Norma.uz
Норма маслахатчи / 2013 йил / № 36 / Билиб қўйган яхши

Алданиб қолган ёмон

Бозор иқтисодиётига ўтган мамлакатларнинг давлатлараро ҳужжатларида, қоида тариқасида, сармоя, товарлар ва ресурслар, шу жумладан меҳнат ресурслари ҳаракатланувининг шартларини белгиловчи нормалар албатта кўрсатиб ўтилади. Бундай муносабатлар аввал мазкур алмашувлар оқимига қўшимча эркинлик ва тезкорлик бахш этадиган турли иқтисодий уюшма ва бирлашмаларда, эндиликда эса иқтисодиётнинг умумэътироф этилган глобаллашув ҳолатида тажассум топди.

 

Бироқ ана шу жараённинг кўнгилсиз тарафи ҳам бор. Бу – иқтисодиёт соҳасидаги халқаро жиноятлардир. Жиноятчилар янги-янги жабҳаларни ўзлаштирмоқдалар. Жумладан, компьютерлаштириш, IT-технологиялар жадал ривожланиб бораётганлиги электрон тижорат бозорини шакллантирди ва айни бир вақтда юксак технологиялардан фойдаланиш билан боғлиқ жиноятларни келтириб чиқарди.

Шу билан бирга бизнес соҳасидаги “эски” жиноий ҳаракатлар муаммоси ҳам долзарблигича қолмоқда. Бундай муаммолардан бири одам савдоси бўлиб, эндиликда у иқтисодиёт соҳасидаги энг кенг тарқалган бешта жиноятнинг бири бўлиб турибди (бу борада пул билан ифодаланганда қалбаки тиббиёт воситаларини ишлаб чиқариш жинояти биринчи ўринни эгаллаб турибди. – Муаллиф изоҳи).

Одам савдосидек жирканч жиноятга Навоий вилоятида ҳам қўл урмоқдалар. Жорий йилнинг бошларидан буён ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар одам савдоси билан шуғулланиб келган 11 кишини аниқладилар ва жавобгарликка тортдилар. Хосият Мансурова (мақоладаги барча исм ва фамилиялар ўзгартириб берилмоқда) бошида эри бор аёл, икки нафар фарзанднинг онаси. Ўзига тўқ оиладан. Айни пайтда у – замонавий қулфурушлардан. Хосиятхонда одам ёллашнинг синаб созланган тизими бор. У нотинч оилаларнинг ёки ишга жойлашишда қийналиб юрган, турмушидан норизо ёлғиз оналарнинг қизларини ёлларди. Аввалига ўзини узоқ қариндош қилиб кўрсатар эди. Хайрихоҳ, саховатпеша кўринишидаги бу аёл қизларни бой араб оилаларида энагалик қилишдек катта ҳақ тўланадиган ишларга даъват қилар эди. Хизмат сафари муддати оз эмас – камида бир йил эканлигини таъкидлашни ҳам унутмасди. Мансурованинг гапларига қараганда шу йўсин бир-икки йил ишлаб квартирали, автомобилли бўлиш, она юртига қайтгач, тўкин турмуш кечириш мумкин эди.

“Самарқанд” минтақалараро милиция постида бу аёлни 23 яшар ҳамроҳи Манзура билан тўхтатиб қолдилар. Атрофлича ўрганиш асносида шу нарса маълум бўлдики, энагалик қилишга чоғланган Манзура Боку орқали Бирлашган Араб Амирликларига бориши керак экан. У ерда эса қизни... фоҳишалик қилишга кўникиш, бир-икки йил маҳаллий ишратхоналарда ўз танини пуллаш қисмати кутмоқда эди.

Кармана туманида яшайдиган Равшан Қодировга ўзини қариндош қилиб кўрсатишга ҳожат ҳам бўлмади. Унинг қабиҳ ниятларидан тўқилган тўрига Қодировни, таъбир жоиз бўлса, мактабда ўқиб юрган пайтларидан биладиган элатлари илинди. Бундай таниш-билишчилик одамлардаги хавф-хатар туйғу-сини ўтмаслаштириб қўйди шекилли, улар Равшаннинг Россия диёрида яхшигина, мўмай ҳақ тўланадиган мавсумий ишлар ҳақидаги тўқималарига чиппа-чин ишондилар-қўйдилар.Ёлғонга учган ана шундай танишлардан бири 30 ёшли Абдумалик Камолов Россияга борганидан кейингина Қодировнинг эртакмонанд гаплари пуч эканлигини билди. Қодиров рус диёрига борганлари ҳамони унинг паспортини олиб қўйди ва қулдек ишлатди. Тутқун йигит орадан ярим йил ўтганидан кейингина эркинликка чиқиб, ўз юртига қайтишга муваффақ бўлди ва ”иссиғида” ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ариза билан мурожаат этди. Яна одам “овлаш” учун келган пайтда Қодиров қўлга олинди ва унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Одамфурушлар тўрига оилалар ҳам тушиб қолаётганлиги ҳолати ташвишлантирмай қолмайди. Одатда булар асосан ёш оилалар бўлиб, эр-хотинларнинг ёши 30 га бормайди, уларнинг битта ёки иккита вояга етмаган болалари ҳам бўлади. Ёш эр-хотинлар меҳнат муҳожирлари қаторини тўлдириш билан ўзларинигина эмас, балки парвариш ва қаровга муҳтож кекса ота-оналарига ёки яқин қариндошларига қолдириб келган болаларини ҳам таҳдид остига қўядилар.

Навоий вилоятида одам савдоси муаммосини ҳал этишга комплекс тарзда ёндашиб, ҳам маъмурий ресурсни, ҳам жамоат ташкилотларини ишга сола билдилар. Одам савдосига қарши кураш бўйича вилоят маъмурияти бошлиғи раислигида идоралараро ҳудудий комиссия тузилди. Ички ишлар, соғлиқни сақлаш, молия, божхона, адлия, меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, халқ таълими, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими бошқармаларининг, Хотин-қизлар қўмитасининг, “Маҳалла” жамғармасининг, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг, Омбудсманнинг вакиллари мазкур комиссия таркибига киритилди. Комиссия ҳузурида одам савдосининг олдини олиш ва бу йўналишдаги жиноий ҳолларни аниқлаш мақсадида мунтазам равишда мониторинг олиб борадиган ишчи гуруҳ фаолият кўрсатиб келмоқда.

Комиссия фаолияти одам савдосига қарши кураш юзасидан самарали чоралар излаш билан чекланиб қолмаслиги инобатга олинса, бу борадаги иш нақадар серқирра эканлиги аён бўлади. Йўл-йўлакай чиқиб қолувчи ҳар хил ҳолатларни ҳам эътиборга олиш зарур. Зотан мамлакатимиз сарҳадларидан ташқарига пул ишлаб келиш мақсадида жўнаб кетган баъзи фуқаролар экстремистик гуруҳлар тўрига тушиб қолаётганлиги ҳам ҳеч кимга сир эмас.

Қолаверса, жорий йилнинг биринчи ярмида хориж сафаридан қайтиб келган қарийб 200 кишида ҳар хил юқумли касалликлар аниқланди.

Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш идораларининг ходимлари маҳаллаларнинг вакиллари билан биргаликда жойларда мунтазам равишда учрашувлар ўтказиб туришибди. Бундай тадбирларда долзарб муаммолар, одам савдоси жабрдийдасига айланган фуқароларимиз дуч келган таҳдид-таҳликалар ва уларнинг оқибатлари муҳокама этилади. Рисолалар, эслатмалар чоп этилмоқда. Ички ишлар бошқармасининг “ишонч” телефонларига оид хабарлар жамоат жойларида, серқатнов кўчаларда осиб қўйилган.

Шуни таъкидлаш жоизки, маъмурлар ҳам, жамоатчилик ҳам одам савдоси жабрдийдасига айланган фуқароларимиз ҳақида ғамхўрлик қилиб келмоқдалар. Уларга тиббий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатилмоқда, меҳнатга жойлашиш билан боғлиқ масалаларни ҳал этишда яқиндан ёрдам берилмоқда. Бу жиноятдан жабр кўрган кишиларга психологик ва тиббий ёрдам курсидан ўтиш учун мамлакатимиз пойтахтидаги Республика реабилитация марказига ихтиёрийлик асосида, текин йўлланма берилмоқда. Йил бошидан буён 7 нафар навоийлик Марказ хизматларидан фойдаланди.

Амир МАҲМУДОВ,

ўз мухбиримиз.

Навоий шаҳри.

Прочитано: 2348 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика