Norma.uz

Муддат ярим йилдан ошмайди

Хўжалик судининг 2012 йил 15 августдаги ҳал қилув қарори билан МЧЖ фойдасига ОАЖдан 100 млн сўм тўлатишга ҳукм қилинди. Ижро ишини юритиш давомида 2012 йил октябрида МЧЖ ўзининг ижро варақасини қайтариб олди. Қайтариб олингандан кейин 10 ой ўтгач у суд ижрочилари бўлимига ҳал қилув қарорини мажбурий тартибда ижро этиш тўғрисида хат юбориб, унга ижро варақасини илова қилди. Бироқ суд ижрочиси ижро ишини юритиш ижро варақасининг қайтарилиши муносабати билан тугаган деб жавоб берди ва шунга асосланиб МЧЖнинг суд ҳал қилув қарорини мажбурий тартибда ижро этиш талабини рад этди.

Суд ижрочисининг ҳаракатлари қанчалик қонуний?

 

Д.Бўрихўжаева,

МЧЖ бош бухгалтери.

Термиз тумани.

 

– «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонун (29.08.2001 йилдаги 258-II-сон, бундан кейин – Қонун) 40-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига мувофиқ ижро ҳужжатларини қайтариш асосларидан бири бўлиб ундирувчининг аризаси ҳисобланади. Унинг ундирувчига қайтарилиши эса ўз навбатида ижро ишини юритишнинг тугаши учун асос ҳисобланади. Ушбу ҳолда суд ижрочиси ижро ишини юритиш тугаганлиги тўғрисида қарор чиқаради. Унинг нусхалари кейинги кундан кечиктирмай ундирувчи ва қарздорга, шунингдек ижро варақасини берган хўжалик судига юборилади. Айни вақтда суд ижрочиси қарздорнинг ҳисобварақларига қўйилган инкассо топшириқномаларини чақириб олади, шунингдек чекловларни ижро этаётган органларни ушбу чекловлар бекор қилинганлиги тўғрисида ёзма шаклда хабардор қилади (Қонун 41-моддасининг биринчи, иккинчи ва учинчи қисмлари).

Шу билан бирга Қонун 40-моддасининг тўртинчи қисмига асосан ижро ҳужжатининг ундирувчига қайтарилиши мазкур ҳужжатни янгидан ижрога топшириш учун тўсиқ бўлмайди. Бироқ у хўжалик судлари томонидан ижро этишга бериладиган ижро ҳужжатларини тақдим этиш учун ҳисобланадиган муддат – хўжалик судининг ҳал қилув қарори кучга кирган кундан бошлаб 6 ой ичида амалга оширилиши керак (Қонуннинг 27-моддаси).

Шунга эътибор қаратиш лозимки, ижрога топшириш муддати ўтказиб юборилган ижро ҳужжатини суд ижрочиси иш юритиш учун қабул қилмасдан, бу ҳақда тегишли қарор чиқаради (Қонун 29-моддасининг биринчи қисми). Шу сабабли суд ижрочиси сизнинг ижро варақангизни иш юритишга қабул қилмасликка ҳақли бўлган, чунки уни тақдим этиш муддати тугаган.

Сизга Қонун 29-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ ижро варақасини берган хўжалик судига ёки бу ҳужжат ижро этиладиган жойдаги хўжалик судига ижро ҳужжатини ижрога тақдим этиш учун ўтказиб юборилган муддатни тиклаш тўғрисида ариза билан мурожаат қилишни тавсия қиламиз. Аризани беришда Хўжалик процессуал кодексининг 215-моддасига амал қилиш лозим.

Прочитано: 754 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика