Norma.uz

Ипотекани кафилликка алмаштираман

Банк билан МЧЖ 500 млн сўмлик кредит шартномасини тузди. Жамият мажбуриятларини таъминлаш учун ЁАЖ бино ва иншоотларни гаровга бериб, банк ва МЧЖ билан ипотека шартномасини тузди. Ҳозирги вақтда МЧЖ кредит бўйича ўз қарзини қисман сўндирган. ЁАЖ эса ўзининг айланма маблағларини тўлдириш учун кредит олишни режалаштиряпти, мажбуриятлар ижросини таъминлаш чорасини ипотекадан кафилликка ўзгартирмоқчи.

Бундай тарзда алмаштириш мумкинми? Бунинг учун нима қилиш керак?

Т.Р., ХОАКИБ юристи.

Андижон шаҳри.

– Фуқаролик кодекси (бундан кейин – ФК) талабларига мувофиқ мажбуриятлар ижросини таъминлаш чораларини ипотека шартномасини бекор қилиш ва кафиллик шартномасини тузиш йўли билан ўзгартириш мумкин. Бироқ ушбу таомил бир қатор шартларига риоя этиш заруратини тақозо этади.

Биринчидан, умумий қоидага кўра, ФКда, бошқа қонунларда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, шарт­нома тарафларнинг келишувига мувофиқ бекор қилиниши мумкин (ФК 382-моддасининг биринчи қис­ми). Шартнома қандай шаклда тузилган бўлса, шартномани бекор қилиш тўғрисидаги келишув ҳам шундай шаклда тузилади, башарти қонун ҳужжатларидан, шартнома ёки иш муомаласи одатларидан бошқача тартиб келиб чиқмаса (ФК 384-моддасининг биринчи қисми). Шу тариқа, тарафларнинг келишувига кўра мажбуриятлар ижросини таъминлаш чорасини ўзгартириш, яъни ипотека шартномасини бекор қилиш ва кафиллик шартномасини тузиш мумкин.

Иккинчидан, мажбуриятлар ижро­сини таъминлаш чорасини ўз­гарти­ришга тарафларнинг келишуви мав­жуд бўлмаган тақдирда тараф­лар­дан бири ипотека шартнома­си­нинг суд томонидан бекор қилини­шини талаб қилишга ҳақли, яъни:

1) иккинчи тараф шартномани жиддий равишда бузса;

2) ФК, бошқа қонунлар ёки шарт­номада назарда тутилган ўзга ҳолларда.

Тарафлардан бирининг шарт­номани бузиши иккинчи тарафга у шартнома тузишда умид қилишга ҳақли бўлган нарсадан кўп даражада маҳрум бўладиган қилиб зарар етказиши шартномани жиддий бузиш ҳисобланади.

ФК 384-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ бир тараф шарт­номани бекор қилиш ҳақидаги таклифга иккинчи тарафдан рад жавоби олганидан кейингина ёхуд қонунда ёинки шартномада белгиланган муддатда, бундай муддат бўлмаганида эса – 30 кунлик муддатда жавоб олмаганидан ке­йингина, шартномани бекор қилиш ҳақидаги талабни судга тақдим этиши мумкин. Муддат таклиф олинган пайтдан бошлаб, агар бундай пайт номаълум бўлса, бошқа тараф шартномани бекор қилиш тўғрисидаги талабни олиши учун зарур бўлган нормал вақт ўтганидан кейин ҳисоблаб чиқарилади (ОХС Пленумининг 18.12.2009 йилдаги қарори 18-банди).

Шартнома тузишда тарафлар учун асос бўлган вазиятнинг жиддий ўзгариши, агар бошқача тартиб шартномада назарда тутилган бўлмаса ёки унинг моҳиятидан англашилмаса, шартномани бекор қилиш учун асос бўлади. Ва­зиятнинг тарафлар олдиндан кўра билганларида шартномани умуман тузмасликлари ёки анча фарқ қиладиган шартлар билан тузишлари мумкин бўлган даражада ўзгариши унинг жиддий ўзгариши ҳисобланади.

Агар тарафлар шартномани бекор қилиш ҳақида келиша олмаган бўлсалар, у айни вақтда қуйидаги шартлар мавжуд бўлса, бекор қилиниши мумкин:

1) шартномани тузиш пайтида тарафлар вазиятда бундай ўзгариш юз бермайди, деб ҳисоблаган бўл­салар;

2) вазиятнинг ўзгаришини келтириб чиқарган сабабларни, улар пайдо бўлганидан кейин манфаатдор тараф шартноманинг хусусиятига ва муомала шартларига кўра ўзидан талаб қилинадиган даражада виждонийлик ва эҳтиёткорлик қилган бўлишига қарамай, бу сабабларни енга олмаган бўлса;

3) шартномани унинг шартларини ўзгартирмасдан бажариш тарафлар мулкий манфаатларининг шартномага мос келадиган нисбатини бузса ва манфаатдор тарафга зарар етказса, натижада улар шартнома тузишда умид қилишга ҳақли бўлган нарсадан кўп даражада маҳрум бўлсалар;

4) иш муомаласи одатларидан ёки шартноманинг моҳиятидан ва­зиятнинг ўзгариши хавфига манфаатдор тараф учраши кераклиги англашилмаса.

Вазиятнинг жиддий ўзгариши оқи­батида шартнома бекор қилин­ганида суд ҳар қандай тараф талаби билан шартномани бекор қилиш оқибатларини аниқлашда тарафларнинг ушбу шартномани бажариш билан боғлиқ харажатларини улар ўртасида адолатли тақсимлаш зарурлигига асосланади (ФКнинг 383-моддаси).

Учинчидан, шартнома бекор қи­линганида тарафларнинг мажбуриятлари бекор бўлади. Агар келишувдан ёки шартномани ўз­гартириш хусусиятидан бошқача тартиб анг­лашилмаса, тарафлар шартномани бекор қилишга келишган пайтдан бошлаб, шартнома суд тартибида бекор қилинганида эса – суднинг шартномани бекор қилиш ҳақидаги қарори қонуний кучга кирган пайтдан бошлаб мажбуриятлар бекор қилинган ҳисобланади.

Агар қонунда ёки тарафларнинг келишувида бошқача тартиб белгилаб қўйилган бўлмаса, тарафлар шартнома бекор қилингунча мажбурият бўйича ўзлари бажарган нарсаларни қайтариб беришни талаб қилишга ҳақли эмаслар. Агар шарт­номани бекор қилишга тарафлардан бирининг шартномани жиддий бузиши асос бўлган бўлса, иккинчи тараф шартномани бекор қилиш туфайли етказилган зарарни тўлашни талаб қилишга ҳақли (ФКнинг 385-моддаси).

 

Павел СИЛЬНОВ, адвокат.

Прочитано: 715 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика