Агар юридик шахс жисмоний шахсдан автотранспортни ижарага олиш бўйича шартнома тузган бўлса, тегишли лицензия карточкаси мавжуд бўлган ҳолда корхона транспортдан юкларни ташишда фойдаланиб келган тақдирда, ушбу ижара шартномаси нотариал тасдиқланиши шартми?
Бу операция бўйича солиқ ҳисоботи шаклини қайси муддатда, қандай шаклда топшириш лозим?
Абдували Исмоилов, корхона раҳбари.
Самарқанд вилояти.
– Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 7 мартдаги 38-сон қарорига асосан 2008 йил 1 декабрдан бошлаб:
– нотариуслар томонидан автомототранспорт воситаларидан фойдаланиш ва (ёки) уларни тасарруф этиш ишончномаларини, бошқа шахсга бериш (олди-сотди, алмаштириш, ҳадя этиш, рента), ижарага бериш, текин фойдаланиш, гаровга қўйиш, лизинг шартномаларини нотариал тасдиқлаш фақат «Давлат белгиси» давлат ишлаб чиқариш бирлашмаси томонидан тайёрланадиган, ҳимоя даражасига, серияга, тартиб рақамига ва ҳудудий кодга эга бўлган қатъий ҳисобот бериладиган гербли (махсус) бланкаларда амалга оширилади;
– нотариал тасдиқланган бошқа шахсга бериш шартномалари рўйхатдан ўтказилиши керак, фойдаланиш ва (ёки) тасарруф этиш ҳуқуқига ишончномалар ва ижарага бериш, текин фойдаланиш, гаровга қўйиш, лизинг шартномалари эса Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг ДЙҲХХ органларида ҳисобга қўйилиши керак.
Ушбу қарор билан тасдиқланган Автомототранспорт воситалари билан боғлиқ битимларни расмийлаштириш тартиби тўғрисида низомга мувофиқ, бундай битимлар нотариуслар томонидан нотариал тартибда тасдиқланиши керак. Автомототранспорт воситаларини:
ихтисослаштирилган савдо корхоналари (автомототранспортни ишлаб чиқарувчи корхоналар, уларнинг вакиллари ва воситачи (дистрибьюторлик) ташкилотлар);
лизинг шартномалари бўйича лизинг хизматлари кўрсатадиган ташкилотлар (енгил автотранспорт воситалари лизингидан ташқари);
юридик шахслар билан лизинг шартномалари бўйича мамлакатимизда ишлаб чиқарилган енгил автотранспорт воситаларини камида 2,0 млрд сўм миқдорида устав капиталига эга бўлган кредит ташкилотлари ва асосий фаолият тури лизинг ҳисобланган ташкилотлар;
Давлат мулки қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари, шунингдек Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш департаменти ҳудудий бошқармаларининг суд ижрочилари туман (шаҳар) бўлимлари томонидан белгиланган тартибда кимошди савдоларида сотиш ҳоллари бундан мустасно.
Демак, сизнинг ҳолатингизда жисмоний шахс билан автотранспортни ижарага олиш бўйича тузиладиган шартнома нотариал тасдиқланиши керак.
Солиқ кодексининг 187-моддасида ҳисоб-китобларни тақдим этиш тартиби белгиланган бўлиб, унга кўра юридик шахслар:
1) солиқ даври тугаганидан сўнг 30 кун ичида давлат солиқ хизмати органларига даромадлар олган жисмоний шахслар тўғрисида, асосий иш жойи бўйича даромадлар олган жисмоний шахслар бундан мустасно, Давлат солиқ қўмитаси ва Молия вазирлиги томонидан белгиланадиган шаклда маълумотнома тақдим этиши шарт, унда қуйидагилар акс эттирилади:
солиқ тўловчининг - жисмоний шахснинг идентификация рақами;
солиқ тўловчининг Ф.И.Ш., доимий яшаш жойи манзили;
ўтган солиқ даври якунлари бўйича даромадларнинг умумий суммаси ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ушлаб қолинган умумий суммаси;
солиқ агентининг идентификация рақами;
солиқ агентининг номи, жойлашган ери (почта манзили);
2) йилнинг ҳар чорагида, ҳисобот давридан кейинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмай, йил якунлари бўйича эса йиллик молия ҳисоботини тақдим этиш муддатида давлат солиқ хизмати органларига ҳисобланган ва амалда тўланган даромадлар суммалари ҳамда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ушлаб қолинган суммалари тўғрисидаги маълумотларни белгиланган шаклда тақдим этиши шарт.
Демак, жисмоний шахс - ижарага берувчига тўланган даромадлар, шунингдек улардан ушланган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммалари қуйидагиларда кўрсатилиши керак:
а) корхона солиқ органларига тақдим этадиган Ҳисобланган ва амалда тўланган даромадлар суммалари ҳамда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ушлаб қолинган суммалари тўғрисидаги маълумотларда:
ҳар чоракда - ҳисобот давридан кейинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмай;
йил якунлари бўйича - йиллик молиявий ҳисоботни тақдим этиш муддатида;
б) солиқ даври тугаганидан кейин 30 кун мобайнида, яъни ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 30 январидан кечиктирмай тақдим этилиши керак бўлган Тўланган даромадлар ва ЖШДСнинг ушланган суммалари тўғрисидаги маълумотномада.
Жавобни экспертимиз Ғуломжон ТЎЛАГАНОВ
тайёрлади.