Norma.uz
Норма маслахатчи / 2013 йил / № 36 / Биз яшайдиган уй

Шовқин солувчига чора борми?

Кўп квартирали уйимизда ёш йигит кўпинча овоз аппаратурасини энг баланд овозда қўйиб қўяди. Қўшниларнинг дашномларига жавобан у соат 6.00 дан 24.00 гача мусиқани исталган баландликда тинг-лаш ҳуқуқига эгаман дейди. Ҳақиқатан ҳам шундайми?

 

А.Аракелян, С.Бақоева ва бошқалар.

Самарқанд шаҳри.

 

– Турар жойлар ва уй атрофидаги ерлардан фойдаланиш, уларни сақлаш тартиби, уларнинг мулкчилик шаклидан қатъи назар, Турар жойларни ва уй атрофидаги ерларни сақлаш ва улардан фойдаланиш қоидалари (ВМнинг 28.06.1994 йилдаги 325-сон қарорига 3-илова, бундан кейин - Қоидалар) билан белгиланган.

 

Ижарага олувчилар, ижарадорлар, турар жойларнинг эгалари ва улар билан бирга яшовчи шахслар турар жойлар ва асбоб-ускуналардан уларнинг вазифасига, Қоидалар шартларига ва техник хизмат кўрсатиш тўғрисидаги контракт (шартнома)га мувофиқ фойдаланишлари шарт.

 

Квартираларда осойишталик сақла­ниши керак. Проигривателлар, магнитофонлар, радиоприёмниклар ва телевизорлар, ҳар хил баланд товуш чиқарувчилардан фойдаланишга соат 23.00 дан бошлаб эрталаб соат 7.00 гача қўшниларнинг осойишталигини бузмайдиган даражада паст товушда қўйиш шарти билан йўл қўйилади. Турар жойда яшовчилар турар жойдан чиқиб кетаётиб радиоприёмниклар, товушни баландлатгичлар, телевизорларни ўчиришлари шарт (Қоидаларнинг 17 ва 18-бандлари).

 

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 192-моддасида белгиланишича, тунги вақтда, яъни соат 23.00 дан 6.00 гача фуқароларнинг осойишталиги ва нормал дам олишини бузиш, яъни баланд овоз билан қўшиқ айтиш, мусиқа асбобларида чалиш, товуш сигналлари бериш, хонадонларда, турар жойларнинг йўлаклари ва эшикларида, кўчаларда овози баланд қилиб қўйилган телевизорлар, радиоприёмниклар, магнитофонлар ва овоз чиқарувчи бошқа аппаратуралардан фойдаланиш, турар жой биноларида ва улардан ташқарида жуда зарур бўлмагани ҳолда шовқин чиқарувчи ишлар қилиш, шунингдек маиший шовқинга қарши кураш талабларини бузувчи бошқа ҳаракатларни содир этиш, фуқароларга энг кам иш ҳақининг учдан бир қисми, мансабдор шахсларга эса - учдан бир қисмидан иккидан бир қисмигача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

 

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, фуқароларга энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисми миқдорида, мансабдор шахсларга эса - иккидан бир қисмидан бир бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

 

Бироқ бу уйда яшовчилар кундузи ўз аудио- ёки видеоаппаратураларини қўшниларга халақит бериш даражасида баланд қилиб қўйишлари мумкинлигини англатмайди. Қоидалар ва Уй-жой кодексига кўра уй-жой мулкдорлари жисмоний ва юридик шахсларнинг, давлатнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмасдан, Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ ушбу уй-жойга эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқига эгалар.

 

Агар ижарага олувчи, ижарадор, мулкдор, уларнинг оила аъзолари ва улар билан бирга яшайдиган бошқа шахслар мунтазам равишда турар жойни бузсалар ёки унга шикаст етказсалар, ундан мақсадга кўра фойдаланмасалар ёки улар билан бир квартирада ёки бир уйда яшовчилар учун чидаб бўлмас шароитни юзага келтирсалар, огоҳлантириш ва жамоат таъсири чоралари эса натижа бермаса, уларни кўчириш масаласини қўйиш мумкин. Айбдорларни ижарага берувчи, ижарадор ёки бошқа манфаатдор шахслар талабига кўра кўчириш суд тартибида, бошқа турар жойни бермасдан амалга оширилади.

Прочитано: 2784 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика