Norma.uz
СБХ / 2013 йил / № 40 / Ҳисоботга тайёрланамиз

Ҳисобот ўтмади! Нима учун?

Бухгалтерлар “қизғин палла” арафасида туришибди – чораклик солиқ ҳисоботларини топширишга оз қолди. Кўпчилик ҳозир уни солиқ инспекциясига кўтариб олиб бораётгани йўқ. Қонунчиликни такомиллаштириш ва ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилашга ҳамда тадбиркорликка янада кенг эркинлик беришга йўналтирилган тадбирларни амалга ошириш бўйича 2013–2014 йилларда жорий этиладиган комплекс чора-тадбирлар дастурида (Президентнинг 18.07.2012 йилдаги ПФ-4455-сон Фармонига 2-илова) барча ҳисоботларни босқичма-босқич электрон шаклга ўтказиш назарда тутилган. Ҳамонки, 2014 йил остонада турган экан, қўлтиққа жойлаб олинадиган қоғозли ҳисоботлар эндиликда “қўлтиқтаёққа ўтди” – эскирди-қариди. Бухгалтерияни компьютерда юритиш умумқабул қилинган амалиётга айланиб бораверади.

Мамлакатимиз бухгалтерлари e-hisobot.uz ва otchet.uz сайтларидаги ҳисоботларни топшириш дастурлари билан биринчи йил ишлаётганлари йўқ. Шунга қарамай, шаклларни қоғозга чиқариб олиб, инспекторга шахсан топширишни афзал биладиган бухгалтерлар оз эмас. Бу ҳаракатларини улар ҳисоботларни Интернет орқали жўнатишда юзага келадиган муаммолар билан изоҳлашади.

Амалиётчи мутахассислар кўпроқ дуч келадиган муаммолар, III чорак учун электрон солиқ ҳисоботини топширишдаги ўзгартиришлар тўғрисида мухбиримизга Давлат солиқ қўмитасининг Янги технологиялар илмий-ахборот маркази директорининг ўринбосари Шарифжон ҚАЮМОВ сўзлаб берди.

 

– Шундай қилиб, e-hisobot.uz ва otchet.uz сайтида бухгалтерларни қандай ўзгартиришлар кутмоқда?

– Даставвал, III чорак учун ҳисоботни тайёрлаш ва топширишда бухгалтерлар эътибор қаратиши лозим бўлган нарса бу сайтнинг ребрендингидир. Айтиб қўяй – дастурнинг функционалида ундаги дизайн ўзгаришлари акс этмаган. Янгилангандан ке­йин Бош саҳифасида ДСҚнинг қуйидаги интерактив хизматлари жойлаштирилди: “Электронная налоговая отчетность” (Электрон солиқ ҳисоботи), “Формирование платежных поручений” (Тўлов топшириқномаларини шакллантириш), “Взаиморасчеты с бюджетом юридических лиц” (Юридик шахсларнинг бюджет билан ўзаро ҳисоб-китоблари), “Электронные обращения в налоговые органы” (Солиқ органларига электрон мурожаатлар), “Сведения о контрагентах” (Контрагентлар тўғрисида маълумотлар),  шунингдек “Просмотр и изменение регистрационных данных” (Рўйхатга олиш маълумотларини кўриш ва ўзгартириш).

Ўзгартиришлар натижасида рақамларнинг даражалашганини ҳам айтиб ўтиш керак – мазкур ўзгартириш июнь ойида “Norma” томонидан электрон ҳисоботларни топширишга бағишлаб ўтказилган семинарда иштирок этган солиқ тўловчиларнинг таклифларига биноан киритилди (“СБХ”нинг 9.07.2013 йилдаги 27 (987)-сонига қаранг).

– Сайтнинг бош саҳифасида JRE компонентининг мавжуд бўлиши шартлиги тўғрисида огоҳлантириш борлигига қарамай, уни нотўғри ўрнатиш билан боғлиқ муаммолар ҳали-ҳануз учраб туради.

www.e-hisobot.uz ёки www.otchet.uz сайтларига киришнинг ўзидаёқ JRE мавжуд эмаслиги тўғрисида даставвал браузернинг ўзи (Mozilla Firefox, Google Chrome ва б.) “огоҳлантиради”. Ушбу компонент электрон рақамли имзонинг (кейинги ўринларда - ЭРИ) тўғри ишлаши учун зарурдир. Агар у ишламаса, фойдаланувчи калитдан фойдалана олмайди. Шунингдек баъзи браузерларнинг созланиши компонент функцияларини блокировкалашни назарда тутади. Java мавжуд бўлмаганда эса СТИР ва паролни киритиш майдонида «Кириш» тугмаси фаоллашмай қолаверади.

Агар сиз Mozilla Firefox дан фойдалансангиз, бу ҳолда менюни очиб, “Инструменты” (Дастаклар) – “Дополнительно” (Қўшимча)га кириш керак бўлади. Бу ерда компьютерга ўрнатилган компонентлар акс эттирилган. “Плагины” (Плагинлар) иловасида блокировкалаш ҳақида ахборот келтирилган. Java плагинини топиб, уни қўлда ишга тушириш керак бўлади. Агар шунда ҳам сизда JRE билан боғлиқ муаммо мавжуд бўлса, сайтга ҳаволанинг ёнидаги манзилли қатордаги глобусни эслатувчи иконадан фойдаланинг. Унинг устига боссангиз, “Всегда разрешить на этом сайте” (Мазкур сайтда доим рухсат бор) контекстли менюда танлаб, Java ни ишга туширасиз. Компьютерингизда зарурий компонентлар ўрнатиб бўлингач, “Войти” (Кириш) тугмаси пайдо бўлади.

Бошқа браузерларда JRE ни ўрнатиш тартиби худди шунга ўхшашдир. Агар корхонангизда тизим маъмури бўлса, ундан ўрнатилиш жараёнини назорат қилишни ёки компьютерни созлаб беришни илтимос қилинг.

– Ҳисоботни топшириш дастури флеш-жамловчида ЭРИ калитини “тополмай” қоладиган ҳолатлар тез-тез учраб турибди. Бу нима билан боғлиқ?

– Ҳа, ҳақиқатан ҳам бизга ЭРИ калитидан фойдалана олишмаётгани ҳақида шикоятлар келиб тушган. Бу Интернетда вирусли троян дастурининг пайдо бўлиши билан боғлиқ муаммо. У флеш-жамловчининг негизли каталогида янги папка очиб, барча файлларни, шу жумладан ЭРИ калити файлларини бу ерга ташлайди. Натижада калитнинг файлига йўл ўзгаради ва дастур уларни топа олмай қолади. Бундай муаммолар юзага келганда флеш-жамловчи вирус бор-йўқлиги борасида текширилади ва DS KEYS папкаси механик тарзда негизли каталогга ўтказиб қўйилади. Агар операцион­ тизим ўтказгичида сиз вирус пайдо қилган папкани (одатда бу номсиз папка кўринишида бўлади) кўрмасангиз, яширин файллар ва папкаларни кўрсатувчи файлли менежердан фойдаланинг.

– Электрон ҳисоботни топшириш учун ЭРИ калитини Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги ЭРИ калитларини рўйхатга олиш марказида рўйхатдан ўтказиш керак. Электрон рақамли имзолар калитларини рўйхатга олиш марказларининг фаолият кўрсатиш тартиби тўғрисида низомнинг (ВМнинг 26.09.2005 йилдаги 215-сон қарорига 2-илова) 18-бандига биноан мазкур калит 12 ой муддатга берилади ва бу муддат кўпи билан икки марта шарт­нома билан узайтирилиши мумкин.

Муддатни узайтириш учун Марказ хизматлари ҳақини тўлаш керак (ЭРИ калитини рўйхатдан ўтказиш/узайтириш қиймати ЭКИҲнинг 10%ини ташкил этади). Тўловни калит эгаси ҳам, учинчи шахслар ҳам амалга оширишлари мумкин. Бироқ учинчи шахслар тўловни амалга оширганда нима учундир ЭРИдан фойдаланишда узилишлар бўлиши эҳтимоли кўп учрамоқда.

– Тўловни калит эгаси амалга оширганда калитнинг ишлаши автоматик равишда бир йилга узайтирилади. Бу ҳолда калит эгаси бўлган корхона билан солиқ тўловчи корхонанинг СТИР мос тушади, шу туфайли пул келиб тушганда уни тасдиқлаш талаб қилинмайди. Марказ хизматларига тўловни учинчи шахслар амалга оширган ҳолда эса уларнинг СТИР автоматик тарзда қайд этилмайди. Бунинг учун Техник қўллаб-қувватлаш марказига ёки ДСҚнинг Янги технологиялар илмий-ахборот маркази бухгалтериясига (телефон рақамлари: 244-97-54,  244-98-63, 477-97-54, 241-35-84) сизнинг ЭРИ калитингиз ишлашини узайтириш бўйича тўлов учинчи шахс томонидан амалга оширилгани тўғрисидаги хабар билан мурожаат қилиш керакдир.

 

Алоҳида таъкидлаш керакки, 1 йиллик янги муддат аввалги муддат амалда тугаган пайтдан ёки фойдаланишнинг янги даври бошланган пайтдан эмас, балки тўлов амалга оширилган вақтдан бошлаб ҳисоблана бошлайди.

 

– Ҳисобот шаклларини тўлдиришда баъзида оддий “инсон омили” деган жўн нарса сабаб бўлади-ю, улар ваколатли органларга жўнатилмай қолади. Энг кўп учрайдиган хатоликлар сифатида қайсиларни кўрсата оласиз?

– МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан солиқ ҳисоботининг янгиланган шакллари тасдиқланган. Уларни топширишни соддалаштириш мақсадида бир қатор шакллар бирлаштирилган. Масалан, бир бланкада қуйидаги ҳисоботлар топширилади: ягона ижтимоий­ тўлов ва фуқароларнинг бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари бўйича; юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ҳамда ободонлаштириш ва ижтимоий­ инфратузилмани ривожлантириш солиғи бўйича; бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси, Республика йўл жамғармаси ҳамда бюджетдан ташқари Таълим ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига мажбурий ажратмалар бўйича.

Ушбу ҳисоботларни тайёрлар экан, баъзи бухгалтерлар фақат битта ажратмаларга тегишли бўлган, масалан, ягона ижтимоий тўлов бўйича устунларни тўлдириб, фуқароларнинг бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадалларига тегишли катакчаларни ­эътибордан четда қолдирадилар. Айрим ҳолларда ставкани қайд этишни ҳам унутиб қўядилар. Дастур бундай ҳисоботни қабул қилмайди. Шунинг учун шакллар билан иш олиб борганда барча устунларни тўлдиришга жиддий эътибор қаратинг.

– Ҳисобот шаклларига ахборотни бир неча маротаба киритишнинг зарурлиги ҳам бухгалтерларнинг ишини қийинлаштирмоқда.

– Таъкидлаш керакки, дастурдаги иш он-лайн режимида олиб борилади, ахборот ҳам реал вақт режимида киритилади. Электр ёки алоқа тармоқларида носозликлар юз берган тақдирда, шаклга киритилган маълумотлар ўчиб кетади, шунинг учун уларни қайтадан киритиш керак бўлади.

 

Ахборотни қайд этиб қўйиш учун киритилган рақамларни ДСҚ серверида уларни юбормасдан туриб сақлаб қўйиш керак.

Ахборотни мунтазам равишда сақлашни унутманг.

 

Шундагина уни ҳар сафар киритишга эҳтиёж қолмайди. Бу билан сиз энг камида қимматли вақтингизни тежаб қоласиз.

Бундан ташқари, ҳисоботни топшириш муддатларига эътиборни қаратиш лозим бўлади. Амалиёт­нинг кўрсатишича, ДСҚ серверлари охирги 3 кунда ўта юкланган ҳолда ишлайди. Агар ҳисобот барвақтроқ тайёрлаб қўйилса, уни жўнатиш бўйича муаммолар ҳам кам бўлади. Қолаверса, уни тезроқ кўриб чиқишади.

– Таҳририятимизга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича шакллар қандай тўлдирилишини тушунтириб беришни сўраб мурожаат­ қиладилар. Хусусан, “Сальдо на начало квартала” (Чорак бошидаги сальдо) устунида нимани акс эттириш керак, деб сўрашади.

– Қайд этиш керакки, ҳа­қиқатдаги сальдо ДСҚ инспекторининг дастурида кўрсатилган сальдодан фарқланиши мумкин. Бу ҳолда дастур шаклни қабул қилмайди, сабаби ҳисоб-китобда даромад солиғининг салбий қиймати ҳосил бўлади. Бироқ худди шу ҳисобот бориб топширилса, уни қабул қилишади. Гап шундаки, аниқлаштирилган маълумотларни инспектор дастурга қўлда киритади ва ҳисоботнинг кейинчалик топширилишида тузатишлар киритилади.

Бунга ўхшаш муаммоларни четлаб ўтиш учун инспектордаги сальдо қийматини ҳақиқатдаги сальдо билан солиштириб кўриш керак бўлади. Инспектор маълумотларни қандай тузатиш кераклигини айтади ёки уларни дастурга ўзи мустақил киритиб қўяди.

– Таҳририятга Тўланган дивидендлар ва фоизлар ҳамда ўтказилган жисмоний шахс­лардан олинадиган даромад солиғи суммасининг расшифровкаси бўйича саволлар келиб тушган. Расшифровка йилда бир марта тўлдирилади. Шунга қарамай, солиқчилар ушбу шакл­нинг топширилишини талаб қилишмоқда.

– Дастур ушбу шаклни йил якунлари бўйича тўлдиришни талаб этади. Чораклик ҳисобот топширилаётганда уни бўш ҳолда қолдириш керак. Шунда ДСҚга ҳисоботни жўнатиш билан боғлиқ муаммолар юзага келмайди.

– Имтиёзлар олиш ҳуқуқига эга бўлган кўпгина солиқ тўловчилар уларни электрон ҳисоботда акс эттириш ­муаммоли масала, деб эътироф этмоқдалар.

– Электрон ҳисоботни топшириш дастури билан ишлар экан, бухгалтер унинг компанияси ҳуқуққа эга бўлган имтиёзларни таклиф этилган рўйхатдан ажратиб кўрсатиши лозим бўлади. Шунда шаклларни тўлдиришда муаммо юзага келмайди.

Бироқ рўйхатда унинг преференциялари келтирилмаган бўлса, зарурий бандни мустақил равишда киритишнинг имкони йўқ. Имтиёзни киритиш учун ДСҚнинг юридик шахс­лар томонидан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг тўланишини мониторинг қилиш бошқармасига мурожаат қилиш керак. Бошқарма мутахассислари муайян имтиёзга ҳуқуқ мавжудлигини текшириб, етишмаёт­ган ахборотни маълумотлар базасига киритишади. Кейинги сафар ҳисобот топширишда
муаммолар бўлмайди.

Сўзимиз якунида қайд этишимиз мумкинки, муаммоларнинг борлигига қарамай, мутахассисларнинг аксарият кўпчилиги ҳисоботни айнан электрон кўринишда топширишни афзал кўришаётир. Биринчидан, носозликларнинг кўп қисми дастур билан тўғри “муомала” қила олмасликдан келиб чиқаётганини тушуниб етишмоқда – бу омилни бартараф этиш кишининг ўз қўлида. Иккинчидан, кўпчилик ўз амалиётида электрон ҳужжат айланишининг афзалликларини кўриб, билди. Бу эса – асосий ютуқдир.

Электрон ҳисоботдаги “носозликлар”ни мухбиримиз

Ольга КИРЬЯКОВА “тузатди”.

 

Прочитано: 6040 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика