Norma.uz

Ўсмир ишда ҳамкасб

Умумтаълим мактаблари ва коллежлар ўқувчиларини ишга қабул қилиш мумкинми?

С.Зимарева,

кадрлар бўлими инспектори.

– Ўзбекистон қонун ҳужжатларида умумтаълим мактаблари, ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртларининг ўқувчиларини уларнинг соғлиғига ҳамда маънавий ва ахлоқий камол топишига зиён етказмайдиган, таълим олиш жараёнини бузмайдиган енгил ишни ўқишдан бўш вақтида бажариши учун – улар 15 ёшга тўлганидан кейин ота-онасидан бирининг ёки ота-онасининг ўрнини босувчи шахслардан бирининг ёзма розилиги билан ишга қабул қилишга йўл қўйилади (Меҳнат кодексининг (МК) 77-моддаси).

Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари тизими ўрта махсус, касб-ҳунар таълими берадиган, эгалланган касбда ишлаш ёки ке­йинги босқичда ўқишни давом эттириш ҳуқуқини берадиган ёки бунга асос ҳисобланадиган академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларидан иборат.

Шу тариқа, 15 ёшга тўлган ёшлар, ишга қабул қилинаётганда, туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома, турар жойидан маълумотнома ва ота-онасидан бири ёки улар ўрнини босадиган шахслардан бирининг ёзма розилигидан ташқари, иш берувчига ўқиш жойидан маълумотнома тақдим этишлари керак. Бундан ташқари, фикримча, ишга кирувчидан унинг дарс жадвалини ҳам сўраш ортиқча бўлмайди. Зеро ўқиш жойидан маълумотнома тақдим этишнинг зарурати шу билан изоҳланадики, вояга етмаган йигит ва қизлар, агар улар умумтаълим мактаблари, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ўқув муассасаларининг ўқувчилари бўлса, ишга қабул қилинишлари мумкин, улар фақат ўқишдан бўш вақтдагина ишлашлари керак.

Бироқ иш берувчи шуни ҳам билиши керакки, 18 ёшга тўлмаган барча шахслар дастлабки тиббий кўрикдан ўтгандан кейингина ишга қабул қилинадилар ва кейинчалик улар вояга етгунларига қадар ҳар йили мажбурий тарзда тиббий кўрикдан ўтказиб турилиши керак (МКнинг 239-моддаси).

18 ёшга тўлмаган шахслар меҳнатидан шу тоифа ходимлари­нинг соғлиғи, хавфсизлиги ёки ах­лоқ-одобига зиён етказиши мум­кин бўлган меҳнат шароити ноқулай ишларда, ер ости ишларида ва бошқа ишларда фойдаланиш тақиқланади. Уларнинг белгилаб қўйилган нормадан ортиқ оғир юк кўтаришлари ва ташишларига йўл қўйилмайди*.

18 ёшга тўлмаган ходим ­билан тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисида шартнома тузилмайди.

______________________________

*Қаранг: Ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар кўтаришлари ва ташишлари мумкин бўлган оғир юк нормаларининг чегарасини белгилаш тўғрисида низом (МАИМҚВ ва ССВнинг АВ томонидан 12.05.2009 йилда 1954-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган); Ўн саккиз ёшдан кичик шахсларнинг меҳнати қўлланиши тақиқланадиган ноқулай меҳнат шароитли ишлар рўйхати (МАИМҚВ ва ССВнинг АВ томонидан 29.07.2009 йилда 1990-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган); Бош давлат санитария шифокори томонидан 29.10.2001 йилда тасдиқланган Ўсмирлар учун оғир юкни қўлда кўтаришлари ва ташишларида йўл қўйиладиган энг юқори юкламаларнинг санитария меъёрлари (0116-01-сон ЎзР СанҚваМ).

                Ахтам ҲИКМАТОВ, адвокат.

 

 

Прочитано: 727 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика