Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2014 год / № 6 / Криминалист эксперт ён дафтаридан

Омад дебон армонда қолганлар

Автомобиль олишни орзулаганлар ҳа­миша кўплаб топилади. Тешавой ака терговчилик қилган кезлар ҳам бундан истисно эмас. Ўша пайтлари темир «жийрон»ли бўлиш истагидаги одамлар касаба уюшмаси қўмиталарида узундан узун рўйхат бўйича навбат кутишар, муайян миқдорда «ширинкома» қистириб ёки каттароқ жойдан тузукроқ таниш топиб, машинали бўлишга ҳаракат қилишар эди.

Бундай вазият уддабурон бир ёш йигитни, уни Игорь деб атай қолайлик, мўмай пул топиш ғоясини амалга оширишга ундади. Илмий-тадқиқот институтларидан бирида кичик илмий ходим бўлиб ишлайдиган, ақли ўзига етгудай бўлса ҳам, ночорроқ турмуш кечирадиган бу йигит... лотерея билетларидан пул ишлаб олмоқчи бўлди.

Унинг фириб борасидаги ўй-режалари жуда катта эди. Тўрт нафар эркак ва бир қиздан иборат жиноий гуруҳ тузилди. Энг муҳими йигитнинг турли ҳужжатларни қалбаки йўл билан ясашга уқуви бўлган Иброҳим исмли таниши бор эди. Айни шу Иброҳим автомобиль ютуғи чиққан лотерея билетларини қалбаки йўл билан тайёрлаши лозим эди. Игорь бу йўналишдаги фаолиятни бошлашга шошилмади. Гуруҳ аъзоларини бошқаларда ишонч ҳосил қиладиган алфозга келтиргунча талай вақт ўтди. Улар тўғри муомалани, ўта маданиятли ва назокатли бўлишни ўргандилар. Зотан нақд 15–20 минг совет рубли баҳридан ўтадиган «мижоз»ларда тариқча ҳам ишончсизлик туғилмаслиги лозим эди. Шунча миқдордаги пул дарди оддий жиноятчиларни, юқорида айтилганидек хушмуомалали, назокатли ва маданиятли қилди, уларнинг қўллари, ҳатто тирноқлари озода, уст-боши бошқалар ҳавас қилгудек бўлишига олиб келди.

Игорнинг ҳаракатлари зое кетмади: ярим йилдан кейин гуруҳ ишга тайёр бўлди. Шу муддат мобайнида улар мижозларни чув туширишнинг ҳар хил вариантлари-ю, қанчадан-қанча ҳолат­ларини ўзлаштирдилар. Табиийки, бу ишларга Игорнинг ўзи бош бўлиб турди.

Бир куни у шерикларига бир нечта лотерея билетларини тутқазди. Улар бу билетларнинг серия ва номерлари катта ютуқ чиққан билетлар билан бир хил эканини кўриб шошиб қолдилар. Қувончларининг чеки йўқ эди. Аммо Игорь лотерея билетларининг ҳаммасини йиғиштириб олиб, шартта-шартта йиртиб ташлади. Ҳайратдан оғзилари очилиб қолган гумашталарига «Бу билетларнинг бари бўлмайди, қалбаки эканлигини тажрибали одам дарҳол пайқайди», – деб жавоб берди. Иброҳим ўз ишини давом эттираверди. Гуруҳ аъзоларининг вазифаси Ўрта Осиёнинг турли шаҳар­ларидаги савдо ходимлари, маъмурий органлар хизматчилари ҳамда ҳар хил фирибгарлик ва суиистеъмолликлар билан чўнтагини қаппайтирган бошқа кишилар орасидан муносиб мижозлар топиш­дан иборат эди. Бундай мижозлар ноҳалол йўл билан топилган жамғармаларидан ажраб қолганлари тақдирда ҳам милицияга арз қилиб боришмас, шу зайил жиноий гуруҳ аъзолари қора курсига боришдан қутулиб қолаверар эди.

Мижозлар нима учун Ўрта Осиёдан танланганлигига келсак, минтақа аҳолиси яхши-ёмон кунга деб маълум миқдорда пул жамғариб қўйишга одатланган, қола­верса улар анчагина ишонувчан бўли­шади.

Фирибгарлар дастлабки операцияни жамғарма кассада амалга оширдилар. Гуруҳ аъзоларидан иккитаси кассага «мижоз» киргунча кутиб туришди-да (бошқа шериклари уни кўпдан буён кузатишар эди), лотерея билетларини текширишга тушишди. Улардан бири қувончдан ҳайқириб юбориб, дўстини бағрига босганича бор овоз билан машина ютганлигини айтди. Мижоз уларнинг ёнига келиб, катта ютуқ билан қутлагач, мабодо лотерея билетини сотиш мўлжалингиз йўқми, деб сўраб қолди.

Ўйин жуда пухта режалаштирилганлиги учун ҳам аввалига улар билетни сотмаймиз, кўпдан буён «Волга»ли бўлишни орзу қилар эдик деб туриб олишди. Мижоз уларни ресторанга таклиф қилди, тузуккина еб-ичилганидан кейин устига яна ҳақ тўлашини ҳам айтиб, уларни кўндиришга ҳаракат қилди. Ниҳоят, 22 минг сўмга келишиб бор-барака қилиш­ди.

Ютуқли билетнинг ниҳоятда бахтиёр эгаси ресторандан чиққанида қош қорайган эди.

Эрталаб у почта яшигидан манзили кўрсатилмаган ва марка ёпиштирилмаган, босма ҳарфлар билан фамилияси ёзилган конверт олди. Конвертдаги хатда биттагина жумла ёзилган экан: «Камолхон, билет қалбаки, омонат кассага бориб юрма». Аммо у алданиб қолганига ишонмасди. Омонат кассада билетни экспертиза қилиш учун қабул қилиб олдилар. Бир неча кундан кейин милицияга қалбаки лотерея билети тушганлигини хабар қилишди. Камолхон терговчига хариди тарихини гапириб берди.

Тезкор ходимларнинг сўровига кўра минтақанинг бошқа шаҳарларида ҳам шунга ўхшаш ҳодисалар содир бўлган­лиги аниқланди. Саккиз ҳолатга оид бундай қилмишлар битта ишга бирлаштирилди. Иккита ҳолатда мижозларни лақиллатишда кўҳликкина қиз ҳам иштирок этибди. Бир сафар у ўзини «Волга» ютуғи чиққан талаба қилиб кўрсатибди, бошқа сафар эса ютуқ пулга жуда-жуда муҳтож акасига чиққанлигини айтибди.

Ана шу иш бўйича катта кўламда тергов ҳаракатлари олиб борилди, тезкор ходимлар «жабрдийдалар» ва гувоҳларни излаш мақсадида турли шаҳарларга бордилар. Уларнинг ҳаракатлари беҳуда кетмади. Охир-оқибат бунақа ҳийла-фирибни ўйлаб топган ва ташкил этган ёш «олим»нинг шахсини аниқлашга муваффақ бўлдилар. Унинг ортидан кузатув жиноий гуруҳнинг бошқа аъзоларини ҳам аниқлашга олиб келди.

Тешавой аканинг айтишича, жиноятчилардан бири хуноби чиқиб, нуқул Игорь бизни алдади, иш бошлаётганимизда тергов идоралари нигоҳига тушмаймиз, негаки «мижозларимиз» милицияга мурожаат этмайдилар, деб ваъда қилган эди дермиш. Дарҳақиқат, баъзи жабрдийдалар милицияхонага бориб, расмий маошлари камтаргина бўлса ҳам шунча пулни қандай ишлаб топганликлари ҳақида изоҳ беришдан кўра, ноқонуний йўл билан топган жамғармаларидан маҳрум бўлганликлари ошкор бўлмаслигини афзал билдилар. Бундай «мижозлар»ни тергов ҳам аниқлашга муваффақ бўлмади, чунки жиноий гуруҳ аъзолари жабрланувчилар арз қилмаган ҳолатлардан оғиз очмадилар. Жиноятчиларни жазолашга эса тергов исботлаб берган саккиз ҳолатнинг ўзи етарли эди...

Жиноий гуруҳнинг барча аъзолари аниқланди, тўданинг энг истеъдодли аъзоси (Иброҳим) яшайдиган ва нодир асарларини яратган жой маълум бўлди. Чоғроқ шаҳарчанинг сокинроқ чеккасидаги кўп қаватли уйнинг пастки қаватидаги кенг ва ёруғ хонада қинғир иш учун керакли барча ашёлари бўлган лаборатория жиҳозланган экан.

Пана (махфий) жойда кўплаб қалбаки лотерея билетлари, бир нечта паспорт, хизмат гувоҳномаси топилди.

Ҳовлидаги ахлат қутисида лотерея билетлари парчалари, шунингдек қалбакилиги билиниб турган билетлар топилди. Хуллас, қалбаки лотерея билети тайёрловчининг айби тўла исботланди. Гуруҳнинг бошқа иштирокчилари айби «мижозлар» ва гувоҳлар билан юзлаштирилганидан кейин ўз исботини топди.

Бир неча ойдан кейин тергов якунланди. Иштирокчиларнинг ҳаммаси лотерея билети билан боғлиқ бу йирик фирибгарликдаги ролига яраша жазо муддатини олди.

Ольга МАРШАНСКАЯ,

Адлия вазирлиги ҳузуридаги ­

Республика суд экспертизаси ­марказининг давлат суд эксперти.

Прочитано: 2147 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика