Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2014 год / № 6 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

ЭКОЛОГИЯНИ КУЗАТИБ ТУРИНГ

Вазирлар Маҳкамасининг 21.01.2014 йилдаги 14-сон қарори билан Экологик нормативлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Ушбу Низом атроф-муҳитни ифлослантирувчи моддаларнинг ташламалари, оқавалари пайдо бўлиши билан боғлиқ бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ёки хизматлар кўрсатишни амалга оширувчи ташкилотлар, якка тартибдаги тадбиркорларга татбиқ этилади. Улар учун экологик нормативлар 5 йил муддатга белгиланади. Мазкур муддат, агар ишлаб чиқариш технологиясида, фойдаланилаётган хом ашё таркибида, ташламалар, оқавалар, чиқиндилар пайдо бўлиши манбалари сонида, улар таркибида, шунингдек норматив ҳужжатларда ўзгаришлар юз бермаса, яна 5 йил муддатга узайтирилади. Технологик жараён кенгайтирилганда, реконструкция қилинганда, техник жиҳатдан қайта жиҳозланганда ёки ўзгарганда, экологик нормативлар қайта кўриб чиқилади.

Экологик нормативлар лойиҳалари экологик экспертизадан ўтказиш ва тасдиқлаш учун Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси органларига тақдим этилади. Атроф муҳитни ифлослантирувчи моддалар ташламалари, оқавалари манбалари, чиқиндилар пайдо бўлиши ва жойлаштирилиш жойи ҳудудий жиҳатдан бир-биридан узоқдаги саноат майдончаларида жойлашган тақдирда лойиҳаларни ишлаб чиқиш ҳар қайси саноат майдончаси учун алоҳида-алоҳида ишлаб чиқилади.

Экологик нормативлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш икки босқичда амалга оширилади: ташламалар, оқовалар манбаларини, чиқиндиларнинг пайдо бўлиши ва жойлаштирилишини хатловдан ўтказиш; уларни меъёрлаштириш. Хатловдан ўтказиш маълумотларининг ишончлилиги учун ташкилотнинг раҳбари (экологик нормативлар лойиҳалари буюртмачиси) жавобгар бўлади.

Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳудудий органлари томонидан тасдиқланган хатловдан ўтказиш материаллари негизида атроф муҳитга таъсир кўрсатишнинг экологик нормативлари лойиҳалари ишлаб чиқилади. Лойиҳалар қоғоз манбада, уч нусхада расмийлаштирилади ва ташкилот раҳбари томонидан тасдиқланади. Улар тасдиқланган хатловдан ўтказиш материаллари билан бирга давлат экологик экспертизасига топширилади.

Экспертиза хулосаси ижобий бўлган тақдирда лойиҳалар Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг ўринбосари ёхуд Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳудудий органи раиси томонидан тасдиқланади.

 

ИШЛАШ УЧУН ЯРОЈЛИ

Вазирлар Маҳкамасининг 21.01.2014 йилдаги 15-сон қарори билан Касбий фаолиятнинг айрим турларини ва ўта хавфли манба билан боғлиқ фаолиятнинг амалга ошириш учун тиббий психиатрия монеликлари рўйхати ҳамда Касб билан боғлиқ фаолиятнинг ва ўта хавфли манба билан боғлиқ фаолиятнинг айрим турларини амалга оширувчи ходимларни мажбурий психиатрия текширувидан ўтказиш қоидалари тасдиқланди.

Тиббий психиатрия монеликлари рўйхатига мувофиқ қуйидагилар билан боғлиқ бўлган касбий фаолиятнинг айрим турлари билан машғул бўлган шахслар 5 йилда камида 1 марта тиббий руҳий текширувдан ўтишлари керак:

зарарли моддалар ва ноқулай ишлаб чиқариш омиллари таъсири билан боғлиқ. Уларга, масалан, маргумушнинг органик бирикмаларини чиқариб олиш, ишлаб чиқариш ва қўллаш, қатрон (смола), лок, елим ва бошқалар киради;

юқори хатар шароитларида. Масалан, автомототранспорт ва шаҳардаги электр транспортлари ҳайдовчиларида енгил даражадаги ақлий заифлик ва ақлий ривожланишнинг оқсаши, эпилепсия ва синкопал ҳолатлар бор-йўқлиги текширилади. Сув тайёрлаш билан шуғулланувчи ва водопровод тармоқларига хизмат кўрсатувчи водопровод иншоотлари ходимлари ҳам эпилепсия ва синкопал ҳолатга текширувдан ўтказилади.

Ногиронлар транспорт воситаларини ҳайдашга монеликларни аниқлаш учун тиббий меҳнат эксперт комиссияларида текширувдан ўтадилар.

Руҳий ёрдам кўрсатувчи муассасалар ходимлари руҳий касалхоналарда меҳнатни ташкил қилиш, фойдаланиш ва меҳнат муҳофазаси қоидаларига мувофиқ текширувдан ўтадилар.

Мажбурий руҳий текширувдан ўтказиш қоидаларига мувофиқ ходимларнинг ишга яроқлилигини аниқлаш мақсадида текширув ўтказилади. Уни мажбурий текширув ўтказиш борасида мурожаат қилинган кундан бошлаб 20 кундан ошмаган муддатда ва 5 йилда камида 1 марта соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан тузиладиган шифокорлар комиссияси ўтказади. Текширувдан ўтиш учун ходим иш берувчи томонидан берилган, фаолият тури ва меҳнат шароити кўрсатилган йўлланмани тақдим этади, шунингдек паспортини кўрсатади.

Комиссия текширувдан ўтувчини хабардор қилган ҳолда тиббий муассасалардан қўшимча маълумотларни ҳам сўрашга ҳақлидир. Ходим ўз текширувига доир саволларга тушунтиришлар олишга ҳақли.

Комиссиянинг ёзма қарори қабул қилгандан кейин у 3 кун ичида ходимга тилхат орқали берилади, иш берувчига қарор қабул қилинган сана ва текширувчига берилганлиги ҳақида хабар жўнатилади. Ходим комиссия қарорига норози бўлган тақдирда, судга шикоят қилиши мумкин.

Агар мажбурий текширувдан ўтиши лозим бўлган ходим ишлаши учун руҳий қарши кўрсатмалар мавжуд эмаслиги ҳақидаги шифокорлар комиссияси маълумотномасини (хулосасини) тақдим этмаса, иш берувчи уни мажбурий текширувдан ўтишни назарда тутадиган вазифаларни бажаришдан четлатиши шарт.

 

ҚЎРИҚЛАШ ХИЗМАТИНИ ФАҚАТ ИИВ КЎРСАТАДИ

Вазирлар Маҳкамасининг 24.01.2014 йилдаги 16-сон қарори билан нодавлат ташкилотлари ва жисмоний шахслар 2014 йилнинг 1 февралидан қўриқлаш фаолияти билан шуғулланишлари ҳамда бошқа юридик ва жисмоний шахсларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича хизматлар кўрсатишлари тақиқланади.

Давлат ва хўжалик бошқармалари, уларнинг таркибига кирувчи юридик шахслар, бюджет ташкилотлари ўтказиш тартибини таъминлаш ва мол-мулкни қўриқлаш учун шартнома асосида Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги «Қўриқлаш» бирлашмаси хизматларидан фойдаланишлари лозим. Бундай хизматлардан фойдаланишга муҳтож бўлган бошқа юридик ва жисмоний шахсларга бирлашма билан хизматлар кўрсатишга шартнома тузишлари тавсия қилинади. Бунда корхонанинг ҳужжатли ўтказиш тартибини таъминлаш ва мол-мулкни қўриқлаш бўйича ўз хизматларига нисбатан бирор-бир чеклашлар назарда тутилмаган.

Молия вазирлиги ва Давлат рақобат қўмитасига намунавий шартномани ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш, шунингдек ИИВ ҳузуридаги «Қўриқлаш» бирлашмасининг қўриқлаш хизматлари кўрсатишга оид тарифларни нархларнинг мақбуллиги таъминланишини ҳисобга олган ҳолда қайта кўриб чиқиш топширилди.

ИИВ, Адлия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларига хатлов ўтказиш, бундай фаолият билан шуғулланаётган нодавлат ташкилотлари ва жисмоний шахсларни аниқлаш ҳамда уларнинг фаолиятини тўхтатиш ва тугатиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш топширилди.

Қарор ижроси устидан назорат олиб бориш ИИВ, ДСҚ ва Давлат статистика қўмитасига юкланди.

 

БОҚИМОНДАНИНГ ҲИСОБВАРАҒИ ЁПИЛМАЙДИ

Вазирлар Маҳкамасининг 27.01.2014 йилдаги қа­рори билан Давлат солиқ хизмати органлари томонидан хўжалик юритувчи субъектларда солиқ қарздорлиги йўқлиги тўғрисида хулоса бериш тартиби ҳақидаги низом тасдиқланди.

Ушбу Низом юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга татбиқ этилади.

Низомга мувофиқ хўжалик юритувчи субъектларнинг асосий банк (ҳисоб-китоб) ҳисобрақамини ёпиш учун рўйхатдан ўтказилган жой бўйича маълумотнома кўринишида солиқ тўловчининг шахсий карточкаларидаги мавжуд маълумотлар асосида хулоса берилади. Маълумотнома бир ойдан ортиқ бўлмаган муддатга берилади. Амал қилиш муддати тугагач хўжалик юритувчи субъектлар янги маълумотнома бериш учун ариза беришга ҳақлидирлар.

Маълумотнома олишда хўжалик юритувчи субъектнинг солиқ қарздорлиги йўқлиги ва солиққа оид ҳисоботларнинг ўз вақтида тақдим этилиши зарурий шартлар ҳисобланади. Ариза кўриб чиқилганлиги ва маълумотнома берилганлиги учун йиғим ундирилмайди.

Хўжалик юритувчи субъектлар хулоса олиш учун рўйхатдан ўтказилган жойдаги солиқ органига маълумотнома бериш тўғрисида ушбу Низомга 3-иловада келтирилган ва ДСҚнинг расмий веб-сайтида жойлаштирилган шакл бўйича ариза берадилар.

Зарурият бўлганда солиқ органи ва солиқ тўловчи таққослама далолатномасини имзолайдилар. Бунинг учун хўжалик юритувчи субъект солиқ органига солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқиш ҳамда тўлаш билан боғлиқ маълумотларни тақдим этади. У маълумотларни бевосита, унинг олинганлиги тўғрисида хабар берилган ҳолда почта алоқаси воситасида ёки хўжалик юритувчи субъектнинг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланган электрон шаклда тақдим этишга ҳақлидир. Низом билан бошқа ҳужжатларнинг талаб этилиши тақиқланади.

Ҳужжатлар улар олинган пайтдан бошлаб 10 кун мобайнида кўриб чиқилади. Материалларни қўшимча ўрганиш ёхуд бошқа чоралар кўриш зарур бўлган тақдирда аризани кўриб чиқиш муддати узайтирилиши мумкин. Бу ҳақда хўжалик юритувчи субъект зарурий тартибда хабардор қилинади.

Кўрсатилган муддатлар тугагач, солиқ органи маълумотнома бериши ёки беришни рад этиши лозим. Рад этиш сабаблари қуйидагилар бўлиши мумкин:

хўжалик юритувчи субъект томонидан ҳужжатлар ва маълумотлар тўлиқ ҳажмда тақдим этилмаслиги;

ҳужжатларда нотўғри ва бузиб кўрсатилган маълумотлар мавжудлиги;

хўжалик юритувчи субъектнинг рухсат берувчи талаблар ва шартларга мувофиқ эмаслиги;

хўжалик юритувчи субъектда солиқ текшируви ўтказилиши.

Маълумотнома беришни бошқа асослар бўйича, шу жумладан мақсадга мувофиқ эмаслиги туфайли беришни рад этишга йўл қўйилмайди.

Тегишли қарор қабул қилинган санадан бошлаб 1 иш кунидан кечикмай маълумотнома ёки уни бериш рад этилганлиги тўғрисида хабарнома берилиши шарт. Хабарномада рад этишнинг аниқ сабаблари, қонун ҳужжатларининг нормалари ва хўжалик юритувчи субъект кўрсатиб ўтилган сабабларни бартараф этиб, ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш учун тақдим этиши мумкин бўлган муддат (хабарнома олинган кундан бошлаб 10 иш кунидан кам бўлиши мумкин эмас) кўрсатилади.

Электрон шаклда берилган маълумотнома ёки хабарнома қоғоз тарзидаги ҳужжатга тенглаштирилади ва у билан бир хил юридик кучга эга бўлади.

Ҳужжатларни такроран кўриб чиқишда солиқ органи томонидан хўжалик юритувчи субъектга илгари ёзма равишда баён қилинмаган рад этиш сабаблари келтирилишига йўл қўйилмайди, илгари кўрсатилган сабабларнинг бартараф этилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар билан боғлиқ сабаблар бундан мустасно.

Хўжалик юритувчи субъект маълумотнома беришнинг рад этилиши, шунингдек солиқ органи мансабдор шахсининг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

Низомда маълумотнома йўқотиб қўйилганда ёки яроқсиз ҳолга келганда, хўжалик юритувчи субъектнинг аризасига кўра унинг дубликати бериш назарда тутилган.

 

ҚИСҚАРТМАЛАРСИЗ

Адлия вазирининг буйруғи (АВ томонидан 31.01.2014 йилда 1856-1-сон билан рўйхатдан ўт­казилган) Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг давлат ҳисоби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар ва қўшимча киритилди, уларга кўра Низом «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонунга ҳамда Президентнинг «Ўзбе­кистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига (23.08.2011 йилдаги ПҚ-1602-сон) мувофиқлаштирилади.

Хусусан, аниқлаштирилишича, нафақат Президентнинг фармонлари ва қарорлари, балки фармойишлари ҳам давлат ҳисобига олинади. Давлат ҳисобига олинмайдиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар рўйхатига сессия, йиғилиш, конференцияларни чақириш тўғрисидаги ҳужжатлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга расмий шарҳ бериш тўғрисидаги ҳужжатлар киритилди. Шу билан бир вақтда айрим ҳужжатлар Рўйхатдан чиқарилди.

Низомдан Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг давлат ҳисоби реестрида норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг тури қисқартмаларда кўрсатилишига йўл қўядиган меъёрлар чиқариб ташланди. Масалан, ЎРҚ (ЎҚ) – Ўзбекистон Республикаси қонунлари; ОҚ – Олий Мажлис қарорлари, СҚ – Олий Мажлис Сенатининг қарорлари, ҚПҚ – Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг қарорлари; ПФ – Президент фармонлари, ПҚ – Президент қарорлари; ВМҚ (ВҚ) – Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва ҳоказолар.

Ҳужжат билан белгиланишича, Реестрнинг «Қонун­чилик тармоқларининг умумҳуқуқий классификатори бўйича коди» номли 10-устуни фақат Адлия вазирлиги томонидан тўлдирилади.

Буйруқ «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами»нинг 3.02.2014 йилдаги 5 (609)-сонида расман эълон қилинган кундан кучга кирди.

Ҳужжатларга қисқача шарҳларни ­эксперт-юристимиз

Елена ЕРМОХИНА тайёрлади.

 

Прочитано: 1446 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика