Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2013 год / № 47 / Бизнинг лойиҳалар

Қонунга итоат қилиш – бош мақсад

Ўтган ҳафтада «NORMA» газеталари бирлашган таҳририяти» ва «NORMA» профессионал ривожланиш маркази бухгалтерлар учун семинар ўтказди. У иқтисодий жиноятлар мавзусига бағишланди. Ҳуқуқшунос экспертлар Элеонора Мазурова «Mirobod Kollegiyasi» адвокатлар ҳайъатининг аъзоларидан бири ва «Фидес» адвокатлик фирмасининг бошқарувчи шериги Ринат Ахмедшин семинар иштирокчиларига бухгалтерия ҳисоби мутахассислари кўпинча жавобгарликка тортиладиган иқтисодий соҳадаги ҳуқуқбузарликларнинг турлари, уларни ким ва қандай қилиб аниқлаши, маъмурий ёки жиноят иши қўзғатилган чоғида нима қилиш кераклиги тўғрисида гапириб бердилар.

 

 

Бошловчилар эслатиб ўтди­ларки, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш, бухгалтерияга оид ва бошқа ҳисоб ҳужжатларини яшириш, йўқ қилиш, сохталаштириш, шунингдек олинган фойда ёки мол-мулкни яшириш, ўз мулкий мажбуриятларини бажармаслик, мол-мулкни йўқ қилиш ёки бошқа шахсга ўтказиш – буларнинг барчаси солиқ солинадиган базани камайтиришга олиб келади ва улар маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортиш учун асос бўлиши мумкин. Масалан, сизнинг олдингизда кредиторлик қарзи бор бўлган компанияга товар етказиб беришда давом этишингиз учун сизни қоидабузарликни содир этишда кўмаклашганлик учун жавобгарликка тортишлари мумкинлигини баъзилар билмаган эдилар.

Тингловчиларда дебиторлик қарзи масаласи катта қизиқиш уйғотди. Экспертлар бундай қарз мавжуд бўлганда ҳеч ҳам орқага сурмасдан, дарҳол ундирув ҳужжатларини тайёрлаш ва уларни суд муҳокамасини бошлаш учун юристга топширишни маслаҳат бердилар. Чунки бу ишни ўз вақтида қилмаслик ва бухгалтериянинг ҳаракатсизлиги кейинчалик мансаб совуққонлиги сифатида талқин этилиши эҳти­молдан холи эмас. Тўлов муддатини кечиктириш мумкинлиги тўғрисидаги саволга бошловчилар бунинг учун қўшимча битимни расмийлаштириш лозимлигини тушунтирдилар. Би­роқ хавфдан холи бўлишни таъминлаш мақсадида ҳар эҳтимолга қарши қарз юзага келган пайтдан бошлаб 90 кун ўтишини кутмасдан  уни ундириш учун судга мурожаат қилиш керак.

Бошловчилар бизнинг қонунчилигимиз кейинги йилларда иқтисодий жиноятларга қарши жазо чораларини анча либераллаштирганлигини таъкидладилар. Чунончи, масалан Жиноят кодексининг 167-«Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш» ва 168-«Фирибгарлик», 170-«Алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан мулкий зарар етказиш» ва 184-«Солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш» моддаларида етказилган моддий зарар қопланган (солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўлиқ тўланган) тақдирда, озодликдан маҳрум этиш тарзидаги жазо қўлланмаслиги назарда тутилган.

Жиноий йўл билан олинган даромадларни легаллаштириш мавзуси қизғин муҳокама қилинди. «Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонуннинг (26.08.2004 йилдаги 660-II-сон) 3-моддасига биноан ушбу ҳуқуқбузарлик мулк (пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк) жиноий фаолият натижасида топилган бўлса, уни ўтказиш, мулкка айлантириш ёхуд алмаштириш йўли билан унинг келиб чиқишига қонуний тус беришдан, шунингдек бундай пул маблағлари ёки бошқа мол-мулкнинг асл хусусиятини, манбаини, турган жойини, тасарруф этиш, кўчириш усулини ёхуд пул маблағларига ёки бошқа мол-мулкка бўлган ҳақиқий эгалик ҳуқуқларини ёки уларнинг кимга қарашлилигини яширишдан ёхуд сир сақлашдан иборат бўлган, жиноий жазоланадиган ижтимоий хавфли қилмишдир.

Бошловчилар бундай айблашларда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари даромадлар ҳақиқатан ҳам нолегал олинганлигини исботлашлари кераклигини таъкидладилар. Элеонора Мазурова ўз навбатида жиноят ишини юритиш жараёнида ҳар бир гумонланувчи шахс ўзининг айбсизлигини исботламасликка ҳақли эканлигини эслатди.

Ва, албатта, агар сизга нисбатан жиноят ёки маъмурий иш қўзғатилса, нима қилиш кераклиги масаласи ҳеч кимни лоқайд қолдирмади. Экспертлар ваҳимага тушмасликни, балки дарҳол малакали юридик ёрдамга мурожаат қилишни тавсия этдилар. Бундай вазиятда ўз ҳуқуқларингизни билишингиз, нима учун айблаётганликларини билишингиз, тушунтиришлар беришингиз, ортиқча гапирмаслигингиз, ўзингизга, оила аъзоларингизга қарши гувоҳлик бермаслигингиз жуда муҳимдир. Асосийси, айбсизлик презумпциясига кўра, айби белгиланган тартибда исботланмагунча ҳеч ким айбдор деб эътироф этилиши мумкин эмаслигини унутманг. Экспертларнинг таъкидлашларича, бундай нохуш вазиятларга йўл қўймасликнинг энг яхши усули – қонун ҳужжатларига мувофиқ ишлаб, ўз ҳаракатларингиз ва ҳужжатларингизни синчиклаб текшириш ҳамда назорат қилиш, хатоларга йўл қўймаслик ва ҳуқуқбузарликларни содир этмасликдир.

Семинар амнистия – «мушкул» вазиятга тушиб қолган кишиларнинг аҳволини енгиллаштирадиган давлат ҳужжати тўғрисидаги масала билан якунланди. Амнистия у чиқарилгунга қадар содир этилган ҳодисаларга татбиқ этилади. Чунончи, агар ҳуқуқбузарлик 2013 йил 30 ноябрида содир этилган, Олий Мажлис Сенатининг амнистия тўғрисидаги қарори 2013 йил 1 декабрда чоп этилган бўлса, у ана шу жиноятга ҳам татбиқ этилади. Агар киши буни хоҳламаса, амнистияни қўллаш мумкин эмас, ундан эса фақат бир марта фойдаланиш мумкин.

Саволлар кетма-кет ёғилди, иштирокчилар уларга доир жавобларни муҳокама қилиб, ўз мисолларини келтирдилар, тажрибаларини баҳам кўрдилар. Тингловчиларни қуйидаги саволлар қизиқтирди:

Агар бухгалтер иш берувчи билан меҳнат шартномасини тузиш чоғида унда маъмурий ёки жиноий ҳуқуқбузарлик аниқланган тақдирда унинг учун жавобгар бўлмаслигини назарда тутса, у бундай муаммолар унга дахл этмаслигига ишончи комил бўлиши мумкинми?

Йўқ, раҳбарият билан бундай келишувлар кучга эга эмас ва сизни бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солишдаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликдан озод қилмайди, сабаби бухгалтер мансабдор шахс ҳисобланади ва у ўз хатти-ҳаракатлари учун жавобгардир.

Бола бирор-бир расмийлаштиришсиз хусусий болалар боғчасига боради. Боғча раҳбарияти ўз хизматлари учун ҳақ олади, пулни инкассациялайди. Бундай ҳолда маъмурий ёки жиноятга оид муаммолар юзага келиши мумкинми?

Мумкин, мазкур ҳолда ноқонуний йўл билан олинган маблағларни легаллаштириш ҳолати мавжуд.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан муносабатларда ўзини тутиш тактикаси қандай бўлиши керак?

Ҳамма нарса вазиятга боғлиқ. Вазиятларнинг ҳар бири ўзига хос бўлади. Муҳими – ўзингизни йўқотманг, ўз қонуний ҳуқуқларингизни унутманг. Иккиланишсиз малакали ва виждонли юристларга мурожаат этинг.

Бухгалтер гувоҳ сифатида кўрсат­малар беришдан бош тортишга ҳақ­лими?

Йўқ, қонун ҳужжатларимизга кўра барча гувоҳ сифатида кўрсатмалар беришга мажбур, уларни беришдан бош тортиш ёки аввал-бошдан ёлғон кўрсатма мураккаб оқибатларга олиб келади.

 

4 соатдан кўпга чўзилган семинар бир зумда ўтиб кетди. Ҳеч ким кетишга шошилмасди. Долзарб ахборот, амалий маслаҳатлар ва шахсан маслаҳат олиш хоҳиши кўпчиликни ўз ишларини унутишга мажбур қилди. Уни якунлаган қизғин қарсаклар семинар ҳақиқатан ҳам муваффақиятли ўтганлиги хусусида далолат берди.

 

Наталья СПИРИДОНОВА,

мухбиримиз.

 

 

Прочитано: 2589 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика