Бизни қизиқтираётган қуйидаги масалага тўлиқ маълумот олишни хоҳлардик. Юридик шахсларнинг пул маблағларини бир-бирларининг ҳисобрақамларига ўтказмасдан, яъни ўзаро ҳисоб-китоб қилмасдан туриб, маҳсулот айирбошлаши (масалан, қурилиш материалларини дори воситаларига ёки бошқа материалларга айирбошлаш) тартибини қандай меъёрий ҳужжатлар тартибга солади? Бу бўйича имзоланадиган шартнома намунасидан бир нусха кўрсатишингизни сўраймиз.
Алишер Раҳмонқулов, МЧЖ бухгалтери.
Тошкент вилояти.
– Солиқлар ва мажбурий тўловларнинг бюджетга ўз вақтида ва тўлиқ тушишини таъминлаш, солиқ ва тўлов-интизомини мустаҳкамлаш, шунингдек хўжалик юритувчи субъектларнинг бюджет олдидаги ўз мажбуриятларини бажаришлари учун масъулиятини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1996 йил 9 августдаги ПФ-1504-сон Фармони қабул қилинган.
Фармоннинг 4-бандига асосан Ўзбекистон Республикаси доирасида маҳсулот етказиб бериш тўғрисида мавоза (бартер) асосидаги шартномалар тузиш тақиқланган.
Шундан келиб чиқиб, сиз қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ўзаро ҳисоб-китобларни амалга оширмасдан туриб қурилиш материалларини дори воситаларига ёки бошқа бирор-бир нарсага алмаштира олмайсиз.