Norma.uz
Норма маслахатчи / 2013 йил / № 36 / Биз яшайдиган уй

Умумий ҳовлини тартибсиз қурилишлардан ҳимоя қилайлик

Одатда атрофимизда юз бераётган ижобий ўзгаришларга унчалик ҳам аҳамият беравермаймиз, гўё шундай бўлиши керакдек туюлади, камчиликлар эса, аксинча, тезда ҳамманинг эътиборини ўзига жалб этади. Бу гаплар тўлиқ даражада шаҳарсозликка ҳам тааллуқли. Узоқ вақтга мўлжалланган давлат дастури босқичма-босқич амалга оширилиши натижасида шаҳарларимиз ва аҳоли пунктларининг қиёфаси таниб бўлмас даражада, яхши томонга ўзгармоқда. Бажарилган ишлар миқёси бўйича мамлакатимиз пойтахти алоҳида ўрин тутади. Тошкент ҳақида аввало республикамиз меҳмонлари завқ-шавқ билан гапирмоқдалар.

Бироқ, шаҳарсозлик соҳасидаги ижобий ўзгаришлар, эришилган натижаларни таъкидлаган ҳолда, ушбу мақолада кейинги йилларнинг жиддий муаммосига айланган бир нохуш ҳолат масаласини кўтариб чиқишни хоҳлардим. Бу – шаҳарлар мавзеларида кўп квартирали уй-жойлар орасида тасдиқланган ҳудудни қуриш бош режаларида назарда тутилмаган, алоҳида жойлаштирилган ишлаб чиқариш, савдо, умумий овқатланиш, сервис хизмати кўрсатиш ва бозор инфратузилмаси объектларининг барпо этилишидир. Бундай ноқонуний қурилмалар туфайли турар жой мавзелари ҳудудида истиқомат қилишнинг санитария-гигиена, ёнғиндан сақлаш ва бошқа фойдаланиш шарт-шароитлари ёмонлашади. Ноқонуний қурилишни асосан амалдаги шаҳарсозлик қоида ва меъёрларини билмайдиган (кўпинча уларни назарга илмайдиган) жисмоний ва юридик шахслар амалга оширадилар.

 

Шу муносабат билан таъкидлаш лозимки, шаҳар ва аҳоли пунктларида объектлар қурилишини тартибга соладиган асосий меъёрий ҳужжатлардан бири 2.07.01-03-ШНК “Шаҳарсозлик. Шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктларини ривожлантириш ва ҳудудида қурилишларни режалаштириш” ҳисобланади.

 

Ушбу меъёрий ҳужжатнинг 20.7-бандига кўра турар жойни реконструкция қилаётганда қоидага кўра мавжуд капитал турар жой ва жамоат қурилмалари сақланиши ҳамда модернизация қилиниши керак. Санитария-гигиена, ёнғиндан сақлаш, конструктив, қурилиш ҳамда шаҳарсозликнинг бошқа меъёрлари ва қоидаларига риоя этган ҳолда янги бинолар ва иншоотлар қурилиши, мавжуд турар жой ва жамоат биноларининг қуйи қаватларидан вазифасига кўра фойдаланишни ўзгартириш, биноларга янги қаватлар қуриш, болохона қаватларини барпо этиш, ер усти ва ер ости маконларидан фойдаланишга йўл қўйилади.

 

21.1-банднинг талабига кўра (янги қурилиш учун) турар жой бинолари, турар жой ва жамоат, шунингдек ишлаб чиқариш бинолари ўртасидаги масофани инсоляция ва ёритилиш, асосий турар жойлар ва квартиралар ўртасидаги кичик ҳовлиларни кўриш изоляцияси ҳисоб-китоблари асосида, шунингдек ёнғиндан сақлаш талабларига мувофиқ қабул қилиш керак.

 

Кўп квартирали турар жой биноларининг узун томонлари ўртасида масофаларни қуйидагича қабул қилиш керак (хоналарнинг кўринмаслиги талабидан келиб чиқиб):

 

баландлиги 2 ёки 3 қават бўлган турар жой бинолари учун – камида 15 метр;

 

4 ва 5 қаватли бинолар учун – камида 25–30 метр.

 

Ана шу биноларнинг узун томонлари ва бурчак томонлари ўртасида турар жой хоналарининг деразасидан қаралганда – камида 10 метр.

 

9 қаватли ва ундан баланд биноларнинг узун томонлари ўртасидаги масофа – камида 40–45 метр. Ушбу биноларнинг турар жой хоналарининг деразалари бўлган бурчак томонлари ўртасида – камида 20–25 метр.

 

Реконструкция қилиш ва бошқа мураккаб шаҳарсозлик шароитларида кўрсатилган масофалар инсоляция, ёритилиш меъёрлари ва ёнғиндан сақлаш талабларига риоя этилган, шунингдек турар жойларнинг (хоналар ва ошхоналарнинг) деразасидан бошқа деразаларга қаралганда кўринмаслик таъминланган тақдирда қисқартирилиши мумкин.

 

Сейсмик ҳолати 8 балл ва ундан юқори майдончаларда турар жой биноларининг узун томонлари ўртасидаги масофа энг юқори бинонинг икки баравар баландлигидан кам бўлмаслиги керак.

 

Мавжуд мавзеларда кўп квартирали турар жой бинолари ўртасида исталган мақсаддаги объектларни жойлаштиришга йўл қўйилмайди, бундан махсус бинолар ва қурилмалар (спорт майдончалари, болалар учун ўйин майдончалари, ювилган кирни қуритиш майдончалари, автомобиллар учун вақтинча тўхташ жойлари) мустасно.

 

Бундай меъёрий талабларнинг мавжудлигига ва тегишли органлар томонидан ушбу соҳадаги кўпдан-кўп қоидабузарлик ҳолатлари (объектив ва субъектив сабаблар туфайли) аниқланиши ва бартараф этилишига оид чоралар кўрилишига қарамай, доим ҳам кутилаётган натижаларга эришишга муваффақ бўлинмаяпти. Юзага келган вазиятни ҳисобга олиб, ҳудудларни қуришнинг тасдиқланган бош режаларига қатъий риоя этилишини таъминлаш мақсадида Президентнинг “Ижтимоий ва фуқаро объектларини лойиҳалаш ва қуришда тегишли тартиб ўрнатиш чора-тадбирлари тўғрисида” (27.12.2011 йилдаги ПҚ-1666-сон) қарори қабул қилинди.

 

Қарорнинг 2-бандида қуйидагиларнинг қатъиян тақиқланиши тўғрисида жуда муҳим талаб бор:

 

молиялаштириш манбаларидан қатъи назар, объектларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини параллель равишда ишлаб чиқиш ва молиялаштириш билан бир вақтда қуриш ва реконструкция қилиш;

 

тегишли ваколатларга эга бўлмаган шахсларнинг қурилиш жараёнига ҳамда тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилишига аралашуви;

 

шаҳарлар, шаҳарчалар ва туман марказларида қурилиши тугалланган мавзелар, кўп қаватли турар жой микрорайонлари (даҳалар)нинг ҳудудларида тасдиқланган бош режаларда назарда тутилмаган ишлаб чиқариш, савдо, умумий овқатланиш, сервис хизмати кўрсатиш ва бозор инфратузилмасининг алоҳида турган объектларини жойлаштириш, лойиҳалаштириш ва қуриш.

 

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Президентнинг ушбу қарори 3-бандида қоидабузарлар учун жавобгарликнинг қатъий чоралари белгиланган: объектларни лойиҳалаштириш ва қуришда белгиланган тартибнинг бузилишига йўл қўйган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка, шу жумладан, жиноий жавобгарликка тортиладилар.

 

Шуни қайд этиш лозимки, Президентнинг ПҚ-1666-сон қарори қабул  қилинганидан кейин ўтган давр ичида алоҳида турадиган объектларни мавзелардаги уйлар ўртасида жойлаштириш масаласи бўйича лозим даражада тартиб ўрнатишда ижобий тамойиллар кўзга ташланмоқда. Чунончи, тегишли назорат органлари томонидан 2013 йил бошидан буён ҳудудларни қуриш бош режаларини бузишнинг 50 дан ортиқ ҳолати аниқланди. Шундан 9 қоидабузарлик бўйича ҳужжатлар суд органларига берилди, 42 таси чора кўриш учун туманлар ҳокимликларининг ишчи гуруҳларига юборилди. Дарвоқе, Тошкент шаҳар ҳокимининг 8.04.2013 йилдаги “Тошкент шаҳрида автомототранспорт сақлаш қурилмаларини ободонлаштириш ва шаҳарсозлик қоидаларига мувофиқ тартибга келтириш тўғрисида”ги қарори ҳам Президентнинг ПҚ-1666-сон қарори қоидаларини бажаришга йўналтирилган.

 

Шу билан бирга давлат органлари томонидан шаҳарсозлик соҳасида қабул қилинган қарорларни ҳаётга муваффақиятли татбиқ этиш учун, назорат органларининг саъй-ҳаракатлари билан бир қаторда, жамоатчилик – мавзелар аҳолиси, ХУМШ, маҳаллалар аҳлининг фаол иштироки ҳам талаб этилади, бунга оммавий ахборот воситалари албатта жалб этилиши керак.

 

Мирқодир ҲИДОЯТОВ, экспертимиз.

Прочитано: 2525 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика