Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 27 / Хўжалик юритиш қоидалари

Устав бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлар

«Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг* янги таҳрири (бундан кейин – Қонун) қабул қилиниши билан барча акциядорлик жамиятлари ўз уставларини ушбу ҳужжатнинг талабларига мувофиқлаштиришлари керак. Моҳиятига кўра устав жамиятнинг умумий фуқаровий ва махсус ҳуқуқий лаёқати, уни бошқариш тартиби, унинг бошқарув органлари масъулияти, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, акциядорлар ва АЖнинг масъулиятини белгилайди. У жамиятда ва у билан муносабатларда юзага келадиган ҳуқуқий муносабатларнинг қонун ҳужжатларидан кейинги иккинчи регулятори бўлиб, қўллаш учун мажбурий саналади.

Кўрсатма берувчи императив меъёрлар тарзидаги ягона қоидаларни белгилар экан, Қонун акциядорларга АЖ фаолиятида юзага келган масалаларни қандай ҳал этишни ўзлари белгилаш ҳуқуқини берадиган диспозитив меъёрларнинг ҳам мавжудлигини назарда тутади. Акциядорлар уставни тайёрлаш чоғида даставвал айнан шу диспозитив меъёрларга эътибор қаратишлари керак.

Тақдим этилаётган Қонуннинг кўрсатма берувчи ва муқобил меъёрларининг таҳлили, фикримизча, шу жумладан уставнинг янги таҳририни тайёрлаш чоғида ҳам фойдали бўлади.

 

АЛБАТТА КИРИТИЛИШИ КЕРАК

Қонунга кўра акциядорлик жамиятининг уставида келтирилиши зарур бўлган ахборотга қуйидаги маълумотлар киради:

● АЖнинг тўлиқ (агар бўлса қисқартирилган) фирма номи, жойлашган ери (почта манзили) ва электрон почта манзили (13-модда);

● фаолиятининг соҳаси (асосий йўналишлари) ва мақсади (13-модда);

● устав фондининг (устав капиталининг) миқдори (13-модда);

● акцияларнинг сони, номинал қиймати, турлари (оддий, имтиёзли) (13-модда);

● АЖ бошқарувининг тузилмаси, кузатув кенгашининг, тафтиш комиссиясининг ва ижроия органининг ­аъзолари сони, бу органларни шакллантириш тартиби, уларнинг ваколатлари (13-модда).

● акцияларни жойлаштириш ва улар бўйича дивидендлар тўлаш тартиби (21-модда);

● акциядорлар олган акцияларнинг (жойлаштирилган акцияларнинг) сони ва номинал қиймати (25-модда);

● оддий акциялар эгалари бўлган акциядорларнинг акциядорлар умумий йиғилишида иштирок этиши, АЖ тугатилган тақдирда эса – ўзларига тегишли улушга мувофиқ жамият мол-мулкининг бир қисмини олиши тартиби (27-модда);

● жамият тугатилаётганда имтиёзли акциялар бўйича тўланадиган дивиденднинг миқдори ва (ёки) қиймати (тугатилиш қиймати) ёки уларни белгилаш тартиби (28-модда);

● жамиятнинг захира фонди ва у уставда белгиланган миқдорга етгунига қадар соф фойдадан ҳар йилги мажбурий ажратмалар миқдори (32-модда);

● жамият томонидан имтиёзли акцияларни олиш нархи (агар шундай бўлса) (37-модда);

● акциядорларнинг йиллик умумий йиғилишини ўтказиш муддати (58-модда);

● умумий йиғилиш қарорлари, овоз бериш якунларини акциядорлар эътиборига етказиш тартиб ва муддатлари (60-модда);

● умумий йиғилиш томонидан кузатув кенгаши аъзоларини сайлаш тартиби ва унинг сон таркиби (76-модда);

● кузатув кенгашининг мажлисини ўтказиш учун кворумни белгилаш (78-модда);

● ижроия органи (директор ёки бошқарув ҳамда унинг раҳбарлари)нинг ваколати, ҳуқуқ ва мажбуриятлари (79-модда);

● тафтиш комиссиясини (тафтишчини) сайлаш тартиби ва унинг ваколат доираси (107-модда).

 

ҲАММА ҲАМ КИРАВЕРМАЙДИ

Қонунда уставга баъзи қоидаларни албатта киритишни назарда тутувчи, бироқ бу баъзи акциядорлик жамиятларига татбиқ этилмайдиган бир қатор меъёрлар мавжуд.

● Давлат томонидан жамиятни бошқаришда иштирок этишга бўлган махсус ҳуқуқ («олтин акция») жорий этилган жамият уставида ундан фойдаланиш тўғрисида қоидалар кўрсатилиши керак (13-модда).

● Акциядорларининг сони 50 нафардан ошмаган АЖнинг акциядорларнинг бошқа акциядорларга сотилаётган акцияларни олишда имтиёзли ҳуқуқини назарда тутадиган уставида ушбу ҳуқуқни амалга ошириш тартиби ва муддатларини назарда тутиш зарур (6-модда).

● Овоз берувчи акциялар эгаси бўлган акциядорларнинг сони 30 кишидан кам бўлган, кузатув кенгашининг вазифалари акциядорларнинг умумий йиғилиши зиммасига юклатилган жамият уставида акциядорлар умумий йиғилишини ўтказиш масаласини ҳал этиш ҳуқуқига эга бўлган шахс ёки бошқарув органи кўрсатилиши керак (74-модда);

● Миноритар акциядорлар қўмитасига эга бўлган АЖ уставида бундай қўмитанинг сон таркиби кўрсатилиши ва унга Қонунда кўрсатилганлардан ташқари бошқа масалаларни кўриш ҳуқуқини бериш лозим (82-модда);

● Жамиятда корпоратив маслаҳатчининг бўлиши АЖ уставида акс эттирилиши керак (110-модда).

 

СИЗНИНГ ХОҲИШИНГИЗГА КЎРА

Қонунда акциядорлар уставга ўз хоҳишига кўра киритишга ҳақли бўлган диспозитив меъёрлар мавжуд.

● Қонунда белгиланишича, жамиятнинг жойлашган ери у давлат рўйхатидан ўтказилган жойга кўра белгиланади. Бироқ АЖ, мисол учун, ўзининг жойлашган ери ўзгарганлиги ҳолатида бошқа жойни кўрсатишга ҳақли (3-модда).

● Жамият ўзи чиқараётган акцияларга очиқ ёки ёпиқ обуна ўтказишга ҳақли. Бироқ у уставга ёпиқ обунани ўтказишни тақиқлашни киритиши мумкин (5-модда). Фикримизча, буни қилиш мақсадга мувофиқ эмас, чунки стратегик инвесторни жалб этиш имконияти чекланади.

● АЖ уставда битта акциядорга тегишли бўлган улушнинг энг кўп миқдорига чекловлар белгиланишини назарда тутишга ҳақли (13-модда). Жамият унда АЖ жойлаштирилган акцияларга қўшимча равишда жойлаштиришга ҳақли бўлган эълон қилинган акцияларнинг сони ва номинал қийматини кўрсатиши мумкин. Бунда шуни назарда тутиш лозимки, агар истиқболда АЖ қўшимча акцияларни чиқаришни режалаштираётган бўлса, у уставда уларнинг сони ва номинал қийматини кўрсатиши шарт (18, 25-моддалар).

● Жамият устав фондини акцияларнинг номинал қийматини камайтириш ёки уларнинг бир қисмини кейинчалик бекор қилган ҳолда уларни олиш йўли билан камайтириши мумкин. Бироқ агар у иккинчи усулдан фойдаланиш ниятида бўлса, бундай имконият уставда назарда тутилиши керак (19-модда).

● Умумий қоидага кўра имтиёзли акция овоз ҳуқуқини бермайди. Бироқ Қонун, агар бу уставда назарда тутилган бўлса, жамият томонидан улар бўйича овоз ҳуқуқи берилиши мумкинлигига йўл қўяди. Хусусан, унда имтиёзли акцияларни оддий акцияларга айирбошланиш имконияти мавжуд бўлганда (28-модда).

Афсуски, Қонунда, уни Қонуннинг 28-моддаси берган ҳоллардан ташқари, устав билан имтиёзли акциялар бўйича овоз ҳуқуқи берилиши мумкин бўлган ҳолатлар кўрсатилмаган.

● Қонунга кўра акцияларга ҳақ тўлаш пул ва бошқа тўлов воситалари, мол-мулк, шунингдек пулда ифодаланадиган баҳога эга бўлган ҳуқуқлар орқали амалга оширилади. Бироқ агар акциядорлар АЖ акцияларга ҳақ тўлаш ҳисобига ўзига керак бўлмаган мол-мулкни олишини хоҳламасалар, бундай ҳақ тўлашга чекловни уставда кўрсатиш мумкин (31-модда).

● Акцияларни ва акцияларга айирбошланадиган қимматли қоғозларни жойлаштириш усуллари (очиқ ёки ёпиқ обуна) жамият уставида белгилаб қўйилади, жамият уставида бу хусусда кўрсатмалар мавжуд бўлмаса, акциядорлар умумий йиғилишининг қарори билан белгиланади. Шу сабабли акциядорларга жамият қимматли қоғозларини жойлаштириш усулини уставга киритиш ва бу билан АЖ ҳуқуқларини чеклашнинг ўринлилигини белгилаш тавсия этилади. Буни умумий йиғилишнинг кўриб чиқишига қолдириш маъқул эмасми (33-модда)?

● Агар қўшимча чиқариладиган акцияларни ва акцияларга айирбошланадиган, пул маблағлари билан ҳақи тўланадиган эмиссиявий қимматли қоғозларни овоз берувчи акцияларнинг эгалари бўлган акциядорлар имтиёзли олиш ҳуқуқига эга бўлишни хоҳласалар, агар ушбу ҳуқуқ уставда қайд этилмаган бўлса, ундан фойдалана олмайдилар (35-модда).

● Умумий қоидага кўра жамият акцияларни олиш вақтида уларга пул маблағлари билан ҳақ тўлайди. Шу сабабли ҳатто акциядорларнинг умумий йиғилиши, агар бундай имконият уставда назарда тутилмаган бўлса, тўлаш усулини ўзгартиришга ҳақли бўлмайди. Оборот пул маблағлари чекланган вазиятда уставда АЖ харид қиладиган акцияларга ҳақ тўлашнинг муқобил воситаларини назарда тутиш тавсия этилади (37-модда).

● Қонунга кўра дивидендларни тўлаш муддати ва тартиби жамиятнинг уставида ёки акциядорларнинг умумий йиғилиши қарорида белгиланади. Дивидендларни тўлаш муддатларини объектив белгилаш имкониятини сақлаш учун ушбу масалани ҳал этишни акциядорлар умумий йиғилишнинг кўриб чиқишига қолдириш мақсадга мувофиқдир (51-модда).

● АЖ молиявий йилнинг I чораги, ярим йиллиги, 9 ойи натижаларига кўра ва (ёки) молиявий йил натижаларига кўра, жойлаштирилган акциялар бўйича дивидендлар тўлаш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли. Бироқ акциядорлар ушбу чекловларни уставга киритиб, бундай тўловларни чеклашлари мумкин (49-модда).

● Қонунда белгиланишича, акциядорларнинг умумий йиғилишини олиб бориш тартиби бўйича умумий йиғилиш томонидан қарор қабул қилиш тартиби уставда ёки жамиятнинг умумий йиғилиш қарори билан тасдиқланган бошқа ҳужжатларида белгилаб қўйилади. Фикримизча, умумий йиғилишни олиб бориш тартибини белгиловчи қоидаларни акциядорларнинг умумий йиғилиши тўғрисидаги низомда акс эттириш мақсадга мувофиқроқдир (60-модда).

● Қонунга кўра акциядорлар молиявий йил тугаганидан кейин 30 кундан кечиктирмай, агар уставда бундан кечроқ муддат белгиланмаган бўлса, йиллик умумий йиғилиш кун тартибига масалалар киритишга ҳамда кузатув кенгаши ва тафтиш комиссиясига номзодлар кўрсатишга ҳақли. Амалиётнинг кўрсатишича, кўпинча баъзи акциядорлар ушбу муддатда ўз ҳуқуқларидан фойдаланишга улгурмайдилар. Одатда бу бошқариш ва назорат органларига (шу жумладан давлат улуши бўйича) номзодларни белгилаш ҳамда ўтган йилги фаолият якунлари тўғрисида дастлабки маълумотларнинг йўқлиги билан боғлиқдир. Ўйлашимизча, уставда кам деганда икки ойлик муддатни, йирик жамиятлар учун эса бундан ҳам кўпроқ муддатни кўрсатиш жоиз (63-модда).

● Қонуннинг 59, 75-моддаларига кўра кузатув кенгашининг ваколатлари доирасига акциядорлар умумий йиғилишининг инвестицияларни жалб этиш, корпоратив бошқариш, назоратни амалга ошириш бўйича ваколатига доир бир қатор масалаларни киритиш мумкин. Хусусан, унга қуйидаги ваколатларни бериш мумкин:

жамиятнинг устав фондини кўпайтириш ва уставга тегишли ўзгартишлар киритиш масалаларини ҳал қилиш;

акцияларни жойлаштириш (қимматли қоғозларнинг биржа бозорига ва уюшган биржадан ташқари бозорига чиқариш) нархини белгилаш;

корпоратив облигациялар, шу жумладан акцияларга айирбошланадиган облигациялар, шунингдек қимматли қоғозларнинг ҳосилаларини чиқариш ва қайтариб сотиб олиш, жамиятнинг ижроия органини тузиш, унинг раҳбарини сайлаш (тайинлаш), унинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш тўғрисида қарор қабул қилиш;

жамиятнинг ижроия органига тўланадиган ҳақ ва компенсациялар миқдорларини белгилаш;

АЖнинг йиллик бизнес режасини тасдиқлаш.

Ушбу ваколатларнинг барчасини кузатув кенгашига бериб, уларни уставда ёки акциядорлар умумий йиғилишининг қарори билан кўрсатиш мумкин.

Агар акциядорлар ваколатларни кузатув кенгашига бериш зарурати бор деб ҳисобласалар, уларни ҳар бир аниқ ҳолда вазиятдан ва қўйилган мақсаддан келиб чиқиб, акциядорлар умумий йиғилишининг қарори билан бериш мақсадга мувофиқ бўлади. Қонун кузатув кенгашининг ваколат доирасига унда назарда тутилмаган бошқа ваколатларни ҳам киритиши мумкин, бироқ ушбу ҳолда улар уставда акс эттирилиши керак (75-модда).

● АЖ кузатув кенгашининг раиси умумий қоидага кўра ушбу кенгаш таркибидан кенгаш аъзоларининг кўпчилик овози билан сайланади. Бироқ Қонун, агар бу уставда кўрсатилган бўлса, раисни малакали кўпчилик томонидан сайлашни назарда тутиш имконини беради (77-модда).

Қонунга кўра кузатув кенгашининг қарорлари кўпчилик овоз билан қабул қилинади, қуйидаги масалалар бундан мустасно:

устав фондини кўпайтириш ва уставга тегишли ўзгартишлар киритиш;

аффилланган шахслар билан йирик битимлар ва битимлар тузиш;

акцияларга айирбошланадиган корпоратив облигациялар чиқариш;

бир овоздан қабул қилинадиган сиртдан овоз бериш йўли билан қарорлар қабул қилиш. Бунда аффилланган шахс билан битимни маъқуллаш тўғрисидаги қарор мажлисда иштирок этаётган кенгаш аъзолари томонидан бир овоздан қабул қилинади. Бошқа масалалар бўйича қарорлар, чиқиб кетганларни ҳисобга олмаганда, кузатув кенгашининг барча аъзолари улар учун якдил овоз берганда қабул қилинган ҳисобланади. Айни вақтда Қонун акциядорларга кузатув кенгашининг ўз қарорларини ва унинг ваколат доирасига кирувчи бошқа масалалар бўйича қарорларни, малакали кўпчилик ёки бир овоздан қабул қилиши мажбуриятини, шунингдек кенгаш аъзоларининг овозлари тенг бўлган тақдирда раиснинг ҳал қилувчи овоз ҳуқуқини уставда назарда тутиш имконини беради (78-модда).

● Қонуннинг 4-моддаси акциядорнинг кўрсатмаларини бажариш оқибатида унинг айби билан юз берган АЖнинг банкротлиги учун жавобгарлигини белгиларкан, квалификацияловчи аломат сифатида уставда акциядорга шундай ҳуқуқни берадиган меъёрнинг борлигини қайд этади. Бу ерда нима ҳақида сўз бораётганлиги тушунарсиз, чунки Қонун АЖ бошқарув органларининг ваколатлари, ҳуқуқ ва мажбуриятларини аниқ равишда белгилайди ва акциядорлар учун бошқарув органлари орқали бўлганидан ўзгача, ижро этиш учун мажбурий кўрсатмаларни беришнинг бошқа имкониятини назарда тутмайди. Оқибатда, уставга «акциядор сифатида чиқадиган шахс» учун бирор-бир эксклюзив ҳуқуқларнинг мавжудлиги тўғрисида қоидани киритиш керак эмас.

● Қонуннинг 8-моддаси асосий жамиятнинг шуъба хўжалик жамиятига мажбурий кўрсатмалар бериш ҳуқуқи фақат шуъба жамият билан тузилган шартномада ёки унинг уставида назарда тутилган тақдирда асосий жамият бундай ҳуқуққа эга деб ҳисобланишига йўл қўяди. Аввалги ҳолда бўлганидек, тузилиши мўлжалланаётган шартноманинг тури ҳам, Қонунга зид ҳолда акциядорларнинг ҳуқуқларини амалда чеклаши мумкин бўлган қандайдир эксклюзив ҳуқуқлар ҳам тушунарсиз.

● Қонуннинг 103-моддасида АЖ сақлаши шарт бўлган ҳужжатлар саналган. Агар уларнинг таркибига бошқа ҳужжатлар ҳам киритилса, уларни уставда санаш лозим.

● Қонуннинг 112-моддасига алоҳида эътибор қаратиш керак, унда айтилишича, акциядорларнинг ҳуқуқлари Қонунда белгиланган ва жамият уставида назарда тутилган мажбуриятларни бажариш орқали АЖнинг бошқарув органлари томонидан ҳимоя қилинади. Бошқача айтганда, акциядорлар бошқарув органларининг уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича қўшимча мажбуриятларини уставга киритишга ҳақлилар. Башарти, улар қонун ҳужжатларига ва бошқариш моҳиятига зид бўлмаса.

Уставни ишлаб чиқишда унга Қонуннинг такрорловчи қоидалари ва императив меъёрлари киритилмаса, ушбу локал ҳужжатнинг ҳажми 7 саҳифадан ошмайди ва қўллашда тушунарли ва осон бўлади.

 

*26.04.1996 йилдаги 223-I-сон, 6.05.2014 йилдаги ЎРҚ-370-сон Қонун таҳририда.

 

Александр ЦОЙ,

«Aleksta yure» адвокатлик фирмасининг адвокати.

Прочитано: 1252 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика