ДСИ ходимлари МЧЖмизнинг 2008-2012 йиллардаги молиявий-хўжалик фаолиятини режали текширишганда ушбу йиллар якунлари бўйича бюджетга 4,5 млн сўм ягона солиқ тўловини қўшимча ҳисоблашди. Йўл қўйилган, текшириш вақтида аниқланган хато учун раҳбарнинг ва бухгалтернинг зиммасига маъмурий жавобгарлик юкланди. Бир хатолик учун икки кишининг жавобгарликка тортилиши тўғрими?
Турсунқул Юлдашев, МЧЖ бухгалтери.
Жиззах вилояти.
– Корхона директори ва бош бухгалтери зиммаларига раҳбарлик қилиш, ташкилий, фармойиш бериш, назорат қилиш-кузатиш функциялари ва моддий бойликлар ҳаракати билан боғлиқ мажбуриятлар юкланган корхонанинг мансабдор шахслари ҳисобланади.
“Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги Қонуннинг 7-моддасига кўра, бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини ташкил этишни корхона, муассаса ва ташкилот раҳбари амалга оширади.
Раҳбар қуйидаги ҳуқуқларга эга:
– бош бухгалтер раҳбарлигида бухгалтерия ҳисоби хизматини ташкил этиш ёки шартнома асосида жалб қилинган бухгалтер хизматидан фойдаланиш;
– бухгалтерия ҳисоби юритишни шартнома асосида ихтисослаштирилган бухгалтерия фирмасига ёки таркибига бухгалтерия субъекти ҳам кирадиган хўжалик бирлашмасининг марказлаштирилган ҳисобга олиш бўлимига юклаш;
– бухгалтерия ҳисобини мустақил юритиш.
Раҳбар қуйидагиларни таъминлаши шарт:
– ички ҳисоб ва ҳисобот тизими ишлаб чиқилишини;
– хўжалик операцияларини назорат қилиш тартибини;
– бухгалтерия ҳисоби тўлиқ ва аниқ юритилишини;
– ҳисоб-китоб ҳужжатларининг сақланишини;
– ташқи фойдаланувчилар учун молиявий ҳисобот тайёрланишини;
– солиқ ҳисоботлари ва бошқа молиявий ҳужжатлар тайёрланишини;
– ҳисоб-китоблар ўз вақтида амалга оширилишини.
Демак, раҳбар тўлиқ ва ишончли бухгалтерия ҳисобини, солиқ ҳисоботлари ва бошқа молиявий ҳужжатларни тайёрлашни, ҳисоб-китоблар ўз вақтида бўлиши ва ҳоказоларни таъминлаши шарт. Агар корхонада бухгалтерия ҳисобини юритиш хизмати ташкил этилган бўлса, директор билан бир қаторда, бухгалтерия ҳисобининг тўғри юритилиши учун бош бухгалтер ҳам жавобгар бўлади.
Демак, қонун ҳужжатларига мувофиқ директор ва бош бухгалтер бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоб-китоблар юритиш тартибини бузганлик учун маъмурий жавобгарликка бир вақтда тортилиши мумкин.