлган сумма ходимнинг жами даромади таркибига киритилмайди ҳамда унга ЖШДС ва бошқа мажбурий тўловлар солинмайди. Меъёрдан ортиқча тўланган ЭКИҲнинг 1,5 баравари эса меҳнатга ҳақ тўлаш фондига киритилади ва унга солиқ солиш шкаласи бўйича иш ҳақини ҳисобга олган ҳолда ЖШДС, шунингдек ЯИТ ва ижтимоий бадаллар солинади.

Шуни таъкидлаш лозимки, компенсация суммаси иш ҳақининг энг кам миқдори ўсиши билан қайта кўриб чиқилади. Ходим таътилда, хизмат сафарида бўлган, вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлиги туфайли, шунингдек бошқа сабабларга кўра ишга чиқмаган, шахсий автомобилдан фойдаланилмаган вақт учун компенсация тўланмайди.

 

2-мисол. Ходим шахсий автотранспортдан хизмат мақсадларида фойдаланади, бунда бензин, дизель ёқилғиси ёки газни унинг учун корхона харид қилади.

Ушбу ҳолда ҳам корхона, муассаса, ташкилот раҳбарининг буйруғи чиқарилади. Унда автотранспорт воситаси тури кўрсатилади, бухгалтерияга унинг техпаспортининг тасдиқланган нусхаси тақдим этилади. Раҳбар ходимнинг мажбуриятлари хусусиятига боғлиқ ҳолда бензин (дизель ёқилғиси, газ) лимитини белгилашга ҳақли.

Солиқ кодексида ходимнинг ёқилғидан белгиланган лимит доирасида фойдаланишига жисмоний шахснинг даромади сифатида қаралмайди (СКнинг 172–178-моддалари). Иш берувчининг ёқилғига доир харажатлари юридик шахсларнинг фойда солиғини ҳисоблаб чиқаришда чегириладиган харажатлар ҳисобланади (СКнинг 142-моддаси).

Жисмоний шахс – ходим ёқилғидан иш берувчи белгилаган лимитдан ортиқча фойдаланган тақдирда ошган қиймат унинг иш ҳақидан ушланиши мумкин. Агар лимит доирасидаги ёқилғи қиймати юридик шахсларнинг фойда солиғини ҳисоблаб чиқаришда чегирилса, ундан меъёрдан ортиқча фойдаланиш корхона харажатларига киритилмайди ва ходим томонидан қопланади. Иш берувчи ушлайдиган сумма жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича солиқ солинадиган базани камайтирмайди.

Айрим ҳолларда иш берувчилар ортиқча сарфланган ёқилғи учун тўланган суммаларни моддий наф тарзида жисмоний шахснинг даромадлари таркибига киритишлари мумкин, яъни уни ходимдан ушламайдилар. Бироқ у ходимнинг жами даромадига киритилади ва солиқ солиш шкаласи бўйича унинг даромадлари таркибида ЖШДС солинади (бундай даромадга ЯИТ ва суғурта бадаллари солинмайди). Юридик шахсларнинг фойда солиғини тўловчиларда ёқилғидан меъёр­лардан ортиқча фойдаланганлик учун тўланган сумма СКнинг 147-моддасига мувофиқ чегирилмайдиган харажат сифатида қаралади.

Масалан, иш берувчи ўз автомобилидан хизмат мақсадларида фойдаланадиган ходимга бензин лимитини 150 литр деб белгилади ва автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаси билан тегишли шартнома тузди. Агар:

а) ходим бир ой мобайнида АЁҚШда 120 литр бензин олса, унинг қиймати корхона харажатларига киритилади ва фойда солиғини ҳисоблаб чиқараётганда чегирилади. Бунда у жисмоний шахс даромади таркибига киритилмайди;

б) ходим бир ойда ўз автомобилининг бензобакига 170 литр бензин қуйса, 150 литрининг қиймати корхона харажатларига киради, у фойда солиғини ҳисоблаб чиқараётганда чегирилади ва жисмоний шахснинг жами даромадига киритилмайди. Белгиланган лимитдан ортиқча ишлатилган 20 литрининг қиймати эса:

ходимнинг иш ҳақидан ушланиши мумкин, ушбу ҳолда ҳам у юридик шахснинг харажати деб эътироф этилмайди;

моддий наф тарзида жисмоний шахснинг даромадлари таркибига киритилиши ва унга ЖШДС солиниши мумкин (унга ЯИТ ва ижтимоий бадаллари солинмайди).

Ой охирида бензобакдаги ёқилғининг қолдиғини белгилайдиган жавобгар шахс – юридик шахс ходимини тайинлаш тавсия этилади. Ушбу ҳолда лимитдан ошган сумма ушбу қолдиқни ҳисобга олган ҳолда белгиланади.

Раҳбар ҳар бир муайян ходим учун ёқилғи лимитини белгиламасликка ҳақлидир. Бундай ҳолда локал меъёрларнинг йўқлиги муносабати билан барча фойдаланилган ёқилғи чегириладиган харажат сифатида қаралади ва жисмоний шахсда мажбуриятлар юзага келмайди. Хизмат мақсадларида фойдаланиладиган ёқилғи миқдорини белгилашнинг муайян тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланмаганлиги боис иш берувчи ички сиёсатдан келиб чиқиб харажатни тасдиқлаш учун ходимдан ундан фойдаланилганлиги тўғрисида эркин шаклдаги ҳисоботни талаб қилишга ҳақлидир.

 

3-мисол. Ходим билан унинг енгил автомобилини ижарага олиш шартномасини тузиш.

Автотранспортни ижарага олиш шартномаси ёзма шаклда тузилиши ва нотариал тасдиқланиши керак. Фуқаролик кодексининг (ФК) 564 ва 565-моддаларига кўра автотранспортни экипажи билан ва экипажсиз ижарага бериш мумкин. Автомобиль экипажи билан ижарага берилганда унинг эгаси ундан фойдаланади ва хизматлар кўрсатади. Экипажсиз ижарага берилганда ижарага берувчи транспортни вақтинча эгалик қилиш ва фойдаланиш учун ҳақ эвазига ижарага олувчига беради ҳамда ўз кучи билан уни бошқариш ва техник фойдаланиш бўйича хизмат кўрсатмайди.

ФКнинг 567-моддасида назарда тутилишича, агар транспорт воситасини ижарага бериш шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, транспорт воситасини тижорат мақсадида ишлатиш муносабати билан ёнилғи ва ишлатиш жараёнида сарфланадиган бошқа материаллар ҳақини тўлаш, йиғимлар ва бошқа чиқимларни тўлаш ижарага олувчи зиммасида бўлади.

Президентнинг 25.12.2013 йилдаги ПҚ-2099-сон Қарори билан солиқ солиш мақсадида автотранспортни ижарага олиш учун тўловнинг энг кам ставкалари тасдиқланган (енгил автомобиль – 220 000 сўм, микроавтобуслар, автобуслар ва юк машиналари – 430 000 сўм). Жисмоний шахслар шартномада энг кам тўловдан паст тўловни назарда тутишлари мумкин, бироқ ушбу ҳолда ижара ҳақининг тасдиқланган энг кам ставкаларидан келиб чиқиб солиқ солинади.

Юридик шахс – иш берувчига автотранспорт ижарага берилганда жисмоний шахсга иш берувчи ижара шартномасига биноан тўлайдиган, бироқ энг кам ставкадан оз бўлмаган ижара ҳақи суммаси унинг даромади ҳисобланади. Унга тўлов манбаида солиқнинг энг кам ставкаси – 7,5% бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинади.

Юридик шахснинг авто­транспорт ижараси, ёқилғи ва бошқа мақсадлар (таъмирлаш ва ҳоказо) бўйича харажатлари юридик шахсларнинг фойда солиғини ҳисоблаб чиқариш чоғида чегирилади.

 

А МИСОЛ. Жисмоний шахс юридик шахс – иш берувчига енгил автомобилни экипажи билан ижарага берди, яъни уни ходимнинг ўзи ҳайдайди. Шартномага кўра ижара ҳақи ойига 100 000 сўмни ташкил қилади. Шартномага кўра иш берувчининг ўзи ёқилғини харид қилади ва автотранспортни таъмирлайди. У автомобилни корхонанинг бошқа ходимларига беришга ҳақли эмас.

Мазкур ҳолда юридик шахс ЖШДСни ижара ҳақининг энг кам ставкасидан келиб чиқиб ушлаши керак, чунки шартномада камроқ сумма кўрсатилган. Ушланадиган солиқ ойига 16 500 сўмни (220 000 х 7,5%) ташкил этади. Ходим у ушланганидан кейин 83 500 сўм (100 000 – 16 500) ижара ҳақи олади.

Юридик шахснинг ёқилғини харид қилиш ва автотранспортни таъмирлаш харажатлари СКнинг 142 ва 145-моддаларига мувофиқ чегириладиган харажатлардир.

 

Б Мисол. Ходим иш берувчига енгил автотранспортни экипажсиз тақдим этди. Ижара ҳақи – ойига 400 000 сўм, иш берувчининг маблағлари ҳисобига ёқилғи билан таъминлаш назарда тутилган. У автомобилни қонун ҳужжатлари билан белгиланган тартибда корхонанинг бошқа ходимларига беришга ҳақли.

Мазкур ҳолда юридик шахс жисмоний шахсдан 400 000 сўмдан келиб чиқиб ЖШДСни ушлаши керак, чунки шартнома суммаси энг кам ижара тўловидан юқорироқ. Ушланадиган солиқ суммаси ойига 30 000 сўмни (400 000 х 7,5%) ташкил қилади. Солиқ ушланганидан кейин ходимга тўланадиган даромад 370 000 сўмни (400 000 – 30 000) ташкил қилади.

Юридик шахснинг ижарага олинган автомобиль учун ёқилғи харид қилиш харажатлари ушбу ҳолда ҳам СКнинг 142-моддасига мувофиқ чегириладиган харажатлардир.

 

Дилшод СУЛТОНОВ,

экспертимиз.

Прочитано: 3950 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика